*Универсиада–чорак асрлик тарихимиздаги мусобақа
Оламшумул байрам арафасида
Бутундунё спорт байрамини интиқлик билан кутиб яшамоқда. 29 январь ва 8 февраль оралиғида Алматида XXVIII Бутунжаҳон қишки универсиадаси ўтади. Бу мустақил қозоғистон тарихидаги энг йирик воқеалардан бири бўлади. Унда 58 мамлакатдан икки мингдан зиёд спортчи иштирок этиш истагини билдирди.
Универсиадага уч мингдан ортиқ қозоғистонлик ҳамда хорижлик кўнгиллилар жалб қилинади. Алматига 30 мингдан зиёд хорижий меҳмонлар ва сайёҳларнинг ташрифи кутилмоқда. Шунингдек, мусобақаларни дунёнинг 80 мамлакатининг миллиардга яқин томошабини телевидение орқали томоша қилиши режалаштирилган.
Вилоят ҳокимлигида минтақа раҳбари Ж. Туймебаев раислигида ўтган минтақавий штаб мажлиси Бутунжаҳон универсиадаси олови эстафетасини вилоятда ўтказиш тадбирига бағишланди.
Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси раҳбари А. Нуртаевнинг маълум қилишича, медаллар учун 17 ва 28 ёш оралиғидаги талабалар ва магистрантлар беллашадилар. Совринлар 12та спорт тури бўйича ўйналади: биатлон, чанғи қўшкураши, чанғи спорти, трамплиндан чанғида сакраш, чанғи пойгаси, конькида югуриш, фигурали учиш, керлинг, сноуборд, фристайл, шайбали хоккей ва шорт-трек. ҳаммаси бўлиб, 86та комплект медаль ёки 543та соврин ўйналади.
Мусобақалар саккизта спорт иншоотлари: "Шимбулақ" тоғ-чанғи курорти, "Медеу" спорт мажмуаси, "Сунқар" халқаро спорт мажумаси, Б. Шўлақ номидаги спорт ва маданият саройи, "Алатау" лижа ва биатлон стадионлар мажмуаси, "Табаған" спорт-кўнгилочар мажмуаси ҳамда "Алмати Арена" ва "Халиқ Арена"да ўтади.
Жанубий қозоғистон вилояти шарафини беш нафар спортчи ҳимоя қилади.Фристайл бўйича VII қишги Осиё ўйинларининг кумуш медаль совриндори Ж. Арапбаева, Ж. Алдабергенова, Сочидаги қишги Олимпиада ўйинлари олтинчи ўринни эгаллаган А. қалмурзаева, Д. Мухамеджанов ва И. Бағлан.
25 январь куни Астанада XXVIII Бутунжаҳон қишки универсиадаси–2017 машъаласи ёнади.
Универсиада машъаласи 22500 чақирим масофани босиб ўтади. Унинг 200 чақиримини машъала ташувчилар пиёда босиб ўтади. "Эйр Астана" авиакомпанияси– расмий турда талабалар ўйинининг эстафета машъаласини минтақалардан Алматига етказади. Айтиш жоизки, ҳар бир вилоят марказигача масофа узунлиги 10, 12 чақиримдан иборат, ҳар бир спортчи салкам 200 метрга югуради. Алматида машъалани юз нафар киши олиб ўтади. Эстафета машъаласининг ўз мадҳияси бор. Мусиқа муаллифи таниқли бастакор, халқаро мукофотлар лауреати, Евроосиё маданият жамғармаси президенти Е. Канапьянов. Матнини қРда хизмат кўрсатган арбоб, ёзувчи Ш. Сариев ёзган. Мадҳияни "Астана Опера" театри яккахон хонандалари М. Мухаммед қизи ва М. Чўбатаев ижро этган.
Қишки универсиада тумори сифатида лочин-шунқор танлаб олинди. Муаллифларнинг айтишича, бу–тезлик, енгиллик, қувват ва ғалабага бўлган ташналикни ифодалайди.
Жанубий қозоғистон вилоятидан эстафета машъаласи 28 январь куни ўтади. Ал-Форобий номидаги марказий майдондан машъалани 60 нафар эстафетачи– таниқли спортчилар, жамоат ташкилотлари вакиллари, депутатлар шаҳарнинг марказий кўчаларидан олиб ўтишади. Эстафетанинг иккинчи босқичига М. Ауезов номидаги ЖқДУнинг ўқув корпуси олдида старт берилади. Иштирокчилар машъалани шаҳарнинг диққатга сазовор жойларидан ҳамда Шимкентнинг таълим марказлари–ЖҚДМА, ЖҚДУ, ЖҚДПИ, "Мирас" университети бўйлаб олиб ўтишади. Эстафета "Наурыз" майдонида маррага етади.
Ушбу масалаларни атрофлича муҳокама этган минтақа раҳбари тадбирни юксак савияда ўтказишга эътибор қаратиб, тегишли соҳа вакилларига топшириқлар берди.
Мухтабар УСМОНОВА.
|