Йўқолган из
Шубҳа
Катта терговчи Собир Мирзаев қаршисида ўтирган йигитнинг 27 ёшга кирганига ишонқирамай, диққат билан разм солди. Анча қари кўринар экан, деган фикрга келди. Кейин одатига кўра дангалига ўтди:
– Қани, Нусратжон. Бир бошдан ҳаммасини сўзлаб беринг-чи. Нима бўлган эди ўзи?
– Ҳаммасини аризамда ёзганман. Хотиним – Дилноза 11 декабрь куни қизимиз Дилбарни онамнинг уйига ташлаб, Тошкентга, опам билан товарга кетяпман, деган экан. У кетганида мен ишда эдим. Кейин билсам, опаси билан кетмаган экан. Опасининг Тошкентдан қайтганига етти кундан ошди. Қидирмаган жойимиз қолмади. Ҳеч қаерда йўқ. Кимдан ёрдам сўрашни ҳам билмай қолдик.
Собир Мирзаев Нусратдан бирор жўяли фикр олиш умидида суҳбатдошини "Қачон, қандай турмуш қургансизлар? Оилада неча фарзандсизлар? Ишларингиз яхшими? Маошингиз етарлими?", деган саволларга кўмиб ташлади. Аммо ўзини қониқтирадиган бирор жавоб ололмади.
– Қизимиз туғилгандан кейин Дилноза алоҳида яшаймиз, деб туриб олди. Ота-онамиз майли, қаерда яшасанглар ҳам тинч яшасанглар бўлди, биз розимиз деб, бизни акамнинг уйига, уларни эса оиласи билан ўз ёнларига олдилар. Бунгаям тўрт йил бўлиб қолди.
– Мактабда ишлар экансиз...
– Ҳа, маошим яхши. Ўзимизга бемалол етади. Физикадан дарс бераман. Болаларни институтга киришга тайёрлайман.
– Турмуш ўртоғингизнинг бозордаги савдо ишларидан хабардормисиз? Нима сотади?
– Тўғрисини айтсам, Дилнозанинг савдо-сотиқ қилишига қарши эдим. Шу сабабли турмушимиз бузилишига сал қолган. Ўтган йили Дилноза "Бозорда савдо қилишга рухсат бермасангиз, сиз билан ажрашаман" деб қизимизни олди-ю, онасиникига кетиб қолди. Мен ҳам ажрашмоқчи эдим. Лекин фарзандимни тирик етим қилишдан қўрқдим. Онамнинг "Келин ҳали ёш. Яна битта туғса босилиб қолади, кўз очиб кўрганингдан айрилма, болам", деганлари учун ниятимдан қайтдим. Шундан кейин бозорда кийим-кечак сота бошлади чоғи. Очиғини айтсам, менга қизиғи йўқ эди.
– Дилноза кимлар билан савдо қиларди? Биров ёрдам берармиди?
– Иккала опаси ҳам олти-етти йилдан бери савдо-сотиқ билан шуғулланишади.
– Яқин дугоналарини биласизми? Бирор шубҳалироқ ҳаракатларини сезмаганмидингиз?
– Йўқ, дугоналарини билмайман, тўғрисини айтсам, кейинги бир йил ичида биз деярли гаплашмасдик. Фақат зарурат юзасидан ҳа ёки йўқ деб қўярдик, холос.
– 11 декабрь куни эрталаб у билан гаплашганмидингиз, унинг кайфияти қанақа эди? Соат нечада уйдан чиқиб кетган эди?
– Эрталаб Дилноза билан гаплашмасдан ишга кетдим. У уйда қолди. Онамнинг айтишига қараганда, Дилбарни тушга яқин қолдирган экан...
– Нусратжон, яна бирор нарса эсингизга тушса ёки бирор нарсани менга айтишни лозим деб топсангиз, дарров хабар беринг.
Тергов давомида Дилнозанинг опалари – Норгул билан Севара синглисининг ҳеч қандай шубҳали танишлари йўқлигини ёки шу пайтгача унинг бирон-бир ножўя ҳаракатини сезмаганликларини айтишди. Улар суҳбат чоғида Дилноза "Сизлар кетаверинглар, мен орқаларингдан етиб бораман, Тошкентда учрашамиз", деганини ҳам қўшиб қўйишди.
Терговчи шу ўринда масалага ойдинлик киритадиган бир неча ҳолатларни пайқамади чоғи. Ҳар ҳолда "Шу гапларни қачон, соат нечада, қандай ҳолатда айтганди?", деган саволларни беришдан ўзини тийди. Унинг фикрини "Айбдор – Нусрат!" деган тушунча тамоман эгаллаган эди.
Бир ой давом этган тергов, суриштирув, қидирув ишлари ҳеч қандай натижа бермади. Дилнозанинг дараги чиқмади. Из тамоман йўқолганди.
Собиржон кабинетида у ёқдан бу ёққа юриб, ўйлаб, ўйига етмасди. Бу қандай оила бўлдики, бир йилдан бери фақат мажбурият юзасидан гаплашилса? Ҳатто эри хотинининг сафарга кетаётганини ҳам билмаса?
У Дилнозанинг ота-онаси билан яна бир марта суҳбатлашиш керак, деган фикрга келди.
Ўрни йўқ эр
Терговчини Дилнозанинг онаси – Сожида опа кутиб олди. Севара билан Норгул ҳам уйда экан. Суҳбат оддийгина бошланди.
– Қизингиз Дилноза оиласи билан қандай яшарди? – деди Собиржон салом-аликдан сўнг мулойимлик билан.
– Сизга айтсам, кейинги пайтларда оиласи нотинч эди. Ҳаммасига куёв сабабчи. Дилноза савдога чиқаман дейиши билан тўнини тескари кийиб олди. Ҳайронман, савдонинг нимаси ёмон экан? Мен ёшлигимдан савдодаман. Худога шукур, ҳеч кимдан кам жойимиз йўқ. Мана шу данғиллама уйда яшаймиз. Қўша-қўша машиналаримиз бор. Хотингаям озгина ишониш керак. Унгаям имконият бериб, хоҳиш-истакларига қулоқ солиш керак-да, тўғрими, ука?! Ишқилиб, қизим тирик бўлсин-да... Уйга эсон-омон кириб келсин-да... – деди Сожида опа йиғлаб.
Собиржон сўзсиз Дилнозанинг отасига қаради. Унинг уйда бор-йўқлиги билинмасди.
– Ғани ака, кейинги пайтларда Дилнозанинг шубҳалироқ ҳаракатини сезмаганмидингиз?
– Йўқ. Сезмаганман, – деди ўани ака кўз ости билан хотинига қараб, – Дилноза ҳам бошқа қизларимга ўхшаганди. Улар ҳамма нарсани билади...
У яна хотинига тўғри гапирдимми дегандай қараб қўйди.
Собиржон бу суҳбатдан ҳам қониқмади. ўани ака бу оилада қўғирчоққа ўхшаб кўринди. Қамровни кенгроқ олиш керак шекилли, деган фикрга келиб, энди кетишга отланганида дарвозада Дилнозанинг қайнонаси – Омина опанинг қораси кўринди.
– Ассалому алайкум, яхши ўтирибсизларми? Терговчи болам ҳам шу ерда экан-ку. Дилнозадан бирор хабар борми деб келаётувдим...
– Ассалому алайкум, келинг, Омина опа, – деди Собиржон уйдагиларнинг миқ этмаганидан ноқулай аҳволга тушиб.
Норгул салом-аликни ҳам йиғиштириб, бидиллай кетди.
– Сиз хабарни ўғлингиздан сўранг! Синглим йўқолишидан икки кун аввал ўғлингиз "Сени ўлдириб ташлайман", деб жанжал кўтарганидан бехабардай гапирасиз-а!
– Йўғ-е, қизим, нималар деяпсиз? – ажабланиб Норгулга қаради Омина опа.
– Ҳа, шунақа. Дилноза буни Севара икковимизга айтувди. Лекин биз бунга жанжалда айтиладиган шунчаки бир гап деб, эътибор қилмовдик. Синглим йўқолганига бир ойдан ошди. Ҳақиқатан ҳам ўғлингиз бир бало қилиб қўйганга ўхшайди.
– Вой, мен бу гаплардан нега бехабарман? Яшамагур... шундай деган эканми? Бу писмиқ хотин ўғли билан тил бириктириб қизимни ўлдириб қўйиб, ҳеч нарса билмагандай яна уйимга келишини қаранг... Қизимни уйга қаматтириб қўйиб, савдо-сотиқ қилишга рухсат бермай, не-не азобларга солган ҳам мана шунинг ўзи! Қизи тўрт яшар бўлишига қарамай, бўйидаям бўлмаётганди. Бунга фақат мана шу хотин айбдор...
Сожида опанинг важоҳатини кўриб, Собиржон Омина опага яқинроқ келди-да:
– Ўзингизни босинг, ҳали ҳеч нарса маълум эмас-ку, – деди.
– Худодан қўрқинг, Сожидахон! Неварамни олиб қолиб Дилнозанинг ишларига ёрдамлашаётган эдим-ку?
– Ёрдаминг бошингда қолсин. Қизимни ўғлингга ёмонлаб ўлдиртиргансан, – деди Сожида опа жазавага тушиб.
Хотини ва қизларини тинчлантириб, вазиятни сал бўлса ҳам юмшатиш ўрнига ўани ака ғалати овоз билан хотинининг гапларини ҳадеб такрорлар эди:
– Ҳаммасига айбдор сизсиз. Яхши хотин бўлганингизда қизимни ўғлингизга ёмонлаб, унга ишонмай кўчага чиқармасдан қўярмидингиз? Сиз Дилнозага кўп азоб бергансиз. Буни унинг ўзи айтмаган бўлса ҳам билардим. Сиз жуда ёмон хотинсиз... – У Омина опани нимада айблаб, нима учун ҳақорат қилаётганини билмасди. Уйига келган аёлнинг айби бор-йўқлигини аниқ билмай туриб, мабодо айби бўлса ҳам уни бунчалик ҳақоратлаш эркак кишининг иши эмаслигини англаб ҳам етмасди. Шу туришда у ўз ўрнини йўқотган эрга ўхшар эди. Шу оилада ўсиб улғайган қизларнинг аҳволи эса… На отадан, на онадан ҳайиқарди улар.
Собиржон ўани аканинг бу аҳволини кўриб, унга ачинишниям, нафратланишиниям билмай қолди. Оилада унинг ўрни аниқ йўқ эди.
– Терговчи ука, мана, ҳаммасини эшитдингиз. Куёв ўлгурнинг қизимга "Сени ўлдираман" деб юрганини билдингиз. Энди уни тезроқ қаманг, шунда у қизимни нима қилганини айтиб беради. Фақат тезроқ қаманг, бўлмаса ўзим уни бир бало қилиб қўяман, – деди Сожида опа.
Собиржон бир амаллаб уларни тинчлантирди.
– Хўп, ҳаммасини текширамиз, аниқлаймиз. Фақат сизлар ўзингизни босиб олинглар. Қизиққонлик қилсангизлар, ишимизни чалкаштириб юборасизлар, – деди кетиш олдидан.
Хонасида у ёқдан бу ёққа бориб келаётган Собиржоннинг хаёлида "Наҳотки Дилнозани эри ўлдирган бўлса" деган фикр чарх урарди. 11 декабрь куни Эрматовнинг қаерларда бўлганини яхшилаб суриштиришим керак, деган фикрга тўхталди у.
Собиржон Эрматов ишлайдиган мактабга ҳамма дарсга киришини мўлжаллаб борди. Ўқитувчилар хонасига бош суқди. Қоғоз титиб ўтирган қорачадан келган озғин аёл бош кўтариб, Собиржоннинг саломига алик оларкан, кираверинг ишорасини қилди.
– Мен Эрматов Нусратнинг ўртоғиман, ҳар замонда жўралар билан йиғилишиб турамиз. Унинг энг дарси кам кунини билиб беролмайсизми? Ўзидан сўрасак, иши кўплигини баҳона қилиб биздан қочгани қочган. Вақтига қараб, таклиф қилмоқчи эдик.
– Ҳа, бемалол, – деди аёл жадвалга қараб. – Сешанба куни дарси соат ўн бирга яқин тамом бўларкан.
– 11 декабрь куниям йиғилиб ўтирувдик. Нусрат дарсларим кўп деб баҳона қилиб бормаган, шу кунниям аниқлаб қўяй, илтимос, қараб беринг.
– 11 декабрь сешанба экан-ку, дарси ўну қирқда тамом бўлган.
– Балки бошқа ўқитувчининг ўрнига дарсга киргандир?
– Мен завучман, ҳеч кимнинг ўрнига кирмаган.
– Катта раҳмат, опа. Келиб кетганимни айтиб қўйманг, илтимос.
– Хавотир олманг, – деди аёл гуё бундай суруштирувларни кўравериб кўникиб кетгандек.
Собиржон у ердан чиқиб, тўғри Омина опанинг олдига борди. У невараси Дилбар билан кўча супуриб юрган экан.
– Келинг, ўғлим, уйга киринг, бир пиёла чой ичинг. Дилноза тўғрисида бирор янгилик борми?
– Мен ҳам йўл-йўлакай сизларда бирор янгилик бормикин деб келувдим. Неварангиз ҳам сизни қийнаб қўйгандир-а, Омина опа?
– Йўқ, Дилбар менга ўрганиб қолган, тушдан кейин дадаси келади. Биз бир амаллаб турибмиз, ишқилиб келиним топилсин-да, – деди Омина опа куюниб.
– Омина опа, эслай оласизми, ўша 11 декабрь куни келинингиз кетаётганда Нусратжон уйдамиди?
– Йўқ, ишда эди. Эсимда, шу куни Нусратжон ишдан кеч қайтди. Дилбар дадам келмади деб роса хархаша қилганди.
– Соат нечаларда қайтганди?
– Соат уч-тўртлар эди, шекилли...
Собиржон иш билан боғлиқ яна бир неча саволларга жавоб излаб, атрофни кузатган бўлди. Ишхонасига қайтгач, Нусратга телефон қилиб, навбатдаги суруштирувга чорлади. Суҳбат давомида Собиржонни чўчитиб қўймаслик учун масалага яқинроқ саволларни эҳтиёт бўлиб беришга ҳаракат қиларди.
– Нусратжон, 11 декабрь куни эрталабдан кечгача нима ишлар қилганингизни яна бир эслаб кўринг-чи?
– Эрталаб ишга кетдим, дарс тугаши билан ота-онамнинг уйига бориб, у ерда тушлик қилдим ва қизим Дилбарни олиб, уйга келдим. Бошқа ҳеч қаёққа чиқмадим, – деб жавоб берди Эрматов.
– Эрталаб хотингиз билан жанжаллашмаганмидингиз?
– Йўқ!
– 9 декабрь кунги жанжал нимадан келиб чиққанди?
– Эсингизда бўлса, аввал ҳам айтгандим, Дилноза менга қулоқ солмай бозорга савдо-сотиқ қилишга чиққандан кейин муносабатимиз ёмонлашди. Биз деярли гаплашмасдик. Уйимиз ивирсиб ётадиган бўлиб қолганди. Онам келиб йиғиштирарди. Кийишга на тоза пайпоқ, на кўйлак топиларди. Асабийлашиб турганимда Дилноза менга эътибор ҳам бермай ўзига оро бериб, чиқиб кетишига чидаб туролмай бақиргандим.
– Нима дегандингиз?
– Сендақа исқирт хотин билан яшагандан кўра ҳар нарса бўлган яхши. Савдо-сотиғингни йиғиштириб, уйга қара дегандим.
– Дилнозага сени ўлдираман деганмидингиз? – деб сўради Собиржон дабдурустдан кўзини Нусратдан узмай.
– Дегандим, унинг башанг кийиниб, мени писанд қилмай чиқиб кетиши бошқача кўринди. Шунда "агар сен ҳақингда бирон ёмон гап эшитсам, ўлдириб ташлайман" дегандим.
– Ўлдириш ниятингиз бормиди?
– Йўғ-е, дўқ қилгандим, холос.
– Бошқа ҳеч гап бўлмадими?
– Йўқ…
Собиржон бу гал ҳам арзигулик дастак топа олмаганидан ижирғанди. Эрматов ниманидир яшираётганга ўхшаб кўринди...
Изтироб
Собиржон тергов бўлимининг бошлиғи Фозил акага Худойқулованинг йўқолгани ҳақидаги иш юзасидан ўз фикрларини баён қилди:
– Сўралиши керак бўлганлар билан гаплашдим, натижа — ноль. Фақат аризачи Эрматов, яъни Дилнозанинг эри берган кўрсатмаларда ҳар хиллик бор, ўзини ғалатироқ тутяпти.
– Батафсилроқ гапиринг...
– Худойқулова йўқолишидан икки кун олдин эр-хотин жанжаллашган. Эри "Сени ўлдириб ташлайман" деган сўзларни айтган. Худойқулова буни опаларига айтган. Эрматов буни дастлаб биздан яширди. Бу – биринчиси, иккинчиси, у Худойқулова йўқолиб қолган куни "Ишдан тўғри онамларникига келиб, тушлик қилдим" деб нотўғри кўрсатма берди, у шу куни ишдан соат 11 ларда чиқишига қарамай, айтган жойига соат 15-16 ларда келган.
– Ҳа, иккала факт ҳам шубҳаланишга арзийди. Ундай бўлса, ёнингизга икки нафар ёрдамчи ва Эрматовнинг уйини тинтув қилиш учун ордер олиб, дарров ишга киришинг, – деди Фозил ака.
Тинтув натижасида уйдан енгида қон излари бор Эрматовга тегишли кўйлак топилди. Экспертиза берган хулосага қараганда, қон Худойқулованинг қон группасига тўғри келди. Янги топилган дастаклар юзасидан Эрматовга:
– Кўйлагингиз енгига Худойқулованинг қони қандай қилиб суркалиб қолган? – деган савол берилди.
– Ўша, 9 декабрь куни жанжаллашганимизда уни туртиб юборгандим, столга тегиб бурни қонаганди, енгимга қон шундан теккан бўлса керак. Мен бунга эътибор ҳам бермаганман.
– 11 декабрь куни соат ўну қирқда дарсдан чиқиб, хотинингизни қаерда учратдингиз?
– Ишга кетганимдан кейин уни кўрмаганман.
– Ишдан ўну қирқда чиқиб, онангизнинг олдига соат 15-16 ларда борганингиз бизга маълум. Биздан яширмоқчи бўлган 5 соат давомида қаерда бўлдингиз, нималар қилдингиз?
– Мен 11декабрь куни эрталаб ишга кетаётганимда Дилнозани ясан-тусан қилиб юрганини кўриб, унинг яна бир ёққа кетмоқчи эканини билдим, лекин ҳеч нима демадим, чунки унга гапириш бефойда эди. Икки кун олдин бўлган жанжалдан кейин яна ҳеч нарса бўлмагандек бунчалик ясан-тусан қилиб юргани, менга ҳеч нарса демагани қаттиқ таъсир қилди. Мактабда қандай дарс ўтганимни билмайман. Тўғри, мен ўну қирқда ишдан чиқдим. Лекин уйга бормадим, тўғри келган кўчаларда тентираб юрдим, скамейкада қанча вақт ўтирганимниям билмайман, кейин онамдан Дилбарни олиб уйга кетдим.
– Сиз бу гапингизни исботлай оласизми?
– Буни қандай исботлаш мумкин? – сўради Эрматов.
– Сизни шу ҳолатда кўрган бирор таниш-билиш, айтган гапларингизни тасдиқлайдиган гувоҳ борми демоқчиман, – деди Собиржон.
– Биласизми, мен ҳаётдан шу қадар тўйиб кетгандимки, ҳатто яшагим келмай қолганди. "Дилноза билан ажрашишим керак" деган қатъий хулосага келгандим, фақат қизимнинг тирик етим бўлиб ўсишини ўйлаб, нима қилишимни билмай иложсиз қолгандим. Қайси эркак ўзининг бу аянчли аҳволини бировга айтиб, дийдиё қилиши мумкин?! Бу аҳволимни ота-онамдан бошқа ҳеч ким билмайди. 5 соат тентираб юрганимни исботлайдиган ҳеч қандай гувоҳим йўқ.
– Сиз, Эрматов, хотинингиз Худойқулованинг йўқолиб қолишида гумондор шахс ҳисобланасиз. Сизни эҳтиёт чораси сифатида қамоқда ушлаб турамиз. Ўзингизга ҳимоячи олишингиз ва қонунда кўрсатилган ҳамма ҳуқуқлардан фойдаланишингиз мумкин, – деди Собиржон ва унга тегишли бўлган ҳуқуқлар билан таништирди.
– Менга ҳимоячининг кераги йўқ, чунки мен ҳеч қандай жиноят содир қилмаганман! – Эрматов асабийлашар эди...
Ўғлининг қамоққа олинганини эшитган Сафар аканинг қон босими кўтарилиб, ётиб қолди.
Бир томонда Нусратнинг қамоққа олиниши, иккинчи томондан турмуш ўртоғининг бош миясига қон қуйилиб касалхонага тушиши Омина опани бир аҳволга солиб қўйди. Бу ҳам етмагандек, қудаси Сожида "Агар қизим топилмаса, уруғингни қуритаман, сенларга неварамни бериб қўймайман" деб Дилбарни олиб кетди. Дилбарнинг: "Бувижон, мени олиб қолинг, мен кетмайман" деб чинқириши Омина опанинг юрагини тамоман эзди...
Қилмиш, қидирмиш...
Собиржон ҳозиргина қамоққа олинган Нусрат тўғрисида ўйларди. Онаси – бағрикенг, сабр-тоқатли, ақлли аёл. Отаси – ўз касбини яхши кўрадиган, меҳнаткаш, мағрур одам. Акаси Ботир фалсафадан дарс бергани учунми, мудом ахлоқ-одоб тўғрисида гапиришни хуш кўради. Опаси Оқила – жудаям уятчан аёл, кам гапиради. Шундай оилада тарбияланган Нусрат наҳотки жиноятга қўл урган бўлса? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Лекин ҳамма далиллар унга қарши. Калаванинг учини тезроқ топишим керак!
Собиржон хонасида у ёқдан бу ёққа юравериб чарчади. Жойига ўтирди. Унинг кўзи бугун эрталаб ҳал қилиш учун берилган янги аризага тушди. Қоғозни қўлига олиб ўқий бошлади: "Эрим – Ҳотамов Зокир. Ёши 36 да. Шу йил 11 декабрь куни қора "Нексия" машинасида чиқиб кетиб, қайтиб келмади... Ҳотамова Сарвиноз. Имзо."
– Дилноза ҳам шу куни йўқолган-ку! – деб юборди беихтиёр Собиржон. Иккала йўқолиш бир қулфга банди этилгандек эди. Қани ўша қулфнинг калити?!
У аризада кўрсатилган манзилга қўнғироқ қила бошлади. Гўшакни аёл киши кўтарди.
– Менга Ҳотамова Сарвиноз керак эди.
– Эшитаман, менман.
– Сарвиноз опа, эрингизнинг йўқолгани ҳақидаги аризангиз бўйича қўнғироқ қилаётган эдим. Ҳозир олдимга, прокуратурага кела оласизми?
– Йўқ, афсус, бугун бора олмайман, ўғлимнинг тоби йўқ.
– Ундай бўлса, ўзим бораман, майлими?
– Ҳа, бемалол, келаверинг.
Собиржон ҳар эҳтимолга қарши Дилнозанинг расмини ҳам олиб Сарвинозларникига жўнади.
– Сарвиноз опа. Нима учун шу пайтгача ариза бермадингиз, эрингиз йўқолганига анча бўлган экан? – деб сўради Собиржон.
– У авваллари ҳам 15-20 кунлаб йўқ бўлиб кетарди, телефонда боғлана олмасдик, кейин ўзи келиб қоларди. Яна шунақа бўлади деб ўйладик, қидириш керак бўлган жойлардан ўзимиз изладик. Ҳеч қаердан топа олмагандан кейин ариза беришга мажбур бўлдим.
– Зокир ака нима билан савдо-сотиқ қиладилар?
– Россиядан тахта, ёғоч олиб келиб сотади.
– 11декабрь куни Россияга кетганмиди?
– У куни ўртоқларим билан ўтирамиз, балки сафарга ҳам жўнашимиз мумкин деганди.
Собиржон Ҳотамов Зокирнинг расмини Дилнозанинг опаларига, таниш-билишларига кўрсатди, улар танимасликларини, Зокир деган исмни Дилнозадан эшитмаганликларини айтдилар.
Сарвиноз опага қўнғироқ қилгиси келди:
– Опа, сизга Зокир акага алоқадор бирор янгилик ёки эсингизга тушган бирор гап бўлса, менга дарҳол айтинг дегандим, ҳеч қандай янгилик йўқми?
– Йўқ... Ҳа, эсимдан чиқибди, анави куни эски дазмолни олиб чиқиш учун болахонага чиқсам, Зокир аканинг қўл телефони ётган экан. Буни сизга айтаман деб, эсимдан чиқарибман.
– Қўл телефони дедингизми? Уйда бўлиб туринг, илтимос, ҳозир борамиз, – деди Собиржон ва ёрдамчиси Фарҳод билан тезда йўлга отланди.
Сарвиноз опа эшикдан кириб келган Собиржон ва Фарҳодларга қараб:
– Шунча тез етиб келдингизларми? – деди ҳайрон қолиб.
– Қани ўша телефон? – шошиб сўради Собиржон.
– Мана! – Сарвиноз телефонни узатди.
Собиржон телефондан охирги қўнгироқ рақамини топди ва тез ёзиб олиб, Сожида опанинг уйига қўнғироқ қилди.
– Сожида опа, Дилнозанинг қўл телефони рақамини айта оласизми? – деди. Маълумотни олиши билан гўшакни қўйди.
– Ўзим ҳам худди шундай деб ўйлаган эдим, мени ҳеч қачон сезгиларим алдамаган, – деди Собиржон кафтларини бир бирига ишқаб. Фарҳод гап нимадалигини тушуниб етмаган бўлса ҳам, яхши янгилик борлигидан жилмайди.
– Сарвиноз опа, илтимос, телефонни қаердан топиб олганингизни кўрсатинг, – деди Собиржон.
Улар болахонага чиқишди. Сарвиноз опа "Мана шу ердан топувдим" деб кўрсатган жойда ечиб ташланган бир жуфт пайпоқ ётарди. Собиржоннинг диққатини шу ерда ётган қоғоз парчаси тортди, чунки у янги пайпоқнинг ёрлиғи эди. Собиржон ўз тахминларини овоз чиқариб айта бошлади:
– Демак, шу ерда Зокир ака эски пайпоқни ечиб, янгисини кияётганда телефон жиринглаган. Гаплашиб бўлгандан кейин телефонни ерга қўйиб, пайпоқни кийиб бўлгандан кейин, уни чўнтагимга солаяпман деб ўйлаган. Лекин адашган. Ёки эсидан чиқиб қолдириб кетган. Хўш, Фарҳоджон, нима деб ўйлайсиз? Зокир ака болахонага фақат пайпоқ алмаштиришга чиққанмикин?..
– Мен ҳам худди шуни ўйлаб турган эдим, – деди Фарҳод.
– Сарвиноз опа, болахонадаги лаш-лушларга яхшилаб қаранг-чи, бирор нарса йўқолмаганми? – деди Собиржон. Сарвиноз опа болахонадаги эски-туски нарсаларга узоқ тикилди. Собиржоннинг хаёлидан "уч ойдан бери болахонага чиқмай, уни шу аҳволга тушгунча тозаламай қўйиш ҳам мумкин экан-да", деган фикр ўтди.
– Электр иситгич кўринмаяпти, ҳа, қизил рангда эди, – деди Сарвиноз опа.
– Айтинг-чи, сизларнинг бошқа уйларингиз ҳам борми?
– Йўқ, фақат шу уйимиз бор, холос.
– Дача-чи?
– Дачамиз ҳам йўқ ҳисоб.
– Тушунмадим, аниқроқ гапиринг, борми ёки йўқми?
– Қайнимнинг номида битта эски дачамиз бор, таъмирланмагани учун у ерга бормаганимизгаям бир-икки йил бўлиб қолди.
– Фарҳоджон, кетдик ўша дачага, Сарвиноз опа, илтимос, бошлаб боринг, – деди Собиржон шошилиб. Дача унча узоқ эмас экан. Ичкарига киришлари билан Собиржоннинг кўзи қизил электр иситгичга тушди, тармоқда электр токи йўқ эди. Улар ташқарига чиқишди.
– Гаражнинг калити борми, Сарвиноз опа? – сўради Собиржон.
– Билмайман.
Собиржон гаражнинг эшигини тортган эди, очилиб кетди ва ичкарида қора Нексия кўринди. Машинанинг орқа ўриндиғида шармандали ҳолда қотиб қолган икки нафар мурда ётарди. Улар ёпиқ гаражда машина ёқилғиси дудидан бўғилиб ўлган Дилноза ва Зокир эдилар.
Бу жирканч манзарадан қотиб қолган Собиржон ташқарига чиққанда юзига илк баҳор шабадаси урилиб, ўзига келди ва керакли жойларга қўнғироқ қила бошлади...
Зулайҳо Машарипова, huquqburch.uz
|