Бош саҳифа | | Рўйхатдан ўтиш | Кириш
Марҳабо! Гость | RSS
Меню сайта
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Октябрь 2016  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
     12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31
Архив записей
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  • Главная » 2016 » Октябрь » 24 » Асал ойи (Ҳикоя)
    12:32
    Асал ойи (Ҳикоя)

    Асал ойи (Ҳикоя)

     

    Шив К.Кумар

    Ҳиндистон

    Радҳакришнан ўз жам­ғармаларини ва келиши кутилаётган даромадларини синчиклаб ҳисоб-китоб қилиб кўрди. Маслаҳатчисининг гапига қараганда, у Деҳлининг Жанакпурий туманидаги қўш­қаватли уйини ижарага бе­риб, ойига 10 минг рупиядан пул ишласа бўлар экан. Ўз мулкини ижарага топшириб, яхшигина фойда кўриш учун мас­лаҳатчи унга марказий газеталарга эълон беришни тавсия қилди.

    Аммо Радҳакришнаннинг собиқ курсдоши Прем бадавлат ижарачиларни бошлаб келди-ю, унинг барча режалари барбод бўлди-қолди. Булар эр-хотин жуфтлиги бўлиб, хотини ниҳоятда жозибадор экан. Сангита исмли бу аёлнинг лаблари янги очилган лоладай қип-қизил, кўзлари бир қарашдаёқ кишини ўзига сеҳрлаб оларди. Аввалига Радҳакришнан коллежда аёл зотига бефарқлиги билан ном қозонган Прем бу аёлнинг кўнглини олиш учун воситачилик қиляпти, деб ўйлаган эди. Аммо Сангита Радҳакришнанга мафтункор бир нигоҳ билан қараб қўйган эди, унинг пуч хаёллари остин-устун бўлиб кетди. Ижара нархини келишиб олиш навбати келганда музокарани айнан Сангита олиб борди. Эри Панналаъл эса бир бурчакда ҳайкалдай қотиб ўтирди.

    – Тақсир, бундай битимларда, – деди нозанин аёл, – пул ҳамма нарсадан устун қўйилмаслиги керак. Бошқа томонларни ҳам ҳисобга олиш лозим бўлади. Масалан, хонадоннинг бекаму кўстлигига, шунингдек, хонадон соҳиби билан ижарачилар ўртасидаги яхши муносабатларга ҳам эътибор қилиш керак.

    – Шубҳасиз, – деди беихтиёр аёлнинг юзига тикилиб қолган Радҳакришнан. Аёлнинг овози бамисоли ёқимли куйдай садо берди:

    – Сиз етти мингга рози бўларсиз деган умиддамиз, нима дейсиз? – сўради Сангита. Кейин аёл олдинга эгилди-да, худди уй соҳибини бўсаларга кўмиб юбормоқчидай лабларини чўччайтирди. – Шуни ҳам айтиб қўяйки, бизникига тез-тез меҳмонга келиб туришингиздан ўзимни бахтиёр ҳис қилган бўлардим…

    Прем ҳам қўшимча қилди:

    – Худо ҳақи, у жудаям пазанда бека.

    Шундай қилиб, ортиқча сав­долашишга ўрин қолмади ҳисоб ва Радҳакришнан аёлга уйининг калитини тутқазиб:

    – Бугундан бошлаб уй сизники, – деди. Ўзи эса ундан кўз узгиси келмасди…

    “Шартнома тузишда шош­машошарлик қил­ма­дим­ми­кан?­ Эҳ, ўғлим Свараж шу пайтда ёнимда бўлмади-да”, хаёлидан ўтказди Рад­ҳак­ришнан. Чунки у бундай ишларда устаси фаранг эди. Ижара ҳақини бироз кў­тариб қў­ярди. Ам­мо ўғли иш билан Конпурга кетганди-да.

    Дастлабки­ уч ойда ижара ҳақи ўз вақ­тида келиб турди. Аммо кўп ўтмай бу ишнинг миси чиқа бошлади. Тўртинчи чек тўловсиз қайтиб келди. Ус­тига-устак уй соҳиби билан ижарачилар ўртасидаги муносабат тўсатдан узилди. Радҳакришнан бу ижарачилар билан яхшилаб гаплашиб қўймасам бўлмайди, деган қарорга келди.

    Учрашув белгилаш мақса­дида у Панналаълга сим қоқди. Гўшакни Сангита олди.

    – Албатта, мен бу учрашувни интиқлик билан кутаётгандим, – деди аёл ноз билан. – Келинг, учрашайлик-да, майда-чуйда англашилмовчиликларни бир ёқли қилиб олайлик. Бугун оқшомга қа­лайсиз, бўладими?..

    Радҳакришнан рози бўл­ди.­

    У қўнғироқни босган эди, эшикни Сангита очди ва сеҳрли табассум билан салом берди. Унинг ёнида йигирма ёшлардаги бир қиз ҳам бор эди.

    – Қизим Шармила, – таништирди Сангита. Қизнинг лабларида ширин табассум ўйнади. У онасига қуйиб қўйгандай ўхшаш эди: ўша қалдирғоч қошлар, ўша мафтункор кўзлар. Рангдор сарийга ўранган, шалоладек сочлари елкасига ёйилган Сангита “ўтиринг”, дегандай диванга ишора қилган эди, хонадон соҳиби каловланиб қолди. “Мен ўзимни қўлга олмасам бўлмайди, бўлмаса бу чирой, бу жозиба одамнинг ақлини ўғирлаши мумкин”, деди у ўзига-ўзи.

    – Сизни кутиб ололмагани учун эрим узр сўраб қўйишимни айтди, – деб гап бошлади аёл. – Бир ўртоғи тўсатдан миясига қон қуйилиб, Сафдаржангдаги ка­салхонага ётқизилган экан, ўша­ни кўришга кетган эди.

    – Аттанг, аттанг. Худо шифосини берсин, – ҳам­дардлик билдирган бўл­ди Радҳакришнан. Аёл ун­дан­ қандай ичимликни хуш кўришини сўради:

    – Вискими ёки жинн?

    – Йўқ, раҳмат, – жавоб бер­ди у. – Мен чойни хуш кўраман.

    – О, барвақт мўйса­фидликка таслим бўлиб чакки қиласиз, – жилмайиб деди аёл.

    Қизига чой дамлашни буюрди-да, ўзи уй соҳибининг ёнига келиб ўтирди. Рад­ҳакришнаннинг бошидан бир­ ёқимли тўлқин силаб ўт­ган­дай бўлди. Бу эпкин қаер­дан эсиб келдийкин?! Аёл эгнидаги чўғдай сарийданми ёки сепган атирининг хуш бўйиданми?!

    – Чек қайтиб келганидан қаттиқ афсусдаман. Ижара ҳақини тўлашда бироз кечикдик, минг карра узр сўрайман, – деди Сангита. – Биласизми, Германия­даги ишбилармон шери­гимизнинг айби билан шун­дай бўлди. Улар биз­нинг тўқимачилик маҳсу­лот­лари­мизни сотишади-да. “Ол­ди-берди”да бироз фаромушхотирлик қилишган.

    Аёл ўзи тўқиган ёлғонга Рад­ҳак­ри­ш­нанни ишонти­риш учун ал­ла­қандай ­ ёзиш­­­маларни кўр­сат­моқ­чи бўл­­ганди, у “қўя­ве­ринг” дегандай боши­ни чайқади.

    Сангита уй эга­сининг олий­жа­ноблиги ва уларнинг аҳво­ли­ни тушун­гани учун Рад­ҳакришнаннинг қўлини миннатдорона сиқиб қўйди. Рад­ҳакришнан миясидан товонигача ток ургандай ҳис этди ўзини.

    – Ўзгаларнинг айби билан сизнинг қийин аҳволга тушиб қолганингизни биламан, Панналаъл хоним… мен бироз сабр қила тураман…

    –     Илтимос, мени Сангита деб атайверинг, – эркаланиб деди аёл.

    Орадан беш ой ўтди. Рад­­ҳакришнан энергетика бош­­қармасидан яна барча­ қарз­ларни зудлик билан тўлаб қўйиш талаб этилган хабарномани олди. Ниҳоят, у бир ҳақиқатни энди англаб етди: ижарага берилган хонадон соҳиби сифатида у электр, сув каби истеъмол хизматлари ҳақини тўлаб қўйишга мажбур экан. Буни қарангки, уй эгасининг ҳушини ўғирлаш ва ижара пулини кутиб, тоқатини тоқ қилиш учун бу айёр Сангита нималарни ўйлаб ­топмабди. Радҳакришнаннинг бу­ муаммони ҳал қилиш учун ўғ­лининг ёрдамига таянишдан бош­­қа чораси қолмаганди. Чунки ўғли Свараж бир қанча тадбиркорлик битимларини тузишда ўзининг нималарга қодир эканини кўрсатганди. Эсида, Радҳакришнан уй қу­риш учун Деҳлининг шарқий қисмидан ер сотиб олаётганда ўғли қайсарликда тенги йўқ ер эгасини унинг барча шартларини қабул қилишга мажбур этганди…

    Свараж огоҳлантирмасдан ижарага берилган уйига кириб келганида орқа тарафдаги дарвозадан бир одамнинг сирғалибгина кўчага чи­қиб кетганини кўрди. Ўзини таништириб, айвонда турган аёлга Панналаъл­ни кўрмоқчилигини айт­ди.

    – Менинг исмим Сангита, унинг турмуш ўрто­ғи бў­ламан, – де­ди аёл йигитга пешвоз чи­қиб. – Эрим­нинг бо­ши қаттиқ оғриб қолиб, шифохонага кетганди… Дар­воқе, сизни кўрибоқ Радҳакришнаннинг ўғли эканингизни дарров пайқадим. Отангиз каби барно, келишган йигит экансиз…

    Сваражнинг юзида­ ҳеч қандай ўзга­риш­ни кўрма­гач, аёл унинг яхши ниятда кел­маганини, ширин­ сўз­лар би­лан алдаб бўлмас­лигини анг­лади.

    – Менга қаранг, Панналаъл хоним, – деди йигит, – ортиқ кутишга тоқатимиз қолмади. Отам мурувватпешалик билан шуғулланмайди.

    – Ҳаммасини тушунаман, – деди Панналаъл хоним жиддий рақибга дуч келганини ҳис этиб. – Эсим қурсин, сизга бирор ичимлик таклиф қилишни ҳам унутибман-ку. “Жанна Ужер”ми ё “Наполеон” коньяги?

    –     Йўқ, раҳмат, – деди Свараж. – Шундай қим­матбаҳо ичимликлар ичар экансиз, демак, ижара пулини ҳам тўлашга бемалол қурбингиз етар экан-да?

    – Худо хоҳласа, барча қарзларимиздан тез орада қутуламиз. Аммо сиз қизим Шармила билан бир гаплашиб кўрсангиз бўларди, у сизга ҳаммасини ипидан-игнасигача тушунтириб беради.

    Аёл шундай деб йигитнинг жавобини ҳам кутмай қизини чақирди. Шармила товус мисол товланиб меҳмонхона бўлмасига кириб келди. Эгнидаги калта нимча ва тиззадан юқори юбкасидан унинг бели, оёқлари бемалол кўриниб турарди. У диванга, йигитнинг ёнига келиб ўтирди. Сваражнинг нигоҳи беихтиёр қизнинг хипча белига қадалди.

    Меҳмонни оғиз очгани ҳам қўймай қиз дилтортар оҳангда “сайрай” кетди:

    – Шу ойнинг охири­га­ қол­дирмай барча қарз­ла­ри­мизни чақа-чақасигача тў­лаймиз. Мен сизга айтсам… – қиз бирдан­ гапидан тўхтаб қолди.

    Шармиланинг дадиллиги йигитни лол қолдирди. Свараж илк дафъадаёқ ўзига ишонган, соҳибжамол ва жозибадор бу қиз айнан унинг тенги эканини дилдан ҳис қилди.

    – Модомики асосий муаммони ҳал қилган бўлсак, – сўзида давом этди қиз, – келинг, энди бошқа нарсалар ҳақида ҳам гаплашайлик, масалан фильмлар ҳақида. Сиз “Учинчиси ортиқча” фильмини кўрдингизми? У “Плаза”да кетаяпти. Бир молиявий магнат тўғрисида.

    Свараж “йўқ” дегандек ­бошини чайқади.

    – Унда мен сизни шу кинога таклиф қиламан, – деди қиз рад қилиб бўлмайдиган бир ёқимли оҳангда.

    Йигит бутунлай ўзини йў­қотиб қўйди. Рози бўлгандек бош ирғади…

    …Фильмдан сўнг улар “Оберой” ресторанида овқат­ланишди. Кейин эса Свараж қизни ижара уйига кузатиб қўйди-да, сармаст бир кайфиятда уйига қайтди.

    Йигит отасига топшириқ муваффақиятли адо этилганини, ижарачилар яқин кунларда барча қарзларини узажакларини айтди…

    Шу учрашувдан бошлаб Свараж билан Шармила оқшомларни кино, ресторан­ ва дискотекаларда бирга ўтказа бошлашди.

    Бир оқшом Шармила ўзининг бой тарихи, романтик муҳити ва табиий гўзаллиги билан шуҳрат қозонган “Лўдий Гарденс” боғида сайр қилишни таклиф этди. Свараж бу боғда ҳеч қачон бўл­магани учун дарров рози бўла қолди. Йигит машинасини боғ дарвозаси олдида қолдирди. Улар жуфт-жуфт бўлиб бир-бирининг пинжига кириб кетган йигит-қизлар ўтирган ўриндиқлар оралаб ўтиб, қийғос гуллаган буталар орасига буралиб-буралиб кириб кетган сўқмоқдан аста юриб боришарди. Оқшом ниҳоятда сўлим, борлиқни атиргул ва ёсуманнинг хушбўй ҳиди тўлдирган. Шу тобда қиз ал­лақандай қўшиқни хиргойи қила бошлади, бироқ йигит қўшиқ сўзларининг маъносини англай олмади.

    – Нималар ҳақида куйлаяпсан? – сўради Свараж.

    – Ҳа, бу шунчаки бир кинодаги қўшиқ, – жавоб берди қиз. – Унда севги жаннат қушига қиёсланади. Бу қуш тунда аллақайси одамларнинг юрагида ором олармиш. Кундузи одамлар омаду бойлик кетидан қувиш билан оввора бўлгани учун фақат тунни севган кишиларга бахш этармишлар.

    – Мен ҳам тунни шундай ўтказсам дейман, – деди чуқур хўрсиниб Свараж.

    Кутилмаганда бир ёш йигит уларнинг ёнига келиб Шармиланинг қулоғига бир нималар деб пичирлади. Рашкдан Сваражнинг аъзойи бадани қизиб кўзларига қон тўлди. Бу ҳолатни кўриб, қиз уни тинчлантирган бўлди. Бу йигит бир вақтлар унинг қўлини сўраганини, аммо отаси кўнмаганини, унинг бадавлат хонадон фарзанди эканига ҳам парво қилмаганини сўзлаб берди. Кейин эса:

    – Биласанми, отам фа­қат пул учун яшайдиган­ларни жини суймайди, онам ҳам художўй аёл, – деб қўшиб қўйди.

    – Ота-онанг ажойиб одамларга ўхшайди, – деди Свараж тинчланиб…

    Шанба оқшом­лари­дан бирида “Оберой” ресторанида йигит тўрт қадаҳ вискини паққос урганидан кейин қиз стол тагидан унинг қўлидан тутиб, қулоғига шивирлади:

    – Бугунги тунни мана шу меҳмонхонада ўтказсак, ни­ма қилибди? Бир йўла ёш келин-куёвлар китоби­да рўйхатдан ҳам ўтиб қўяқолардик.

    Қиз жилмайган эди, дурдай оппоқ тишлари ярақлаб кетди.

    – Мен розиман… Сен… – деди йигит ҳаяжондан кўзлари чақнаб.

    – Ота-онамга, дугонам Суприяникида тунаб қолдим, дейман…

    Улар хонага егулик ва ичимликлар келтиришларини буюришди. Энди стол атрофига ўтиришган эди ҳамки, эшик тақиллаб, меҳмонхона хизматчиси хонага мактубли гулдаста кўтариб кириб келди. Мактубда шундай сўзлар битилган эди: “Асал ойи”нгизда сизларга энг яхши тилаклар билан меҳмонхона маъмуриятидан”.

    – Демак, “асал ойи”миз ҳам бошланибди-да? – сў­ради табассум билан Шар­мила.

    – Бошланди! – деди хушнуд кайфиятда Свараж.

    Меҳмонхона ҳовлисидаги ҳовуз атрофида рақс ва қўшиқ базми қизигандан-қизиб кетганди. Бирдан уларнинг қулоғига “Лўдий Гарденс” боғидаги сайр чоғида Шармила хиргойи қилган таниш қўшиқ чалинди.

    – Буни қара-я, ўша қўшиқ-ку! – деди Свараж.

    – Бу қўшиқни иккимизнинг бахт таронамиз сифатида ижро этишаяпти, – севинчдан гул-гул яшнади Шармила.

    Сўнг Свараж эшикка “Бе­зо­в­­­та қилманг!” деган ёзувли лавҳачани илиб қўйди…

    Эртаси куни у отасининг идорасига жиддий қиёфада кириб келди.

    – Дада, мен Панналаълнинг қизи Шармилага уйланмоқчиман.

    Радҳакришнанни яшин ургандай бўлди. Ота тутилиб, ғудраниб деди:

    – Жинни-пинни бўлиб қолмаганмисан?

    – Дада, эс-ҳушим жойида. Улар жуда яхши одамлар экан, мен орзуйимдаги қизни учратдим, – деди ўғил чуқур хўрсиниб. – Панналаъл хотини билан уларга ижарага берган уйимизнинг биринчи, биз Шармила ­икковимиз иккинчи қаватида яшаймиз.

    Радҳакришнан анграйиб шифтга тикилганча қола­­ве­р­ди.

     

    Ҳиндий тилидан

    Амир ФАЙЗУЛЛА

    таржимаси

    Просмотров: 487 | Добавил: albine | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    avatar