
Ҳар бир буюк шахс ўзи билмаган ҳолда аслида башоратчи бўлган десак, ишонмайсизми?
Адабиётнинг сеҳрли олами, хусусан, ижод аҳлининг ўзига хос жиҳатлари, бошқалардан ажралиб турадиган хусусиятлари ҳақида кўп эшитганмиз. Кўплаб адиблар, улуғ мутафаккирларнинг ғайриоддий хислатлари, кароматлари ҳақида ҳам ўқиганмиз.
Илм-фан юксак марраларни забт этмаган, оламшумул кашфиётлар амалга ошмаган бир пайтда кўпгина адабиёт намояндалари ўз асарларида келажакни, ундаги воқеа-ҳодисалар, ихтироларни кўра олганлар.
Жюль Верн 100 йил аввал сувости кемасини таърифлаган
Зеро, адабий асарлар асосан муаллиф хаёлотига, тўқима воқеа-ҳодисаларга, хаёлий тасаввурларга асосланади. Бу асарлардаги тасодиф дегувчилар ҳам топилади. Аммо шундай ҳолатлар бўладики, буларга ҳам тасодиф тамғасини ёпиштириб, эътибордан соқит қилиш инсофсизлик бўлиб туюлади.
Масалан, машҳур француз адиби Жюль Верн ўзининг кўплаб асарларида келгусида амалга ошажак бир қатор кашфиётларни аниқ-тиниқ тасвирлаган Сувости кемаси, инсоннинг ойга қадам қўйиши ва бошқа кўплаб ХХ аср кашфиётларини у юз йиллар аввал ўз романларида кашф этиб бўлганди.
Таниқли инглиз адиби, фантаст Герберт Уэльс ҳам жуда кўп илмий кашфиёт ва янгиликларни ўз асарларида акс эттирган. Масалан, ернинг сунъий йўлдоши, факс, компьютер сингари замонавий техника воситалари унинг кўпгина асарларида тилга олинган. Унинг “Кўринмас одам” асарини яхши биламиз. Бугунги шаффоф (кўринмас)-кийим яратиш мумкинлигини олимлар аллақачон исботладилар.
Адибнинг “Доктор Моро ороли” асарида биолог олим ҳайвонларни тириклай ёриб кўриш билан боғлиқ ваҳшиёна тажрибалар ўтказган. Орадан ярим аср ўтиб, немис-фашистлар инсон устида айнан ана шундай - вивисекция, трансплантация, стрелизация сингари ғайриинсоний тажрибаларни ўтказгани ҳам қайсидир маънода муаллифнинг башорати эди.
БЕРУНИЙ ВА “БЕШИНЧИ ЭШИК”
Ўрта аср Шарқида яратилган кўпгина маноқиб асарларда Абу Райҳон Беруний номи билан боғлиқ бир воқеа тилга олинади. Ғазнавийларнинг таниқли намояндаси Маҳмуд Ғазнавий Берунийнинг ақл-заковатини синаб кўрмоқчи бўлади.
- Саройимда кўриб турганингиздек тўртта эшик бор. Мен ҳозир уларнинг биридан чиқиб кетмоқни ихтиёр этаман. Сиз унгача менинг қайси эшикдан чиқишимни башорат қиласиз-да, бир парча қоғозга ёзиб, ҳеч кимга кўрсатмасдан менга берасиз. Мен уни очиб ўқимай туриб, ташқарига чиқиб келаман. Қайтиб келгач, сизнинг башоратингиз қай даражада тўғри эканини аниқлаймиз.
Беруний бироз тафаккур юритиб, ўз фикрини қоғозга битади. Ва тўрт буклаб султонга узатади. Маҳмуд Ғазнавий шу заҳоти усталарни чақиришни буюради ва саройнинг кунгай тарафидан яна битта эшик очишни буюради. Қисқа фурсатда унинг амри бажо келтирилади. Маҳмуд Ғазнавий ўша эшикдан ташқарига чиқади.
Сарой аҳли ҳайратда эди. Аммо янада ҳайратлиси кейин бўлади. Султон қайтиб келиб, кўрпача қатида турган битикларга кўз югуртиради. Не ажабки, унда султоннинг янги эшик очдириб, ўша ердан чиқиб келиши ёзилганди.
НАВОИЙ ТЕЛЕВИЗОРНИ БАШОРАТ ҚИЛГАНДИ
Кўҳна Шарқнинг фозилу фузалолари, шоир ва мутафаккирлари мисолида бу ҳақиқатни яққол кўришимиз мумкин. Дейлик, буюк Низомий Ганжавий “Хисрав ва Ширин” достонида ўз отасининг қонига зомин бўлган шаҳзода Шеруянинг аянчли қисмати ҳақида ёзаркан:
Падаркуш подшоҳеро нашояд,
Агар шояд ба шаш моҳаш напояд,
яъни, отасини ўлдирган подшоҳ бўлолмайди, бўлса ҳам унинг ҳукмронлиги олтий ойдан ошмайди, дея каромат қилганди. Ажабки, бу каромат орадан икки аср ўтиб, буюк аждодимиз Мирзо Улуғбекнинг қотилига айланган падаркуш Абдуллатифнинг тақдирида ўз тасдиғини топади. У тахтга ўтирганидан сўнг ярим йилўтиб, фитначилар Абдуллатифни ўлдириб, унинг ўрнига Мирзо Абдуллони тахтга ўтқиздилар.
Ҳазрат Мир Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонида ойнаи жаҳон ҳақида бугунги телевидение сир-синоатларига монанд таърифу тавсиф берганди:
Сафоу тоб аро андоқки хуршид,
Дема хуршид, балки жоми Жамшид,
Бўлуб гети аро меҳри само ул,
Ҳамул ойинаи гетинамо ул.
Бори махфий умур изҳори анда,
Жаҳон ҳолоти равшан бори анда.
Яъни нурафшонлик ва равшанликда қуёшга, балки Жамшиднинг сеҳрли жомига ўхшайди. Худди дунё осмонида чарақлаб турган офтобнинг ўзгинаси, ойнаи жаҳон деганлари мана шу бўлади. Ҳамма яширин ишлар ҳам унда яққол кўриниб туради. Дунё ҳодисаларини ундан бемалол кузатиш мумкин.
Асарда тилга олинган темиртанлар – роботлар ҳам асрлар ўтиб, ҳаққоний воқеликка айланди.
“Сирли олам” туркумидан.
|