|
“Мушук қани? Ёхуд ўзбек матбуотига бир назар”
Бизнинг журналистларимиз орасида таъмагирлиги учун калтакланганлар бўлса бордир, лекин бирор жиноий уюшмани фош этиб отилгани йўқ. Матбуотимиз ўта шарқона, мақолалар (агар уларни мақола дейиш мумкин бўлса) хаспўшлашлар, доно ўгитлар, ҳадис иқтибосларига тўла. Жумлалар эса асосан гумон олмошларидан иборат. Аслида, оддийгина: - мумкинми, деган сўзни ҳатто пичирлаб айтишга қўрқадиган журналистнинг на фақат газетада ишлаш, қалам тутишга маънавий ҳақи йўқ.
Президентимиз ташббуси билан цензура расман бекор бўлди! Қувонишга шошилган эканмиз, у йўқ бўлмаган, аллақачон ҳар бир журналист, муҳаррирнинг миясига ўз уруғини экиб кетган экан. Миялар эса, бамисоли унумдор ерлар каби бу цензор личинкаларини авайлаб улғайтмоқда. Ахир, мамлакат раҳбари ҳар бир муҳаррирнинг миясини очиб, цензура деган ўсимтани олиб ташланглар., дея жарроҳларга фармон бераолмайдику!
Матбуот, ахборотлаштириш, ахборот олиш кафолатлари., ҳақида жаҳон андозалари талабларига мусаллам қонунларимиз бор. Лекин, бу қонунларга амал қилиб қалам тебратадиган журналист йўқ. Дейлик, сиз бир нашр муҳарририсиз. Қонун қабул қилингач, аслида унга риоя қилмаслик, амалдаги қонунчиликга итоатсизлик эканлигин яхши биласиз. Сиз бўлсангиз пулни елга совуриб, хаспўшлаш билан овворасиз. Шу инсофданми, муҳтарам мухбирбоши! Ахир, бозор иқтисодиёти талабига кўра газетангиз сотилмаса зарар кўрасиз. Шу ўринда мен адашдим чоғи. Газета зарар кўрмайди, дейди муғомбир муҳаррир хотирижам. Газета муҳаррири вилоятлардаги (аслида мамлакатдаги) камчиликлардан кўз юмади. Вилоят раҳбарлари эса, бунинг эвазига обунани ташкил қилиб беради. Бундай удабуронлиги учун аслида бош муҳаррирга ҳайкал қўйиш керак. Биринчидан тирик одамга ҳайкал қўйиш ноқулай, иккинчидан шунча ҳайкални қаёққа сиғдирамиз, деган муаммо ҳам йўқ эмас...
Халқимиз суюб ўқийдиган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” деган газетага жуда улуғ (номини тилга олишга тарбиям изн бермайди, узр) муҳтарам шоиримиз тавсияси билан ана шу муҳтарам зотнинг ҳамқишлоғи бош муҳаррир этиб тайинланди. Умр бўйи орзу қилган муроди ҳосил бўлган бош муҳаррир ана шу машҳур газетани бир йил ичидаёқ ҳеч ким ўқимайдиган туман газетасидан ҳам паст савияга туширишга муваффақ бўлди! Мухлислар талашиб ўқийдиган донгдор газета вилоят раҳбарлари кўмагида зўрлаб обуна этиладиган нашрлар сафидан жой олди. Барибир қойил қолиш керак. Ҳеч ким ўз ихтиёри билан ўқимайдиган шунча гапларни қаердан ўйлаб топаркин бу зот!? Чидаса бўлар, ҳар ҳолда газетанинг номи сақланиб қолди-ку! Лекин, ул зот барибир бир ниятига етди, у ўша улуғ ҳамқушлоғи кўмагида Ўзбекистон ёзувчилари уюшмасининг ягона нашри “Ёзувчи” газетасига ҳам ҳаммуҳаррир бўлиб, бир-иккита ҳамюртларинг асарларини чоп этиб, муроди ҳосил бўлгач нашрни таг-туги билан тугатиб бердилар...
Яхши ниятлар билан ташкил этилган мустақил “Ҳуррият” газетасининг ҳам аҳволи шундай. Ўнларча мисоллар келтириш мумкин. Бу гўё, марҳумларни эсга олганингдагидек ғалати бир кайфият пайдо қилади. Чунки, марҳумни жойига қўйгач, сўрайдилар: - фалонча қандай одам эдилар? Яхши эдилар.., дейди оломон жўр овоз билан. Биз ҳам фалон газета қандай нашр эди., деб сўраймиз. Марҳумни ким ўлдирди деб сўраш ножоиз бўлганидек, бечора газетани ким тугатди деб айтиш урф эмас. Салламно!
Адлия вазирлиги нашри бўлган “Инсон ва қонун” газетаси ҳуқуқий мавзудаги танқидий мақолаларни чоп этмаслиги билан довруқ қозонган. Бош муҳаррир Қўчқор Норқобил ҳатто ходимлари томонидан тайёрланган мақолани чоп этишдан олдин: - мухбиримиз Қурбон Эшматов журналистик суриштирув ўтказиб, тайёрлаган “Айблов!” сарлавҳали мақолани юборар эканмиз, унда кўтарилган масалага Бош прокуратура мутахасислари қонуний баҳо бериб, ўз муносабатларини билдиришларига ишонамиз., деган мазмундаги хат билан мухбир танқид остига олган ҳокимият органидан танқидий мақолага цензорлик қилишни илтимос қилиб сўрайди?!
Биз бир-биримизни шарафлашга берилиб, газета аслида ҳар куни чоп этилиб (айрим “қолоқ” давлатларда баъзи газеталар бир кунда икки марта чоп этилади, тонгги ва кечки) зудтар тарқаладиган оммавий ахборот воситаси эканлигини батамом унутиб қўйганимизга анча бўлди. Газеталар бизга етиб келганида, ундаги ахборотлар эскириб кераксиз ҳолга келган, яъни, макалатурага айланган бўлади. Ҳафтада бир, ўн беш кун ё ойда бир маротаба чоп этиладиган нашрларни газета дейиш мумкинми?! Мудофа вазирлигининг “Ватанпарвар” ҳафталик газетаси бошидан охиригача рангли, шу 24 бетлик газетанинг ижодий жамоаси бош муҳаррирдан тортиб, ходимларигача ҳарбийлар. Шиори: - Ватан туйғуси – муқаддас бурч! Газетадаги ўзбекча ва русча материаллар кирилча, лотинча ҳарфларда. Тиражи 41050 дона газетани чоп этиш учун бир йилда қанча тонна қоғоз зарур. Бир неча сонини қайта – қайта ўқиб ўқиганларимдан ҳеч нарса эсимда қолмади. Ҳеч кимнинг эсида қолмайдиган материаллар билан 24 саҳифани тўлдириш учун қанча маҳорат керак?! Газета десак, ҳар кун эмас, ҳафтада бир чиқади, бирор тезкор хабар йўқ. Журнал десам, шаклан газета. Бечора ҳарбийлар севимли газеталарини бир ҳафта кутиб, роса диққинафас бўлсалар керак. Тиражи 41050 дона “Ватанпарвар” учун бир йилда қанча тонна қоғоз зарур. Энг муҳими газетадан аскарларимиз олаётган маънавий фойда, шунча тонна қоғоз харжини оқлайдими...
Афанди бир куни ярим кило гўшт олиб келиб: - Кечга чучвара қилиб қўй, деб хотинига тайинлаб, деб ишига кетибди. Нафси ёмон хотин гўштни қовуриб паққос еб қўйипти. Кечқурун ҳориб ишдан қайтган Афанди, қани хотин чучварани келтир деса, хотини овқат йўқ гўштни мушук еб қўипти деб., мушукка туҳмат қилипти... Иттифақо, шу пайт кириб келган мушукни Афанди тутиб олиб тарозида тортса, роппа роса ярим кило чиқипти. Афандининг жаҳли чиқиб: - эй, хотин бу мушук бўлса, гўшт қани? Агар, бу гўшт бўлса мушук қани деган экан... Бизким, Хўжа Насриддин авлодлари ҳам унча анойи эмасмиз. Агар, булар газета бўлса журналларни не деб атаймиз?! Агар, булар журнал бўлса.., хуллас мушук қани?! Муҳими, оммавий нашрлар рўйхатдан ўтаётганда ана шу: - нашрингиз газетами ё, журнал бўладими, деган масалани жиддий ҳал қилиб олиш лозим.
Яна бир муаммо таъсисчилар худди фарзандига ном қўйганидек газеталарга роса ўйлаб яхши ном ахтаради. Бу ном давлат рўйхатидан ўтгач, нашр ёпилсада бошқага берилмайди. Ўзингиз тасаввур қилинг, барча яхши номларни олган газеталар бир икки йил фаолият кўрсатиб ёпилиб кетаверса, янги ноширлар дуруст ном ахтариб сарсон бўлмайдиларми?! Шу танқислик оқибати ўлароқ “7Х7” каби алмойи-жалмойи ғалат номлар пайдо бўлмоқда...
Сариқ матбуотни қўятуринг, расмий ҳукумат нашрлари ҳам ҳар хил ривояту, амру маъруфларга тўла. Ахир, газета ҳадислар солномаси эмаску. Кўпчилик матнлар таҳрирсиз. Имло хатоларига тўла айрим хабар ва мақолаларнинг ярмини қисқартирсангиз ҳам мазмунга заррача путур етмайди. Ахир, бу маҳорот эмасми?!
Аксар оммабоп газеталаримиз ишқий олди қочди саргузашт “асар”ларни мазмунига мослаб хорижлик гўзалларнинг суратлари билан безайдилар. Ўша чет эллик жанон тасоддифан “Даракчи” ё “Ҳордиқ” газетасида ўзининг рухсатисиз чиққан суратини кўриб, бу ноширлардан миллион долар талаб қилса нима бўлади.?! Бу масаланинг ҳуқуқий томони. Ҳатто, баъзи номдор саргузашт асар ижодкорлари ҳам процессуал қонунларни яхши билмайдилар. Жиноий ҳаракат, жиноий мафия ҳақида даҳшатли сюжетларни тўқишади-ю, тергов жараёнлари бошлангач, юридик чалкашлик бошланади. Яъни, процессуал қонун талабига кўра прокурор шуғулланиши лозим бўлган ишни милиция терговчиси олиб боради, ёки аксинча. Ахир, бадиий асар, эртак эмаску!? Қолаверса, адабиётда жанр деган гаплар бор...
Бир марказий газетанинг бош муҳаррири пахта далалари четларига сабзи пиёз экиб, катта мувафақиятларга эришган фермерни шарафлаб шундай мақола ёздики, гўё золим шўролар давлати деҳқонга ҳатто шу имконни бермаган ва истиқлол туфайли у пахта майдони атрофига гир айлана томорқа қилишдек бахтга мушарраф бўлган эмиш. Муҳтарам муҳаррир на фақат қонун, ҳатто оддий агротехника, мелиорация талабларидан бехабар. Муҳтарам муҳаррир! Пахта экини, “болалиги”да ғўза бўлади. Уни суғоришнинг кўп йиллар мобайнида шаклланиб, илмий асосланган мъеёрлари бор. Сизнинг тадбиркорингиз юқори ҳосил олиш учун сабзига тинимсиз сув берса, атрофидаги пахта майдонларига ҳам сув ёйилиб, захалаб кетади. Аксарият пахта майдонларининг четларидаги ғўзаларнинг илдам шоналаб, ҳатто қишда ҳам тошдай қотиб, очилмаслиги шундан...
Бунга ер агротехникасидан хабардор оддий бригадир ҳам рухсат бермасди, ўша шўро даврида! Буни англаш учун лоаққал Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” асарини бир ўқиб кўрсангиз фойдадан холи бўлмасди... Сиз эса бу аянчли тажрибани бутун республикага ёйишни тарғиб қилаяпсиз. Ҳисобланг, талофатнинг ҳажми қанча?! Энг улуғ, энг азиз., танловида ана шу мақолангизга берилган мукофот билан қутлашни унутибмиз, узр эй, донишманд муҳаррир!
Урҳо-урлар соясида ҳаёт мантиғига хилоф, чиройли иборалар билан чирмалган, мукофотга сазовор бунга ўхшаш мақолалар шу қадар кўпки., бир таскин шулки, яхшиям уларни кўпчилик ўқимайди... Ҳар қандай газетани қўрқоқ муҳаррир ва ёмон мақолалар синдиради!
Ҳозир, деярлик барча вазирликлар, маъсулияти чекланган, чекланмаган катта кичик корхоналарнинг ўз нашрлари, нашрларнинг қошида яна “болача”лари бор. Бир томондан гўё, бу жуда яхшидек. Иккинчи томондан эса, иккинчи, учинчи томонларни қўяберинг муҳтарам қаламкаш дўстларим, ҳар куни гектар-гектар ўрмонлар ёнмоқда! Бутун мамлакат бўйлаб бекордан бекорга, бир чойдиш сувни илитмасдан ўрмонлар ёнмоқда, тутаб ёнмоқда...
Биз эса, танловлар ўтказиб, ўрмонга ким кўпроқ ўт қўйса, ўшанга мукофот бериш билан машғулмиз. Хуллас, мушук қани, эй ўткир, ўтмас акалар!
Ҳамроқул Асқар,
Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси.
|