*Турмуш чорраҳаларида
Беҳуда қурбон бўлган муҳаббат
Таҳририятга мурожаат этган бир мухлисимиз "1985 йил" деб ёзилган сарғайган дафтарни узатди. "Ўқиб чиқиб, зарур деб топсангиз, газетада берарсизлар. Бувимнинг синглиси ёзиб қолдирган экан", деди. Дафтарда Улуғ Ватан уруши ажратиб юборган икки қалб ҳикояси битилган эди.
Улар энди тўй тараддудини кўришаётганида уруш бошланди. Йигит ҳам қиз ҳам 18га энди тўлган эди. Қишлоқ клубида мажлис бўлиб, душманнинг ҳарбий қудрати ҳақида маълумот берилди. Кейин, "полуторка" номли машина келиб, йигирмадан ортиқ йигитни олиб кетди. Хайрлашаётиб, йигит урушдан албатта қайтишга, қиз уни кутишга ваъдалашдилар. Орадан беш йил ўтиб, уруш тугади. Бир куни қизга Сталинграддан хат келди. Унда аҳду-паймон қилиб қўйган йигитнинг вафот этиб, шу шаҳарга дафн этилгани ёзилган эди. Дунё кўзига қоронғу бўлиб кўринди. Шашқатор кўз ёшлари уммонига дунё ғарқ бўлгандай эди. Ҳаёт билан видолашмоқчи ҳам бўлди, лекин, бу фикридан тезда қайтди. Жингалак соч, доимо кулимсираб турадиган, юзининг ўнг томонида қизларникига ўхшаган холи бор йигит унинг қалбида яшай бошлади. Йиллар ўтса ҳам у бошқа билан турмуш қуришни хаёлига ҳам келтирмади. Вақт беаёв ўз ишини қиларди: юзларига ажинлар тушиб, сочи оқара бошлаганда, хаёлига бир фикр келди. У учун яшадим, ўзимни қурбон қилдим, энди қабрига бориб, хайрлашиб келай, деб, 1985 йилнинг май ойида Волгоград (собиқ Сталинград)га йўл олади. Шаҳар ижроия қўмитасига бориб, 1945 йили келган хатни кўрсатади.
Котиба қиз раис ҳузурига уни чақиради.
– Сиз у кишига ким бўласиз? –сўрайди у.
Аёл эрим, деб айтай деса, бирон ҳужжати йўқ, никоҳдан ҳам ўтмаган, "синглисиман", дейди.
– Ундай бўлса, бекорга келмаган экансиз, бу хат кимнингдир хатоси туфайли ёзилиб кетган, акангиз ҳаётлар, ҳозир сизни бир ходимимиз унинг уйига олиб боради, – деган жавобни эшитади.
Машина анча юриб, бир уйнинг олдида тўхтайди ва аёлни тушириб кетади. У дарвозани тақиллатади. Эшикни йигитнинг ёшлигини эсатадиган ўсмир очади.
– Бобомнинг олдиларига келдингизми? Фронтдош дўстимисиз? – деб уни бобоси ўтирган хонага бошлаб киради.
– Бобомнинг кўзлари кўрмайдилар. Қулоғи ҳам оғир, қаттиқроқ гапираверинг, – деб невараси чиқиб кетади.
Кўз, қулоқ алдаши мумкин, лекин, одамнинг қалби алдамайди. Бу сафар ҳам унинг қалби алдамади. Унинг олдида ўз ёшлигини, умрининг олтинга тенг лаҳзаларини қурбон қилган "суюклиси" ўтирарди.
Неварани чақириб, ўзининг бу уйга адашиб келиб қолганини айтади ва хайрлашмай, автобус бекати томон йўл олади.
Баҳорой ДЎСМАТОВА ёзиб олди.
|