Бош саҳифа | Блог | Рўйхатдан ўтиш | Кириш
Марҳабо! Гость | RSS
Меню сайта
Поиск
Вход на сайт
Календарь
«  Февраль 2017  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728
Архив записей
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  • Главная » 2017 » Февраль » 15 » Туҳматлардан чарчадим
    14:56
    Туҳматлардан чарчадим

    Туҳматлардан чарчадим

    Туҳматлардан чарчадим

    Ассалому алайкум, “Жануб жарчилари” газетасининг азиз муштарийлари, таҳририят ходимлари! Мен анчадан бери сизларга бошимдан ўтказаётган қийинчиликларим ҳақида сўзлаб бермоқчи эдим, бироқ ҳеч  мавриди келмаганди. Мана, бугун дардларимни бир бошдан ҳикоя қилаяпман.  Шундай қилмасдан бошқа чорам ҳам йўқ – дардимни ичимга ютавериб, касал бўлиб қолишдан чўчийман. Ўйлайман-ки, кўпни кўрган, ҳаётий тажрибаси мўл инсонлар мендан маслаҳатларини аяшмайди.  

    Бир оиланинг ёлғиз қизиман. Бўй етгач, гарчанд отам қаршилик қилса ҳам, ўзим кўнгил қўйган йигитга турмушга чиқдим. Умр йўлдошим билан тўрт йил яхшигина яшадик: бир-биримизни севиб,  ҳурмат қилиб, хуллас, оиламиз ҳавас қилса арзигулик эди.  Унинг ишдан келишини интиқлик билан кутардим. Лекин ҳаёт бир текисда давом этмас экан. Фалокат оёқ остида, деганларидек, куёвим сигирларимизга пи-чан тушираётганида шо-тидан қулаб, оёғини синдирди. Анча вақтгача ётиб қолди. Қайнота-қайнонам нафақадаги одамлар, давлат тўлайдиган пул ўзларидан ортилмайди, болаларимни боқиш мақсадида эримнинг рухсати билан бозорга ишга чиқдим. Аввалига боғимиздаги меваларни тоғораларда олиб бориб, сотиб юрдим. Кейинчалик қайнотам бир таниши орқали менга савдо қилишим учун жой олиб берди. Мева-чева сотиб, рўзғорга керакли нарсаларни олардик. Эрталабдан кечгача бозорда бўламан, уй ишларини кечаси бажараман, баъзида ухламайдиган кунларим ҳам бўлади, кир ювиш, сигир соғиш, болаларимнинг кийимларини дазмоллаш, дарсларини қилдириш, эрталабки нонуштага иссиқ овқат тайёрлаш, хуллас, мана шу каби ишлар билан тонг отганини ҳам билмай қоламан.
    Бироқ охирги вақтларда негадир эрим мени ҳуда — беҳудага рашк қиладиган одат чиқарди. Бир куни чарчаб келган аҳволимга қарамай, “Сен савдо қиляпсанми ёки ўйнашларинг билан ялло қилиб юрибсанми, бугун излаб борсам, ўрнингда йўқсан?”– деб роса калтаклади. Эрталаб кўкарган юзларимни кўрган қайнонамга кечаси бўлган воқеани ётиғи билан айтиб бердим. Қайнотам: “Ўғлим бекорга урмагандир, бозор қиладиган аёл ўрнида ўтирмайдими?” –  деганида  кимдир устимдан совуқ сув қуйгандек бўлди. Мен қуруқ туҳматга қолгандим ва шу кунларда ҳам туҳматлардан қутулмаяпман.  Куёвимдан қайси куни излаб борганини аниқладим; ўша вақтда ёнимдаги шеригимга, нарсаларимга қараб туринг, мен ўғлимга спорт кийими олиб келаман, деб кийимлар дўконига кириб кетгандим. Уйда ҳақ деб ўтиргандан уч-тўрт сўм бўлса ҳам пул топай, деб ёзнинг жазирама иссиғига, қишнинг қаҳратон совуғига қарамасдан бозорда типпа-тик туриб ишлаганимда, эримдан эшитган “раҳматим” шу бўлдими? Индамай, дардимни ичимга ютганча, яна бозоримни қилавердим. Аммо эримнинг дийдиёлари кўпайса кўпаймоқда-ки, камаймаяпти.
    Бир куни қайнота-қайнонам икки ўғлимни олиб, шаҳарда  яшайдиган қайноғамнинг туғилган кунига кетишди. Уйда эрим, мен ва бўй етиб қолган қизим қолдик. Ўша куни қизим ёлғиз ётмасин, деб у билан бирга ухладим. Тун ярмида эримнинг бақириғидан уйғониб кетдим. “Онангни топ!” – деб ташқарига сув ичгани чиққан  қизимни аямай дўппослаяпти. Нима эмиш-ки, мен эрим билан бир хонада ётмасдан,  ўйнашим иккимиз  ўз уйимда кайф-сафо қилаётган эмишмиз. Эримни туртиб юбордим-да, калтакнинг зарбидан юм-юм йиғлаётган қизимни бағримга босдим. Турмуш ўртоғимнинг қўлида эркак кишининг костюми бор, унинг айтишига қараганда, бу кийим менга келган эркакка тегишли эмиш. Унинг уюштирган бу ҳийласидан ёқа ушладим. Яқинда билсам, бу костюмни эрим атайлаб бозордан сотиб олган экан. Мен яхши кўриб турмушга чиққан инсон, наҳотки, шунчаликка борса? Наҳотки, рўзғорни деб қош-кўзлари йиллар бўйи қалам, лаблари бўёқ кўрмаган, озиб тўзиб, адойи тамом бўлган аёл қайнота, қайнона, эри, фарзандларининг юзларига оёқ босиб, ўйнашини уйига олиб келса? Эримнинг менга нисбатан ишончи йўқолган, вазият шундай давом этаверса, оиламиз барбод бўладими, дея хавотирдаман.  Етти  ухлаб тушимга кирмаган нарсалар содир бўлмоқда.
    Хуллас, эрта-индин мактабни тугатиш арафасида турган қизимнинг олдида эрим менга туҳмат қилди, туфлисини ечиб, қўлига олиб,  мени обдон калтаклади. Орага тушган қизимни бир силтаган эди, шўрликнинг боши деворга тегиб, ёрилди. Ёшлигимдан қон кўрсам қўрқадиган одатим бор, кўрдим-у ҳушимдан кетдим. Қилғилиқни қилиб қўйган эрим мени ҳам, қизимни ҳам ичкарига олиб кирибди.  Ўзи эса, ( рашк қилавергандан сўнг  кўзига ҳар балолар кўринганми, деб кўп ўйлайман) ҳар бир хонага кириб, кимнидир қидириш билан овора. Ҳушимга келганимда  “ўйнашинг қайси тешикдан чиқиб кетди?” – деб мени яна саволга тута бошлади. Нима қилишимни билмасдан акамга қўнғироқ қилдим. Акс ҳолда эрим рашк туфайли мени майиб қилиб қўйиши аниқ эди.
    Ярим соатдан сўнг дадам билан кириб келишди. Эрим дадамга “қизингиз менга хиёнат қиляпти, олиб кетинг, бошқасига уйланаман, унинг бошқа бир эркак билан учрашиб юрганини дўстларим кўришибди”, деб бақира бошлади. Дадам унга эмас, менга ишонади. Бу сўзларнинг ҳаммаси туҳмат эканлигини уларга тушунтирдим. Шу куни бизни уйга олиб кетишди. Эртаси куни эрим, ҳеч нарса бўлмагандек, қизим иккимизни уйга олиб келди. Бироқ, туҳмат қилишдан тўхтамаяти. Шу кунларда ҳам емаган сомсага пул тўлаяпман – эрим “ўйнашинг бор” деб кунора  калтаклайди.  “Уят эмасми, бирор эркак билан ушлаб олиб, кейин туҳмат қилсангиз ярашарди, қўйинг, дадаси”, деб ҳар қанча яхши гапирмай, “сен мени ундай алдама”, деб жаҳлланиб кетади. Савдо яхши бўлган кунлари пулларимни қайнонамга санаб бераётганимни кўриб қолса, “ойи, келинингиз бугун бойваччароғи билан учрашганга ўхшайди”, деб қўяди онасидан ҳам уялмай. Қайнонам  ёмон йўлдан юрмаслигимни яхши билади, шунинг учун “ўғлимнинг сўзларига парво қилмайлик-да, унга Оллоҳдан инсоф сўрайлик”,  деб менга тасалли беради. Қизимнинг синфдошларидан бири ўйламасдан “сенинг ойингни даданг нуқул бузуқ дейди, шу дейман турмушга чиқишинг қийин бўлади-ёв”, дебди. Қизим шўрлик ўша гапдан сўнг бир ҳафта мактабга бормади.
    “Жануб жарчилари” газетаси таҳририяти қошида руҳшунос иш бошлаганини эшитгандим, бироқ, у ерга бориб, маслаҳат олишга умуман имкониятим йўқ. Илтимос, яхшилар, менга маслаҳат берсангиз, (руҳшуносдан алоҳида маслаҳат кутаман, сабаби, асабларим чарчаган), нима қилсам, қандай йўл тутсам, эримга эгри йўлдан юрмаётганлигимни далиллай оламан? Ажрашиб кетай десам, биргина инсон – қайнонамни ташлаб кетгим келмайди, у киши онамдек меҳрибон, шу вақтгача бирор марта дилимга оғир ботадиган сўз айтмаган. Нима қилай? Маслаҳатларингизни кутаман.
    Исмимни сир тутаяпман. Мени тўғри тушунасизлар, деган умиддаман.

     
    Просмотров: 520 | Добавил: albine | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    avatar