РИВОЯТ
ҲОЛДАН ТОЙГАЧ, АНГЛАШАДИ...
Оталари вафот этган икки ака-ука бор эди. Бир куни укаси акасига: "Мен бир қизни ёқтириб қолдим, унга уйланишни истайман. Жуда гўзал, кўзлари шаҳло экан" деди. Шунда акаси: "Ундай бўлса, албатта, унинг қўлини сўрашинг керак" деди. Лекин ака ҳам қизни кўриб, чиройига маҳлиё бўлди ва "сен шошмагин, у ҳаётда тажрибаси бор инсонга лойиқ. У менга ўхшаган инсонга муносибдир", деди.
Ука ҳайрон қолиб: "У фақат меники..." деди ва иккаласи тортишиб қолишди. Масалани ҳал қилиш учун қозига боришди.
Афсус, қози ҳам қизни кўриши билан: "Бу қиз менга ўхшаган одамга лойиқдир", деди. Тортишув кучайди. Уларнинг бу ишидан хабар топган волий чақириб, масалани ойдинлаштирмоқчи бўлди. Аммо у ҳам қизнинг хусну латофатини кўриб: " У фақат меники бўлади", деди ва тортишувга қўшилди. Ниҳоят, қиз тилга кирди: "Менда бир ечим бор. Мен югураман, ким менга биринчи етиб, тутиб олса, ўшаники бўламан", деди-да, югуриб кетди. Уни тутиш учун ортидан ҳаммалари югуришди. Тўсатдан барчалари бир чуқурга қулаб тушишди.
Қиз уларга тепадан қараб бундай деди: "Биласизларми мен кимман? Мен - мол-дунёман, бойликман. Одамлар менга эга бўлиш учун бир-бирлари билан кимўзар ўйнашади, натижада бор-йўғидан айрилади. Умр ўтиб, ҳолдан тойганларида, қабр остонасидагина менга етиш асл мақсад эмаслигини англашади".
Нилуфар ОРТИҚХЎЖАЕВА тайёрлади.
|