Бош саҳифа | | Рўйхатдан ўтиш | Кириш
Марҳабо! Гость | RSS
Меню сайта
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Июль 2018  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031
Архив записей
Статистика

Онлайн всего: 8
Гостей: 8
Пользователей: 0
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  • Главная » 2018 » Июль » 17 » Саодатга элтувчи мактаб
    11:57
    Саодатга элтувчи мактаб

    Саодатга элтувчи мактаб

    Улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг ўлмас даҳоси, бетакрор асарларидаги юксак маънавий фазилатлар, комил инсон ғояси ёшларимизнинг онгу қалбини бойитишда бебаҳо манба бўлиб хизмат қилмоқда. 

    Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида Навоийнинг инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини теран ифода этган боқий асарлари замонлар оша яшаб келаётганини қайд этаркан, бу бебаҳо меросдан халқимизни, айниқса, ёшларимизни қанчалик кўп баҳраманд этсак, миллий маънавиятимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўлишимизни таъкидлаган. 

    Дарҳақиқат, шоирнинг ҳар сатрида аввало инсон, борлиқ ва ҳаётнинг моҳиятини англаш, ўз Ватани, халқи, тили ва динига меҳр-муҳаббат, гўзал ва бахтли келажакни яратишга даъват бор. Навоийнинг беназир асарлари ўқувчини ҳаёт қомуси янглиғ ҳамиша тўғри йўлга, ёруғ манзилга бошлайди, эгриликнинг боши берк кўчаларидан юрмасликка ундайди: 

    Камол эт касбким, олам уйидин 
    Санга фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ. 
    Жаҳондин нотамом ўтмак биайниҳ, 
    Эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ. 


    Навоий таъбирича, инсонни “инсон” атамоқ учун, аввало, унинг ўзию сўзи бир, сийратию сурати уйғун, ботини ташқи кўринишига ҳамоҳанг бўлиши керак: 

    Кимники, инсон десанг, инсон эмас, 
    Шаклда бир, феълда яксон эмас. 


    Инсонда жисм ва руҳ бирлиги ўзни англамоқдир. Ўз қалби ва вужудини тафаккур қилолган одам тириклик учун нима яхшию нима ёмонлигини, оқу қоранинг моҳиятини идрок этади. Оламни ўзгартиришга қодир бўлади. Шу боис шоир “Ўз вужудингга тафаккур айлагил, Ҳар не истарсан, ўзингдан истагил”, дея бонг уради. Зотан, ўзни англамоқ комиллик йўлининг бошланишидир. 

    Комил инсон ғоясини ҳеч ким Навоийдек ҳадди аълосида тараннум эта олмаган. Шоир орзу қилган комиллик йўли – бу етук одоб-ахлоқ соҳиби бўлиш, жами эзгу фазилатларни эгаллаш, замонасининг барча илму ҳунарларини ўзлаштириш, ҳам маънавий, ҳам жисмоний баркамолликка интилиш, доимо элу юрт хизматига шай туриш, Ватанга содиқ фарзанд бўлиш, бурч ва масъулият туйғусини ҳамма нарсадан устун қўйишдир. 

    Навоий ҳалимлик, хушфеъллик, камтарлик, ширинсўзликни, айниқса, ота-онага, ёши улуғларга ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлишликни комиллик сифати, деб билади. Бинобарин, инсон учун икки жаҳонининг обод бўлиши ота-онасининг рози-ризолигига боғлиқ. Бунинг учун ота олдида бошни фидо қилсанг, она бошига жисмни садақа айласанг арзийди: 

    Бошни фидо айла ато қошиға, 
    Жисмни қил садқа ано бошиға. 
    Икки жаҳонингга тиларсен фазо – 
    Ҳосил эт ушбу иккисидин ризо. 


    – Навоий асарлари инсоният учун ҳикматлар хазинасидир, – дейди филология фанлари номзоди Латофат Тошмуҳамедова. – “Фарҳод ва Ширин” достонидаги Фарҳод образи эл-юрт фаровонлиги учун жасорат кўрсатувчи, инсоний эрк-ҳуқуқни ҳимоя қилувчи, олижаноб ва адолатли, шафқатли ва софдил, вафодор ва содиқ, меҳнатсевар ва ҳалол шахсдир. У ёшлигидан жисмонан бақувват, маънан етук бўлиб улғаяди, кўплаб илмларни мукаммал эгаллайди. Фарҳод маънавий баркамол инсон бўлгани учун жамият ҳаётига бефарқ яшамайди. Шоҳ фарзанди бўлишига қарамай, “Ҳунарни асрабон неткумдир охир, Олиб тупроққаму кетгумдир охир?!” дея тоғдан сув чиқаришга киришади. Эл-улус фаровонлиги, юрт ободлигига ҳисса қўшишга ошиқади. Бу улуғвор ғоя бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги эзгу мақсадларимизга ҳамоҳанг. 

    Аллома асарларида инсонни севиш, меҳр-оқибат кўрсатиш, саховатпешалик, элга наф етказишни олий саодат деб билиш асосий ғоялардандир. “Одами эрсанг демагил одами, Оники, йўқ халқ ғамидин ғами”, дер экан, шоир халқ учун қайғурмайдиган, инсонни қадрлашни билмайдиган касни одам сафига қўшиб бўлмаслигини таъкидлайди. 

    Шоир наздида жамиятдан айри яшайдиган, мамлакат тақдирига ўзни фидо қилмайдиган, ҳаёт ташвишларига ўралиб олган киши ёлғиздир. У дунёдан ҳаловатсиз, чин инсоний бахтдан бебаҳра яшаб ўтади. Яъни, “фард киши даврда топмас наво (ҳаловат), ёлғуз овучдин (кафтдан) ким эшитмиш садо”. 

    Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида ўзгаларга ҳиммат кўрсатиш, сахийлик комил инсоннинг ажралмас фазилати экани борасида алоҳида боб келтиради. У саховатсиз кишиларни мевасиз дарахтга, ёғинсиз булутга ўхшатади. Улардан ҳеч кимга наф йўқ. Мевасиз дарахт ўтин бўлишдан бошқасига ярамайди, ёғинсиз булут эса тутун каби бефойдадир. Бироқ саховат кўрсатишнинг, ҳиммат кўрсатувчини сахий дейишнинг ҳам ўз мезони бор: “Мубоҳот (мақтанмоқ) учун бермак худнамолиқ (ўзини кўз-кўз қилиш) ва анинг била ўзин сахий демак беҳаёлиқ. Улки эл кўрмагунча бермас – лаимдир (пасткаш ва хасисдир), сахий эмас. Тилаб берганни ҳам саходан йироқ бил; ибром (қистов) билан бергандан бермаганни яхшироқ бил”, дея буюк мутафаккир одамларни риёкорлик, кибр, манманлик каби иллатлардан қайтаради. 

    Шоир комил инсонга хос яна бир муҳим сифат – ўзгаларга яхшилик қилиш хислатини улуғлайди. Чунки бу инсонпарварликнинг асл нишонаси. Ушбу эзгу амални ҳамма ҳам қилолмайди. Бироқ яхшилик қилолмаган одам бировга ёмонлик ҳам қилмаса, шунинг ўзи яхшилик қилиш билан баробар: 

    Яхшилиғ гар қилмаса, бори ёмонлиғ қилмаса 
    Ким, ёмонлиғ қилмаса, қилганча бордур яхшилиғ. 


    Ўз манфаатини эл-юрт равнақи билан бирлаштириш, ён-атрофдаги муваффақиятларни ўз ютуғи, камчиликларни эса ўз муаммоси деб билиш, ўзига лойиқ билганни бошқаларга ҳам раво кўриш шахснинг ўзини маънавий юксакликка кўтаради, унинг ўзига ғурур ва қониқиш бахш этади: 

    Нафъинг агар халққа бешакдурур, 
    Билки, бу нафъ ўзунгга кўпракдурур. 


    Аксинча, кўпчилик манфаати билан ҳисоблашмаслик, элга зарар етказишни одат қилиш, худбинликка берилиш кишини тубанликка улоқтиради, ўзига жабр етказади: 

    Улки, зарар шевасини тавр этар, 
    Элга демаким, ўзига жавр этар. 


    Алишер Навоий давлатманд инсон сифатида юртни обод қилиш, халқ фаровонлигига ҳисса қўшиб яшашни ҳаётининг мазмуни, деб билган. Ўрта аср муаррихлари улуғ мутафаккирнинг ўз маблағи ҳисобидан ҳашаматли бинолар, масжидлар, кўприклар, озода кўчаю гузарлар, боғу роғлар бунёд эттирганини қайд этган. Бу жиҳатдан кўпчиликка ибрат бўлган Навоий асарлари орқали ҳам инсониятни бир умр бунёдкорлик руҳи билан яшашга, ўзидан яхши ном қолдиришга ундаган: 

    Ким қилса иморатки, қадр топгай, 
    Чун исми тарихларда боқий қолгай, 
    Не чоққача ул биноки маъмур бўлиб, 
    Ани исми эл тилига машҳур бўлгай. 


    Навоийнинг ишқ-муҳаббат, юртсеварлик, халқпарварлик, меҳру вафо, шарму ҳаё каби абадий мавзулар куйланган гўзал сатрларида буюк ва олижаноб қалб садолари сезилиб туради. Улуғ мутафаккирнинг бадиий закоси замон ва макон чегарасини билмай, мана, беш ярим аср ўтса ҳамки яшаб келаётгани шунда. 

    – Буюк аждодимизнинг қайси бир асарини қўлимга олмай, ундаги гўзал мисралар мени ҳаяжонга солади, – дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети магистранти Бибиробия Саидова. – Чунки уларда онгу қалбимизни мунаввар этгулик қуёш акси бор. Магистрлик ишимда Навоий меросининг баркамол авлод тарбиясидаги ўрнини тадқиқ этарканман, кўксимни тўлдирган фахр-ифтихор туйғуси улуғ аждодимизга муносиб ворис бўлишга, мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган маънавияти юксак ёшларни тарбиялаш ишига ўз ҳиссамни қўшишга руҳлантирмоқда.

    Ҳа, халқимизнинг онгу тафаккури, бадиий адабиёти тарихида бутун бир даврни ташкил этадиган Алишер Навоийнинг ижодий мероси комил инсонни тарбиялашда миллий қувват манбаи, саодатга элтувчи мангу ибрат мактабидир. 

                                                                                                     Дилшод Каримов, ЎзА

    Просмотров: 360 | Добавил: albine | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    avatar