ХИРМОНДАГИ ХИЁНАТКОРЛАР
эл ризқини қийиб, фароғатга эришиб бўлмаслигини англашди
Суд залида етти нафар судланувчи кўпнинг ҳақига кўз олайтириш, ишончни суиистеъмол қилиш оқибати яхшиликка олиб келмаслигини англаб, қилмишларига пушаймон бўлиб, бошларини эгиб ўтиришибди.
Уларни аввал ҳамкасблик, ҳаммаслаклик бирлаштирган бўлса сўнгра сал майл билдирса инсонни ҳар кўйга солувчи нафс бирлаштирди... Уларнинг бири раҳбар. Аслида содир этилган жиноят тегирмонига сув қўйиб турган ҳам унинг ўзи...
Қосим Мавлонов (исм шарифлар ўзгартирилган, ҳар қандай ўхшашлик тасодиф) Самарқанд ОАЖга қарашли "Нурободдон" филиали раҳбарлигига тайинланганлигига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ эди. Лекин у ўзига билдирилган ишончни оқлаш, виждонан иш юритиш ўрнига қандай қилса чўнтагига кўпроқ пул кириши йўлларини қидира бошлади. Афсуски, уни қўллаб-қувватловчилар ҳам тезда топилди. Улар узоқдан эмас, шу даргоҳдан туз еб, рўзғорини тебратаётганлар бўлиб чиқди. Бири тарозибон, бири ҳайдовчи, қолганлари "соқчи" деган шарафли номга номуносиб кимсалар.
Қосим Мавлонов ўйлай-ўйлай осон пул келиш йўлини топди шекилли филиал тарозибони ва ҳайдовчиси билан бирга "Шўрча машъал ёғдуси" фермер хўжалиги раисини ҳам ўзларига ҳамтовоқ бўлишга чорлади. Яъни, улар фермер хўжалигига 12 минг 90 килограмм, қиймати 9 миллион 839 минг сўмлик уруғлик буғдой чиқим қилишиб, жиноий келишувга кўра ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолади.
Аммо "ўрганган кўнгил ўртанса қўймас" деган нақл бекорга айтилмаган эканда. Қосим Мавлонов осонгина келган миллионларни осонгина "ҳазм" қилиб, яна "мулла жиринг"ни чорлаш чораларини излай бошлайди. У шу ўйлар билан 2013 йилнинг 3 август куни филиал соқчиси Акрам Алиев билан жиноий тил бириктириб, терговда шахсини аниқлаш имконияти бўлмаган шахс-ларга 31 минг 600 килограмм, қиймати 25 миллион 691 минг сўмлик буғдойни нақд пулга сотиб юборишади. Шу ой охирларида эса 5 минг килограмм, қиймати 4 миллион 65 минг сўмлик буғдойни филиалнинг икки нафар лаборантига текинга бериб юборади. Раҳбар жаноблари шу ерда "калласини ишлатиб", бир ойда йўқликка учирган 36 минг 600 килограмм буғдойни август ойи ҳисоботида қолдиқда турганлигини кўрсатиб, мансаб сохтакорлигига йўл қўяди.
Августни бир амаллаб "ёпган" Қ.Мавлонов сентябрнинг бошиданоқ яна хурмача қилиғини бошлаб, "синалган" ҳамтовоғи Акрам Алиев билан такроран жиноий тил бириктириб терговда шахсини аниқлаш имконияти бўлмаган шахсларга 17 минг килограмм, қиймати 13 миллион 821 минг сўмлик, шунингдек, 40 минг килограмм, қиймати 32 миллион 520 минг сўмлик буғдойни ноқонуний равишда сотиб юборади. Расмий ҳужжатга келганда эса... Аввалги "тажрибаси"ни қўллаб, сентябр ойи ҳисоботига сотиб юборилган буғдойни "қолдиқда" дея ёлғон маълумот киритади.
Не ажабки октябр ҳам унинг кирдикорларидан бенасиб қолмайди. Яъни у филиал тарозибони Барот Ваҳобов ва соқчилар Акрам Алиев, Ваҳоб Икромов, Дониёр Йўлдошевлар билан жиноий тил бириктиришиб, 5 минг килограмм, қиймати 4 миллион 65 минг сўмлик буғдойни ҳужжатлаштирмасдан, ноқонуний тарзда филиал соқчиларига текинга бериб юборади. Яна сохтакорлик...
Ноябр... Филиал раҳбарининг нафси гўё ўпқондек уюм-уюм, эл ризқи бўлган буғдойни ямламай ютаверди. У ҳамтовоқлари, филиал тарозибони Барот Ваҳобов ва соқ-чилар Акрам Алиев, Ваҳоб Икромов, Дониёр Йўлдошев ва Ёрқин Бобоевлар билан жиноий тил бириктириб, ноябр ойи бошларида қиймати 32 миллион 520 минг сўмлик 40 минг килограмм буғдойни Ёрқин Бобоевга сотиб юборади. Ой ўрталарида эса яна эски "қадрдонлар" бир ёқадан бош чиқаришиб, 6 минг килограмм, қиймати 4 миллион 878 минг сўм бўлган буғдойни "бегона" қилмасдан ҳамтовоқлари Акрам Алиевга ҳеч қандай ҳужжатсиз, ноқонуний равишда бериб юборади. Бу гал уларнинг "сафи"га филиал қўриқлаш бўлими бошлиғи Жасур Акрамов ҳам қўшилди. Аслида бош соқчи лавозимида фаолият юритаётган Ж.Акрамов бу талон-тарожга вақтида барҳам бериши мумкин эди. Аммо уни ҳам нафс ўз домига тортмасдан қолмади.
Чўнтаги виждонсизлик ва ноқонуний қилмишлари ортидан қаппа-йиб бораётган филиал раҳбари Қосим Мавлонов 2013 йилнинг декабрини ҳам хушкайфият билан бошлар экан атрофида уни сўзсиз тушунадиган гумашталари борлигидан кўнгли тўқ эди. У "синалган" шериклари билан тил бириктириб декабрда ҳам 46 минг 500 килограмм буғдойни ҳазм қилиб, декабр ойи ҳисоботига қолдиқда эканлиги тўғрисида сохта ҳужжатлар тайёрлаб давлат манфаатига жиддий зарар етказади.
У янги 2014 йилни кирдикорларини яна давом эттириш учун "катта режалар" билан кутиб олди. Атрофидагилар эса унинг бир имосига маҳтал. Шундай қилиб эски шериклари биргалашиб, январнинг илк кунлариданоқ 22 минг килограмм, қиймати 17 миллион 886 минг сўм бўлган буғдойни терговда шахсини аниқлаш имконияти бўлмаган шахсларга ноқонуний равишда сотиб юборишади. Йилнинг илк ойи тугамасданоқ яна 5 минг килограмм, қиймати 4 миллион 65 минг сўмлик буғдой филиалнинг икки нафар лаборантига асоссиз равишда бериб юборилади. Январ ойида йўқлик сари учган эл ризқи ой ҳисоботига нима деб ёзиб қўйилиши ўзингизга маълум.
Халқимизда "ўғри бўл, ғар бўл, лекин инсофли бўл", деган нақл бекорга айтилмаган. Лекин инсофни бир чеккага қўйиб, эл ризқи ва давлат мулки бўлган буғдойни аямай совурган филиал раҳбари Қосим Мавлоновнинг пайтавасига қурт тушди. Чунки, 2014 йилнинг январ ойидан бошлаб буғдойни "Самарқанддон" ОАЖ нинг марказий элеваторига жўнатиш бошланади.
Ҳамтовоқлар феврал ойи ўрталарида хирмонни кўз билан чамалаб, 200-300 тонна атрофида камомад борлигини аниқлашади. Энди улар қандай қилиб буғдойни сотиб, пул топишни эмас, аксинча филиалда "нол"га тозалаш якунланмасдан, қилмишлари ошкор бўлмасдан олдин айбларини ёпиш чораларини излай бошлашади. Бу гал ҳам уларнинг гаплари бир жойдан чиқди. Филиал раҳбари бошчилигида қўшни Пастдарғом, Нарпай туманлари ва туманимиз фермер хўжаликларидан нақд пулга буғдой сотиб олиб, яширинча филиалга кирита бошлайди. Ҳа, чархпалак энди тескари айлана бошлади. Яширинча чиққан тонналаб буғдой яна яширинча ортига қайта бошлади. Емоқнинг қусмоғи ҳам бор, деган нақл ҳудди шу нафс бандаларига айтилгандек гўё. Натижада 200 тоннадан зиёдроқ буғдой филиалга, "ўз жойи" га қайтарилади.
Ниҳоят, ғалвир сувдан кўтариладиган кун келди. Филиал "нол"га тозаланди. Оқибатда 172 тонна буғдойнинг ўрни бўшлиги аниқланди.
Ҳеч бир жиноят жазосиз қолмагани каби "Нурободдон"да "илдиз отган" кемирувчиларнинг қилмишлари адолатли қонунларимизнинг ўткир нигоҳлари томонидан очиб ташланди. Талон-тарож бошида турган филиал раҳбари Қосим Мавлонов судда аниқланган 172 тонна зарарни тўлиқ қоплаганини, қилмишига пушаймон эканлигини айтиб, қонун доирасида енгиллик беришликни сўради. Ҳа, сўнгги пушаймон ўзингга душман, деб бекорга айтилмаганда. Унинг ёши ҳали қирққа ҳам бормаган эди. Айни куч ва ғайрат билан, эл учун хизмат қилиши, ол-қиш олиши мумкин эди. Аммо у берилган имкониятдан фойдалана олмади. Мансабни улкан масъулият эмас, эгри йўл билан пул топиш манбаи дея тушунди. Суд ҳукмига кўра унга энг кам ойлик иш ҳақининг 350 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди ва икки йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Ҳамтовоқлари ҳам қонун доирасида тегишли жазоларини олишди.
Эгри йўл, бировнинг ҳаққи, меҳнатсиз келган пул билан ҳеч ким, ҳеч қачон фароғатга эриша олмайди. Бу ҳақиқат суд залида бош эгиб турган нафс бандаларининг ҳаётида яна бир бор ўз исботини топди.
Туман ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари
материаллари асосида
Бону тайёрлади. (“Нуробод” газетаси 27.02.2015й №6-сонда).
|