Бош саҳифа | | Рўйхатдан ўтиш | Кириш
Марҳабо! Гость | RSS
Меню сайта
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Май 2018  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
28293031
Архив записей
Статистика

Онлайн всего: 5
Гостей: 5
Пользователей: 0
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  • Главная » 2018 » Май » 24 » Куёв болаларга...
    06:31
    Куёв болаларга...

                                                  Тўртинчи гурунг: Бахтиёрлик айёми

    Киши дунёда бой бўлиш учун эмас, балки бахтли бўлиш учун яшайди. Зотан қуш парвоз учун, инсон эса бахтиёр бўлиш учун яралгандир. 
    Куёв тўра, сизга бахт фасли ўзининг янги-янги чиройларини очяпти. Бу худда баҳор фасли гўзаллигидан маст бўлишга ўхшайди. Қирга чиқсангиз, лолазор ҳусни қалбингизга ажиб бир таровта беради. Боққа борсангиз, дарахт гулларининг уфоридан дилингиз яйрайди... Умрнинг баҳор фасли ҳам шу кабидир. Лекин... бу гўзалликдан ҳар одам ҳар хил таъсирланади. Тулпорга чавандоз қай кўз билан қарайди-ю, қассоб қай назар билан боқади? Бахт фаслига бўлган муносабат ҳам шу кабидир.  Ҳамонки, сизга барча бахт тиламоқда экан, сиз ўз бахтингизни қай тарзда тасаввур этасиз? Келинг, эндиги гурунгимизда бу борадаги билимингизни бир синаб кўрайлик.
    Бахт нима ўзи? Унинг ўлчови, миқдори борми? Кимни бахтли, кимни эса бахтсиз деймиз?
    Инсоният бу саволларга минг йиллардан бери жавоб излайди. Ягона жавоб эса йўқ. Дунёда неча миллиард одам яшаётган бўлса, бахт ҳақидаги тушунча ҳам шунчадир. Бу ҳақда аввалги гурунгимизда қисман сўз юритган эдик. Энди батафсилроқ тарзда фикрлашиш фурсати етди. Сиз билан каминанинг бу масаладаги қарашларида фарқ бўлиши табиий. Шу боис мазкур боб шунчаки суҳбат бўлмай, ўзингиз, дадангиз, ҳатто дўстларингиз иштирокидаги баҳслашув даврасига айланмоғи ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Ёмонликлардан юз ўгириб, фақат яхшилик йўлидан юриш – бахтиёрликнинг пойдеворини, ўзгачароқ таъбир билан айтсак, ўқ илдизни ташкил қилади. Кейинги гурунгларимизда кўриладиган мавзулар эса бахтиёрлик дарахтининг жонбахш шохларидир. Дарахтни ўқ илдизсиз ёки шохларсиз тасаввур қилиш қийин. «Ўқ илдиз»дан «жонбахш шохлар»га ўтишдан аввал бахт ҳақидаги умумий тасаввуримизни жамлашни ният қилдик.
    Соддароқ айтсак, инсон ўзини муҳофаза этишга ҳамда бахтиёр бўлишга интилувчи таъсирчан, сезгир, ақлли ва фикрловчи мавжудот саналади. Тўла-тўкис бахт одамзотга насиб бўлувчи юксак даражадаги ҳузур-ҳаловатдир, бахтсизлик эса юксак даражадаги мусибатдир.
    Ҳузур-ҳаловат дейилганда фақат моддий маъно англашилмаслиги керак. Агар ҳузур-ҳаловат фақат нафсни қондиришдан иборатгина бўлса, емиш топган жониворларнинг барчасини бахтли, оч қолганини бахтсиз дейишимизга тўғри келади. Биз жониворларда шундай тушунча, туйғу бор ёки йўқлигини билмаймиз. Фақат бордир, деб таҳмин қиламиз ёки «йўқ» деб инкор этамиз. Бизнингча, жониворларга хос бўлган бахтлилик ҳам фақат қорин ғамига бориб тақалмайди. Масалан, уйда боқилаётган итга эгаси томонидан ташланган суяк бахтли ҳолат саналса, эркни ҳеч нарсага алмашмайдиган бўри учун бу бахт эмас, балки бир хорликдир. Эгаси ташлаган бир ҳовуч донга қаноат қилувчи товуқ катакда туғилиб, катакда жон беришни эҳтимол бахт деб ҳисоблар. Чўққида туғилиб, осмонда эркин парвоз қилишга ўрганган бургут учун эса бу тубанликдир. Аслида Аллоҳ барча жониворларни эркин қилиб яратган. Фақат айримлари эркларини емишга алмашганлар. Буларни биз «уй ҳайвонлари» деймиз. Эркни ҳар нарсадан аъло қўйганларини эса «ёввойи ҳайвонлар» деб атаймиз. Демоқчимизки, бахт тушунчасининг моддий томонидан кўра маънавий томони ортиқроқ. Агар фақат моддий томони билан чеклансак, барча камбағаллар бахтсиз, бойлар эса бахтли деган маъно келиб чиқади. У ҳолда «Мерседес» каби автомашиналарда юрувчи кимса дунёдаги энг бахтли инсону, тиқин автобусда хизматига шошаётган одам бахтсизми? Балки аксинчадир? Автобусдаги одам кўнглида халоват бор. Уни бойлигини йўқотиб қўйиш хавотири таъқиб қилмайди. Уйқуси ҳам тинч бўлади. Ўтмиш донишмандлар шу боис ҳам Аллоҳдан руҳ ҳаловатини истаб, бойлик бермагани учун шукрлар қилганлар. «Мерседес»да юрувчи биродарларимиз биздан ранжимасинлар. Биз уларни айбламоқчи эмасмиз. Ҳалолдан топган бўлсалар бахтли кунларида буюрсин. Шундай уловларда юриш барчага ярашади, деб ҳисоблаймиз. Лекин бунинг роҳати мавжудлиги баробаринда ҳавотири ҳам бор-да. Агар автомашина бузилиб қолса, ёки (Аллоҳ сақласин!) ўғирланса ёки бирон фалокатга учраса, улов эгасининг кўзига дунё тор бўлиб кетиши аниқ-ку? Доноларнинг «Киши дунёда бой бўлиш учун эмас, бахтли бўлиш учун яшайди», деган фикрига кўра, бахтни моддий бойликдан эмас, руҳ бойлигидан излаган афзал. Кимки «пулни – бахт, бахтни эса – пул», деб ўйлаётган бўлса, демак янглиш ҳаёт кечираётган экан. Аммо, моддий бойликни бутунлай инкор этиш ҳам дуруст эмас. Тўғри, бойликсиз яшаш мумкин. Бироқ, фаровонлик – бахтиёр яшаш учун зарур шартлардан бири ҳисобланишини инкор ҳам этолмаймиз. Биз бу ўринда фақат ҳалоллик билан топилган бойликни назарда тутяпмиз. Ҳаром йўл билан топилган бойлик фаровонлик эмас, аксинча, ҳасрат бўлгани туфайли масъудликка бегонадир.
    Дуоларимизда доимо тилайдиганимиз бахт нима? Саодат-чи? Иккаласи бир маънони англатадими? Йўқ. «Бахт» торроқ маънодаги тушунча. Ҳар бир одам бахтли бўла олиши мумкин. Биров кўчадан юз доллар топиб олса, ўзини бахтли хис қилади. Бошқа биров набира кўрган куни ўзини дунёдаги энг бахтиёр инсон деб ҳисоблайди.Одамлар ўзлари учун кутилмаганда бахтли бўладилар. Саодат эса Аллоҳнинг раҳматига, марҳаматига етишмоқликдир. Саодатга пул топиб олган каби етишилмайди. Гўзал хулқ ва солиҳ амаллар саодат саройининг калитидир.
    Бир одам ўзини ғоят бахтли ҳисобларди. Чунки унинг «суянган тоғи» бақувват эди. Бу «тоғ»ни умри боқий деб биларди.Тоғ жилғаларидан оқиб келаётган бойлик оқибатда денгизга айланади, деб умид қиларди. Чинакам тоғлар емирилиб кетадиган бу фоний дунёда ўзини тоғ фаҳмлаб юрган одам қуламайдими, емирилиб йўқ бўлмайдими? «Суянган тоғи» қулагач, ўзини бахтиёр санаб яшаётган одам гангиб қолди. Нима бўлди, бахт қуши учиб кетдими? Дунё - ажабтовур, бировнинг «суянган тоғи» қулагани ҳамон бошқа бировнинг шундай тоғи қад ростлайди. Аввалги «тоғ» паноҳидаги одамга «янги тоғ» яқинида энди жой йўқ. Энди у ўзини энг бахтсиз ҳисоблайди ва икки ўртада бахт учун кураш бошланади. Дунёвий фалсафада «Бахт – курашдан иборатдир», деган фикр бор. Аммо баён этилаётган ҳолатдаги курашнинг бахтга сира алоқаси йўқ. Бунда курашнинг номигина «бахт учун». Ҳақиқий номи эса: «нафс бандаларининг кўпроқ емоқ ва ичмоқ учун олишуви». Бу курашда кимдир енггандай бўлади. Ғалаба нашидасини сургандай ҳам туюлади. Бироқ ҳақиқат шуки, бу олишувда ҳеч ким, ҳеч қачон ғолиб бўлмайди. Ҳар икки томон ҳам мағлубдир, ҳордир, хақирдир.
    Бахт - фақат бойликда, деб ҳисобловчи кимсада, албатта, кибр мавжуд, баҳиллик мавжуд, хиёнат, риё... мавжуд. Бу ёмон хулқлар эгаси ўзини бахтли санаши, саодатга етишмоқни умид қилиши ғоят кулгили, ҳатто ачинарли эмасми?
    Бу дунёда ҳамма нарса бир-бири билан чамбарчас боғланган. Бу боғлиқликни баъзан кўрамиз, баъзан эшитамиз, баъзан эса сезамиз. Баъзан эса тасаввуримизга сиғдиролмаймиз ёки бефарқ қараймиз. Шулардан бири – «бахтлиман!» деймиз-у ёлғиз ўзимиз бахтли бўла олмаслигимизни англаб етмайдиган пайтлар ҳам бўлади. «Нақадар бахтсизман!» деб нола қиламиз-у бахтсизлигимизга бошқаларнинг ҳам шерик эканини ўйлаб кўрмаймиз. Масалан, ўн кишидан иборат оилада бир одамга бахтсизлик ёпишса, қолган тўққизтасини четлаб ўтолмайди. Биттаси бахтиёр бўлса, қолган тўққизтаси ҳам бу масъудликдан озми-кўпми баҳраманд бўлади. Чунки бахтсизлик битта одамнинг айби билан келмайди, бу ташвишда қолган тўққизтасининг ҳам ўзи билган ёки билмаган ҳолда ҳиссаси мавжуд. Бахтга эришишда ҳам шундай. Биз таомни ошпаз пиширганини кўрамиз ва унга раҳмат айтамиз. Ҳолбуки, пишган таом - ошпаз томонидан бажарилган энг сўнгги ҳаракат маҳсули. Дастлабкиси эса ерни шудгор қилган, уруғ қадаган деҳқоннинг захматидан бошланади. Лаганга сузиб берилган паловда юзлаб одамларнинг хизмати борлигини камдан кам ҳолларда ўйлаб кўрамиз, янада камдан кам ҳолларда уларни дуо қиламиз. Ҳаётда бирон ютуққа эришсак, дейлик, мансаб эгаси бўлсак ва буни бахт деб ҳисоблаб қувонсак, шу мансабни бизга раво кўрган акахонимиздан миннатдор бўламиз. Назаримизда бу бахтни бизга айнан шу акахон ўз хазиналаридан чиқариб бергандай туюлади. Шу мансабга эришишда бизга биринчи ҳарфни ўргатган муаллимнинг ҳиссаси борлигини ҳеч ўйлаб кўрамизми? Тижоратда омадимиз келган пайтда карра жадвалини ўргатган устозни эслаймизми? Агар шуларни ўйласак, биродаримизнинг бахтли бўлишига ҳисса қўшиш учун рағбат қилишимизга тўғри келади. Чунки бировнинг бахтимиз учун қўшган ҳиссаси биз учун қарздир ва бу қарзни ўзгаларга хизмат қилиш билан уза олишимиз мумкин. Уларга шунчаки миннатдорчилик билдириб қўйиш ёки дуо қилиш билан қарздан қутула олмаймиз. 
    Бахтсизликда бошқаларнинг ҳиссаси мавжудлигини англагач, биз туфайли кимнингдир бахтсиз бўлиб қолишидан ўзимизни сақлашимиз керак. Бахтсизлик дарахтини суғориб турувчи булоқлар кўп атрофимизда. Хиёнат, туҳмат, иғво, чақимчилик, ғийбат... Бахтсизликка учраган одамга етти ёт бегона киши хиёнат қилмайди, нотаниш одам туҳмат ботқоғига ботирмайди. Бу бадкирдорликлар яқин кишиларидан чиқади. Иймонсиз одамгина бировнинг бахтсиз бўлишини истайди ва бу иллатидан ўзи роҳатланади. Бир одамни кимдир бахтсизлик чодирига чирмаб, ўз йўлидан олиб ташлашга уринади. Муддаога етгач, ўзини бахтли санайди. Бу нодон билмайдики, бировнинг бахтсизлиги эвазига киши ҳеч қачон бахтли бўла олмайди. Бошлиғига туҳмат қилиб, уни жилдирган одам амал курсисига ўтиргани билан қанча вақт ўзини бахтли деб ҳисоблаб юради. Охир-оқибат ўзининг ҳам туҳматга учраб, амалдан ажрагунига қадарми? Эҳтимол бахтсизлик унга илгарироқ бошқа бир сабаб билан даф қилар? Тижоратда шеригига хиёнат қилиш эвазига катта фойда олган одамнинг бахтли кунлари шу бойлиги тугагунча давом этармикин?
    Биродаримизнинг бахтга эришуви ёки бахтсизликка гирифтор бўлишига қўшадиган ҳиссамиз моддий ва маънавий томондандир. Моддий томони маълум. Маънавий томони эса бундай: агар адашган биродаримизни яхшилик йўлига даъват этсак, бахт қасрига фақат шу йўл орқали борилажагини англата олсак, демак бахтга эришувига ҳисса қўшибмиз. Ҳидоятдан нари йўлларда тентираётган биродаримизга бефарқ қарабмизми, демак, унинг бахтсизлигига шерик бўлибмиз.
    Одам боласи ўзгалар бахти учун хизмат қилсагина ўз бахтини топа олади. Бировнинг шодлиги ва бахти учун қанчалик хизмат қилса, ўзи ҳам шунчалик бахтга даъвогар бўлиши мумкин. Энг бахтиёр киши ким? Иложи борича кўпроқ одамларнинг бахтли бўлишлари учун хизмат қилган одам эмасми? «Мен бахтли инсон бўлишни истайман, қолганлар билан ишим йўқ», дейиш нодонликдир. «Ён-атрофимдагилар бахтли бўлмагунларича менга бахтиёрлик шоҳсупаси насиб этмагай», демоқлик эса доноликдандир. Билмоқ жоизки, бировнинг бахтсиз бўлишини истаган киши,  ундан олдинроқ бахтсизлик жарига қулайди. Бу жарда умрбод қолиб кетмас, бир куни чиқар, аммо унутмасинки, пешонасидаги лаънат тамғаси сира-сира ўчмагай. Инсон нима учун азизу мукаррам саналади? Ўзгаларнинг бахтсизлигини ўз бахтсизлиги деб санагани учун эмасми?
    Шоир айтган экан:
    Мухбир келар: «Бахтлимисиз?»- эмиш.
    Қандай бахт? Ўзимга алоҳидами?
    Алоҳида уй бор, алоҳида идиш...
    Одам қайда яшар, овлоқ уйдами?
    У қабрдагина одамзотдан ғайри,
    Тирикмизки, олам ҳаммамизга бир.
    Ҳақиқат йўқ кимсага айри,
    Алоҳида бахт ҳам дунёда йўқдир.
    Баъзилар зиммаларидаги ҳаж фарзини адо этадилар. Албатта, бу улуғ бахт. Ибодатларини Аллоҳ мақбул айласин. Баъзилар ҳар йили ҳаж қиладилар. Буни ҳам бахт деймиз. Уларга эътирозимиз йўқ. Лекин шундай саодатли кишилардан бирининг яқин қариндоши ёки қўшниси шундай бахтга муҳтождир. Бу ҳолга қандай қараймиз? Аслида мўмин учун фарз - бир марта ҳаж қилиш. Дейлик, саодатли биродаримиз икки мартами ё уч мартами боргач, кейинги сафарига мўлжаллаган маблағини муҳтож қариндоши ёки қўшнисига берса-чи? Ўз саодатини муҳтож биродари билан баҳам кўрган одам энг бахтли одам эмасми? Бу гапимиз дабдабали тўй қилувчиларга ҳам таалуқли. “Тўкин-сочинлик” ниқоби остида исрофгарчилик тантанасини қилиш бахт эмас, балки, кибрдан, исрофдан сақланиб, бунинг эвазига камҳарж оилага ёрдам қўлини чўзиш саодат эшигини очади.
    Бахтни баҳам кўришни ҳам баъзан нотўғри тушунамиз. Бир одам тўй қилаётган экан. Дўсти беш минг доллар сарф этиб, номи чиққан ашулачини бошлаб борибди. Ашулачи бир соатгина хизмат қилиб кетгач, тўй эгаси дўстига «Мени бағоят бахтиёр қилдинг», деб миннатдорлик билдирган. Савол туғилади: киндигини очиб олиб, беҳаё қилиқлар билан қўшиқ айтган ашулачи шу тўйга келмаса, тўй эгаси бахтсиз бўлармиди? Дўст беш минг доллар эвазига чиндан ҳам бахт инъом этдими? Бемаънилик! Бахтни биз нақадар саёз тушунамиз! Тўй эгаси ўша ашулачини ўзи таклиф қилиш имконига эга бадавлатлардан эди. «Хотамтой» эса камхарж акасининг ёки укасининг тўйига бунчалик ҳиммат кўрсатмайди. «Бахт улашув» деб номланаётган бу ҳаракатда кибр, риё, таъма каби иллатлар мавжуд. Савоб эса мутлақо йўқ! Савоб йўқ жойда бахт нима қилсин?!  Агар ўша ашулачига сарф қилинган пулнинг ҳаммасини эмас, ақалли бешдан бирини қайсидир камбағал оилага сарф қилганида ўзгаларни бахтиёр қилиш ҳақида гап юритсак арзирди. Қўшниси ёки қариндоши тўй қилишга қурби етмаслиги сабабли қизига келаётган совчиларни турли баҳоналар билан қайтариб, эзилиб юрган кезларда беш минг долларни ҳавога сочган одам қиёматдаги ҳисоботини ўйлаганида охиратда эришилажак чин ва боқий бахтга етишган бўлармиди. Ҳозир назарида шу тўйга келганларнинг барчаси унга тасанно айтишяпти, шу боис ўзини бахтли санаяпти. Аслида эса ундай эмас. Одамнинг бахти орзу ва таъмаларига қараб бўлади. Энг таъмагир одам – бахти энг оз одамдир.
    Ғаззолий ҳазратлари дебдиларким: «Бир кишининг тижорати охират тижоратига монелик қилса, бундай киши бадбахтдир. Бечорадир. Бу бир тандир учун бир хум олтин берган кабидир».
    Нима учун айрим одамларга бадбахтлик саодат бўлиб кўринади? Биз бу ўринда шайтон ҳийлаларини унутиб қўйяпмиз. Шайтон хунук қиёфали бадбахтликни безаб, пардоз қилиб, банданинг кўзига гўзал ва мафтункор қилиб кўрсатмайдими? Кўрсатади! Иймони заиф банда пардоз ортидаги хунукликни кўра олмайди. Саробдан умид қилгани каби унга интилаверади. Шайтон кирдикорларини телевизорда кўрсатилаётган тўкин дастурхонга қиёслаш мумкин. Киши дастурхонга маҳлиё бўлади, кўзлари ўйнайди. Аммо оламан, деб қўл узатганда тасвир йўқолади. Шайтон иши айнан шундай эканлигини билмайдиганлар ҳам бор.
    Бундай кишиларга Анас ибн Моликнинг (р.а.) бу сўзларини ўқиб, ёдлагач, уқиб олишларини тавсия қилган бўлардик: «Бадбахтлик тўртта: кўзнинг қуруқлиги, қалбнинг қаттиқлиги, орзу-ҳаваснинг узунлиги ва дунёга ҳирс қўйиш». Бир ашулачининг бир соатлик хизматига беш минг доллар сарф қилган кишида шу тўрт иллат мужассам бўлгани учун ҳам уни «бадбахт» дедик. Аммо бу бахтиқароликдан қутулиш мумкин. Тавба ва иймон йўлидаги ҳиммат кишини бадбахтлик жаридан чиқариш қудратига эга. Бундай кишиларга яна бир ҳикматни эслатишни лозим топамиз:     
    Қалби соғлом одамгина бахтли бўла олишини биламиз. Қалб саломатлиги нима? Ишемик хасталиклардан ҳоли бўлишми? Тўғри, бу жисмоний саломатлик ҳам зарур. Лекин руҳи хаста одамнинг жисмоний жиҳатдан саломат бўла олмаслиги ҳам ҳақиқат.
    Бир обид йигит табибдан сўради:
    - Табиб афандим, сизда гуноҳларни ювувчи ва қалбларнинг дардига даво берувчи дори борми?
    Табиб дедики:
    - Албатта бор. Аммо бу дорини мен эмас, ўзингиз тайёрлашингиз керак. Сиз энг аввал «фақирлик» ва «тавозелик» дарахтлари илдизини сиқиб сувини оласиз. Бу сувга «тавба» ҳалиласини қўшасиз. Сўнгра сувни «ризолик» ҳавончасига соласиз ва «сабр-қаноат» гурзиси билан оҳиста эзасиз. Сўнгра уни «тақво» қозонига солиб, устига «ҳаё» сувидан қуясиз. Сўнгра қозонни «меҳр-муҳаббат» оташи билан қиздирасиз ва ундаги нарсани «тавба-шукр» қадаҳига соласиз. Қадаҳни «ражо-дуо» шамоли билан совутганингиздан сўнг ажойиб дори ҳосил бўладиким, уни «ҳамду-сано» қошиғи билан ичгайсиз. Агар сиз бу амалиётни тўлиқ бажарсангиз, албатта, бу дунё ва охиратдаги барча дарду балолардан фориғ бўлиб, икки дунё саодатига етишасиз.
    Шу ўринда Аллоҳнинг бандаларни имтиҳон қилишини яна ёдга олиш керак. Уламолар дерларким: «Аллоҳнинг имтиҳони бизни билиш учун эмас, бизни ўзимизга билдириш учундир». Чиндан ҳам шундай: яратган Аллоҳ бизни яхши билади. Биз ўзимизни билмаймиз. Ўзни билиш имтиҳонидан ўтган бандани чинакамига масъуд десак арзийди. Бу имтиҳондан ўтганлар бошига қўнган бахт қуши учиб кетмайди.
    Ҳаётда баъзи кишиларга нисбатан «бахтини қувиб юрибди», деймиз. Чиндан ҳам шундайми? Бахтни қувиб юриб, сўнг тутамизми? Тасаввур қилайлик-ки, бахт билан сўзлашув имкониятимиз мавжуд. Унга хитобан десак-ки:
    - Эй бахт! Сени тутишнинг йўли борми?
    Эҳтимол бахт хитобимизга шундай жавоб берар:
    - Мен кийикка ўхшайман. Ҳамма ҳам мени тута олмайди. Тутса ҳам узоқ ушлаб туролмайди. Мени қўлга киритган одам қаттиқ ушласагина ундан қочолмаслигим мумкин. Аммо бунинг бир қатор шартлари бор: энг аввало мени қўлга киритувчи кишининг қилиғи ўзгалар учун ёқимли, кўнгли юмшоқ, тили ширин бўлиши шарт. Ўзини иллатлардан эҳтиёт қилсин, ғурурланмасин, ёвуз ва ярамас ишларга, хусусан, ҳасадга, исрофгарчиликка, ҳийлаю алдовларга яқин турмасин. У катталарга ҳурматни, кичикларга ширин сўзни раво билсин. Гердайиб, кишиларни оёқ ости қилмаса, ўзидан кичикларга менсимай қарамаса, феъл-атворини тўғриликда тутса яхши. Кимда ким мана шуларга риоя қилса, мен у билан бирга қоламан. Бўлмаса, кийикдек қочиб кетаман. Унда менга ким ета олади?
    Тасаввуримизда гавдаланган кийик қиёфасидаги бахтнинг сўзлари талқини бундай: бахт-саодатни изласангиз топа олмайсиз, қувсангиз тута олмайсиз. Зиммангиздаги инсоний вазифаларни адо этинг – бахтнинг ўзи сизни излаб топади. Инсоний вазифаларни адо этиш учун эса кучли ирода талаб этилади. Ҳа, бизнинг бахтимиз ўз ҳаётимизни идора қилувчи ўз иродамизга боғлиқ. Шу боис бахтиёр бўлишни истаган кимса иродасини тарбия қилиши шарт.
    Кимда ким бахтидан айрилиб қолса, бировлардан айб изламасин. «Оҳ, қанчалик бахти қароман-а!» деб бошини тошларга урмасин-да, зикр этилган шартлардан қай бирини бажармаганини аниқласин. Ва ҳамиша ёдда тутсинким, ўз хоҳиш ва истакларининг чегарасини билмасликдан ортиқ бахтсизлик бўлмайди. Бахт кимгадир кулиб боққудай бўлса, барча орзу-истаклари ақлнинг бандасига айланади. Бахт ундан юз ўгургудай бўлса, ақл унинг орзу-истакларига мутеъ бўлиб қолади. Инсон ҳаётидаги энг аянчли ҳолатлардан бири айнан шудир. Хитой донишманди Лао Цзининг «Оҳ, бахтсизлик! У бахтнинг таянчидир. Оҳ, бахтиёрлик! Унда бахтсизлик яширин», деб ёзиши бежиз эмас. Исталган бахтиёрлик дарахтининг соясида бахтсизлик мудраб ётади. У кутилмаганда уйғониши, талвасага тушиб, бу дарахтни қўпориб ташлаши мумкин. Арасту ҳаким айтмоқчи, бахт-иқбол секинлик билан, бахтсизлик эса тез суръат билан ҳаракат қилади. Чунки бахт пастликдан юқорига чиқишга, бахтсизлик эса чўққидан пастга тушишга ўхшайди. Шу сабабли ҳам «бахтиёрлик ичра сен бахтсизликка учрашдан қўрққин», дейдилар. Яна бир нарса аниқки, ортиқча бахтга интилавериш ҳақиқий бахтни қўлга киритишга тўсқинлик қилади. Бу фикрнинг, ҳамда сал илгарироқ билдирилган «ҳар ким бахтни ўз қаричи билан ўлчайди», деган қарашнинг исботи учун бир ҳикоятни ёдга оламиз:
    Ададсиз мол-дунё эгаси бўлмиш Ҳалаб подшоҳи одилликда ном чиқарган эди. Аммо унинг ёлғиз ўғли енгилтабиат ва қизиққон эди. Подшоҳ қанчалик одил ва оқил бўлмасин, ўғлини чексиз муҳаббати билан эъзозлагани учун унинг раъйидан ташқари иш қилмасди.
    Кунлардан бир кун Ҳалабга Мисрдан савдогар келди. Подшоҳ ундан ўғли учун турли матолар сотиб олди. Савдогар кўпни кўрган, дунёнинг иссиқ-совуғини татиб кўрган киши бўлгани сабабли шаҳзода уни гапга тутди. Атрофдаги мамлакатларнинг аҳволи билан қизиқди. Савдогар ҳар бир мамлакат подшоҳининг ўзига ҳос аҳволидан ҳикоялар сўзлади. Гал Миср подшоҳига келганда унинг ғоятда гўзал қизи борлигини маълум қилди. Бундай соҳибжамол етти иқлимда ҳам топилмаслигини таърифлади. Чунончи маликанинг суратини чизиш учун барча Чин наққошлари ожизлик қилармишлар. «Унинг ҳусну жамоли васфи учун барча араб вассофларининг сиёҳдонларидаги сиёҳ етмайди», деб таърифига якун ясади. Савдогар Миср маликаси васфида шундай муболағалар қилдики, қизнинг ишқи шаҳзоданинг қалбига ғулғула солди. Шаҳзоданинг шитобкор қалби, аввал яхшилаб ўйлаб кўрмасданоқ, меҳр-муҳаббат ғавғосига гирифтор бўлди. Бахтга эришмоқликнинг бирдан бир йўли шу маликага етишмоқдир, деб ўзи яратган ҳақиқатга ўзи қул бўлди. Отаси ҳузурига кириб: «Менинг бошимга мушкул савдо тушди. Миср маликасига ошиқ бўлдим. Агар ўша қизни менга олиб берсангиз жонимни бу тубсиз дарёдан соҳилга чиқаргумдир йўқса ҳаёт билан видолашурман», деди. Ўғлининг қарори подшоҳни анча паришон қилди. У ўзини бевош дарё қаршисида тургандек ҳис қилиб деди: «Жон ўғлим, Миср подшоҳи бизни ўзига тенг кўриб, қуда-андаликка ризо бўлармикан? Ахир бизнинг мулкимиз унинг мулки олдида бир қатра мисолидек-ку?» 
    Ўғил отанинг гапини эшитишни ҳам истамади. Ёлғиз ўғилнинг кўнглини чўктирмаслик учун ота ҳар нарсага тайёр эди. У Миср подшоҳига элчи юборишга қарор қилиб, қимматбаҳо ҳадялар тайёрлади. Қизини ўғлига сўраб, бениҳоя шикастаҳоллик билан мактуб ёзди. Мактубни «агар бандани бу шарафга мушарраф тутсалар, бу банда ҳам ул зотнинг бандаларидан бирига айланурмен ва жоним сиз улуғ подшоҳнинг инон-иҳтиёридадур», деб якунлади.
    Миср подшоси элчиларни қабул қилди. Туҳфалардан мамнун бўлди ва дедики: «Мен Ҳалаб подшоҳининг ўғлини куёв қилмоқликдан орланмасмен. Аммо уни мол-мулкдан имтиҳон этишим мумкин. Агар уддасидан чиқолса, у ҳолда сидқидилдан жазм қилгани маълум бўлади. Аҳли аёлим «кимки менинг қизимга уйланмоқчи бўлса, олтмиш минг миср динори баробарида кобин (маҳр) талаб қиламан», деган. Бу борада Ҳалаб подшоҳининг фикрини билсам мурод ҳосил бўлур».
    Бу талабдан воқиф бўлган Ҳалаб подшоҳи хазинасидаги барча нақдларини тўплади – қирқ минг динор бўлди. «Ҳозирча хазинамда мавжуд олтинларни юборяпман, ўртамизда аҳд-паймон боғланганидан сўнг қолганини ҳам етказаман», деган мактуб иловаси билан динорларни Мисрга жўнатди. Миср подшоҳи олтинларни қабул қилгач, никоҳга ризолик берди. Маликани Ҳалаб шаҳзодасига фотиҳа қилдилар. Хушхабар Ҳалабга етгач, қизиққон шаҳзода: «узоқ кутишга, интизорликка тоқатим йўқ. Бугун барча вилоятларга қўшимча солиқ тайинланг, токи тўласинлар ва олтинларни Мисрга юборайлик», деди. Бу талаб подшоҳни яна паришон қилди ва дедики: «Жон ўғлим, зулмнинг оқибати даҳшатлидир. Азбаройи сенинг тўйинг деб минглаб бева-бечораларнинг хонадонини ғам-мотамга қўя олмайман. Бир киши кўнглининг осойишталиги учун юз мингларча кишиларнинг кўнглини ғам-андуҳга тўлдиролмайман. Сабр қил! Токи одамлардан йиғиб олинадиган солиқ манбаи вужудга келиб, хирожни тўлаш ва молларни йиғиб олиш мавсуми келсин. Ана ундан сўнг, секин-аста мазкур маблағни тўплаб сўнг Мисрга жўнатурмиз».
    Шаҳзода оқиллик ва вазминликдан йироқ эди. У ўзининг бахтга етишиш онларини бировларнинг азобланиши ҳисобига тезлаштирмоқчи бўлди. Навқирон ёшлиги ва кучига мағрурланди-да, «мендайин бақувват ва эпчил йигитга мол топиш қийин иш эканми?!» деб, отасига заҳарли ғазаб ўқларини сочди.
    Шаҳзода мукаммал равишда отланиб, биёбон томон равона бўлди. Иттифоқо, биёбонда қимматбаҳо моллар ортилган бир карвон Миср сари кетиб борарди. Шаҳзода бу бойликни қўлга киритиш мақсадида карвоннинг дам у, дам бу томонларидан келиб ҳамла қила бошлади. Карвон аҳли орасида Эъзоб Мағрибий исмли шижоатли ва жасур бир киши бор эди. У ҳамла қилаётган шаҳзодани кўриб, якка ўзи карвондан чиқди ва у томон от солди. Биринчи ҳамласидаёқ шаҳзодани эгардан олиб, ерга урди. Сўнг шаҳзоданинг қўлларини боғлаб, арқон учини туя бўйнига илдилару йўлларига равона бўлдилар.
    Мисрга етишгач, Мағрибий лойиқ туҳфаларини олиб, подшоҳ ҳузурига келди. Миср подшоҳининг саройида Мағрибийнинг эътибори анча баланд эди. Подшоҳ у билан суҳбат қуриб ўтирган пайтда Ҳалаб подшоҳининг чопарлари бир мактуб етказдилар. Мактубда: «Муддатидурки, бандазода ёлғиз ўзи банданинг ҳузуридан ғойиб бўлмиш. Ўша қолган молларни топиб, подшоҳнинг хизматларига олиб борган бўлса керак. Агар бахти ёр бўлиб, мол топиб, у даргоҳга шитоб қилган бўлса, бизга хабар қилгайлар. Токи хотиримиз таскин топгай», дейилган эди. Мактуб ўқилгач, Эъзоз Мағрибий англади-ки, йўлда асир олинган йигит шаҳзодадир. Мағрибий уйига келиб, шаҳзодани ҳузурига чорлади:
    - Сенинг бундай журъат қилмоғингга сабаб нима эканлиги менга маълум бўлди. Йўл тўсиб, халойиқнинг молини олиб кетмоқ ҳар қандай яккабош ўткинчининг иши эмас.
    - Ёшлик ғурури ва шайтон васвасаси мени шу йўлга олиб кирди. Оқибат, энди сенинг асирингман, - деди шаҳзода афсус билан. - Агар лутф қилиб, молларингнинг омон қолгани шукронасига мени озод қилсанг, камоли хайрли бўлур эди. Агар пул бадалига озод қилишни истасанг, қанча баҳо қўйсанг ҳам майли, мен тилхат берайин. Қайси жойни тайинласанг, пулни ўша ерга ўзим етказайин.
    Мағрибий шаҳзодани енгилтаклиги учун маломат қилгач, Ҳалаб шоҳининг адолат соҳиби эканлигини ғоят қадрлашини айтиб, подшоҳнинг ҳурмати юзасидан уни озод қилажагини билдирди.
    - Агар сенинг ишинг йигирма минг динор билан битса, сенга мазкур миқдор маблағни бераман ва қарз хусусинда сендан тилхат оламан. Ҳалабга қайтганингда менга қайтарурсан.
    Шаҳзода Мағрибийнинг бу лутфига ҳадсиз миннатдорчилик билдириб, ҳадяларни қабул қилди-ю подшоҳ ҳузурига йўл олди. Шаҳзода Миср подшоҳига ёқди. Унга сарпо кийдирди-да, тўй ҳаракатларини бошлаб юборди.
    Тўйдан аввал келин ва куёвни ясантириб, бир-бирларига кўрсатардилар. Ўша куни шаҳзода шаробхўрликка машғул эди. У сархуш бўлгач, боғ сайрини ихтиёр қилди. Ногоҳ қарасаки, шоҳона ўтов тикилган, сўраб билдики, бунда малика ясантирилмоқда. Ўтовнинг боққа қараган даричаси бор эди. Унинг кўнглида даричадан ичкарига қараш ихтиёри туғилди. Ҳарамдаги қиз-жувонлар жамоасини таниб олиш мақсадида даричадан ичкари қаради. Бу онда маликанинг кўзи даричадан мўралаётган бегона кўзга тушди. Канизакларга икки шохли илгични келтиришни буюрди. Канизаклар буйруқни адо этиб, илгичнинг икки шохини шаҳзоданинг мўралаётган кўзларига санчдилар. Шаҳзода оҳ уриб йиқилди. Хизматчилар югуришиб келишиб, шаҳзодани минг машаққатлар билан бошқа жойга олиб бордилар. Табиблар муолижаси кор қилмади. Тўй бўлди, аммо шаҳзода орзусидаги бахтга етиша олмади.
    Куёв тўра, қиссадан ҳисса чиқариш,  ўзингизга ҳавола. Ҳар ҳолда атрофимизда шаҳзодага ўхшаган енгилтабиат ёшлар йўқ эмас, бор. Уларнинг кўзларини очиш учун биргина ҳикоят етарли бўлармикин? Шу ҳақда ўйлаб кўрайлик. Бу сатрларни ўқиётган айрим эркатой ёшларимизда эҳтимол шундай камчилик бордир. У ҳолда камчиликка барҳам бериш чорасини бетўхтов бошлаш керак. Тўғри, ҳозирги тантиқ фарзандлар ёлғиз ўзлари карвонга ҳужум қилмайдилар, ўтов даричасидан ҳам мўраламайдилар. Балки бундан баттарроқ, аянчлироқ ҳаракатлардан қайтмайдилар, оқибат эса илгич шоҳи кўзларига эмас, юракларига санчилади. Мозористонлардаги ёшларнинг қабрларини кўрганимда шулар хаёлимга келади. «Бахт қасрига интилганлари ҳолда нечун бу қора лаҳаддан макон топдилар?» деб ўйлайман. Сиз ҳам ўйланг, азизим, эҳтимол, биргаликда тўғри жавоб топармиз.
    Баъзилар бахтни толе билан боғлайдилар. Бу фикрни инкор этиш мумкин эмас. Лекин унга қадар бўладиган бошқа ҳолатлар ҳам мавжуд.
    Буюк орзуга етишни истаган икки кишидан қайси бирида мурувват устун бўлса, орзуга ўшаниси етишади. Агар мурувватда ўзаро тенглашсалар, иродаси кучли бўлганига орзуга етишмоқ бахти насиб этади. Иродада ҳам баробармилар? У ҳолда ёрдамчилари ва дўстлари кўп бўлгани енгиб чиқади. Агар бу жиҳатдан ҳам ораларида фарқ йўқ экан, у вақтда толеи (бахт иқболи) баланд бўлгани етишади.
    Ҳазрат Али (р.а.) деганлар: «Бу беш нарса бўлмаса эди, инсонларнинг барчаси яхши бўларди (мазкурни «бахтли бўларди», деб талқин қилишимиз ҳам мумкин): жоҳилликка рози бўлиш; дунё ҳаётига ҳирс билан боғланиш; эҳтиёждан ортиқ молга хасислик қилиш; амалларда ва муомалада риё қилиш; фақат ўз фикр ва қарашларини тўғри деб билиш».
    Энди Ҳалаб шаҳзодасининг ҳаракатларини диққат билан яна бир карра кузатайлик, зикр этилган иллатлар унда бормиди? Ҳа, бор эди!
    Ибн Иёз беш нарсани бахт аломати деб ҳисоблаганлар: қалбдаги қатъий ишонч; дилдаги тақво; дунёнинг ичида туриб ундан юз ўгириш (яъни зуҳд); икки кўздаги ҳаё ва бадандаги қўрқинч.
    Беш нарсани эса бадбахтликдан деб билганлар: қалбнинг қаттиқлиги; кўзнинг қуруқлиги; ҳаёнинг озлиги; дунёга берилиш; узун орзу.
    Хўш, буларнинг қай бирлари шаҳзодада бор эди-ю қай бирлари йўқ эди? Ҳалаб шаҳзодаси бахт аломатларидан ҳисобланувчи фазилатлардан йироқ, бадбахтлик шаробидан эса маст эди.
    Донишмандларнинг бахт ва бадбахтлик ҳақида фикрлари бир-бирини тасдиқлайди. Кўп фикрлар такрорланади. Шулардан бири – кўзнинг қуруқлиги. Кўз қуруқлиги нима? Кўз қуруқлиги – қалбнинг тошлиги, қаттиқлиги. Бошқача айтсак, Аллоҳдан қўрқмаслик. Аллоҳдан қўрққан қалбда ҳилм, кўзда эса ёш бўлади. Кўзига ёш келган кимса бахт нима эканини англайди, унинг қадрига етади.  Яна бир бор Фузайл ибни Ниёзнинг (қ.с.) беш нарсани бадбахтлик нишонаси деб таъкидлаганларини эслайлик: кўнгил қаттиқлиги; кўз ёшланмаслиги; ҳаёсизлик; дунёга рағбат айламоқ; дунё учун тул-и амал (яъни орзунинг узунлиги).
    Буларнинг барчасини бирлаштириб, «иймонсизлик» десак бўладими? Бизнингча бўлади. Иймон билан яшаётган одамга бахтсизлик хужум қилишга журъат этолмайди. Бошга тушган ташвиш ёки қайғу ҳали бахтсизлик дегани эмас, бадбахтлик ҳам эмас. Иймонсизлик – ҳақиқий бадбахтликдир. Чунки қайғу ёки ташвиш доимий эмас. Иймонсизлик эса икки дунё бахтсизлигининг бошидир. Иймон билан яшовчининг бахти шундаки, бу дунёда ғийбатчининг ғийбатидан, золимнинг зулмидан, фосиқнинг ёмонлигидан қўрқмайди. Яратганга таваккул қилиб яшайверади. Ёмонларга инсоф ва тавфиқ тилайди. Ҳидоят тилайди. Ўзини эса Тангри паноҳига топширади. Уни эртага очликдан ўлиш ташвиши қийнамайди. Нега қийналсин? Ахир ризқ берувчи Аллоҳ бор-ку!
    Абу Али Ибн Сино ўн гўзал ҳислатни барча саодатнинг манбаи ва маъданидир деб таъкидлаганлар: инсоф ва адолат; тилак ва орзуларга бўйин эгмай, унга ғолиб бўлишлик; олим ва фозиллар билан суҳбатлашиб, уларнинг насиҳатларини ҳаётга тадбиқ этиш; ҳақиқат ва тўғриликка ҳамиша ва ҳар қандай ҳолатда содиқ бўлиш; ёши катталарни иззат ва ҳурмат қилиш; кичикларга шафқатли ва марҳаматли бўлиш; дўстликда самимият; душманларга ҳам мулойим муносабатда бўлиб, улар билан муроса-мадора қилиш; муҳтожларга ёрдам бериб, ҳайру эҳсон қилиш; жоҳил ва нодонларга насиҳат қилиб, уларни тўғри йўлга кўндиришдан эринмаслик.
    Энди бу гўзал ҳислатларни диққат билан ўрганайлик: сиз ҳар бир ишда инсоф ва адолат чегарасидан чиқмадингизми, демак, бошқалар ҳам сизга инсофсизлик ва адолатсизлик қилишдан тийиладилар. Аксинча бўлса, сизнинг бир ёмонлигингизга ўн, балки унданда ортиқ инсофсизлик ва адолатсизлик ёғилади. Боши устида шундай бало чақини чақин чақиб турганда ким ўзини бахтли ҳисоблаши мумкин?
    Тилак ва орзуларга банди бўлишликнинг зарари ҳақида қисман гапирдик. Айниқса, шайтоний иғвога қул бўлиб қолган кишини қандай бахтиқаролик кутаётганини тасаввур этиш мумкин. Шайтон «аканг (ёки дўстинг) сарой қурди, сен ҳам қур, сенга, болаларингга ҳам шундай бахт насиб этсин», дейди. Ақл аввалига «Бунга менинг қурбим етмайди», деб бу иғвони қувади. Кейин эса бу иғво олдида енгилади. Ҳалолдан топаётгани етмагач, ҳаромдан ҳазар қилмайдиган бўлади. Бир куни пора олаётганида қўлга тушади. У қураётган сароймонанд иморатидан бахтини топмоқчи эди, адашди - бахтиқароликни қамоқхонадан топди. Фарзандларини бахтли қилмоқчи эди, улар бахтсизлик даштининг тиконзорига ялангоёқ қувилдилар.
    Олим ва фозилларнинг ҳикматларга бой суҳбатларини қоронғи йўлни ёритувчи маёққа ўхшатиш мумкин. Одамнинг ҳаёт йўли ҳамма вақт ҳам нурли бўлавермайди. Умр осмонини  зулмат қоплаган тунлар ҳам кўп бўлиши мумкин. Қоронғи кўчаларда сарсари кезишга ҳам тўғри келади. Донишмандлар ҳикматидан  баҳраманд  киши бу кўчада узоқ тентирамайди, нурли йўлга тезроқ чиқиш чорасини топа олади. Биз, ёшимиздан, ҳатто билимимиздан қатъи назар, ҳар куни бировларнинг маслаҳатига муҳтож бўламиз. Ота-оналаримиздан, дўстлардан, қариндошлардан маслаҳат сўраймиз. Маслаҳатгўйларимиз олимлар тоифасидан бўлса – бизнинг бахтимиз, тўғри йўлга юрамиз. Нима учун олимларнинг маслаҳатида фойда кўпроқ? Чунки улар фақат ўз тажрибаларига суяниб гапирмайдилар. Улар Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифларда зикр этилган йўл-йўриқларга асосланадиларким, бу асослар ҳеч кимни адаштирмайди.
    Ҳақиқат ва тўғрилик байроғини ҳамиша баланд тутган одамга бахтиқаролик ҳамла қилишга журъат эта олмайди. Ким бир марта ҳақиқатдан чекинибди, ким тўғри гап турганда ёлғонни сўзлабди - ўзига ўзи инсофсизлик қилибди. Нима учун? Айтилган ёлғонга кимдир ишонди, дейлик. Лекин орадан кўп фурсат ўтмай бу ёлғон барибир фош этилади. Бир марта ёлғончи бўлган одамнинг кўпчилик олдида ўзини оқлаб олиши қийин бўлади. Ёлғони фош бўлишдан чўчиб яшайдиган одамнинг бошига бахт қуши қўнганмикин?
    Ёши катталарни ҳурмат қилган киши улардан хайрли дуо олади. Дуо – бахт саройининг эшигини очувчи калитдир. Кичикларга шафқатли бўлган киши орадан йиллар ўтгач, улардан марҳамат кўради. Айниқса, кучдан қолиб, бахтиқаролик кунларидан нола чекаётганида ана шу шафқат ва марҳамат эшик қоқиб келади.
    Дўст ва бахт эгизакка ўхшайди. Дўсти йўқ одам бахтсиздир. Дўстига хиёнат қилган одам эса бадбахтдир. Агар дўстлик самимий ва холис бўлмаса, орада манфаат кўндаланг ётган бўлса, бахт уларнинг икковидан ҳам қочади.
    Душманларга мулойим муомала қилишда икки яхшилик бор: аввало ширин муомала қилган одам ўзининг афзаллигини намойиш этади ва душманнинг ғазабини сусайтиради. Демак, зарба кучли бўлмайди. Иккинчидан: вақти келиб бу душманга Аллоҳ инсоф беради ва дўст мақомига етишади.
    Жоҳилларга насиҳат қилиш, уларни тўғри йўлга солиш ниҳоятда оғир вазифа. Аммо бу вазифанинг бажарилишида хайрли натижалар бор: жоҳил кўзи очилгач, сизга дўст бўлади, хайрли ишларингизда ёнингизда туради. Жамият учун ҳам нафи тегади.
    Куёв тўра, «Чинакам бахтли бўлиш учун қандай фазилатларга эришиш лозим?»-деб ўзингизга ўзингиз савол берганмисиз? Агар шу савол билан ўзингизни ўзингиз тез-тез тергаб турсангиз, сизни тарбия қилган устозингизга балли! Келинг, алҳол яна шу саволни ўртага қўяйлик-да, юқорида зикр этилган доноларнинг фикрлари асосида биргалашиб жавоб топайлик:
    Чинакам бахтли бўлиш учун илмдан орттирилган фазилат керакми? Шубҳасиз, керак! Ақл туфайли ҳосил қилинган феъл-атвор зарурми? Албатта зарур! Молу мулкдан зиёда саломатлик-чи? Бегумон шарт! Ҳаё-чи? Мурувват, садоқат, тавозеъ, меҳнат-чи? Саҳийлик, номус, омонатга вафо, ҳилм ва шижоат-чи? Керак! Булар ва булар каби яна ўнлаб фазилатлар ададсиз равишда керак!
    Адоват, ҳасад, баҳиллик, такаббурлик, ёлғончилик, мунофиқлик, чақимчилик, хиёнат, жоҳиллик, ялқовлик ва булар каби яна ўнлаб иллатлар-чи? Улардан ҳеч бўлмаса бир ёки иккитаси лозимми? Алҳазар! Алҳазар! Аллоҳ сақласин! Буларнинг биттаси ҳам кўплик қилади, чунки булар – бадбахтликнинг ҳомийларидир!
    Ҳамонки бадбахтликдан сўз очилди, бу зулумот салтанатига яна бир карра зийраклик билан қараб ўтайлик. Бахтга эриштирувчи фазилатларнинг зидди киши бахтини албатта қаро қилиши барчага маълум бўлса-да, бу иллатларни яна зикр этишдан эринмайлик, токи, бахтиқаролик булути бизларга ҳавф солмасин.
    Валий зот Тустарийдан сўрадилар:
    - Бадбахтлик аломати қайсилар?
    - Илмли бўлатуриб амал қилмаслик. Амал қила туриб ихлосли бўлмаслик. Аллоҳ таолонинг берганига рози бўлмасдан бошқа нарсалар ортидан қувмоқ. Ҳақ таоло дўстлари суҳбатига қўшилмаслик.
    Ҳазрат айтган ҳикматнинг мағзини чақиш учун ҳар бир одам ўзига ўзи хитобан сўрамоғи керакки:
    - Эй инсон! Илм олишга рағбат қилганмисан ёки умринг бекорчи ҳою ҳаваслар шамолида тўзиб ўтяптими? Озми-кўпми илмга эриша олган бўлсанг, энди қандай амал қиляпсан? Илмда «ғийбат қилинмасин», дейилгани ҳолда сен кунда неча маротаба ўзингни ғийбатдан тўхтата олдинг? Баҳилликдан-чи? Ғазабдан-чи? Хайрли ишларинг бўлса, дуруст, аммо нима ниятда қилиняпти бу яхшиликларинг? Қуръони каримни ёдлабсан, Аллоҳ рози бўлсин, аммо ниятинг надир? Фақат Аллоҳнинг розилигими ёки эҳсон дастурхонлари тўрида ўтириб одамлардан иззат-икром тамаъ қилишми? Намоз ўқир экансан, Аллоҳ рози бўлсин, аммо саждага борганингда хаёлингни бозордаги тижоратинг эгаллаб олмайдими? Намозни Аллоҳнинг розилиги учун ўқийсанми ёки Аллоҳдан фойдани кўпайтириб беришни истаб сажда қиляпсанми? Дўстингга нима мақсадда яхшилик қилдинг? Бу яхшилик ортида тамаъ борми ё холислик? Аллоҳ таоло сенга бошпана берди, фарзанд берди, дастурхонингни тўкин қилди. Энди ибодатингни мукаммал қилмоқ ўрнига яна ниманинг ортидан қувяпсан? Саноқли сониялар каби тез ўтиб кетувчи умринг давомида неча марта  фозилу олимлар суҳбатида бўлдинг? Бу ибрат суҳбатига ажратган вақтингни тарозининг бир палласига, чойхона, ресторан, тўю зиёфатларда ўтган умрингни иккинчи палласига қўйиб кўр-чи? Қиёматда  уялиб қолмасмикансан? Бугун кўчада бир фозил билан кўришдинг-у чойхона кўчасига бурилдинг. Чунки у ерда сени улфатларнинг паловхонтўраси кутяпти. Қиёматда қайси кўчага буриласан, сени унда нималар кутяпти? Бугун фозилнинг суҳбати ўрнига маъқул кўрганинг паловдаги гуручлар саноғидаги олов тошлари эмасмикин! Ҳақиқий бадбахтлик айнан шудир! 
    Бадбахтликнинг яна бир нишонаси бор: киши ўзини бахтли ҳис қилади-ю бирон одамнинг бахтсизлигидан лаззатланади. Кимда шундай иллат бор экан, тавба қилсин-у бу хасталигини даволаш чорасини топсин. Чунки бахтисизликка учраш унинг қисматида ҳам бор. Бахтсизликка учраганида биров далда бермаса, аксинча кулса, лаззатланса, нақадар аянчли ҳолга тушаркин!
    Бахтни ҳам ҳар бир оила ўзича тушунади. Масалан, ҳаром йўллардан қайтмай бой яшаётган оила ҳаромдан парҳез қилиб, озига қаноат қилаётган қўшнисини бахтсиз деб ҳисоблайди. Бу қўшни эса унинг охиратини ўйлаб, бахтсизлигидан афсусланади. Демоқчимизки, оилаларнинг бахти ҳам, бахтсизлиги ҳам фақат ўзларига хос, бир-бирига ўхшамайди. Ҳатто бир оила аъзоларининг бахт ҳақидаги тушунчасида ҳам фарқ бўлади. Эр бахтни илм олишда, деб билса, хотин билакни безовчи тилла билакузукда деб ҳисоблайди. Қани, барча тушунчаларни битта қолипга солиб кўринг-чи!
    Мазкур гурунгимизга «бахтиёрлик - осойишта қалбга эга бўлиш билан вужудга келади», деган фикр билан якун ясасак бўлади. Қалб осойишталиги – Яратганни таниш билан вужудга келади. Биз алҳол «бахт» деб ўйлаётган бойлик, мансаб, ҳатто оила қувончи – барчаси ўткинчидир. Холис яхшиликни касб этган кишининг бахтигина боқийдир.
    Просмотров: 362 | Добавил: albine | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    avatar