Бош саҳифа | Блог | Рўйхатдан ўтиш | Кириш
Марҳабо! Гость | RSS
Меню сайта
Поиск
Вход на сайт
Календарь
«  Февраль 2017  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728
Архив записей
Статистика

Онлайн всего: 2
Гостей: 2
Пользователей: 0
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  • Главная » 2017 » Февраль » 14 » ҒАЙРИОДДИЙ ҚОТИЛЛИК
    11:56
    ҒАЙРИОДДИЙ ҚОТИЛЛИК

    ҲИКОЯ

    ҒАЙРИОДДИЙ ҚОТИЛЛИК

    "Туш...бу -туш, фақат туш, уйғонишим керак, албатта, уйғонишим керак..."

    Алижон ўзининг нимқоронғу хонасида ўтирганини сезиб турса ҳам, ҳатто нохуш бир ҳидни димоғига туйса ҳам, бу даҳшатли воқеалар ўнгида рўй берганини тан олгиси келмасди. Ахир қандай қилиб...

    Кўз олдига ўғлининг эндигина тили чиққан пайтлари келарди. Хотини: "Адаси" деб мурожаат қилса, Ғанижон ҳам ширингина қилиб: "Адаси" деб қўярди. Бу гапни бир кунда бир неча марта такрорлашиб, ҳар гал мазза қилиб кулишарди. Биринчи қадам ташлаганлари... Хонтахтани ушлаб, оёқлари титраб, аста-секин ўрнидан турарди.

    - Бунингизнинг жони жуда қадрли, - дерди хотини. Ҳақиқатан ҳам , сал каттароқ бўлгач, кўчада у ер-бу ерга тегиб бармоғи тилиниб кетса ҳам:

    - Адажон, қўлим қон... - дея бўкириб йиғлаб келарди...

    Алижоннинг юраклари узилгудай бўлди. Энди нима қилади? Энди қандай яшайди? "Ғанижонни ўлдириб қўйибсизку, э, Худойим!" дея кўксига муштлаб йиғлаётган Ҳафиза кўз олдига дам-бадам келар... "Ғаниш, Ғаниш, кўзингни оч", дея додлаётган Ҳафиза... Энди хотини билан қизининг кўзига қандай қарайди? "Жаҳл устида..." деган баҳона оқлайдими қилмишини...

    * * *

    - Компьютер эмас, бир ғалва сотиб олибмизда, адаси. "Пароль" дегани бўлар экану, ўшанга қўйиб қўйинг... - Ҳафиза хуноби чиқаётган эрига қараб: - Ўзи юрагингиз ёмон, нима қиласиз сал нарсага асабийлашиб...

    - Сенга сал нарсами бу? Янги компьютер... қотиб ётибди. "Мишка"сини минг айлантир, барибир, нимага? Анавиларинг ичини ҳар балога тўлдириб ташлашган. Бир пулга қиммат киноларми-ей, одам боласи нималигини англай олмайдиган мусиқа, қўшиқми... Ҳар хил алфозда тушган расмлар.... Компьютер эмас, ахлатхона!

    - Вой, адаси-ей, нега ўз болаларингизни "анаавиларингиз" дейсиз?! Ҳаммасини ўчиринг-да, фақат ўзингизнинг лойиҳаларингизни қолдиринг.

    - Ўзларига индамай ўчириб ташласам, қиёмат бўлади-ку! - Алижон асабийлашса, қон босими кўтарилиб кетишини билса-да, аччиқдан ўзини тўхтата олмади. Болалари бировдан кам бўлмасин деб, нафақага чиқса ҳам, ишидан узилмади. Директор ўзининг шогирди бўлгани учун ҳам лойиҳаларни уйига олиб келиб чизишга рухсат берди. Мукофот, у-бу қилиб компьютер олишга қарашиб юборди. Бу матоҳни олиб келган куниёқ Ҳафиза болаларига унга тегмасликни тайинлади. Аммо бу гап фарзандларга кор қилмади. Ўзлариники етмагандай, ўртоқлари ҳам "реферат" деб кунда-шунда бўлиб қолишди. Ўзи шунингсиз ҳам ота-болалар ўртасидаги танг муносабат баттар таранглашди.

    Бундай ҳолатлар ортидаги тортишувларда Ҳафизанинг ҳам қон босими кўтарилиб кетади. "Уларнинг ёшида эҳтимол биз ҳам шунақа бўлгандирмиз. Ота-онамиз ҳам дилидан ўтганини ҳар доим ҳам сезавермаганмиз. Фожеага айлантирмаслик керак буни", Ҳафиза ўзини-ўзи сиқадиган ҳолатдан олиб чиқиб кетгиси келади.

    * * *

    Хонада сигарета дудлари сузиб юрарди. Алижон эшикдан кириши билан асабийлаша бошлади. Чунки эрталаб Ҳафиза:

    - Адаси, кечқурун овқатга пиёз йўқ, - деганида:

    - Ўғлингга айт, кўриб турибсанку, бир марта кўчага чиқсам, оёқларим шишиб кетяпти, - деб тўнғиллади.

    Ота-онаси орасидаги гап-сўзни эшитиб турган Ғанижон:

    - Менинг вақтим йўқ, совуқда шилқиллаб бозор-мозор қилиб юргани. Таксига пул берсаларинг, бошқа гап, - деди.

    - Эшагидан тушови қиммат, 3 кило пиёз олиб, 3000 сўмга таксида келасанми? Нима сен Мирзакаримбойнинг ўғлимисан? Ё отангнинг аҳволини билмайсанми?

    - Афсуски, ота танлаш ихтиёримда эмас, бўлмаса, Мирзакаримбойни танлаган бўлардим. Пиёзсиз пишираверинг, ойи, ҳеч нарса қилмайди, - деди Ғанижон.

    Мана энди ўзи инқиллаб пиёз кўтариб келса, Ғанижон ўртоқлари билан компьютер қаршисида ўтирибди. Мусиқа баланд. Ўртоқлари сал ўнғайсизлангандай, бир-иккитаси минғиллаб салом бергандай бўлди. Бироқ Ғанижон қилт этмади. Ўғлининг отам келдими, ит келдими қабилидаги муомаласи жонидан ўтиб кетди. Бунинг устига ошхонадаги манзара баттар ўлганнинг устига тепган бўлди. Боз устига товада ёғ, човгум қайнаб қорайиб кетган. Ошхона столидаги ёғ юқи тақсимчалар, тухум қолдиқлари, бурда нон, ювиқсиз идишлар...

    Алижоннинг миясига қон урди. Ўғлининг мактабга бормаганини билгач, ўртоқларини ҳайдаб чиқарди. Улар чиқиб кетгандай кейин ҳам ўзини босолмади. Уйни бир қатор тозалаб, айланиб ховурини босиб келиш илинжи билан кўчага чиқди. У кетаркан хаёлидан ўтказарди: "Иккала боламни ҳам олдимга олиб бир яхшилаб гаплашиб олишим керак. Ахир қизим мактабни тугатяпти. Ота-онам уйда демай, соатлаб телефонда гаплашади". Йўқ, Алижон қизини енгилтабиат деб ўйламайди. Ўртоқлари бўлса бордир, ўғли бутунлай масъулиятсиз...

    Алижон кунда ичмасди. Ўша куни ичди. Қоронғу тушгач, уйига келди. Ҳанифа ҳам, Ғанижон ҳам йўқ. Яна хотини билан болалари тўғрисида кўп тортишиб ўтирмай, кириб ётди. Қанча ётди, билмайди. Баланд мусиқа овозидан уйғониб кетди. Ўғлининг телефони жиринглаётган экан. "Ғани, Ғани!" деб ўғлини уйғотмоқчи бўлди. Гуп этиб ароқ ҳиди келди. Алижон ўғлининг ёқасидан тортмоқчи бўлди, майкачан ётган экан. Аммо ўғли нарига томонга ағдарилиб, пишиллаб ухлайверди. "Ҳозир бунга гапирдим нима, гапирмадим нима. Кейинроқ, эрталаб гаплашарман" ўйлади. Бунинг устига уйқу тортарди. Юраги безовта қилгандан буён кунда биттадан дори ичиб ётади.

    Энди кўзи илинган экан, яна мусиқа овози жаранглади. "Қаердан ҳам телафон олиб берган экан?" Алижон жаҳл билан хезланиб, Ғанижоннинг устига борди:

    - Ҳой, олсанг-чи телефонигнни! Ё унини ўчир буни! - деб бақирди. Аммо ўғли уйғонмади. Телефоннинг мусиқаси эса худди Алижонни мазаҳ қилгандек авжланарди. Алижон тахмондаги кўрпа-ёстиқларни олиб, боласининг устига ирғита бошлади... Аввал ёстиқлар, кўрпалар, сўнг кўрпачалар... Ҳаммасини ағдариб бўлгач, жойига ўтиб ётди.

    Тонгда Ҳафизанинг фарёдидан уйғонди:

    - Болам-а, болагинам, нафаси қайтиб ўлиб қолибдику! Шўримга шўрва тўкилибди! Менгина ўлай, ғафлат босмай! Ароқ ўлсин, ҳушёр бўлганида, қимирлардику, ҳаракат қилардику болам бечора, уйқусида кетган жоним болам-а...

    Алижон ўғлининг қотили сифатида қамалганидан буён у ўзини шу даражага олиб келган, қонини қайнатган воқеаларни эсламоқчи, ҳеч йўқ ўзининг олдида ўзини оқламоқчи бўларди. Аммо кўз олдига нуқул жажжигина майкачан Ғанижон келарди, гуручдек тишларини кўрсатиб жилмаяди. "Адаси" дейди. Хотини иккови кулишади, кулгига Ханифа қўшилади.

     

    Қутлибека РАҲИМБОЕВА.

    Просмотров: 440 | Добавил: albine | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    avatar