Депрессия – қандай касаллик?
Депрессия – кайфиятнинг кескин пасайиши, фикрлар карахтлиги ва ҳар қандай ҳаракатга бўлган интилишнинг йўқолиши билан кечувчи касаллик.
Депрессия шу даражада кенг тарқалганми?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра ер шарида депрессия билан рўйхатга олинганлар сони 160.000.000 дан ошиқ. Бироқ, аксарият мутахассислар фикрича, депрессия билан касалланган ҳар 3 беморнинг бири врач назоратида туради, холос. Бошқа бир мутахассислар фикрича, депрессия билан касалланганлар сонини аниқлаш мушкул. Чунки депрессия турли хил клиник кўринишда намоён бўлмоқда ва ҳамма вақт ҳам ташхис тўғри бўлиб чиқавермайди. Бунинг устига депрессия билан оғриган беморларнинг ҳаммаси ҳам психиатр ёки психологларга мурожаат қилавермайди.
Депрессиянинг сабаблари жуда кўпми?
Депрессиянинг асосий сабаблари – булар ўткир ва сурункали руҳий сиқилишлар, кетма-кетма келувчи муваффақиясизликлар ва узоқ давом этувчи оғир касалликлардир. Ташқи салбий омиллар сабабли ривожланган депрессияга экзоген депрессия деб айтилади. Ҳеч қандай сабабсиз ривожланадиган депрессияга эндоген депрессия дейилади. Эндоген депрессиялар ривожланишида наслий омилнинг ўрни катта.
Ниқобланган депрессия нима?
Соматик симптомлар, яъни ички аъзолар функциялари бузилиши билан кечувчи депрессияга ниқобланган депрессия деб айтилади. Нима учун ниқобланган депрессия дейилади? Чунки бемор депрессия билан касалланган бўлса-да, унинг шикоятлари худди бошқа касалликларни эслатади, яъни “Мигрен”, “Юрак оғриқлари”, “Бўғим оғриқлари”, “Ошқозон-ичак касалликлари”, “Тери-таносил касалликлари” ва ҳ.к. Беморни текшираётган врач беморнинг кайфияти оғриқлар сабабли тушган деб ўйлайди. Аслида беморда ниқобланган депрессия ривожланган бўлади. Бундай беморни албатта тиббий психолог ёки психиатр кўрикдан ўтказиши керак.
Бемор ҳам айбдорми ёки психолог нима қилиб бера оларди?
Баъзан бемор “Депрессия” ташхиси аниқлангандан сўнг ҳам врач ёки психологга мурожаат қилмасдан юради. Бунинг сабаблари турлича, яъни қариндош-туққанлар, ҳамкасблар ва қўни-қўшнилардан уялиш, психиатр ёки психолог назоратида қолиб кетишни ҳоҳламаслик, ишдан ҳайдалиш ёки ишга қабул қилинмасликдан қўрқиш, тузалиб кетишига ишонмаслик, психотроп дориларни қабул қилишдан қўрқиш ва ҳ.к. Аксарият ҳолларда депрессия оила ва ишдаги муваффақиятсизликлар ёки бахтсиз воқеалардан сўнг ривожланади. Бундай пайтларда бемор “Шу аҳволга тушганимнинг сабаби аниқ-ку, психолог нима ҳам қилиб берарди, вақт ўтиб тузаларман” деб, даволанишдан воз кечади. Психолог беморни айнан шу каби вазиятлардан чиқарувчи мутахассис эканлигини унутиб қўйишади ёки англаб етишмайди. Одатда, бундай беморни унинг яқинлари, таниш-билишлари психологга мурожаат қилишга ундашади. Демак, улар психолог қабулига мажбуран келишади. Психолог қабулида дастлабки суҳбатдан ўтган беморнинг дунёқараши, аксарият ҳолларда кескин ўзгаради ва кейинчалик унинг ўзи психолог қабулига қатнай бошлайди. Албатта, дастлабки суҳбатнинг самарали тугаши психологнинг маҳоратига ҳам кўп жиҳатдан боғлиқ.
Депрессияда қандай руҳий-ҳиссий
бузилишлар кузатилади?
Депрессияда кўп кузатиладиган асосий руҳий-ҳиссий бузилишлар – булар кайфиятнинг тушиб кетиши, умидсизлик, ғам-ғусса, доимий хавотир, ёмон воқеаларни кутиб яшаш, айбдорлик ҳисси ёки ўзини ҳадеб айблайвериш, қайсарлик, ўжарлик, ўз билганидан қолмаслик, ўз ҳаётидан қониқмаслик ва ўзини камситиш, атрофдаги воқеалар ва яқинларига қизиқишнинг йўқолишидир. Депрессияга чалинган одамларнинг кайфияти кун бўйи ўзгариб туриши мумкин. Масалан, эрталаб кайфияти жуда яхши бўлса, кечга яқин унинг кайфияти умуман тушиб кетади. Баъзи одамларда бунинг тескариси кузатилади.
Бош ва танада қандай белгилар пайдо бўлади?
Депрессияда бош оғриқ, бош айланиши, энса ва бўйин соҳасида оғриқлар, юрак соҳасида оғриқлар, нафас етишмаслиги, иштаҳа пасайиши, қабзият, жинсий заифлик, ҳайз кўришнинг бузилиши, турли умумий холсизлик каби белгилар кўп кузатилади. Бош оғриқ – депрессиянинг энг кўп учрайдиган белгисидир. Демак, доимий тарзда боши оғрийдиган беморда депрессия бор-йўқлигини текшириб кўриш керак. Бундай бемордаги бош оғриқни оғриқ қолдирувчи дорилар эмас, балки депрессияга қарши дорилар бартараф этади. Буни врачлар ва психологлар эсда тутишлари лозим.
Депрессияда ҳулқ-атвор қандай бузилади?
Депрессияда ҳулқ-атвор бузилишлари жуда кўп учрайди. Булар – ўз жонига қасд қилишга интилиш, бирор-бир фаолиятга қизиқмаслик, камҳаракатчанлик, уйдан чиқмай ётавериш, ёлғизликка интилиш, бировлар билан мулоқотдан қочиш, ичкиликка ёки турли фармакологик дориларга ружу қўйиш.
Депрессияда хотира бузиладими?
Депрессияда хотира ва фикрлаш жараёни бузилишлари кўп учрайди. Паришонхотирлик, хотира пасайиши, айниқса эслаб қолишнинг бузилиши жуда кўп кузатилади. Фикрлар карахтлиги – депрессиянинг асосий белгиларидан биридир.
Кучли одамларда ҳам депрессия кузатиладими?
Депрессия одатда кучли, мақсадга интилувчан, бироқ ҳиссиётга берилувчан одамларда кўп учрайди. Уларнинг депрессияга тушишдан олдинги ҳаёти ўрганилганда, қуйидаги хусусиятлар аниқланган: депрессияга учраган шахсларнинг ўзига хос дунёқараши бўлади, улар атрофдаги воқеаларни ўз дунёқарашидан келиб чиққан ҳолда таҳлил қиладиган ва ҳиссиётга берилувчан шахслардир. Улар кўпинча, ҳаётдан қониқмай яшашади, эришган ютуқлари уларни қониқтирмайди, ўз фаолиятига танқидий муносабатда бўлишади. Бу одамлар фақат маррани эгаллаш учун яшайдилар. Шу билан бирга бошқалар, масалан, ҳамкасбларининг хатоларини топиш ва маслаҳат бериб юришни хуш кўришади. Агар унинг хатосини кўрсатишса, бундан қаттиқ азият чекади ва шу одамни ёқтирмай қолади.
Улар оилада ҳам, уйда ҳам аниқ бир режа асосида ҳаёт кечиришга одатланган, ўта талабчан бўлишади, бола-чақасидан ҳам шундай яшашни талаб қилишади. Бу, кўпинча, оилавий мажораларга сабабчи бўлади. Бундай шахслар оила ва ишдаги муваффақиятсизликлар ва мусибатли воқеаларни оғир қабул қилишади, ичкиликка ҳам тез ружу қўйишлари мумкин. Баъзан уларнинг турмуши ҳам беқарор бўлади.
Улар ёлғизликни ёқтиришади, бирор бир ишни бошлашса ёки раҳбарлардан топшириқ олишса, уни мукаммал бажаришга интилишади. Бундай одамлар арзимаган баҳодан жуда хурсанд ва арзимаган койишдан қаттиқ хафа бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам уларнинг жаҳлини чиқариш ёки кайфиятини тушириш осондир.
“Депрессия” ташхиси қандай аниқланади?
Депрессия аксарият ҳолларда беморлар томонидан ҳам, яқинлари томонидан ҳам, баъзан врачлар томонидан ҳам ёмон хулқ-атворнинг бир кўриниши сифатида қабул қилинади ва шу сабабларга кўра, вақтида аниқланмай қолади. Психосоматик бузилишлар билан намоён бўлувчи депрессия ҳам ўз вақтида аниқланмай қолада ва “ички касалликлар” ташхиси қўйилади. Депрессия фақат кайфиятнинг тушиши билан боғлиқ бўлган ҳолат эмас, балки бир нечта симптомлардан иборат касалликдир. Бу касалликни эрта аниқлаш ва даволаш муолажаларини эрта бошлаш беморнинг депрессиядан тезда чиқиб кетишига ёрдам беради.
Депресcия ташхисини қўйиш учун қуйидаги 3 та симптомнинг икки ҳафтадан ошиқ давом этиши ҳам етарлидир. Булар – кайфиятнинг пасайиши, фикрлар карахтлиги ва ҳаракатга бўлган интилишнинг йўқолиши.
Депрессиядан қандай қутулиш мумкин?
Депрессияни даволашда дори-дармолар ва психотерапевтик суҳбатлар қўлланилади. Бу иккала даволаш усули биргаликда олиб борилса, самараси юқори бўлади. Дорилар билан даволашдан олдин ўтказилган психотерапия даволаниш жараёнини енгиллаштирса, ундан сўнг ўтказилган психотерапия эса депрессия қайталанишининг олдини олади. Бугунги кунда депрессияни даволаш жараёнида қўлланиладиган психотерапевтик усуллар жуда кўп бўлиб, уларнинг баъзилари ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Депрессияни психаналитиклар даволайдими?
Депрессия негизида ички зиддиятлар йиғиндиси ётади: шахс бир томондан бировларга қарам бўлишни хоҳламайди, иккинчи томондан бошқалар уни эътироф этишини, қўллаб-қувватлашини истайди. Албатта, ушбу бир-бирига зид ҳолатлар доимий қониқмаслик ҳиссини юзага келтиради, яъни бошқаларга нисбатан қаҳр-ғазаб ва хафагарчилик шахснинг ички дунёсини қамраб олади. Шу аснода шахснинг ўзи эса бошқаларнинг наздида меҳрибон, одамови ва ажойиб инсон сифатида тан олинишни хоҳлайди. Мана шу истакларнинг рўёбга чиқмаслиги депрессия шаклланишига туртки бўлади. Эътироф этилмаган ҳар бир хоҳиш ва истак йиллар мобайнида онг остида қўним топади ва улар йиғилган сайин ички зиддиятлар кучая боради. Бундай пайтларда депрессия шаклланиши учун кучли стресснинг ўзи кифоя. Сурункали тарзда шаклланадиган депрессия эса доимий руҳий-ҳиссий зўриқишлар таъсири остида ривожланади.
Психаналитик терапиянинг асосий мақсади – депрессия касаллигига чалинган беморда ички зиддиятларни тўла очиб ташлашдан иборат. Бу терапия, албатта, индивидуал тарзда олиб борилади ва ҳар бир беморда ички зиддиятлар сабабини очишга қаратилган бўлади. Психаналитик терапия беморда катарсис, яъни руҳий покланишга эришилгунга қадар ўтказилади. Ижобий натижага бир неча кун ичида эришиш мумкин, баъзан эса бу жараён бир неча ойга чўзилади.
Когнитив психотерапия нима?
Когнитив психотерапия усули беморда ўзига бўлган ишончни оптимистик руҳда кучайтиришга қаратилган. Унинг асосида ҳам беморнинг фикрлаш дунёсини ижобий томонга ўзгартириш ётади. Когнитив психотерапия усуллари кўп бўлиб, улар махсус адабиётларда батафсил ёритилган. Бемор билан олиб бориладиган психологик суҳбатлар депрессиянинг тури ва оғир-енгиллигига қараб 10-20 сеансни ташкил қилади.
Психолог беморнинг яқинлари билан ҳам суҳбат ўтказиши керакми?
Албатта! Психолог беморнинг яқинлари билан суҳбатлар олиб бориши шарт. Чунки бу суҳбатлар бемор ҳақида тўла маълумотга эга бўлишга ёрдам беради. Депрессияга чалинган беморни даволашда, унинг яқинлари билан ўзаро мулоқотлар олиб бориш жуда аҳамиятлидир. Бироқ, бу мулоқот тескари натижа бериши ҳам мумкин, агар бемор бунга рухсат бермаса. Шунингдек, психолог беморнинг яқинларига унинг олдида ўзларини қандай тутиш лозимлигини тушунтиради. Бу ўта муҳим. Чунки баъзи оила аъзолари бемор билан биргаликда уйда мотамсаро муҳит яратадики, бу вазият беморнинг аҳволини янада оғирлаштиради ва ўз жонига қасд қилишга уринишларни кучайтиради. Беморга ҳадеб ёнбосавериш ёки унинг ҳулқ-атворини танқид қилавериш ҳам мумкин эмас. Агар беморда суицидал фикрлар ва уринишлар кузатилса, уни ёлғиз қолдирмаслик керак. Оила аъзолари томонидан назорат шундай бўлиши керак-ки, беморнинг ўзи буни билмасин. Чунки ҳадеб беморни қўриқлайвериш унинг жонига тегади. Беморнинг ишончини қозонган оила аъзолари билан кўчага чиқиб айланиб келиш ва сайр пайтида асосан беморни сўзлатиш, унинг ҳис-туйғуларига ҳамдард бўлиш яхши самара беради. Бемор доимо психолог билан ҳар қандай вазиятда ҳам боғлана оладиган бўлиши лозим. Чунки зудлик билан психолог ёрдами керак бўлиб қолиши мумкин.
Депрессияни баратараф этишда дорилар ёрдам берадими?
Албатта ёрдам беради! Бироқ уларни тўғри танлай олиш керак. Дорилар депрессиянинг барча турларида тавсия этилиши мумкин. Врач ёки психологнинг бемор олдига қўядиган энг асосий шартларидан бири – даволанишни режа асосида олиб бориш ва врач тавсияларини сўзсиз бажаришдир.
Депрессияни бартараф этиш учун қўлланиладиган доориларга антидепрессантлар деб айтилади. Антидепрессантлар мияда кайфият гормони деб аталмиш серотонин миқдорини оширади.
Антидепрессантлар билан даволаш қонун-қоидаларини келтириб ўтамиз:
1. Беморнинг ўзи ҳеч қачон интернет ёки врачлар учун ёзилган китоблардан фойдаланиб депрессияга қарши дори қабул қилиши асло мумкин эмас. Айниқса депрессияда дориларни берухсат ичиш жуда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.
2. Врач депрессия тури, даражаси, клиник манзараси ва беморнинг соматик аҳволидан келиб чиққан ҳолда, аниқ бир антидепрессант танлаб олади ва беморга тавсия қилади. Врач унинг кундалик дозасини белгилайди ва даволаш схемасини тузади.
3. Антидепрессантлар билан даволаш даврида депрессия белгилари секин-аста йўқолиб бориши (одатда, 1-2 ҳафтадан сўнг) беморга тушунтирилади. Уни врачдан бемаслаҳат тўхтатиб қўйиш мумкин эмаслиги уқтирилади. Антидепрессантларни бир неча ой ичиш зарурлиги ва депрессия белгилари бутунлай йўқолгандан сўнг врачнинг ўзи даволашни тўхтатиш вақтини белгилаши айтилади.
4. Антидепрессантларни касаллик белгилари йўқолгандан сўнг ҳам яна 2-4 ой мобайнида (баъзан ундан ҳам кўп) ичиш зарурлиги тушунтирилади. Бу қоида депрессиянинг яна қайталамаслиги учун қабул қилинган.
Дорилар билан даволаш жараёнида психотерапия муолажаларининг ўтказилиши беморнинг депрессиядан чиқиш даврини тезлаштиради. Психотерапевтик муолажалар пайтида бемор билан мулоқотлар олиб борилади, антидепрессантларни қабул қилиш билан боғлиқ бўлган муаммолар ечилади (чунки, аксарият беморлар 1 ойдан сўнг дори ичишни тўхтатиб қўйишади), беморда яхши натижаларга ишонч ҳосил қилинади. Уларни эрта тўхтатиб қўйиш ёки асоссиз тарзда кам миқдорда бериш кутилган ижобий натижани бермайди. Бемор депрессия белгилари тугагунча доимо врач назоратида бўлиши зарур. Дориларни тўсатдан тўхтатиш депрессиянинг яна қўзғашига сабабчи бўлади.
Депрессияни даволашда антидепрессантлар билан биргаликда, физиотерапия, нина санчиб ва гиёҳлар билан даволаш ҳам кенг қўлланилади.
Депрессия билан касалланган одамнинг психологик портрети қандай?
Депрессия билан касалланган беморларни узоқ йиллардан буён кузативларим асосида уларнинг психологик портретини яратишга ҳаракат қилдим. Чунки менинг яқин одамларимда ҳам депрессия кузатилган ва мен уларни кўп йиллар мобайнида кузатиб келганман. Мана уларнинг психологик портрети. “Улар дунёни ва атрофда бўлаётган воқеаларни салбий тарзда қабул қилишади, ўзининг ҳаётда тутган ўрнини пессимистик руҳда баҳолашади, ўзини ҳеч кимга кераксиздек ҳис қилади. Улар доимо хавотирда яшашади, ҳеч қандай фаолиятга қизиқишмайди, атрофдаги ўйин-кулгилар ва яқинларининг тақдирига мутлоқ эътиборсиз бўлишади. Улар доимо хўрсиниб юришади ва ўзларини доимо айбдордек ҳис этишади. Уларни чалғитиш учун бирор-бир ишга мажбурлаш мумкин, бироқ уни ҳеч қандай қизиқиш ва эътиборсиз бажаришади. Ҳеч қандай иш уларнинг кайфияти кўтарилишига ижобий таъсир қилмайди. Улар уйқусизликдан азият чекишади ёки фақат уйқу босаверади, ёмон тушлар кўриб чиқишади. Бу тушлар турли-туман бўлиб, тушида бировларни бўғиб ўлдириб қўяди ёки пичоқлаб ташлайди, оламдан ўтган яқинлари ва қонли воқеалар тушига кўп киради. Бундай тушлар беморнинг кайфиятини янада туширади ва аҳволини оғирлаштиради. Улар доимо паришонхотир ва карахт бўлиб юришади, ўз жонига қасд қилишга уринишади. Улар ўзларининг тузалишига сира ишонишмайди, даволанишга ҳам яқинларининг қистови билан келишади”.
Депрессияга таъриф бера туриб, ушбу касаллик учун хос бўлган яна бир хавфли белгини айтиб ўтиш лозим, яъни ўз жонига қасд қилишга интилиш. Шунинг учун ҳам депрессия барча давлатларда ижтимоий муаммога айланган. Бироқ тузалишга интилиш ва кучли ирода уларни бу касалликдан ҳалос бўлишига катта ёрдам беради. Ушбу сатрларни ўқиётган ҳурматли беморлар. Сиз албатта тузалиб кетасиз! Иродангизни мустаҳкам қилинг. Ахир Сиз аввал кучли инсон бўлгансиз! Ушбу куч Сизни вақтинча тарк этган бўлса, у яна ёнингизга албатта қайтиб келади. Чунки бу Сизнинг кучингиз!
|