ИБЛИСНИНГ АҚЛИ ЕТМАГАН ИШ
(Иблис тилидан)
Одамлар орасида одамга ўхшаб юрадиган хизматчиларимнинг айтишича, ойликка ишлайдиган одамлар «нақд пул йўқ», «нақд пуллар қаерда, кимларнинг қўлида?» деб ҳасрат қилишаётган экан.
-Хўўш, - дедим менам, - Қаерга кетибди нақд пуллар?
-Нақд пул қаерда бўларди, - жавоб қилишди ҳозиржавоб хизматкорларим. -Банкларда, катта тижоратчиларда, савдогарларда ва асосан пулфурушларда-да!
Иблис бўлибманки, тижоратчини биламан, савдогарни биламан, банкларни жуда яхши биламан, молфурушларни биламан, мевафурушларни биламан... яна бир қанча «...фуруш»ларни биламан. Аммо пулфуруш деганини энди эшитишим.
-Бу янги ҳамкорларимизни менга яқиндан таништиринг-чи, - дедим хизматчиларимга. Қувончдан бири олиб, бири қўйиб, таништира кетишди:
-Жаноб, улар долларфурушлар ва судхўрлардир. Нақд пул етишмовчилигига айнан мана шулар бош сабабчи. Ишонмайсизми? Долларфурушга юз минг долларни сўмга айлантириш кераклигини айтинг, бир соатда олти юз миллион сўмни қопларга жойлаб тахт қилади. Ёки судхўрдан бир миллиард сўранг, мажбуриятлар бажарилгач, бир миллирад нақди тайёр! Э жаноб, уларнинг ҳийла-найранги сиз билан бизнинг тушимизгаям кирмаган...
-Улар бу нақд пулларни қаердан олишяпти экан? Алоқалари қаергача боради, дейман-да, - сўрайман хизматкорларимдан. –Охирзамон бўлиб, мен билан ҳамкорлик, ҳамтовоқлик қиладиганларнинг ҳаммасини таниб-билиб олишга улгурмай ҳам қоляпман.
-Кечирасиз, энди бу саволингизга жавоб бера олмаймиз, - дейишди. –Қўрқамиз деганимиз эмас бу. Фақат... бу саволга жавоб бера оладиган даражада уддабуронлик илмига эга эмасмиз...
Шундан бери ўйланаман: чинданам бу пулфуруш деганларининг қўлига нақд пуллар қаердан келяпти экан? Мабодо билсангиз, мундааай шаъма қиворинг. Ҳарқалай, яқин ҳамкорларимни таниб қўйсам ёмон бўлмасди... Кейин шунча хизматлари эвазига миннатдорчилик билдирмаслик иблисликдан эмас...
|