ЯРАТГАНГА ТАШАККУР
Хўжайиним уйқудан,
Турди авзойи чатоқ.
Сўрасам, индамади,
Туш кўрдими ёмонроқ?
Айтмоқчи эдим, афсус,
Рўзғоримиз камини,
Бундай пайтда чиқариб
Бўларканми дамимни?!
Жаҳли чиқади баттар,
Кечга овқат қилмасам.
Ё хат ёзиб қўлига,
Тутқазсамми, Билмасам?:
«Бу — камчилик рўйхати»
Десам, аниқ, ўламан.
«Сизга ишқий мактуб бор,
Жоним», — дея қоламан.
Хатни шундай бошладим:
«Салом, қалбим Қуёши!
Қўли очиқ, мард, доно,
Оиламизнинг боши.
Сиз — суянчим, сиз — тоғим,
Сиз — жонимнинг парчаси,
Бўшаб қолди, Шунқорим,
Рўзғоримиз халтаси.
«Аҳли аёлингизга
Келтирган ҳалол луқма
Садақа бўлади», деб,
Ёзилган бир ҳадисда.
Сизчи, барака топкур
Қанча жонни боқяпсиз,
Ҳалол пул топиб, сарфлаб,
Тоғ-тоғ савоб оляпсиз.
Бу савоблар олтинга,
Айланишиб, албатта,
Сизга бир қасир бўлиб,
Қад кўтарсин жаннатда.
Аҳли аёл сиз учун,
Аллоҳ берган омонат,
Улар деб ҳар бир босган,
Қадамигиз — ибодат.
Мана рўйхат: Гўшт, гуруч,
Ёғ, шакар, сабзи, пиёз,
Нўхат, пишлоқ, картошка,
Ун ҳам оласиз бир оз.
Қўй гўшти нафис, енгил,
Суяги ҳам мазали.
Ёғсизгина жойидан,
Оласиз-да, асали.
Айтгандай, охирини,
Едик бугун асални,
Ўзингиз айтасиз-ку,
Асал, ҳайдар касални.
Шоколаднинг ўрнига
Қантак ўрик оласиз,
Ёнғоқ, майиз, наматак,
Ейиш керак боламиз.
Яна меҳмон-измонга,
Писта, мағиз, бодом йўқ.
Бозор қилишда сизга,
Етадиган одам йўқ.
Ёғсиз қатиқ ҳам олинг,
Юзларимга суришга,
Юз ҳам овқат емаса,
Кеб қолади қуришга.
Қалам қошни тўкади,
Ўсма ўстирар майин,
Қошимга ҳам сув керак,
Қайнонам айтгандайин.
Майли унутсангиз ҳам,
Ёзганларим ҳаммасин,
Ўсмам билан қатиғим,
Эсингиздан чиқмасин.
Пахта ўраб бир чўпга,
Тўнкариб пиёлани,
Ўтирибман олдимга,
Қўйволиб тошойнани.
Ахир, ўзингиз учун
Ясанаман, куламан,
Ўсмамни унутсангиз,
Аниқ йиғлаб бераман.
Унутмайсиз, албатта,
Сиз менинг йўғу-борим,
Харид учун олдиндан
Раҳмат сизга, Шунқорим.
Сарфлаган ақчангизни,
Аллоҳ ўзи ҳаммасин,
Ҳар сўмини миллион, йўқ!
Миллиард қилиб қайтарсин.
Сизни ўпиб қолгувчи,
Ва севгувчи умрбод,
Тантиққина ёрингиз,
Маликаи Турандот».
Шомда қайтди хўжайин,
Ишонч билан ўзига,
Халта-халта нарсани,
Териб қўйди сўрига.
Қатиқ билан ўсмани,
Қўйиб шундоқ олдимга,
Болаларга билдирмай,
Шипшиди қулоғимга:
«Биринчи бор умримда,
Пул сарфлаб яйрадим,
Сизга ички кўйлак ҳам,
Сотиб олдим асалим».
Мана сизга сўз сеҳри,
Камлар битди, минг шукур.
Аёлга ақл берган,
Яратганга ташаккур.
© Марҳабо Каримова
|