"Ёшим 37 да охирги пайтларда бирданига қизиб кетаман. Сўнгра эса роса терлайман. Ҳар замон қон босимим кўтарилиб туради. Шифокорларга кўринсам: "Климакснинг бошланиши” деб ташхис қўйишди. Наҳотки, климакс шунча эрта бошланса, ахир момоларимиз 55-58 ёшда ҳам фарзандли бўлишган-ку?.
Менга климакс ҳақида маълумот берсангиз.
Р.Олимова, Ўзбекистон кўчаси 15 уй.
Таҳририятга йўлланган ушбу саволга ШКБ № 2 Тиббий-санитария қисми аёллар маслаҳатхонаси мудираси Ирода Каримова жавоб беради.
КЛИМАКС НИМА?
Климакс – физиологик жараён бўлиб, аёл организмининг қариши натижасида келиб чиқади. Бу даврда организмда гормонал фон ўзгаради. Грек тилидан таржима қилинганда, "климакс” "зинапоя” сўзини англатади. Ҳозирги даврда климакс жараёнининг ёшариши кузатилмоқда. Ҳали 35-40 ёшдаги аёлларда ҳам бу ҳолат кузатилмоқда. Бу даврда бошланган климакс эрта климакс дейилади. Климакс касаллик бўлмасдан, балки табиий жараёндир.
МАЪЛУМОТ ЎРНИДА...
Климакс – аёл умри давомидаги жинсий тизим фаолиятининг ёшга мос сўниши билан ифодаланадиган жараёндир. Шунингдек, бу жараённи менопауза деб ҳам аташади.
Бу даврда аёлларнинг фарзанд кўриш қобилияти чекланади, ҳайз циклининг тўлиқ тугаши ёки мунтазам кузатилмаслиги билан характерланади. Климакс жараёни, одатда 50 ёшларда келиб чиқади. Бироқ, бу давр турли ёшда ҳам келиб чиқиши мумкин. Климакс жараёни айрим аёлларда жуда оғир ўтади. Уларда артериал қон босимининг кўтарилиб ё тушиб туриши, асабийчанлик кузатилади.
КЛИМАКС НИМА УЧУН КЕЛИБ ЧИҚАДИ?
Одатда климакс 40 ёшдан сўнг бошланади. Бу ёшда аёл организмида прогестерон ишлаб чиқарилиши камаяди. 45 ёшдан сўнг аёлларда эстрогенлар ишлаб чиқарилиши ҳам камаяди. Натижада ҳайз цикли бузилади, кейинчалик батамом тўхтайди. Бу климакс даври бошланишидир.
-Уйқусизлик – аёл кечаси узоқ вақт давомида ухлай олмайди.
-Бош оғриқ – аёлларда доимий равишда безовталик, депрессия кузатилади. Шу тариқа бош оғриқ келиб чиқади. Бош оғриқ асосан, бошнинг пешана, чакка соҳаларида аниқланади. Бундан ташқари, қуйидаги белгилар ҳам кузатилади:
-Паришонхотирлик ёки хотиранинг сусайиши;
-Эмоционал ҳолатнинг ўзгариб туриши;
-Кайфиятнинг ўзгариб туриши;
-Асабийчанлик;
-Сурункали чарчоқ;
-Уйқучанлик;
-Ҳайз циклининг ўзгариши;
-Кўп терлаш.
Юқоридаги белгилар келиб чиққач, ҳайз цикли тўлиқ тўхтатишигача бўлган муддат бир неча йилни ташкил қилади. Климакс даврида аёллар асосий эътиборни контрацепцияга қаратишлари лозим. Чунки бу даврда аёлларнинг жинсий қобилияти пасайса ҳам тухумдонлар ўз фаолиятини сақлаб қолади. Бу даврда кутилмаганда аёллар ҳомиладор бўлиб қолишлари мумкин. Чунки аёллар бу даврда ҳайз циклининг тўхташини циклнинг мунтазам бўлмаслигига йўйишади. Натижада, аксарият аёллар шу даврда ҳомиладор бўлиб қолишларини кечки муддатларда пайқашади. Бу даврда ҳам аёлларда соғлом фарзандни дунёга келтириш имкони мавжуд.
НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?
Эрта климакснинг илк белгилари кузатилиши билан аёллар гинеколог, онколог, эндокринолог кўригидан ўтишлари лозим. Шунингдек, қондаги гормонлар миқдори ҳам текширилиши керак.
ЭРТА КЛИМАКС ЖАРАЁНИНИ ҚАНДАЙ АНИҚЛАШ МУМКИН?
*Гинеколог кўриги;
*Қонда гормонлар миқдорини аниқлаш.
ЭРТА КЛИМАКС НИМАСИ БИЛАН ХАВФЛИ?
Эрта климакс оғир ўтади, узоқ давом этади. Уларда терининг эрта қариши, ажинлар, пигмент доғлар пайдо бўлиши, кўкрак безлари шакли ўзгариши, қориннинг ёнбош соҳаларида, қоринда, сонларда, думбаларда ортиқча ёғ қатлами пайдо бўлиши кузатилади. Шунингдек, аёлларда инфаркт ривожланиш хавфи олти мартага ошади. Атеросклероз ва юрак қон-томир тизими касаликларига мойиллик келиб чиқади. Аксарият аёлларда бу даврда қандли диабет касаллиги аниқланади. Гормонлар алмашинуви бузилиши саратон касаллигига, жумладан, кўкрак бези саратони касаллиги келиб чиқишига сабаб бўлади. Шу боис, аёллар йилига икки марта гинеколог кўригидан ўтишлари ва маммография текшируви тавсия этилади. Бу даврда шунингдек, аёлларда остеопороз келиб чиқиш хавфи ҳам ортади.
АЁЛЛАРГА МАСЛАҲАТЛАР
*Овқатланиш рационига денгиз маҳсулотлари, мевалар, сут, пишлоқ, сабзавотлар, кўкатлар, макарон ва таркибида углевод сақловчи маҳсулотлар киритилиши лозим;
*Таомномада ширинликлар, тузланган, дудланган, ёғли таомлар олиб ташланади;
*Тоза ҳавода сайр қилиш;
*Климакс даврининг енгил ўтишини таъминлаш учун гормонотерапияни қўллаш мақсадга мувофиқ.
Ҳа, ҳар бир аёл организмида кечаётган ўзгаришларга эътиборли бўлиб шифокор маслаҳатига таянган ҳолда даво муолажаларини олиб боришлари кутилган натижани беради. Улардан ўз соғлиқларига беэътибор бўлмасликларини сўраб қоламиз.
ҚОН БОСИМИ СЕЗДИРМАСДАН КЕЛАДИ(МИ) ?
Ёз ойининг бошланиши билан кунлар қаттиқ исийди. Бу эса қон босимига таъсир қилиши барчамизга аён. Хўш, бу касаллик ҳақида нималарни биламиз? Уй шароитида бу касалликка қарши қандай чоралар кўриш мумкин?
Келинг, туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли туман поликлиникаси мудири А.?Авазовдан шу ҳақида суриштирамиз...
ҲАММАДА УЧРАШИ МУМКИН
Хафақон, яъни гипертония касаллиги ҳозирги кунда дунё аҳолиси орасида ўн саккиз ёшдан катталарда ҳар тўрт кишидан бирида учрайди. Маълумотларга кўра, 30 ёшгача бўлган одамлар орасида 10%, 40 ёшдан ошганларда 20%, 50 ёшдагилар орасида 30%, 70-80 ёшлилар орасида 60-80% ни ташкил қилмоқда. Кўп беморларда қон босими кўтарилиши белгиларсиз кечади. Баъзилар қон босими юқорилигини узоқ йиллар давомида сезмаслиги мумкин.
КАСАЛЛИК БЕЛГИЛАРИ
Бу касаллик бош оғришида, айниқса, энса қисмида қўзғалувчанлик, тез жаҳл чиқиши, уйқунинг бузилиши ва иш қобилиятининг пасайиши билан намоён бўлади. Баъзан бурундан қон кетиши ҳам мумкин. Ўрта ва оғир даражадаги артериал гипертонияда беморлар юрак соҳасидаги оғриқ, юракнинг тез уриб кетиши, юрак ритмининг бузилиши, бош айланиши, эслаб қолиш ва кўриш қобилиятининг пасайишидан шикоят қилади. Агар орада бир ҳафта ўтказиб уч марта ўлчанганда қон босими ҳар гал 140/90 дан юқори бўлса, гипертония ҳақида фикр юритиш мумкин.
АСОРАТЛАРИ
Бу касаллик ўз асоратлари билан хавфли ҳисобланади. Касаллик асоратларига миокард инфаркти, бош мияга қон қуйилиши (инсульт), буйрак етишмовчилиги, қон-томир деворининг қатламсимон кенгайиб ёрилиши, кўз тўрпардаси шикастланиши, сурункали юрак етишмовчилиги киради.
КЕЛИБ ЧИҚИШИ
Тана аъзоларимиз ишини асаб тизимининг маркази бўлмиш бош мия бошқаради. Мисол учун, юрак бир кеча кундузда минг марта қисқариб тўққиз минг литр қонни танага ҳайдайди. Ҳар қандай ташқи таъсир миядан сўнг энг олдин юракка таъсир кўрсатади. Киши ташқи муҳит, турмуш икир-чикирларига таъсирчан бўлгани сари тананинг касалликка қаршилик кучи камая боради. Асабийлашганда, ҳис-ҳаяжонга берилганда юрак уриши тезлашади, зўриқади. Мазкур ҳолатлар қон босимининг кўтарилишига сабаб бўлади. Бироздан сўнг яна асл ҳолига қайтади, бу меъёр ҳисобланади. Лекин баъзиларда қон босими аслига қайтмайди, узоқ вақт давомида меъёридан юқори бўлади. Бу хафақон (гипертония) касаллигидан далолат беради. Семизлик, ортиқча вазнли кишилар организми бу касалликка мойил бўлади.
УЙ ШАРОИТИДАГИ ДАВОСИ
Беморни секин ётқизиш, тинчлантириш лозим. Доимий парвариш, гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш, парҳезда бўлиши, спиртли ичимлик ва чекишлардан умуман чеклаш зарур. Шу ҳолатларга амал қилинса, беморнинг соғлиги ўртача меъёрга келади. Агар бемор бу касалликнинг оғир ҳолатини бошдан кечираётган бўлса, албатта шифокорга мурожаат этиши лозим. Буюк бобокалонимиз Абу Али Ибн Сино: қон босимини меъёрида сақлаш учун доимий парҳез таомлар истеъмол қилиш, қуритилган ўрик ва унинг шарбати юрак учун фойдали, деган.
ЁДДА САҚЛАНГ!
Томир уриши (пульс) 70 дан паст бўлганида беморда ҳолсизланиш, ланжлик, ҳаво етишмовчилиги, уйқу босиши, бош мияда қон айланишининг пасайишига олиб келади. Кўпинча нимадандир қаттиқ сиқилган беморда қон босими пасайиши кузатилган.
Пульс 110 дан юқори бўлганида, бемор юракнинг тез уриши, ҳансираш, ёноқларнинг қизариб кетиши каби ҳолатлар юз беради. Асосан, асабийлашганда ёки қаттиқ жаҳл чиққанида қон босими кўтарилади.
ТАВСИЯ ЭТИЛАДИ
Кўтарилганда: сузма, творог, картошка, қовоқ, қуритилган мевалар ва унинг шарбати, суюқ ва ёғсиз (парҳез таомлари) овқатларни ейиш тавсия этилади.
Тушганида: Қайнатилган тухум, қора чой, лавлаги, калорияси кучлироқ овқатлар (буғда пиширилган карам дўлма, хамирли, гўштли таомлар) қон босимини тезда кўтарилишига ёрдам беради.