Мерос
Эртак
Бир шоҳнинг уч ўғли бўлган экан. У ўғилларини бирдек яхши кўрар экан. Ворисдошлари вояга етиб, шоҳ жуда қариб қолибди. Ўғилларидан бирига салтанатини топшириш мақсадида уларни синамоқ учун уч томонга жўнатибди.
Тўнғич ўғил бу вазифани биринчи бўлиб бажарибди ва отасига баён этибди
:
– Отажон, мен жуда кўп жойларни кўзлаб келдим, у ерларни босиб олиб, салтанатимизни кенгайтираман.
Кейин ўртанча ўғил отасини олдига келиб, кўрган-билгани ва режасини баён этибди.
– Отажон, мен жуда катта бойлик, тилла конини кўзлаб келдим ва у ерни эгаллаб олсак, давлатимиз янада бой бўлиб кетади, – дебди у.
Кенжа ўғилни ота узоқ кутибди. Ниҳоят у қўлида китоб, мих ва болға билан кириб келибди. Акалари унинг устидан кулишибди. Шоҳ ундан нималарни кўргани ва режаларини сўрабди:
– Отажон, мен ўз юртимда ҳеч кимнинг ери, мулки ва бойлигига кщз олайтирмай, муҳташам иморатлар қурдираман, халқимнинг саводини ошираман. Чунки, мол-мулк, бойлик , еру жойлар қолиб кетади, бинолар ва билим эса авлодларга мерос бўлиб қолади, – деб жавоб берибди у.
Шоҳ “Баракалла, ўғлим”, деб, кенжа ўғлига салтанатини топширган экан.
Лола ҲАСАН қизи.
|