Ота-онанинг қарғиши

Қаҳрамонимизнинг ёши ўттиздан ошса ҳам, тайинлик иши йўқ, ҳамқишлоқларининг ишларига ёрдам бериб, топган пулига ароқ ичиб келар, уйидагилар ва қўшниларнинг жонига теккан эди. Отаси унга қанча насиҳат қилса ҳам, фойдаси бўлмади. Ҳар сафар, кайфи тарқагач, ёлвориб кечирим сўрар, бошқа ичмасликка ва тамоман бошқа одам бўлишга ваъда берарди. Лекин, сўзида туролмасди.
Бир куни ичиб келиб, уйдаги идиш-товоқларни синдира бошлади. Деворда илиниб турган ғижжакни олиб, оёғи билан босиб, синдириб ташлади. Онасининг овози эшитилди:
– Нима қилиб қўйдинг, жувонмарг, энди синглинг нима қилади, яогна овунчоғи шу эди. У кўр бўлгунча, сен кўр бўлиб туғилмадингми, ет ютгур!
25 ёшли, кўзи ожиз синглисига ғижжакни йигирма йил муқаддам дадаси олиб берган эди. Ёруғ дунёни кўриш бахтидан маҳрум бўлган қиз ҳаётининг мазмуни ҳам мана шу ғижжак эди. Отаси келиб, ғижжакнинг синиқларини йиғиштириб ола туриб, "оқ қилдим, энди мени сендай ўғлим йўқ" деди. Бу кутилмаган гапдан, қилиб қўйган ишидан эсанкираб қолган йигит дарёга қараб югурди. "Ҳозир чўкиб ўламану, ҳамма бирйўла
ташвишлардан қутуламан", деб ўйлади. Энди сувга шўнғимоқчи эди, қандайдир куч уни тўхтатиб қолди.
Сувга тикилиб туриб, ичкилик туфайли йўл қўйган, тузатиб бўлмас хатолари, қўл урган разиллик ва қабиҳликларни хотирасидан ўтказиб, ваҳимга тушди. "Ҳали кеч эмас. Қилган хатоларимни тўғирлай оламан. Ота-онамдан кечирим сўрайман, сўнгги имконият беришларини сўрайман. Улар албатта кечиришади", деган хаёл билан у уйига қараб йўл олди.
У уйига қараб югурди. Атрофга, атрофдагиларга қарамасди, чунки, ҳозир энг муҳими – ота-онасидан кечирим сўраб, янги ҳаёт бошлаш эди. Уйига келгач, ҳайратдан қотиб қолди, чунки дарвоза ўзгарган эди.
"Ярим соатда қандай қилиб бошқ а дарвоза ўрнатиш мумкин, балки, кайфим ҳали тарқамагани учун кўзимга шундай кўринаётгандир", деб ўйлаб, секин уни тақиллатди. Эшикни қора кўзойнак таққан қари аёл
очди.
– Сизга ким керак? – сўради у.
– Сиз кимсиз? – саволга савол билан жавоб берди у. – Бу уйда нима қилиб юрибсиз?
– Мен шу уйда яшайман. Сиз кимсиз?
Йигит шу аёл қиёфасида ўзининг кўзи ожиз синглисини кўрди. Ярим соат илгари 25 ёшдаги қиз қандай қилиб дарров кампирга айланиб қолганини тушуна олмади.
– Сингилжон, сени ким бу аҳволга солди? Ё кўз тегдими? Мен акангман, наҳотки овозимдан танимадинг?
Аёл бу гаплардан кейин шоша-пиша орқага тисланди.
– Кўр экан, деб одамни устидан куляпсизми? Нима истайсиз ўзи?
– Мен, ғижжагингни синдириб қўйган, ота-онасининг қарғишини олган оқпадар аканг бўламан, қани энди айтчи, мен йўғимда бу ерда нималар бўлди?
– Сиз ростдан ҳам менинг акам бўлсангиз, ота-онамизнинг оламдан ўтганини билишингиз керак эди. Улар "ўғлимизни қарғиш урди, ҳамма айб тўғри йўлга сололмаган, тўғри тарбия беролмаган ўзимизда эди, катта
хатога йўл қўйдик", деб куюнишди.
– Нималар деяпсан, синглим, мен тирикман ахир, мана, сени ёнингдаман.
– Улар шу куни сизни узоқ излашди. Бош кийимингизни топишгач, чўкиб кетди, деб ўйлашди.
– Мен ахир ярим соатга кетдим, холос...
– Нега ярим соат дейсиз, ака, дом-дараксиз кетганингизга ўттиз йилдан ошдику.
Қаҳрамонимиз ўзининг қўлларига қаради ва қўрққанидан дод деб юборди: танаси саксон ёшдаги чолнинг танасига ўхшарди.
– Нега бундай бўлди, бу қандай синоат? – сўради у синглисидан.
Синглиси унга яқин келди, қўлини юзига қўйиб кўриб, акаси эканига ишонч ҳосил қилди шекилли, бағрига босди:
– Шунча йил қаерда эдингиз, акажон?
– Дарёнинг бўйида турган эдим, – дея олди холос, кўз очиб юмгунча ўтиб кетган умрига ачиниб.
Баҳорой ДЎСМАТОВА.
|