Муаллиф хақида . Мирзахон Хожи Адхамов Туркистоннинг Қорачиқ қишлоғида истиқомат қилади. Мехнат фахрийси . Жамоат ишларида фаол . “Жанубий Қозоғистон” газетасининг доимий 10 муштарийсининг химматли хомийси . Қуйида Мирзахон Хожи Адхам ўғлининг хаётда кечирган воқеалари , изтироблари , инсоний муносабатлар мавзу қилиб олинган хикоясини эьтиборларингизга хавола қиламиз.
Воқеавий хикоя
Кутилмаган туҳмат балосининг қайғуси ёмон ...
Ўзингдан чиққан ёв ёмон
Давоси йўқ дард ёмон
(халқ мақоли)
1970 йили Совет Армияси сафидан йигитлик бурчимни аьло даражада бажариб партия сафига кириб коммунист бўлиб келдим. Қишлоқда ёз чилласи , иш қизғин . Падари бузрукворим , ёшлигидан суяги халол мехнатда қотган сувчи Адхам ота менинг харбий хизматдан сўнг дам олишим тарафдори эди. Лекин учинчи куни Миркомил тоғам кўтаринки кайфиятда эшикдан кириб келди.
- Почча , опахон , гаражда иш кўп . Мен Мирзахон жиянни чилангар моторчи қилиб ишга гаплашиб келдим, - деди.
- Армиядан келганига энди уч кун бўлди. Бундоқ дам олсин , қишлоқ хаётига харбийдан сўнг кўниксин , у ёғи бир гап бўлар , - деди дадам.
Гапга ойим қўшилди.
- Тоғни урса толқон қиладиган йигит, ишласа ишласин , халққа мехнати билан танилсин. Дам олиш энди сизга ярашади, дадаси .
Тоғам менга қараб : - Адхам почча, Мирзахон ўғлингиз харбийда яхши хизмат қилди, баракалла. Лекин сиз ва мен каби урушда немислар билан жанг қилгани йўқку, тўғрими. Мехнат фронтида ўзини кўрсатсин . Демак , жиян , хозир мен билан гаражга борасан , сенга ишчи кийимини олиб бераман. Тоғам мехнаткаш , қишлоқда обрўли , мехнат одамини қадрлайдиган қаттиққўл инсон эди.
Шундай қилиб харбийдан келганимга уч кун бўлмай мехнат фронтига шўнғидим . Ишга ихлос , иштиёқим боис тез фурсатда хамма билан тил топишиб мехнатимдан беқиёс завқ олардим. Бу эса энг мухими эди. Кунлар кетидан кунлар , ойлар кетидан ойлар ўтиб февраль хам келди. Одатда бу ойда қишлоғимиз шимолидан ўтадиган сойга сув тошқини келади. Бу сув баьзан икки , баьзан уч ой оқади. Колхоз маьмурияти бу сувдан кузлик буғдойни , Қарсоқли деган ердаги яйловни , бедазорни суғориб оларди. Шу ишда яхши ишлаганим учун партия йиғилишида менга миннатдорчилик билдирилиб бир ойлик қўшимча маош билан рағбатлантирилдим. Кўп ўтмай механигимиз менга эски , мотори ишдан чиққан машинани созлаб ишга тушириш топшириғи билан топширди. Тез кунда автомашинани ремонтлаб пичан бригадасига ишга чиқиб ишчиларни таший бошладим. Отам ва онам менга насихат айтишади : «Ўғлим , автомашинани хазрати довут дейди, тоза юр , тоза тур , хар доим ўрганган оятларингни ўқиб юр , халққа холис хизмат қилишдан чарчама. Хамкасбларинг хамқишлоқларининг юкини беш сўмга олиб келса сен қаноат қилиб уч сўмга олиб кел. Кўлик хам , бензин хам давлатники , қилган мехнатингга эса Яратган эгамдан барака тила. Ўшанда сенга Оллохнинг барокоти ва нури ёғади » дерди. Бу ўгит насихатларни амалда рисоладагидай этиб бажарардим. Кун оша обрўйим , ишга ихлосим ортаётганидан кўнглим тоғдек кўтариларди. Шундай кунларнинг бирида пичан бригадирини кечқурун ишдан сўнг уйига етказиб қўйдим, қишлоққа қайтаётганимда бензиним тугаб челак кўтариб ёқилғи қуйиш шахобчасига кетдим. Қишлоғимизда ўрдак фермаси очилиб , четдан келган рус қизлари ишларди. Дўстларимдан бири шулардан бирини ёқтириб уйланаман деб юрарди. Мен челак кўтариб бензинга кетганимда улар менинг мошинам ёнига келиб шу ерда анча гаплашиб турибди экан. Тасодифни қарангки гаражимиз механиги даладан келаётиб бу манзарани кўриб “Мирзахон иш қизғин пайтида катта мошинани қизлар сайлига миниб юргани нимаси . Мен партия йиғилишида уни тартибга чақириб қўяман ” деб кўнглига туккан экан. Мен челакни бензинга тўлдириб мошинага яқинлашганимда дўстим хам дугонаси билан кетиб бўлишган экан. Бир қизиғи , бу воқеалардан менинг мутлоқ хабарим йўқ.
Эртаси куни кечқурун партия аьзолари ва фаоллар йиғилишида зарур масалалар кўрилди. Гап навбати айланиб механигимизга келди. Механигимиз иш боришини баён этиб сўзининг охирида кутилмаганда дабдурустдан :
- Хўш , хурматли фаоллар , энди масаланинг яна бир томони бор. Хаммамиз жўр бўлиб мақтаётган Мирзахон қишлоқнинг тўрт тонналик юк автомашинасини тун ярмида ўрдак фермадаги қизларга миниб айланиб юрибди , - деди. Мен “ёлғон, бўлмаган гап” дея ўрнимдан туриб кетдим. Механигимиз эса ўша бамайли хотирлик билан гапида давом этарди.
- Мирзо йигит , сабр қилинг , ярим кечаси мен ўрдак ферма ёнида сени бир қиз билан кўрдим. Сен менинг чалган сигналимга хам эьтибор бермадинг . Тўғрими .
Атрофдагилар бир варакайига хохолаб кулиб юборишди. Мен , гапнинг очиғи кутилмаган тухматдан довдираб ноқулай ахволга тушиб қолдим.
- Мен соат 12 яримда заправкадан бензин олдим. Буни заправкачи хам далиллай олади, - дедим базўр. Шу пайтда Тўлепберген пичан бригадиримиз жонимга аро кирди.
- Эй халойиқ , нега хамманг шовқин солаверасан. Мирзахон йигит бир рус қизини мусулмон қилиб уйланмоқчи бўлса бунинг нимаси айб . Хадисда айтилган ким ғайри динни мусулмон динига киритса жаннати бўлади, деган . Мирзахоннинг отаси хақиқий жаннати одам. Мирзахонга эса партиявий топшириқ . Шу куздан қолмай хосилни йиғиб териб бўлгач сенинг тўйингни тўйлайлик хаммамиз. Ўтирганлар хаммаси бараварига қарсак чалиб юборишди. Шунинг билан менинг нохақ куйган азобим кечирилиб кузда рус қизига уйланиш шарти билан мажлис тугади. Мен тухматдан айри олиб қолган пичан бригадири Тўлапберганга рахматимни айтиб ўз ишимга илгаригидан хам жон дилим билан берилиб киришдим. Менинг мошинам эскигина бўлса хам бирор кун ишдан қолмасдим, сабаби ярим соат бўш вақт топсам дарров у ер бу ерини кўздан кечириб ночор ерларини созлаб қўяр эдим. Мошинадаги юкларни туширишда эса бир ишчи қаторида ёрдам берардим. Шу боис бўлса керак навбатчи диспетчеримиз “Мирзахон , сен буларни дуолаб қўйганмисан” хаммаси бир овоздан 60- 54 рақамли мошинани берасан , деб туриб олишади, - деб мен билан хазиллашарди. Уйландим , умр йўлдошим Пўлатой шахарлик бўлса хам қишлоқ хаётига тез кўникиб ўғилларим билан биргаликда қишлоқда биринчилар қаторида пленка тагига бодринг экиб эрта бахорда бозорга чиқарардик. Менинг рўзғор шароитим мехнатимга яраша яхшиланиб аввал мотоцикл , кейин “жигули” автомашинаси , уч йилдан сўнг “Волга” русумли машина сотиб олдик. Хамма иш , рисоладагидек , хаёт ўз измида давом этарди. Шундай кунларнинг бирида менинг қалбимни ларзага солган , оиламизга қаттиқ зарба бўлиб теккан бир иш содир бўлди. Воқеа тафсилоти қуйидагича . Отамнинг Мохинисо исмли синглиси бўлиб битта ўғил тўртта қиз ўстирган эди. Поччамиз оламдан барвақт ўтганлиги боис отам синглисига қарашиб турарди. Катта қизини узатди. Ўғлини уйлантирди, лекин оиласида тинчлик бўлмади. Укасининг оиласига аралашиб келинни ўтирса ўпоқ турса сўпоқ қилди. Жондан тўйган келин неча маротаба уйига хам кетиб қолди. Хар гал отам иккимиз яраштириб қўяр эдик. Аммамиз содда аёл эканлиги боис шаддод қизининг чизган чизиғидан чиқмас эди.
Укасининг оиласига нифоқ солиб юрганида синглиси Мохира эгри йўлга юриб суюқ оёқ чиқиб қолди. Буни келин сезиб юрса хам Мавжудага айтишга қўрқарди. Мохира эса хамон саёқ юришини канда қилмас эди. Куз мавсуми , пахта йиғим терим пайтида Мохирага олис қишлоқдан совчи кела бошлади. Мохиранинг опаси Мавжуда зудлик билан совчиларнинг оиласини , бўлажак куёв йигитнинг хулқ атворини суриштириб келди. Оилавий шароити бақувват эмасада лекин йигит бояқиш ювошгина , синглиси хохлаган тарафга етаклаб юра олади. Опаси синглисига тўйни бошлашни таклиф этади. Синглиси Мохира эса дардини дастурхон қилиб муаммосини баён этади. Мавжуда опаси синглиси Мохиранинг қизлик иффати поймол бўлганини биларди. Ўзаро маслахатдан сўнг Мавжуда ўз режасини Мохира синглисига баён этади.
- Тўйга хам , сенинг қизлик иффатинг , илгариги бокиралигингни жаррохи йўли билан қайта тиклаш учун озмунча пул керак бўлмайди. Мохирани қишлоққа , Мирзахон тоғамизникига чиқарамиз . У ёқда бир кун тунаб кирсин , тоғам бақувват , қишлоқда обрўли . Таниш билишлари хам кўп. Ортиқча гап сўзга қолмаслиги учун тоғам тўй харажатини хам , қизлик иффатини аслига келтириш жаррохи харажатини хам топиб беради. Мана шундай хуфёна , хеч бир мазхабга сиғмайдиган режа тузилиб уни амалга оширишга киришадилар.
Мохира пешиндан сўнг қишлоққа келади. Умр йўлдошим , Пўлатой янгаси уни хушрўйлик билан қарши олиб ош дамлаб мехмон қилади. Мохира тоғасининг қачон ишдан келишини сўраб суриштирганида қишлоқда иш қизғин эканлиги , кеч келишини айтади. Мен ярим кечага яқин ишдан келиб овқатланиб эрталаб барвақт туришимни айтиб чарчаб ухлаб қолдим. Мохира эса Пўлатой келинойиси билан бир кўрпада ухлади. Эрталаб туриб Пўлатой тайёрлаган ноншутадан тамадди қилиб олгач унга жиянимиз Мохиранинг тўйи яқинлиги , харажатдан қийналиб чиққан бўлса болаларнинг суннат тўйига аталган сармоядан бир қисмини бериб туришини , имкони келганда қайтаришини айтдим. Сўнг ишга кетдим. Мохира жиян вақт тушга яқинлашганда уйғонибди. Ўзининг кўп ухлашини , оз ишлашга одатланганини , тоғаси , яьни менинг ишдан кеч келиб эрта кетишимга жони ачиган киши бўлиб гапирибди. .. Орадан бир хафта ўтгач жиянимиз Мохиранинг ташрифи мохиятини тўлиқ тушуниб етдик... Эрталаб барвақт жиринлаган телефон гўшагини кўтарган Пўлатойга аммамизнинг қизи Мавжуда “Келинойи зудлик билан келинг, зарил иш бор” деб айтибди. Пўлатойнинг хаёлига эса аммамиз касал бўлиб қолдимикан, тўйни тезлаштирмоқчимикан , деган ўйлар келиб аммасиникига хам етиб борди. У ерда Мавжуда , укаси , синглиси Мохиралар Пўлатойни совуқ салом билан қаршилаб ичкарига бошлашди. Гап нимадалигини билмай кекса аммаси билан хол ахвол сўрашаётган Пўлатойни Мавжуда ичкарига бошлайди.
- Пўлатой келинойи , тоғам , бобом бизларга қишлоққа бормайсанлар, бизларни йўқламайсанлар дегандан сўнг қишлоқ хавосини олиб айланиб ётиб кирсин деб Мохирани сизларникига чиқарсам ... Мирзахон тоғам кечаси унинг номусига тегиб иффатини поймол қилиб қўйибди. Энди нима деган одам бўлдик , энди нима қиламиз, - деб лўлилар каби ролга кириб чинакамига йиғлай бошлабди. Пўлатой эса бир хафта муқаддам мехмонликка чиққан Мохира унинг ёнида ётганини , эри эса ишдан кеч келиб эрта туриб кетганини , бошқа тўшакда тунаганини ўйлаб идрок этиб, бу хийлаи найранглардан обдон боши қотиб қолибди. Хийладан сўнг ўзига келиб : - Мохира, бу нохақ хийлаларингни тоғанг , қишлоқ ахли эшитса нима дейди ? Менинг уйқум сергак , гарчи уззукун иш ила банд бўлиб чарчасамда кечаси молхонада молларнинг дупур дупурини сезиб ётаман. Сизлар саёқ саргузаштларингни салмоғини энди келиб келиб Мирзахон тоғаларинг бўйнига ағдармоқчимисанлар , - дейди. Мавжуда эса пихини ёрганлар хилидан эмасми дарров кўз ёшини артиб :
- Пўлатой янга, ёпиғлиқ қозон ёпиғлиғича қолсин. Буни тоғам хам билмасин , қишлоқдагилар хам эшитмасин . Фақат Мохирани бокиралигини тиклашга кетадиган харажат , тўй сарфи сармоясини берсангиз гап шу ерда қолади, - дейди безбетлик билан .
Икки ўт орасида қолган Пўлатой оғир ўйга чўмиб нима қилишини билмай боши қотади. Ошинг халол бўлса кўчада ич , қабилида мехнат билан топилган оила сармоясини харом хариш ниятни мақсад тутган кимсаларга осонгина топшириш - оила насибасига хиёнат , талаб қилинаётган харажат берилмаган тақдирда эса бу худодан қўрқмайдиганлар яна хар хил найранг ўйлаб топиши муқаррар . – Мен Мирзахон тоғаларингиз билан бамаслахат холда келишмагунимча сизларга бир тийин пул хам беролмайман, - деб гапни калта қилади. Уйга келгач Пўлатойнинг авзоини кўрган қайинотаси унинг бирор жойи оғрияптимикан , - деган истихолага боради. Пўлатойнинг хақиқатан хам қалби , юраги оғриётган , нохақ тухмат , тўмтоқ муомала, дағал дудмол муносабатдан виждони эзилаётган , энг оғири - бу ўринсиз талабни , тухматни менга , умр йўлдошига қандай айтиб , қандай етказишни , боз устига бу нохуш зарба менинг соғлигимга қандай зарба бўлиб тушиши устида ақли лол эди. Мен ишдан келиб уни лохас ахволда кўргач сабаб сирини суриштирдим. Пўлатой ақли расо аёл эмасми аввал мени огохлантириб , тинчлантириб сўнгра юқоридаги безбетлик билан тузилган режани , унинг муаллифлари талабларини менга баён этиб берди. Оллохдан сабр тоқат , сизни нохақ айблаганларга оллохнинг қарғиши бўлсин. Сиз кўп нохақликларни енгиб ўтгансиз , бу сафар хам енгиб ўтишингизга оллохим сизга ёрдам беради деб ишонаман, - деди Пўлатой . Мен умрим бино бўлиб бундай хуноб бўлмагандим. Куни бўйи ишда чарчаган эсамда , жиянларимнинг бундай жинни режалари , тухматлари захри азобидан тун бўйи кўзимга уйқу келмай мижжа қоқмадим. Яратган эгамга , яхши кунларда шукур , оғир кунларда сабр , деган қаноатли нақлга амал қилишдан ўзга чорам йўқ эди. Эртаси барвақт шахарга йўл олиб бизни оғир ахволга солган хонадон дарвозасини тақиллатиб узоқ туриб қолдик. Бу ерда барвақт туриб насиба қидириш одат бўлмаганлиги , шундоққина кўриниб турарди. Бу ердаги айтилган гаплар , кўрилган азоблар , қийинчиликларни баён этишга тилим ожиз. Фақатгина кучим етгани “Сенларга Оллохнинг қарғиши бўлсин ” , - деб калом айтдим. Шу зайлда уйга қайтиб кетдик. Кунлар кетидан кунлар ўтди. Бир куни эрталабки нонушта пайтида жияним Сардор кириб келди. – Тоғажон , мени кечиринг, опамнинг сўзига кириб сизни нохақ тухмат ўтида куйдириб , опам хам сингилларим хам сизнинг олдингизда гунохкормиз. Мен сизнинг кўп яхшиликларингизни кўрганман. Тошкентга даволанишга кетяпман. Агар ажал етиб ўлиб қолсам жасадим Тошкентда қолмасин , ялинаман, - деб яна йиғлашда давом этди. Мен жиянимга “Оллохдан шифо сўра ниятингни яхши қил ”, - дедим. Шу зайлда яна кунлар ўтди. Колхозда пахта, экин – тикин мавсуми битиб биринчи май байрамига тайёрланмоқда эдик. Эрталабки сукунатни аёл кишининг йиғиси бузди. Эшикдан ўша Мавжуда жиянимиз бор овозда баралла йиғлаб кириб келмоқда эди.
- Тоғажон мен ахмоқни кечиринг , - дерди у тўхтовсиз. Мен эса “Оллох кечирган бўлса, мен хам кечирганман” деб уни юпата бошладим. Мавжуда йиғи орасида укаси Сардорнинг Тошкентда даволаниш чоғида хаётдан кўз юмганини уни олиб келиш , дафн этишга мендан бошқа қариндоши йўқлигини айтиб баён этарди. Мен яна сабр сақлаб сукут қилдим. Мехнатларимизнинг савобини оллохдан қайтсин деб олти ой муқаддам дунёдан ўтган аммамизнинг ёнига дафн этиб қурьон оятларини ўқиб уч кунлик ошини ўтказиб ишга тушиб кетдим. Кунлар кетидан кунлар ўтиб бир куни Пўлатой аёлим “Дадаси, қишлоққа турмушга чиққан Мохира жиянингиз бетоб бўлиб шифохонага тушибди. Мен ош дамлай , бозордан у бу харид қилиб кўриб чиқайлик ” , - деб қолди. Мен азбарои кек сақламайдиган , такаббурликдан олис , самимий ва содда аёлим борлигидан Оллохимга минг карра шукроналар айтдим. Эртасига Мохира жиянимиз ётган шифохонага бориб хамшира қиздан уни сўратдик. – Қорачиқ қишлоғидан тоғангиз ва келинойингиз келиб турибди, - деб айтсангиз ўзи билади дедим. Хамшира қиз кўп хаялламай чиқди : “Вой акажон , жиянингиз сизларни кўришга юзим йўқ , уяламан ” деб йиғлаяпти, - деди. Қўлимиздагини хамширага топшириб бериб қўйишни илтимос қилдик. Орадан кўп ўтмай Мохира жиянимиз хам боқий дунёга рихлат қилганини эшитиб оллох имони билан олган бўлсин деб бориб фотиха қилиб қайтдик.
Нохақ куйдим, ёндим
Дунё кўзимга тор бўлди
Эй ёронлар, шукур дедим
Оллох менга, ёр бўлди.
Мирзахон Хожи Адхамов
Туркистон шахри , Қорачиқ қишлоғи .
|