Қондошлик ришталаридан
кучлироқ муҳаббат
Аёл... Муҳаббатга тўла ҳаёт йўлларининг чинакам соҳибаси. Аёл – меҳр илдизларини юрагининг меҳробидан олиб, фарзандига тута олган фаришта.
Бугунги ҳикоямиз тақдирига Улуғ Ватан уруши ёзилган барча онахонларимизга бағишланади.
Улуғ Ватан уруши йилларида “қорахат” келмаган хонадон деярли бўлмаган. Кимдир отасидан, кимдир фарзандидан ёки турмуш ўртоғидан айрилиб, етимлар сони кўпайган. Халқимиз болажон бўлганлиги сабабли деярли ҳар бир оила кўпболали эди. Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган Полвоновлар оиласида беш фарзанд бор эди. 1945 йилнинг бошида болаларнинг онаси Маъсуда вафот этди. Қишда шамоллаб, бир ҳафтага қолмай, оламдан ўтди. Аёл ҳали ўттизга ҳам тўлмаган, икки йил муқаддам фронтга отланган эри Фарҳоднинг бундан хабари йўқ эди. Ҳамқишлоқлари ундан бир йилдан бери хат келмай қўйганидан хабардор эдилар. Беш фарзанднинг тўнғичи 11 ёшда, бир сигир ва 20 га яқин товуқ етимликнинг биринчи кунларида корига яраб турди.
Қўшни аёллар сигирни соғиб берарди. Маҳаллий ҳокимият вакиллари келиб, кичкинтойларни болалар уйига ўтказиш ҳаракатига тушишди. Қариндошлари қаршилик қилишмади, чунки уларнинг ўзлари жўжабирдай жон эди. Ҳужжатлар расмийлаштирилаётганда қўшниси Марҳамат ая келиб, уларни ўз қарамоғига олишини айтди. Унинг эри Асад ака урушнинг биринчи ойидаёқ бедарак йўқолгани ҳақида хат келган эди. Ўн саккиздаги қизи билан бирга яшарди. Марҳамат ая етимларга ўз фарзандларидай муносабатда бўлди. Қизи Нодира ҳам улардан меҳрини аямади. Айниқса, уч ва тўрт яшар Олим ва Рухсорага онаси йўқлигини билдирмасликка ҳаракат қилди.
Кўп ўтмай, болакайлар уни ойи деб чақирадиган бўлишди.
Нодира одатдагидай, эрталаб сигир соғди, товуқларга дон бериб, сут ва тухумларни олиб, бозорга етиб келди. У ерда дугоналарини учратиб қолди.
– Дугонажон, беш болани асраб олиб, тўғри иш қилмадинг. Энди ким сенга уйланади? Қари қиз бўлиб ўтиб кетадиган бўлдинг, – деди улардан бири ярми ҳазил, ярми чин.
– Улар ўзингники бўлса ҳам майли эди, дугонажон, – деди иккинчиси. – Эри урушда ўлган жувонлардан нима фарқинг қолди?
Уларнинг суҳбатини эшитиб турган Хосият момо гапга аралашди:
– Тарбия кўрмаган, ношуд бечоралар, Нодирани ўз ҳолига қўйинглар. У катта савоб ишга қўл урди, Оллоҳ ажрини, албатта беради, мана, кўрасизлар. Боринглар, бировни ғийбат қилишдан бошқа ишинглар йўқми?
Нодира уйга келиб, пешвоз чиққан Олим ва Рухсорани бағрига босди ва қалбида нотаниш, лекин илиқ туйғуларни ҳис қилди. “Сизларни ҳеч кимга бермайман, одамлар нима деса деяверсин”, хаёлидан ўтказди у. Уруш тугади, одамлар янгича яшашга ўргана бошладилар. Она фарзандини, бева аёллар турмуш ўртоғини кутишда давом этарди. “Балки, “қорахат” адашиб юборил-гандир, ўғлим ўлган эмас, юрагим сезяпти”, деган Хосият момонинг сўзларига фаришталар “омин” деган эканми, бир ҳафта ўтмай, орзиқиб кутган дилбанди Нўъмонжон уйига кириб келди. Бир оёғидан айрилгани учун руҳан эзилиб, аввалига уйга бормасликка қарор қилган экан. Уни ўзи билан Хабаровскка олиб кетган фронтдош дўстининг онаси бу гапдан хабар топиб, қабул қилган қарори нотўғри эканини тушунтириб, Нўъмонжонни уйига қайтишга кўндирибди. Собиқ аскар онасини бағрига босиб, икки йил хат ёзмагани учун кечирим сўради. “Оллоҳга минг қатла шукур, тирик экансан, бир оёғинг бор экан, ўз нонингни ўзинг топиб ейсан, нега эзиласан, ўғлим”, деб, онанинг кўз ёшлари тўхтамасди.
Фарҳоддан 1945 йилнинг сентябригача ҳеч қандай хабар бўлмади. Бир куни почтачи унинг вафот этган аёли Маъсуда Полвонованинг номига ёзилган хатни Марҳамат аяга олиб келиб берди. Фарҳод оғир ярадор бўлиб, узоқ вақт госпиталда ётгани, оёққа туришга ишонмагани учун хат ёзмаганини маълум қилиб, ой охиригача етиб боришга ваъда берган экан.
Марҳамат ая билан Нодира болаларнинг отаси урушдан қайтиб келишини ҳаяжон билан кута бошлашди.
Бир куни Фарҳоднинг катта ўғли Маҳмуд Нодирадан сўради:
– Нодира опа, дадам келсалар, биз алоҳида яшаймизми?
Кутилмаган савол қизни довдиратиб қўйди. Чунки, болаларнинг отаси келса, кейин
нима бўлиши Нодирага қоронғу эди. Болаларга бағир босиб қолган, бир кун кўрмаса, туролмайди.
Фарҳод айтилган муддатдан бир ой ўтиб, келди. Дастлаб уни Марҳамат ая кўрди.
Қўшнининг уйига қараб кетаётган, қоп орқалаган, аскар либосидаги эркак кишининг
юзини кўрмаса ҳам, унинг Фарҳод эканини билди:
– Болалар, дадаларинг келди, – деди. Болалар дарҳол кўчага югуришди, дадасини ҳар томондан ўраб олиб, қучоғига осилишарди.
– Дадажон, дадажон, сизни соғиндик! – дея кўчани бошига кўтаришарди улар.
Фарҳод эса, кўз ёшларини яшира олмасди.
– Фарҳод, юр бизникига, – чақирди уни Марҳамат ая. Фарҳод эрталабгача болаларга қадрдон бўлиб қолган уйда ўтириб чиқди.
– Марҳамат опа, болаларни бағрингизга олганингиз учун катта раҳмат! – деди у кўз ёшларини тиёлмай. – Сизларнинг олдингизда бир умр қарздорман.
Фарҳод ўз уйида яшай бошлади, болалар бир куни дадаси билан, бир куни Марҳамат аянинг уйида кунни, тунни ўтказишарди. Кичкиналари Нодирани "ойи" деб чақиришарди, Фарҳод бунга қарши бўлмади. У колхозга тракторчи бўлиб ишга кирди. Ойлик маошининг бир тийинини ҳам қолдирмай, Марҳамат аяга олиб келиб берарди. Болаларнинг қорни тўқ, усти тоза, Фарҳоднинг фарзандларидан кўнгли тўқ, вақт ўтаверди. Қиш кунларининг бирида Фарҳод Марҳамат аяни кўчага чақирди.
– Муҳим гап бор, – деди у.
Аёл устига пальтосини ташлаб, кўчага чиқди.
– Нодирани менга берсангиз, иккимиз турмуш қурсак, дегандим.
Она кутилмаган таклифдан оғиз жуфтлай олмай қолди. Фарҳод эса, давом этди:– Мени қариб қолган, ярадор деб ўйлаяпсизми? Мен ёш, соғлом йигитлардан
қолишмай ишлайман, Янги, шинам уй қураман. Болалар усиз туролмайди, ахир. У ҳам болаларим учун онасидай бўлиб қолган. Мен қизингизни хафа қилиб қўймайман, у маликалардай яшайди, йигитлик сўзим.
– Мен нима ҳам дердим, ўзидан сўраб кўрай, – деди Марҳамат ая ва уйига кириб кетди...
... Нодира ва Фарҳод бирга қирқ йил яшашди. Улар бошқа фарзанд кўришмади.
Полвоновларнинг беш фарзанди Нодирани ўз онасидай кўришди. Фарҳод эса қишлоқда биринчи бўлиб икки қаватли уй қурди. Боларни институтларда ўқитишди. Уларнинг бешови ҳам нуфузли ташкилотларда раҳбар бўлиб ишлаб, нафақага чиқишди.
Уйнинг чироғини Олим ёқиб ўтирибди. Нодира унинг ўғиллари – невараларини ҳам ўзи катта қилди.
Фарҳоднинг вафотидан кейин Нодиранинг соғлиги ёмонлашди. Эр-хотиннинг ёши орасидаги фарқ йигирма йил бўлишига қарамай, аёл эрисиз бир йил ҳам яшай олмади. Ҳар йили 8 март – Нодиранинг туғилган кунида беш фарзанд оиласи билан ота уйига келиб, Қуръон тиловат қилишади.
Фарҳод ва Нодиранинг фаровон ҳаёти, меҳр-муҳаббати Полвоновлар оиласининг бир неча авлоди учун ибрат бўлиб келмоқда. Зеро, ҳақиқий севги қондошлик ришталаридан ҳам кучлироқ бўлади.
Куни кеча қишлоқда хабар тарқалди: Полвоновларнинг невараси болалар уйидан бир ўғил, бир қизни асраб олибди...
Баҳорой ДЎСМАТОВА.
|