Донишмандлар айтадиларки, “Тиғ жароҳати битади, аммо тил жароҳати битмайди”. Дарҳақиқат, тиғ жароҳати танага етади, уни малҳам билан тузатса бўлади, тил жароҳати эса кўнгилни чилпарчин қилади. Уни тузатадиган малҳам ҳам, табиб ҳам йўқ. Айниқса тил жароҳати шифокор томонидан содир этилса, бундан ёмони йўқ.
Шунинг учун ҳам Шарқ табобатида ширин сўз, яхши муомала дори-дармондан ҳам устун қўйилади. Аммо бугунги кунда тиббиёт муассасаларимизда фаолият юритаётган айрим ходимларда хушмуомалалик камёб бўлиб бормоқда.
Бунга Навоий вилояти, Хатирчи тумани “Шулликтепа-Шўр” қишлоқ врачлик пункти мудираси Мусаллам Жумаевани мисол қилиб келтириш мумкин. Унинг соғлиқни сақлаш масканида икки йилга яқин муддатдаги хизмати ҳақида айтмоқчи бўлганларимиздан зора бошқалар хулоса чиқарса...
УЗОҚ КУТИЛГАН ҚУВОНЧНИНГ ЯКУНИ
— Ўтган 2014 йилда, — дея гап бошлайди алам ва надомат билан ўн нафар фарзанднинг онаси Шаҳрибону Қаршиева. — Яшириб нима қиламан, кўп йиллардан буён икки нафар келиним фарзанд кўрмаётгани туфайли энг кенжа келинимнинг ҳомиладор бўлганини эшитиб, бошимиз осмонга етгандек бўлди.
Аммо бу хурсандчилик узоққа бормади. Ҳомиланинг ривожланишини текшириб турган шифокорлар келиним Умидага ва яна қишлоғимиздаги 5 нафар келинга носоғлом, ногирон фарзанд туғасизлар, деб ташхис қўйишган. Биз эса носоғлом бўлса ҳам, фарзанд дунёга келишини кутишимизни айтдик. Бироқ врачлик пункти мудираси хонадонимизга “Саховат” ҚФЙ раиси Нурмамат Исматовни, “Мустақиллик” маҳалласи раиси Шамши Бекназаровни, маҳалла хотин-қизлар комиссиясининг раиси Санча Ибодовани, участка нозири, капитан Ботир Файзиевларни бот-бот олиб келиб, болани олдириб ташлашни талаб қилишди. Акс ҳолда туман прокуратурасига ёзма равишда айтишини важ қилиб, келинимизни кўндирди. Бизларнинг қаршилигимизга қарамай, ҳомилани олдирди. Не кўз билан кўрайликки, ҳомила ўғил бўлиб, ривожланиши яхши экан.
— Афсус, бир норасида гўдакни туғилмасдан гўрга тиқдилар. Келинимизнинг биринчи фарзанди экани ва уни анча вақтлар шифокор ва табибларга қаратиб ҳомиладор бўлганини бу шифокорларга қанча тушунтирганимиз билан кўнишмади. Аллоҳнинг уларга ҳам айтгани бордир, — дейди саксон ёшли отахон Эсонбой Қаршиев.
Бундан ташқари, ўзаро мулоқот жараёнида Шаҳрибону Қаршиеванинг ўн нафар фарзанд туққанини эшитган шифокор унинг устидан тиббиёт ходимига хос бўлмаган тарзда ҳақоратомуз кулгани ҳамон онахонни қийнаб келади.
— Ўшандан буён шу аёлни кўрсам, асабим бузилиб, ўзимга келолмай қоламан, — дейди онахон оғриниб.
"ХАЛҚҚА ХИЗМАТ ҚИЛМАСА, КИМГА КЕРАК?"
Шифокорнинг беморларга нисбатан бундай муносабатидан азият чекканлар етарлича топилади. Шу ҳудудда истиқомат қилувчи 2-гуруҳ ногирони, кўкрак саратони бўйича рўйхатда турган Малика Нурматовани бунга мисол келтириш мумкин.
— Ўзим олиб борган дори-дармонлар билан укол қилиб қўйишни сўрагандим, — деяэслайди Малика Нурматова. — Аммо на ўзи, на бошқа бирор ҳамшира укол қилишига имкон бермай, хонамдан чиқиб кет, деб бақирса бўладими? Шифокорнинг бундай муносабатидан ҳайрон қолдим. Ўшандан буён 65 км. йўл босиб, Навоий шаҳридаги даволовчи шифокорлардан муолажа оляпман. Халққа хизмат қилмайдиган қишлоқ врачлик пункти ва унда ишлаяпмиз, деб ҳақ олаётганлар кимга керак?
АЗИЯТ ЧЕККАНЛАР ОЗ ЭМАС
Дарҳақиқат, Малика Нурматова каби Тоҳир Холмуродов, Ҳасан Файзиев, Абдуманнон Орзиқулов, Маҳкамтош Орзиқулова, Баҳодир Файзиев, Мухтор Ортиқов каби кўплаб беморлар шифо топиш учун келиб, ҚВП мудирасининг қўпол муомаласидан асаблари таранглашиб, дардига дард қўшилган.
Мухтасар қилиб айтганда, ҚФП мудирасининг хурмача қилиқлари ва беморларга нисбатан қўпол муносабатлари юзасидан ҳудуднинг бир неча ваколатли органларига мурожаат қилинган. Шундан сўнг туман прокурори томонидан ҚВП мудирасини бошқа шифохона, поликлиникаларга ишга ўтказиш ҳақида тақдимнома киритилди. Бу яхши, аммо бундай мазмундаги тақдимнома ёки Мудиранинг “тил учида” сўраган кечирими бошқа тиббиёт муассасасидаги беморларга муносабатини ўзгартиришга кафолат бўла оладими? Оқ халатга доғ тушираётган бундайларнинг тиббиёт соҳасида фаолиятини давом эттириши тўғрими?
Ҳурматли таҳририят, сиздан илтимос, ушбу ёзганларимизни ҳеч қандай ўзгартиришсиз Соғлиқни сақлаш вазирлигига етказсангиз. Умид билан кўпчилик номидан
Насрулло Умаров, Баҳодир Файзиев,
Оқмирза Қандолатов, нафақахўрлар
Ушбу фуқароларнинг илтимосини бажариб, очиқ хатни Соғлиқни сақлаш вазирлигига йўналтирдик. Қайд этилган ҳолат бўйича вазирликнинг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш Бош бошқармаси бошлиғи С.Исмаиловнинг имзоси билан қуйидаги жавоб хатини олдик.
ҚИШЛОҚ ВРАЧЛИК ПУНКТИ МУДИРАСИ ВАЗИФАСИДАН ОЗОД ЭТИЛДИ
— Фуқаро Н.Умаровнинг мурожаатномаси Навоий вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг мутахассислари томонидан ўрганилиб, тегишли ҳужжатлар билан танишилди. Хатирчи туман тиббиёт бирлашмасининг тиббиёт ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, муҳокама қилинди. Шунингдек, ўз хатти-ҳаракатларида камчиликларга йўл қўйган “Шулликтепа-Шўр” ҚВП мудираси М.Жумаева эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Мурожаатномада кўрсатилган фуқаро Ш.Қаршиеванинг келини У.Қаршиева 2014 йил 7 июль куни Хатирчи тумани “Шулликтепа” ҚВПсининг йўлланмаси билан Навоий вилоят Скрининг марказида перенитал скрининг текширувидан ўтказилган. Текширув натижасида ҳомиладор аёл У.Қаршиеванинг 16-17 ҳафталик ҳомиласида камсувлик, ҳомила бош суякларининг нотўғри шаклда шаклланганлиги ва мия қоринчаларининг кенгайиши сингари нуқсонлар аниқланган ва ҳомиладорликни тўхтатиш тавсия берилган.
Ҳомиладорлик тўхтатилгандан сўнг У.Қаршиева марказда қайта текширувдан ўтказилган. Таҳлил натижасида унинг қонида цитомегаловирус меъёрига нисбатан тўрт баробар ортиқлиги аниқланган ва даво муолажалари буюрилган.
Мурожаатномада кўрсатилган кейинги ҳолат: Хатирчи туманидаги 5 нафар ҳомиладор аёлнинг ҳам ҳомиласида ривожланиш нуқсонлари аниқланган ва ҳомиладорлик тиббий кўрсатмага асосан тўхтатилган. Ҳомилаларда ривожланиш нуқсони бор эканлиги мутахассислар томонидан тасдиқланган.
ХОЛИСЛИК НУҚТАИ НАЗАРИДАН
Гувоҳи бўлганингиздек, тегишли тартибда ўз ишида касбий ахлоқ меъёрларига риоя қилмаган мудира лавозимидан озод этилган. Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш борасида қўйилган ташхислар, қабул қилинган қарорлар ва берилган тавсиялар ҳам мутахассислар хулосасига кўра ўз исботини топган. Аммо ўйлантирадиган бир жиҳат борки, у ҳам бўлса, бир ҳудудда бир қанча аёлларнинг ҳомиласи ривожланишида нуқсонлар аниқланганидир.
Бугун юртимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, туғруқ ёшидаги аёлларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Давлат дастурлари, меъёрий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Уларнинг ижросини таъминлаш шифокорларимиз зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Шундай экан, ҳар бир тиббиёт вакили халқимиз саломатлиги юртнинг энг катта бойлиги эканини унутмаслиги лозим.
Таҳририя