Ҳидоят нури
ОМОНАТ
Кишига сир сифатида айтилган сўзлар ҳам омонатдир. Пайғамбаримиз бир ҳадисларида: “Бир киши сенга бир сўз сўзлаганда, ён-атрофга қараб гапирса, билгилки, у сўз сенга бир омонатдир. У сўзларни бошқаларга сўзлама”, деган эдилар.
Пайғамбаримиз омонат ҳақида яна: “Ўтиришдаги суҳбатлар кишилар зиммасидаги омонатдир. Кишининг суҳбатдошига хавф туғдирадиган сўзни бировга айтишлик ҳаромдир”, деганлар. Ва яна:”Кишилар ўтириб суҳбатлашадиган бўлса, суҳбатдаги гап-сўзлар ҳамма учун омонат ҳисобланади. Яъни, шу суҳбатдаги сўзларни суистеъмол қилиш хиёнатдир”, деб бундан қайтарганлар.
Шоир айтганидек:
Эй мажлисда ўлтирган киши,
Бундаги сўз сенга омонат.
Мажлис сирин ошкор айласанг,
Омонатга хиёнат бўлур.
Бировнинг сири, омонат гапи бировниг бировга топшириб қўйган моли, мулки, пули, берган қарзи ва Аллоҳнинг бизга ато этган жисмимиз ҳам омонатга киради. Омонат сўзининг зидди – хиёнатдир. Омонатни сақламаган ва унга зарар етказиб хиёнаткорлик қилган кишига “хоин” дейилади.
Демак, омонатни (барча турларини) сақламаган хиёнаткор кишига хоин дейилади. У Аллоҳ наздида гуноҳи кабиралардан ҳисобланади ва халқ бундай одамдан ҳақли равишда нафратланади, хазар қилади.
Ҳурматли суҳбатдош! Бундай кўчага бир қадам ҳам босманг, босган бўлсангиз, дарров тавба-тазарру қилиб бу йўлдан қайтинг, мусаффо, беғубор, дилкаш, чин инсонлигингизни сақлаб қолишга тиришинг.
Бундан ташқари, жон ҳам инсонга Парвардигорнинг бир омонатидир, чунки жон берувчи Аллоҳдир, вақти-соати келганда бу омонатини қайтариб олади. Ўзларини ўлдирган кишилар ҳам Аллоҳнинг омонатига хиёнат қилган бўладилар. Бу иш катта гуноҳ бўлиб, динимизда ҳаром қилинган ва бундай хиёнаткорлар охиратда қаттиқ жазога тортиладилар. Шунинг учун ўзини-ўзи ўлдирган одамни дафн маросимида жаноза ўқилмайди ва бу дунёдан энг ҳаром қилинган ҳайвон – тўнғиз қавмида кетади. Шунинг учун ҳам биз жисмимизни турли касалликлардан, офатлардан, азобланишлардан эҳтиёт қилишга, саломат сақлашга буюрилганмиз. Эсдан чиқармангиз, жисмимиз ва жонимиз Аллоҳнинг бизга бериб қўйган бир омонатидир. Уни бекаму-кўст сақлашга буюрилганмиз.
Дўстлар! Омонатга хиёнат қилманг, бировлар сирини зинҳор очманг!
ТАВБА
Тавба хатодан, гуноҳдан қайтиш, қилган ишидан афсусланиб пушаймон бўлиш, қилинган гуноҳлар учун Аллоҳдан кечирим сўрашдир.
Тавба ҳақида пайғамбаримиз ўзларининг ҳадиси муборакларида:”Шубҳасиз, Аллоҳ таоло кундузи гуноҳ қилган кишидан кечаси тавба қилишини кутади. Кечаси гуноҳ қилган кишидан кундузи тавба қилишини кутади. Бу ҳол қуёш чиқишидан тунга қадар давом этади”, деб марҳамат қилганлар.
Тавбанинг қабул этилиши учун бир неча шартлар бор:
-тавба қилувчи одам қилган гуноҳига “Нега мен бу гуноҳни қилдим?” деб ўксиниши керак;
-тавба қилган одам у гуноҳларни такрорламаслиги керак.
Гуноҳдан Аллоҳ учун воз кечилса, у тавба саналмайди. Масалан, доимо ичкилик ичиб юрган одам соғлиги кетиб ичкиликни ташласа, бу тавба қилиш саналмайди, чунки у ичишни Аллоҳдан қўрққани ёки ҳурмат қилгани учун эмас, балки саломатлигига тўғри келмагани учун мажбуран ташлагандир.
Баъзилар ичкилик ичаётганларида: “Худонинг Ўзи кечирсин”деб қадаҳ кўтарадилар. У Тангри таолонинг меҳрибонлигини, марҳаматли эканлигини суистеъмол қилиш эмасми? Улар пайғамбаримизнинг: “Кишига билмасдан ёки мажбуран қилган хатолари учун гуноҳ ёзилмайди”, деган ҳадисларини билмайдилар ёки унга билиб туриб амал қилмайдилар.
Ўғри ўзининг “ҳунари”ни ишга ярамай қолганидан, фоҳиша қариб, путурдан кетиб қолганидан, фирибгар, муттаҳам ўз “касби” бундан буён иш бермай қолганидан, қароқчи отда юраолмай қолганидан ўз одатини беихтиёр ташласа, тавбаси Аллоҳ наздида тавба саналмайди. Вафоти олдидан, яъни ўлишини билгандан кейин қилинган тавба ҳам қабул қилинмайди. Чунки бу тавба “мажбурий” тавба ҳисобланади. Бу ҳақда 4-“Нисо” сурасининг 18-оятида шундай дейилган:
“Гуноҳ ишларни қилиб юриб, қачонки, бирорталарига ўлим келганда, “Энди тавба қилдим” дейдиган, шунингдек, кофирлигича ўлиб кетадиганларнинг тавбалари эса қабул қилинмагай. Ана ўшалар учун аламли азоб тайёрлаб қўйганмиз”.
Аллоҳ одамларни хатолари билан бирга яратган. Ҳар ким ҳам хато қилади. Инсон фаришта эмас, беайб фақат Парвардигор. Азиз-авлиёлар, пайғамбарларнинг баъзилари ҳам инсон бўлганликларидан хатодан холи бўлмаганлар. Аммо улар хатоларини англаб, тузатиб, тавба қилиб яна тўғри йўлга тушиб олган инсонлардир. Бу хулосага пайғамбаримизнинг “Одам боласининг ҳаммаси хато қилади. Хато қилувчиларнинг энг яхшиси тавба қилувчидир” деган ҳадислари асос бўлади.
Тавба – бахтсизлик йўлининг охири ва тўғрилик йўлининг бошланишидир. Ўзининг нолойиқ аҳволини англамоқ ва беҳуда феълларини ташламоқ, қабиҳ ишлар, шармандалик, расвогарчилик, гуноҳ ишлардан пушаймон бўлмоқ ва ундан қайтишга аҳд қилмоқ ва юзини яхши, эзгу ишларга бурмоқдир.
Бугун тавба қилиб, эртасига яна ўша гуноҳ ишларни билган ҳолда давом эттиравериш тавба ҳисобланмайди, балки бу Яратганни мунофиқлик билан алдаш ва лақиллатишдан бошқа нарса эмас.
“Саодатга элтувчи билим”дан.
|