*Бир жиноят изидан
Бир куни наврўз байрами арафасида Шимкентдаги қатъий тартибдаги аёллар колониясида қотиллик, гиёҳванд моддалар сотиш ва бошқа жиноятлари учун жазосини ўтаётган маҳбуслар билан учрашдим.
Байрамни ёритиш учун муассаса раҳбарлари журналистларни таклиф қилишган эди.
Эътиборимизга жазосини ўтаётган аёллар чизган суратлар, тиккан, тўқиган буюмларининг кўргазмасини ҳавола қилишди. Кўргазмада кўринишидан жиноятчига умуман ўхшамайдиган, ёши ўттиздан ошмаган, мулойим, юзлари кулиб турган бир аёл билан танишдим.
– Сиз бу ерга қандай тушиб қолдингиз? – сўрадим мен ундан.
– Менинг айбим йўқ, жиноятчи эмасман. полиция ходилари менга туҳмат қилишди.
– Ҳужжат бўйича...
– Гиёҳванд моддалар сотганим учун.
– Исмингиз?
– Липа.
Шундай қилиб, мен ворошиловкалик таниқли оғуфуруш аёл билан танишган эдим. Ўша пайтда бу аёл жиноят устида қўлга олиниб, барча газеталарда ёзилган эди. Бу жиноий иш йилнинг энг шов-шувли воқеаси бўлган эди.Мутасадди ташкилот ходимлари Липага тегишли вилоятдаги энг йирик оғуфурушлик маконини аниқлаб, уни бартараф этган эди. Бу макон қанчадан қанча инсонларнинг ёстиғини қуритмади дейсиз. Қанча-қанча қанча ёшлар "игнага ўтириб", ҳаёт билан видолашди. Қанча-қанча ота-оналар фарзанд доғида куйиб, Липани қарғади. Маккор, ўта эътиёткор ва хавфли, пул деса, ота-онасини ҳамсотиб юборишга тайёр бу аёлни қўлга тушириш осон бўлмаган эди.
Махфий операция
Шимкентдаги Қапал батир кўчасида оғуфурушлик маконига айланган нуқтани фош қилиш учун ички ишлар бошқармаси махсус операция ўтказишди. Оилавий жиноий гуруҳ тўғрисидаги хабарларнинг ички ишлар органларига келиб туша бошлаганига анча бўлса ҳам, аниқ далиллар етарли бўлмагани учун бу иш анча чўзилиб кетган эди. Вилоят ички ишлар департаментининг гиёҳвандликка қарши кураш бўлими махсус сценарий ишлаб чиқди. Унда, асосан, бўлимнинг шахси махфий ходимлари иштирок этишди. Кейинчалик,
улар судда тахаллус остида кўрсатма беришди (уларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида).
Сценарий бўйича, янги "жиноий гуруҳ" тузилиб, бу ишга бир миллион тенгедан ортиқ давлат маблағи сарфланди. Бу пуллар аввал Қарағандидаги бир ходимнинг ҳисоб-рақамига юборилди, у эса пулни қайтиб, Шимкентга, гиёҳванд модда сотиб олиши керак бўлган ходимнинг ҳисоб-рақамига "Қазпошта" орқали жўнатди. "Харидор" сотувчи билан "Қазпошта"га бирга келди ва олинган пулни санаб, оғуфурушга берди. Сотувчи қўлга олинди. У полиция билан ҳамкорлик қилишга, героин савдоси билан шуғулланаётган шахсларни топишда ёрдам беришга келишди. Бу ҳамкорлик полицияга қўл келди. Чунки, оғуфурушлар гиёҳванд моддаларни фақат ўз одамларигагина сотишарди. Харидор яширин камера билан сотувчининг уйига кириб, пулни хонадон эгасининг қизига беради. 2016 йилнинг 26 январида сотувчи харидорга қўнғироқ қилиб, эртга буюртма тайёр бўлишини, келиб олиб кетиши мумкинлигини айтади. Яна харидор
яширин камера билан келиб, 140 грамм героинни уй эгасининг қўлидан олиб кетади. Кейинроқ аниқланишича, қизи гиёҳванд моддани ўз қўли билан бермагани ҳам айёрона қадам экан. Онаси саратон касалига мубтало бўлиб, врачлар бир неча ойлик умри қолганини айтишган.
Оилавий гиёҳвандлик бизнеси
Жиноий иш икки аёлга ҳам очилиб, ҚР ЖК 297-моддаси билан 10 ва 15 йил муддатга қамоқ жазоси белгиланади, албатта, мол-мулки мусодара қилинади. Она қизини қутқариш учун жиноятни тўлалигича ўз бўйнига олишга ҳаракат қилди. Бизнеснинг оилавийлиги исботлангач, икки аёл ҳам ҳибсга олинди.
Февраль ойида ҳукм эълон қилинса, май ойида она вафот этади. Судда қизи жиноятга алоқаси йўқлигини, фақат онаси илтимос қилгани учун пулни олгани, 140 грамм героин борлигидан хабари йўқлигини айтиб, оқланмоқчи бўлади. "Мени қамаманглар, беш болам бор, энг кичкинаси икки ойлик", деб илтимос қилади.
Онаси эса кунлари битаётгани учун қизини ҳимоя қилиб, 20 йилдан бери гиёҳвандлик моддаларини сотиб келгани айтади, қизини қамамасликларини сўрайди. Судья А. Қарабаева қизга қарата "жазони енгиллатиш учун ўлим тўшагида ётган онангдан фойдаланишга уялмайсанми", деди. У героинни қаердан олингани айтишса, жазо енгиллатилишини айтиб, такрор -такрор бу ҳақда савол беради. Лекин, на қиз, на она бу
саволга жавоб беради. Натижада, вилоятимизга 20 йил давомида героин қайси йўл билан қаердан келаётгани мавҳум бўлиб қолди.
Қиссадан ҳисса шуки...
Аёллар жиноятчилигини жиноятчиликнинг мустақил таркибий қисми сифатида ўрганишга XIX асрнинг иккинчи ярмида асос солинган бўлиб, ушбу масалага дастлаб, Ламбер Адольф Кетле ва Чезаре Ломбразолар эътибор қаратишган. Илмий статистика асосчиларидан бири бельгиялик Кетленинг фикрича, жиноят содир этишга мойиллик одамнинг ёши, жинси, касби, маълумоти даражаси, йилнинг мавсуми ва бошқаларга боғлиқ бўлади. Аёллар содир этадиган жиноятлар турига назар ташлайдиган
бўлсак, улар, асосан, иқтисодий жиноятлар – ўғрилик, товламачилик, фирибгарлик, гиё=вандлик моддалар савдоси кабиларни содир этишларига гувоҳ бўламиз. Нима учун айнан иқтисодий жиноятлар? Балки аёллар моддий етишмовчиликни, иқтисодий тангликни катта фожеа деб билишар?! Лекин, биз,аёлларнинг моддий етишмовчилик туфайли жиноят қилишига мутлақо қаршимиз! Чунки, уруш йилларида бир бурда нон, бир қошиқ аталага зор бўлган пайтларда ҳам халқимизнинг аёллари жиноятга қўл
урмаган. Зеро, етишмовчилик ёмон ишларга сабаб бўлолмайди. Шунинг учун қиз бола тарбиясига эътибор – бурчимиз. Зеро, саҳиҳ ҳадисларнинг бирида «Фарзандларингизга бир хил муомалада бўлинглар, агар улардан бирортасини устун қўйиш керак бўлса, қизларингизга кўпроқ аҳамиятли бўлинг», деб хитоб қилинган.
Форс-тожик адабиётининг буюк намоёндаси Рудакий: «Қайси бир миллатни яксон қилмоқчи бўлсангиз, уларнинг қизларини – бўлажак оналарини тарбиядан чиқаринг. Қайси бир миллатни юксалтирмоқчи бўлсангиз, унинг қизларини – бўлажак оналарини чиройли тарбияга, гўзал ахлоққа ўргатинг», деганида нечоғли ҳақ эди.
Малика ЭЛТОЕВА.
|