*Руҳият сарҳадлари
АБАДИЯТ ЭЛЧИЛАРИ
Назар ота эрта туриб, кўрган тушини бирма-бир эслади. Тушига бир фаришта кириб, "Бугун хосиятли жума, қилган эзгу амалларинг, хайру-эҳсонларинг инобатга олиниб, сен абадият элчилари билан учрашасан, улар сенга яхши хабар олиб келишади", деди. Отахон кўзига ёш олди, Оллоҳга ҳамду-санолар айтиб, абадият элчилари келишса, эшик олдида кутиб қолмасин, деб, дарвозани очиб қўйди. Намоздан сўнг, айвонда нонушта қила бошлади. Ҳовлига бир ит кирди ва ғингшиб, ҳовлинингўртасига ётиб олди.
– Дарвозани очсанг бўлди, ё ит киради, ё мол кириб, экиб қўйган экинингни пайҳон қилади. одамларга ҳам ҳайронман, жониворларни кўчага ҳайдаб қўйгани нимаси, – деб ўғилларидан бирини чақирди отахон.
– Давронбек, шу итга озгина нон бериб, ҳайдаб юбор, мен мартабали меҳмонларни кутиб ўтирибман, тағин битта-яримтасини тишлаб олмасин, – дейди.
Орадан кўп ўтмай, дарвозадан тўрва кўтарган бир дарвиш кириб келди.
– Мумкинми?
– Кириб бўлдингку, мумкинми деганинг нимаси? – ҳайрон бўлгани яширмади қария.
– Отахон эсон-омонмисиз, соғликларингиз, бола-чақа, неваралар...
– Бўлди, қисқа қил, мен мартабали меҳмонларни кутяпман, тилагинг, мақсадинг нима, айт, оладиганингни ол-да, йўлингдан қолма.
– Отахон, бугун хосиятли жума, Қуръон тиловат қилсам, деган эдим...
– Ҳали Қуръон ҳам ўқимоқчимисан? Яхшиси, бошқа куни кел, ҳозир сўраган садақангни олиб, йўлингда давом эт, – деб яна ўғлини чақирди:
– Ўғлим, бу кишига егуликлар бериб, кузатиб қўй.
Тушга яқин қариянинг укаси келиб, суҳбатлашиб ўтиришганда, машинаси бузилган чет эллик сайёҳ ёрдам сўраб, ҳовлига кириб келди. "Меҳмон кутаётгандим, улар келиб қолишса, мен кўчада юрсам, қандай бўларкин", деб, Назар ота истамайгина ўғлини чақириб, учовлон мусофирга ёрдам беришди, унинг машинаси юриб кетди.
Кечга яқин очиқ дарвозадан қўшниси кириб келди. Дастурхонга фотиҳа қилингач, у раҳмат айтиб, ўтган йили олган қарзини қайтаради ва у ёқ бу ёқдан гапира бошлади. Қўшни Назар отанинг суҳбатга тоби йўқ эканлигини сезиб:
– Қўшни, соғликларингиз жойидами, асабийлашиб турганга ўхшайсиз, бирон жойингиз оғримаяптими ёки нохуш хабар борми? – деб сўради.
– Хафа бўлмайсиз, қўшни, мен мартабали меҳмонларни кутаётган эдим, келгуси сафар албатта сиз билан чойхўрлик қиламиз, ош дамлатаман... – деб гапни қисқа қайирди.
Кун қизариб бота бошлаганида кўчадан тобут кўтарган одамлар шошиб ўтиб кетишди. Қоронғу тушгач, карнай-сурнай билан қарама-қарши уйга қудалар кириб келишди.
Назар ота куни бўйи кутган меҳмонларнинг келмаганидан дили хонавайрон бўлиб, дарвозани ёпди ва ётиб уйқуга кетди.
Тушида яна кечаги фаришта кирди. Қария ундан хафа бўлганини айтди:
– Нега ёлғон гапирдинг? Куни бўйи ҳеч қаёққа бормай, сени кутиб ўтирдим. Кўп одамлар билан учрашдим, лекин сен айтган абадият элчиларидан биронтаси ҳам келмади.
Фаришта жилмайди:
– Фаришталар ҳеч қачон ёлғон гапирмайдилар. Кейин, фаришталар ҳамманинг ҳам тушига киравермайди. Биринчидан, сен Оллоҳнинг назари тушган инсон экансан, шунинг учун суҳбатимдан баҳраманд бўлмоқдасан. Иккинчидан, кун бўйи сен учратганларнинг барчаси абадият элчиларидир ва уларнинг ҳар бири бу дунёнинг ҳақиқатидан сенга хабар беришди. Биринчи бўлиб келган ит – сен ҳозир фақат қорин қайғуси билан яшаётганингдан дарак берди. Дарвиш эса "аввал қалбингни покла, кейин бошқа ишларга қўл ур" деган ҳақиқатни билдирди. Учинчи хабарни уканг олиб келди, мазмуни – одамларнинг ота-онага бўлган муносабати рисоладагидай эмас, ака-укалик ришталари, меҳр-оқибат каби инсоний туйғулар йўқолиб бормоқда. Уканг сендан хабар олдими, сен акангдан хабар ол. Ёрдам сўраган ҳар бир одамга ака-укадай муносабатда бўлиб, ёрдамингни аяма. Тирик бўлса, ота-онангни бир дақиқа ҳам унутма, вафот этган бўлса, уларнинг ҳаққига дуо қил. Қарзини қайтаришга чиққан қўшнинг эса, ҳаётингда сен нимаики қилган экансан, албатта ўзингга қайтади, деган ҳақиқатни билдирди. Тобут кўтарган одамлар бу дунёнинг абадий эмаслигини, ҳеч ким дунёга устун бўлолмаслигини билдирса, карнай-сурнайли тўй – ердаги барча амал ва вазифларингни тўлалигича адо этган бўлсанг, сенинг кетмоғинг қоронғу ва қўрқинчли ер қаърига шўнғишдай эмас, карнай-сурнайли тўй билан Ёруғлик дунёсига кириб боргандай бўлади. Шунинг учун, ҳар бир инсон умрининг ҳар бир лаҳзасидан маъно излаши керак, кўз, қулоқ, молда ҳам бор, лекин, ақл, идрок фақат инсонгагина хос.
Авазхон АБДУФАТТОҲ ўғли.
|