Офарин, “Офарин”чилар!
Якуний босқич тафсилотлари
Томошагоҳ бу гал ҳам мухлисларни сиғдиролмади. Вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси қошида фаолият юритаётган Санъаткорлар уюшмасига раҳмат, унинг раиси Саъдулла Маҳмудов бошчилигида 8 нафар энг сара хонандалар финал босқичига етиб келишди.
Кўрик-танловни "Дўстлик" ҳамжамияти раиси И. Ҳошимжонов, вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Б. Нишонқулов ва тадбиркор Р. Абдусатторов очишаркан, ёш санъаткорларга муваффақият тилашди.
Тўлқинжон Ҳасанов раислик қилган ҳакамлар ҳайъати беллашувни муносиб баҳолаб борди. Ҳайъат таркибида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Гулбаҳор Эрқулова ва Ғиёс Бойтоев, «Фокус мюзик» (Ўзбекистон) компаниясининг президенти, бастакор Дониёр Турсунов, Қозоғистон маорифи аълочиси, вилоят мусиқа коллежи директори Улуғбек Мажидовларнинг борлиги мусобақа нуфузини янада ошириб юборди. Шартга кўра бир мумтоз ва бир муаллифлик қўшиқлар ижросидан сўнг ҳакамлар бир қарорга келгунларича санъат усталари хонишларига навбат берилди. Тадбирга Қарноқдан ташриф буюрган «Сўғдиёна» ва “Қарноқ дур наволари”, Қорабулоқнинг “Олтин мерос” чолғу дасталари ва Шимкентнинг Ботир Сулаймонов бошчилигидаги созандалари файз киритишди.
Ниҳоят, саҳнага ҳакамлар кўтарилишиб, атрофга жимлик чўкди. Даставвал лауреатлар эълон қилинди. Улар сафидан қарноқлик Нурали Сотиболдиев, шимкентлик Фарид Ҳакимжонов, манкентлик Мурод Инотов ва султонработлик Комилжон Ирисбековлар ўрин олишди.
Совринли ўринлар эълон қилинишини сабрсизлик билан кутаётган мухлисларга ким қандай ўрин олганини билиш тинчлик бермасди!
– Менга шимкентлик Омон Мўминовнинг ўзини тутиши, ғурурли қарашлари, босиқлиги ёқди, – дейди сайрамлик оқсоқол Турсунхўжа Хонхўжаев, – “Кўчамдан жонон ўтганда” хониши ҳам, ота-она ҳақидаги муаллифлик қўшиғи ҳам мухлислар кўнглидан чиқди...
Шундай қилиб, биринчи ва учинчи ўринлар қорабулоқлик Шоҳруҳ Қодирқулов ҳамда Бобур Нодирхоновларга насиб этса, иккинчи ўринга шимкентлик Давлатбек Кенжаев муносиб деб топилди. Олий ўрин эса шимкентлик Омон Мўминовга берилди.
Тадбир сўнгида сўзга чиққан С. Маҳмудов ҳомийлик кўрсатишган “НИК” корорацияси, “Жануб жарчилари” газетаси, “Ботир-қурилиш” ва “Эге-Шимкент” корхоналарига миннатдорчилик билдирди.
Аваз ҚЎЗИ. Собиржон Исаматов сурати,
|