Апрелнинг чақмоқлари
Гумбирлайди, осмонларни булут қоплаб,
Сиз чўчиманг, бу ёмғирдан берар дарак.
Осмон ёниб, жала қуяр, дўл аралаш
Чирой очган ўрик гулин тўкиб кетар,
Сиз чўчиманг, бу апрелнинг чақмоқлари.
Сувлар лойқаб, ариқлардан тошиб кетар,
Ялпизларнинг барглари ҳам бўй узатар,
Узун-узун шу йўлаклар лойга ботар,
Лой йўлакдан юриб ўтинг, сиз ҳам бир бор,
Чўчиманг, сиз, бу апрелнинг чақмоқлари.
Ёмғир тинар, осмонда-чи, камалаклар,
Далаларда барқ уради қизғалдоқлар,
Биз юрган шу лой йўлакдан юриб ўтинг,
Қизғалдоқдан бир дастасин териб ўтинг,
Сиз чўчиманг, бу апрелнинг чақмоқлари.
Лола ИБРОҲИМОВА.
|