Таниқли ҳажвчи ёзувчи Ҳабиб СИДДИҚ билан суҳбат
«Кулги инсон руҳиятининг покланишига хизмат қилувчи восита. Кўнгилдаги ғуборни ювиб, руҳни тозартиради, кайфиятни кўтаради. Кўтаринки кайфият эса меҳнат унумдорлигини оширади. Иш унумдорлиги даромадга ҳам барака беради. Демак, кулги кирган уйга бахт ташриф буюради.»
— Бемор танасидаги дардни чиқариб юбориш учун дори зарур бўлганидек руҳиятимиздаги қусурни, иллатни даволаш учун «ҳажв» деб аталмиш малҳам керак, — дейди таниқли ҳажвчи ёзувчи Ҳабиб СИДДИҚ. — Таомдаги қалампир гоҳида кўздан ёш чиқарса ҳам жисмимизни соғломлаштиришга ижобий таъсир кўрсатганидек, ҳажв жамиятни иллат ва қусурлардан тозалашга хизмат қилади. Ҳаётимизда учраб турадиган иллатлару қусурларни кулги остида фош этади. Азалдан ҳазил-мутойибага, кулгига ўч халқмиз. Афанди латифаларининг оғиздан-оғизга ўтиб, сараланиб, бойиб, кўпайиб боришининг боиси ҳам шундан. Гурунгларимиз, гап-гаштакларимизнику кулгисиз, ҳазил-мутойибасиз тасаввур этиб бўлмайди. Аскиячилар, қизиқчилар танловлари, ҳажвий томошаларни мухлислар интиқлик билан кутишади.
— Бугун ана шу вазифани матбуот, жонли саҳна ёки телерадио қанчалик уддалай оляпти, деб ўйлайсиз?
— Бу майдонда изланаётганлар анчагина. Ижодини элга манзур қилаётганлар ҳам кам эмас. Бироқ жиддийроқ ёндашадиган бўлсак, улар орасида кўпчилиги юки енгилроқ, юзакироқ, ҳатто баъзида зўрма-зўраки кулги қўзғатиш учун чиранишлардан иборат бўлиб қолаётгандай. Абдулҳаймахсум Қозоқов, Ҳасанбой Султонов каби аскиячиларимизнинг, Сойиб Хўжаев, Эргаш Каримов, Ҳасан Йўлдошев каби кулги дарғаларининг ўрни билиниб қолаётгандек. Албатта, оққан дарё оқади. Бироқ жиддийроқ изланишлар керак. Ижтимоий мазмун касб этмаган, шунчаки кулги учун ёзилган ёки ижро этилган асар нишонга тегмайди ва тезда унутилади.
— Сизнингча, ҳажвияни ривожлантириш, унинг таъсирчанлигини ошириш учун нима қилиш керак?
— Изланишимиз керак. Иқтидорли ёш ҳажвчиларни қўллаб-қувватлашимиз керак. Бу борада аниқ бир тавсия айтишга ожизман. Ягона ҳажв журнали «Муштум»нинг адади ҳам жуда камайиб кетди. Деярли барча нашрларимизда ҳажвий саҳифалар бўларди. Бугун уларнинг кўпи анча жиддийлашиб қолган. Ёхуд онда-сонда қўл учида нималардир узуқ-юлуқ берилмоқда.
Ҳажвий асарларни ўқиганда башараси тундлашадиган, пешонаси тиришадиган одамлар ҳам топилади. Назаримда, ҳажвий қаҳрамон қиёфасида ўзини кўрганлар ана шундай ҳолга тушади. Шу боис ҳажвий асар ҳам, унинг муаллифи ҳам барчага бирдек ёқавермайди.
Албатта, кулги бозоридаги турли савиядаги маҳсулотларни ҳар бирининг ўз харидори бор. Баъзан унча кўнглингиз тўлмаган ҳажвий кўрсатув ҳақида кимнингдир «кеча телевизорда кўрдингизми, зўр бўлди-а?» деганини эшитиб қоласиз. Начора, бировга қозон кабоб ёқади, кимгадир шолғом шўрва. Мудом харидори бор экан бачкана, енгил-елпи кулгилар ҳам бўлаверади. Қачонки кулувчининг савияси кўтарилса, танлаш кўникмаси бўлса, бачкана кулгилардан халос бўламиз.
Нимадан кулаётганига қараб одамга баҳо бериш мумкин.
Кулдирувчи ҳам ҳадду меъёрини билиши, чегарадан чиқмаслиги, бировнинг шахсиятига тегмаслиги керак. Энг муҳими — самимий кулги. Ҳажвчиликнинг мураккаблиги ва масъулияти ҳам ана шунда.
— Ўз ижодингизда асосан нималарга амал қиласиз? Кимларни ғойибона, кимларни ростакамига устоз деб билдингиз?
— Илк машқларим ўқувчилик йилларим газеталар саҳифаларида, ўрта мактабни битираётган йилимиз «Муштум» журнали саҳифаларида чоп этилган. Ижодий изланишлар талабалик йилларимда ҳам давом этди. Айниқса, Тошкент ирригация ва мелиорация институтида аспирантурада таҳсил олган даврларда «Муштум» журнали таҳририяти қошидаги «Ёш ҳажвчилар» мактабига қатнаш, бу ерда устозларим Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов, таниқли адиб Саъдулла Сиёев билан танишиш, машқларимни уларнинг назаридан ўтказиш бахтига муяссар бўлдим. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Дўрмон ижод уйида бўлиб ўтган ёш ёзувчилар анжуманида илк китобимнинг устоз Саид Аҳмад раислигида муҳокама қилиниши ва нашрга тавсия этилиши менга ижодий руҳ бағишлади. Ана шу устозлар йўлини тилаб изландим, ижод қилдим. Ҳозиргача ўнга яқин китобим чоп этилди, уларнинг асосий қисмини ҳажвия ва ҳангомалар ташкил этади.
— Шогирдларингиз борми? Ёш қаламкашларнинг дастлабки ва айни кунлардаги уринишларидан кўнглингиз тўладими?
— Машқлари билан келадиганлар, изланаётган, ижодда нималаргадир эришаётган укаларимиз бор. Лекин уларни ўзимнинг шогирдим дейиш фикридан йироқман. Чунки ижод доимий тажрибалардан иборат экан, ўзимни ҳали изланаётганлардан бири деб ҳисоблайман.
Ёшлар орасида ҳажвчи ҳаётда дуч келадиган қизиқ гапларни тўплаб, осонгина асар ёзади, деб ўйлайдиганлар ҳам, жиддий изланаётганлар ҳам бор. Устозларимиздан бири «ҳажвчи ижодкорнинг нони ҳамиша қаттиқ бўлган», дея таъкидлаганди. Машаққатларига чидаганлар яхши натижаларга эришишига шубҳа йўқ.
— Ҳаётда кулгили ҳолатларга дуч келамиз. Ҳажвчи ижодкор буни бошқаларга қараганда тезроқ илғаб олади. Шундай эмасми?
— Шундай ҳолатлар бўлиб туради. Мабодо учрайвермаса, бунақа ҳолатларни ўзимиз яратиб ҳам оламиз. Масалан:
— Газетани одатда, қайси саҳифасидан бошлаб ўқийсан? — деб сўрайди ҳазилкаш дўстлардан бири.
— Сўнгги саҳифасидан, — дейман мутлақо жиддий.
— Нега?
— Чунки шу бетга қараб дунёда ким бор, ким кетган — билса бўлади...
— Ие?.. Хўш, нима бўпти?..
— Бирров кўз югуртириб чиқасан-да. Бу ерда ўзингнинг исм-шарифинг бўлмаса... «Хайрият, тирик эканман» дейсан-да, хоҳлаган саҳифангни ўқийверасан!..
Яна бир мисол.
Газетанинг байрам сонида бир гуруҳ таниқли устозларга ҳазиллар бердик. Тўғриси, ўша ҳазиллар матнини тайёрлаган шоир йигит уларнинг кўпчилигини танимайди, улар ҳақида «хомашё»ни бошқалар беришган. Докторлик диссертациясини тайёрлаб қўйган, ҳимоя қилиши нима учундир чўзилиброқ кетган бир обрўли доцент ҳақида уни тезроқ ҳимоя қилишга даъват этиш учун «пишган қовунни вақтида узиш керак, акс ҳолда ичи тушиб қолади», деган мазмунда шеър битилган эди.
Ҳазиллар эълон қилингач, жанжал чиқиб кетишига бир баҳя қолди. Шоир, билмасдан, палагини босиб қўйибди… домланинг лақаби «қовун» экан.
Ана шунақа! Ҳажвчи ҳаётда нималарга дуч келмайди дейсиз. Аммо фаросат билан ёзаман десанг гап кўп...
Жамоатчилик фикрини ўрганишга бел боғлаган мухбир ҳассасини дўқиллатиб бораётган Эшмат бувага микрофон тутди:
— Қандай газеталарни ўқиб турасиз, отахон?
— Пўштахонада пенсиямизга қўшиб берган газитларни-да, болам, — деб жавоб берди бобой...
— Газетамизнинг «Оилахуржун» саҳифасида тез-тез чиқиб турасиз. Шу саҳифамизни қандай баҳолаган бўлар эдингиз?
— «Оилахуржун» саҳифасини мунтазам кузатиб бораман. Газетанинг дастлабки сонларидан иш бошлаган бу саҳифа йилдан-йилга қамрови кенгайиб, муштарийлар орасида обрўси ошиб бормоқда. Унда шу куннинг долзарб мавзулари қизиғида қаламга олинмоқда. Унда айни кунда ижод қилиб турган залворли қалам соҳиблари билан бир қаторда кўплаб ёшлар юртимизнинг турли бурчакларидан туриб газетхонни теша тегмаган кузатишлари билан хурсанд қилишмоқда. Газетхонлар орасида мазкур саҳифанинг мухлислари кўп эканига шубҳа йўқ. Бу эса газета ижодкорларига янада каттароқ масъулият юклайди.
Кулиш осон, кулдириш қийин, деган гап бор. Тўғри. Лекин кулдиришнинг завқи ҳам шунга яраша-да. Кулишга, кулдиришга нима етсин!
Маҳмуд БЎРОН
суҳбатлашди.
"Оила даврасида" газетасида босилган.