Бундан 12 йил аввал онам қаттиқ хасталаниб оғриди. Биз оилада 7 нафар фарзанд бўлсак, акаларимнинг ҳаммаси уйли-жойли бўлиб кетишган. Уйнинг кенжаси менман. Олийгоҳга кирган йилим онамнинг хасталиги ҳақида хабар топдик ва онам ҳамда бошқа яқинларим мени турмушга беришга ҳаракат қилишди.
Касалхонада узоқ ётиб даволанган онам уни ҳар сафар кўришга борган чоғимда: “Қизим, тезроқ турмуш қур. Сенинг кейинги ҳаётинг ҳақида ўйлаб, хавотирдаман. Ҳар бир кунимни Худодан қарзга сўраб олаётгандекман” – дерди.
Онамнинг ҳол-аҳволини билиб, қайтар чоғимда касалхонадан йиғлаб қайтардим. Бебаҳо ёшлигимнинг навқирон дамлари, энди бошландими, деган бир пайтда тўсатдан келган дард тинчимни ўғирлади. Ҳар куни онамнинг гаплари ҳақида ўйлайман. Уни ўлимга қиймасам-да: “Сўнгги тилагим сенинг тўйингни кўриш!” гапи фикр-у хаёлимдан чиқмасди. Учрашиб юрган йигитим билан гаплашиб, вазиятни тушунтирдим. Бироқ у ҳали уйланишга тайёр эмаслиги ва яна озроқ кутишим кераклигини таъкидлади.
Менинг тезроқ турмушга чиқишимни хоҳлаган онам у йигит ҳақида сўраб-суриштирибди ва яқин атрофда уйлана олмаслигини билиб, кутишимни истамади. “Кўзим очиғида сени мендан кейин ғамхўр бўла оладиган инсонга омонат қилишим керак. У йигитнинг ҳали-бери уйланишга чамаси келмайди, қолаверса, у сенга уйланадими — йўқми, уни бир Худо билади. Кел, қизим, лозим топсанг, сенга ўзим умр йўлдошини танлай-ки, бир умр кўзингдан ёш оқизмасин, қалбингга озор етказмасин” – дея илтижо қилди.
“Йўқ, ойижон, сиз, албатта тузалиб кетасиз. Бундай гапларни қўйинг, илтимос! Аввал ўзингизни ўйланг, кейин менинг тўйим ҳақидаги муаммоларни ҳал қиламиз, узоқ ўйланманг” – дея уни овутган бўлдим-у уйга келгунча онамнинг гапларини такрор-такрор эсладим, қандай йўл тутсам экан, дея узоқ ўйландим.
“Пешонангга ёзганидан қочиб қутула олмайсан” – деганлари рост экан. Ҳол-аҳволини билиш учун касалхонага борганимда онамга розилигимни билдирдим ва унинг учун ҳар қандай ҳаёт синовларига чидайман, дея ўз ўзимга сўз бердим. Аммо бир тарафдан севган ёримдан воз кечгим келмас, бир тарафдан эса, мени шу кунга етказган онамни норози қилишга қиймасдим. Хуллас, онамни танладим…
Розилигимни олган онам касалхондан чиқди-ю тўй ҳаракатларига киришиб кетди. Уни кўрган одам касал, дея олмасди. Онамнинг: “Ёлғиз қизимни куёвга бераяпман” – дея кайфияти чоғ, тўй тараддудлари билан овора эди. Рангида эса, сўлғинлик кўринмасди.
Кўп ўтмай, қудалар келишиб, тўй белгилаб кетишди. Одатимизга кўра, бериладиган ош, сарпо, олди-бердилар қилинди. Қайнонам онам билан бирга ўқиган гуруҳдоши экан. Бироқ уларнинг қандай инсонлиги мени қизиқтирмади. Фақат онам тилагини бажараяпман, дея ўйлардим, холос.
Собиқ йигитимга эса, турмуш қураётганлигим ҳақида оғиз очмадим. Чунки унга “алвидо” сўзини қандай қилиб айтишимни билмасдим. Шундай бўлса-да, ташқи кўринишимдан ҳеч кимга ҳеч нарса билдирмадим. Гўё ўзимни бахтли инсонлардек ҳис қилдим. Бир ой ичида дабдабали тўйимиз ҳам ўтиб кетди.
Янги оилага келин бўлиб тушсам-да, ўзимни келиндек ҳис қила олмасдим. Ҳаммаси вақтинчалик нарсадек туйиларди хаёлимда. Ҳали онам тузалиб кетади-ю мен ўз севганим билан бахтли оила қурадигандек бўлардим.
Ёнимда ётган ёстиқдошим, худди бегонадек ўзимни ундан олиб қочардим. Имкон бўлса-ю бир хонага қамалиб олиб, уни узоқ кўрмасам, ҳатто, оиласи билан улардан узоқроқ бўлсам, дея тилардим.
Бу қилиғим ўша пайтлари уларга қандай ботди, билмадим, аммо мен ўзимни ҳақ санардим. Шундай бўлса-да, на куёвим, на қайнонам менинг бундай ҳаракатларимдан норози бўлишди, балки ҳамиша ёнимда бўлишга уринишди.
Келин бўлиб тушган кунданоқ юкли бўлганман. Одатда, келин бўлган ҳар бир қизнинг орзуси – она бўлиш. Лекин ушбу ҳиссиёт ҳам менинг фикрим ўзгаришига, яхшилик томон оғишига ёрдам бермади. Кундуз кунлари ушбу оиладан узоқроқ бўлиш учун олийгоҳда қизлар билан гоҳ киноларга тушиб, гоҳ саёҳатларга бордим, ўзимни бахтиёр тутишга ҳаракат қилдим.
Лекин уйга кириб келганимдан юзимдаги кулги ўз ўзидан йўқолиб қоларди, яна хомуш ҳолимга қайтардим.
Севганимдан айрилган юрагим қон йиғлаган пайтларда: “Нега онамга розилик бердим экан, балки сабр қилганимда ҳаммаси бошқача бўлармиди” – дея тақдиримдан, танлаган йўлимдан афсусланардим.
Шундай кунларнинг бирида онам оламдан кўз юмди. Унинг вафоти қайғуларимга қўшимча қайғу қўшди, ўзимни дунёдаги энг бахтсиз инсондек ҳис қилдим. Бу оралиқда ой-куним етиб, кўзим ҳам ёриди.
Ўз боласига оқ сут билан меҳрини қўшиб эмдирадиган она, аксинча, иложсизликдан кўкрагимни унинг оғзига солардим. Сал ўтмай, тўйса-тўймаса, уни қайнонамнинг қўлига тутқазардим. Қайнонам уни ўзи овқатлантириб, уст-бошига ҳам ўзи қарар, оналик ғамхўрликларини ўзи қиларди.
Куёвим бўлса, қийин дамларимда менга қўлдош бўлди. Бўлар бўлмасга уриш чиқариб, у билан жанжаллашиб, гаплашмай юришнинг йўлини қидирардим. Бироқ у бирини кечириб, бирига эса, аҳамият бермасликка ҳаракат қилди, ҳамма қилиқларимга чидаб, менга, фақат қувонч улашишга интилди.
“Одам уч кундан кейин қабрга ҳам ўргана бошлайди” – деганларидек, мен ҳам янги оилага 3 йилдан кейингина сингиша бошладим. Қайнонам онамнинг гуруҳдоши бўлганлиги учун, у онам билан ўтган дамларини ширин хотиралар билан сўзлаб берарди. Айрим қилиқларимни онамга ўхшатиб, мени фахр тутарди.
Унинг ушбу қўлловлари менда ўзига бўлган меҳрни уйғотди. Қийналган чоғларимда менга меҳрини берган, муҳаббати билан қўллаган куёвимни ҳам аста-секинлик билан сева бошладим.
Ёнингдаги инсонга алоҳида кўнгил бўлмагунингча у ҳақида тўлиқ билолмас экансан. Мен куёвимнинг қандай инсон эканлигини орадан уч йил ўтгачгина тушундим. Буни куёвим иккимиз бирга юрган чоғларда кўчада учратган танишларим ҳам айтардилар. Айрим пайтлари уни таниб, яхши билмаган кишилар ҳам ижобий баҳолашарди.
Кунларнинг бирида иккимиз соч кестириш учун салонга бордик. Навбат кўплигидан анча кутишимизга тўғри келди. Шунда гўзаллик салонидаги опа: “Куёвингиз жуда сабрли, салмоқли инсон экан. Йигирма йиллик тажрибам бор. Бироқ аёли учун икки соатлаб кутадиган эркакни биринчи марта кўришим. Бундай хазинани асрай олиш керак” – деганди.
Яна бирда биз гуруҳдошимнинг тўйига борганимизда дугоналарим: “Куёвинг ўзгача инсон экан” – дейишганди. Ростини айтсам, куёвим ҳақида бошқалар яхши фикр билдиргандагина “ростми” деган маънода унга эътибор қаратаман.
Ҳар хил шароитларда уни биринчи йигитим билан солиштириб кўраман. Куёвим ҳиссиётларига берилмасдан, ақли билан иш тутади. Дастлабки йиллари ҳеч нарсага қарамай, у билан ажрашиб кетгим келди. Боиси, уни севмасдим ва севолмасам керак, дея ўйлардим. У билан бир умр қолиш-ку ухласам тушимгаям кирмасди. Яратган инсоф бериб, унинг яхшилигини орадан уч йил ўтгандан кейин тушундим.
Айрим пайтлари: “Агар аввалги йигитим билан турмуш қурганимда қандай бўларди” – дея ўйлаб тураман. Ҳа, бу белгили: унга текканимда келинлик ҳаётимга астойдил киришардим, унинг онасига ёқмасам-да, севганим учун ҳаммасига кўникишга ҳаракат қилардим. Куёвим бўлса, мени қизғаниб, уйдан чиқармай қўярди. Бунга ҳам кўникардим. Ўзи эса, хоҳлаган пайтда уйдан чиқиб кетиб, кеч қайтарди. Йиғласам “кечир” дейиш билан чекланарди…
Хуллас, ҳаёт ўз оқимида давом этарди. Ҳозирги куёвимга қилган қилиқларимнинг бирини ҳам у йигитим кўтармаган бўларди. Мен у билан бўлган ҳаётимни шундай тасаввур қиламан. Боиси, қиз вақтимда бунга обдон кўз етказганман. Фақат уни севганим ва хафа қилиб қўймаслигим учун унинг чизган чизиғидан чиқмай, ҳаммасига “хўп” дея чидардим.
Ҳозир ўйласам, севган одам севгилисига ҳеч қачон кек сақламас экан. Куёвим ҳамиша менинг фикримни билишга қизиқади. “Ўзингиз биласиз” – десам-да, нима хоҳлашимни айтмасданоқ тушунади.
Менга турмуш ўртоғи танлаган онам адашмаган экан. У билан оила қурганимизга ўн икки йилдан ошиб бораяпти. Мен жуда бахтлиман. Куёвимни яхши кўраман. Фарзандларимга ҳам тўғри тарбия беришга уринаяпман.
Ўша пайтлари янги келинлик чоғларимни маъносиз ўтказганимдан афсусдаман. Аммо ҳалиям бўлса, шу кунлар ўрнини тўлдириб, қайнота-қайнонам дуоларини олиб, турмуш ўртоғимни хурсанд қилсам, уни бахтга беласам, деган ниятларим бор. Мен, эндигина онамнинг омонатини бажараётгандекман.
* * *
Сизларга мактуб йўллашимдан мақсад: ҳар бир қийинчиликнинг ўзига яраша меваси бор экан. Айрим пайтлари ўз яқинларимиз танлаган йўлдан юриш ҳам келажак ҳаётимизнинг фаровон ўтишига ўз фойдасини теккизади.
Ўша пайтлари онамнинг розилиги учун босган қадамим бугунда менга, фақат шодлиг-у қувонч бағишлаб келмоқда. Бироқ унга етишишда анча қийинчиликларни енгиб ўтишингизга тўғри келади, сабр-бардошли бўлиб, бахтли кунларга интилмоқ даркор.
Ҳар бир қиз-у йигитга бахтли оила узоқ йиллар насиб этгай, илоҳим!
ДИЛИМ.