— Шоҳида опа, бугунги кунда сиз нафақат актрисалик, балки «Тасанно» болалар студиясига раҳбарлик фаолияти билан ҳам шуғулланяпсиз. Келинг, суҳбатимизни шундан бошласак.
— Саҳнада кўпинча катта актёрлар болалар ролини ижро этадилар, болаларча қиёфага кирадилар. Йўқ, улар бола эмас, балки бола ролини ижро этаётган катта одамлар, улар боланинг ички дунёси, руҳияти, қалбида кечаётган ўзига хос ички кечинмасини, қалб туғёнини гавдалантира олмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам республикада биринчилардан бўлиб болалар ижодига қизиқиб, театр студиясини ташкил этдик. Болалар бугунги кунда нафақат мактабда ўқиш билан чекланиб қолмасин, балки бўш вақтини унумли ўтказсин, турли тўгараклар, машғулотлар билан шуғуллансин. Шунда улар нотўғри йўлларга кириб кетмайди.
Ҳозирда 60 га яқин шогирдим бор, бугунги кунгача 5 та спектакль саҳналаштирдик. Фикримча, санъат болаларни тарбиялайди. Актёр бир кун роль ижро этса, эртага эсидан чиқади. Агар ўз шогирдига ниманидир ўргатса, ёдидан чиқмайди.
«Тасанно» болалар театр студияси 2012 йилда ташкил этилган. Бу театр студиясига 4 ёшдан 15 ёшгача бўлган иқтидорли ўғил-қизлар қабул қилинади. Бу театрда улар актёрлик маҳорати, саҳна нутқи, саҳна ҳаракати, рақс, қўшиқ куйлаш билан шуғулланадилар. Келажакда бу болалар театр ва кино санъатининг ривожига ўз ҳиссаларини қўшадилар. Студия ўқувчиларига олий маълумотга эга бўлган ўқитувчилар таълим берадилар. Бугунга қадар бу иқтидор эгалари ўзбек Миллий академик театри саҳнасида «Олтин калитча», «Элчигул», «Қарсилдоқ», «Ғаройиб саргузашт» каби бир қатор спектаклларни намойиш этишди.
Хайрия концерт дастурлари билан болалар уйларида, мактаб, коллежларда ўз санъатларини намоён қилиб келишяпти. Болалар учун бир қатор фильмларда суратга тушдилар. Студия бадиий раҳбари — Маҳмуд Исмоилов.
Иккинчи бор Наманганда «Келажак юлдузлари» студияси ташкил этилди. Биз улар билан маҳорат дарсларини ўтказдик. Улардаги ҳаракат, санъатга бўлган қизиқишни кўриб, тўғриси, қувондим. Мен ўйлайманки, республикамизнинг ҳар бир вилоятларида шундай студиялар очилса, улар иштирокида республика бўйича фестиваллар ўтказилса, янада студиялар фаолияти барқарорлашиб, келгусидаги ижодига ижобий таъсир ўтказади, деб ўйлайман.
— Айрим инсонлар борки, бутун ҳаётини ўз касбига, ҳунарига бахшида этади. Бундай инсонлар ҳозирги кунда санъат соҳасида бармоқ билан санарли даражада, менимча. Чунки кимдир юлдуз бўлиш учун, машҳурлик учун, эл оғзига тушиш учунгина ижод қилади, фильмларда суратга тушади. Агар инсон ўз ҳаётига назар ташлайдиган бўлса, айтиш жоиз бўлса, ҳаёт китобига чизгилар чизадиган бўлса, кўз олдида бутун умри давомида босиб ўтган йўли намоён бўлади. Шундай эмасми?
— Актёрлар шундай бир одамларки, уларга Аллоҳ томонидан такрорланмас иқтидор берилади. Ўзининг фидокорона меҳнати билангина халқнинг олқишига сазовор бўлади, ҳурматини қозонади. У хоҳ ёш бўлсин, хоҳ қари бўлсин, саҳнада ўзи ижро этаётган қаҳрамонининг ҳақиқий ҳаёти билан яшамаса, образи ишонарли чиқмайди. Бу йиллар давомида пайдо бўлади.
Яна шундай инсонлар борки, уларни «сохта юлдузлар» деймиз. Чунки улар яратган биттагина роли билан эл оғзига тушгандан сўнг тўхтаб қолади, ижодини давом эттиролмайди. Ўзини «мен машҳурман» дейишига сабаб фақат биттагина роли бўлиши мумкин, лекин бу чинакамига машҳур бўлди, дегани эмас. Қолипга тушиб, қотиб қолиши мумкин эмас.
Мен кўпинча театр пойдеворини қурган устозларга ҳавас билан қарайман. Ҳали ҳануз мен ўзимни шогирд деб биламан, гарчи ўзимнинг ҳам шогирдларим бўлса-да. Актёр маррага етдим, деган куни ижоддан тўхтаб қолади, бу йўлда тинимсиз меҳнат, шижоат, фидокорлик талаб этилади. Ҳатто бошқа соҳа вакиллари ҳам тўхтаб қолмай, ҳаракат қилиши лозим. Мен ҳеч қачон ижоддан тўхтамайман, тинмай ўз устимда ишлашга ҳаракат қиламан, ҳали ўқимаган китобларимиз бор, кўрмаган йўлларимиз бор.
— Сиз машҳурликни қачон ҳис этгансиз?
— Очиғи, мен ўзимни машҳур деб ўйламайман. Чунки мендан машҳур актрисалар бор. Мен қўрқаманки, машҳур бўлдим, десам ижодим тўхтаб қолишидан. Мен ҳамиша оддийликка интилганман, ҳеч қачон ўзимга машҳур инсон деб қарамаганман.
— Таниқли актёрлардан бири «Актёрнинг карьераси қисқа бўлади, у барибир бир кун сўнади» дейди. Бу фикр қанчалар тўғри ёки нотўғри?
— Менимча, ҳеч қачон тугамаса керак. Карьера тугаши мумкин, лекин ичидаги туғён, санъатга бўлган меҳр муҳаббат ҳеч қачон сўнмайди, деб ўйлайман. Ўзбекистон халқ артисти Рихсихон Иброҳимова менинг устозим бўладилар. Улар бугунги кунда театрда ижодий фаолиятларини олиб боряптилар. Лекин гоҳида ижодий сафарларга турли сабабларга кўра чиқолмай қоладилар. Шундай пайтларда ўйланиб, сиқилиб қоладилар. «Наҳотки, мен чарчаган бўлсам, йўқ, мен санъатни тарк этишим мумкин эмас, мени банд қилинглар», дейдилар, тушкунликка тушмайдилар. Албатта, бу катта устозларсиз театр санъати ривожланмайди. Уларни ҳамиша қўллаб-қувватлаш керак.
— Спектаклларда роль ижро этиш билан бирга кинода кўпинча маъюс она, қайнона ролларида гавдаланасиз. Бу режиссёрнинг сизга қўйган талабими ёки сизда фақат шу хислатларни кўрганликлари учун шундай ролларга таклиф этишадими?
— Дунёда оналар кўп, турли қиёфалардаги инсонларни, оналарни ижро этар эканман, кўпинча уйимга янги сценарий олиб келганимда, фарзандларим «Яна маъюс она ролими?» деб сўрашади. Лекин она борки, ҳеч қачон оналарни танлаб бўлмайди. Она борки, ҳамиша оналигича қолади, онани, Ватанни танламайдилар. Лекин ҳаётда адашганлар ҳам бор. Аллоҳ ҳаммани беками кўст қилиб яратади, ўша беками кўстликни тўлдириб яшаш керак. Камчиликни ҳамиша тўлдириб яшасагина, аёл муваффаққиятларга эришади. Мунис юрт оналарининг кўпини биламан. Тўтихоним Юсупова, Рихсихоним Иброҳимова, Яйрахоним Абдуллаева. Улар тимсолида ҳамиша ўзимни кўришни хоҳлардим.
— Сизнинг орзуингиздаги қаҳрамон қандай бўлиши керак?
— Қаҳрамонлар кўп, салбий, ижобий, лекин ўша салбий қаҳрамонларимизнинг ҳам ижобий томонларини кўпинча очиб берилади. Театрда ҳам салбий қаҳрамонлар ролини ижро этаман. Лекин уларнинг ижобий томонини очиб беришга ҳаракат қиламан. Инсонлар қалбида, кўз ўнгида ибратли аёл, замон қаҳрамони бўлган аёл тимсолини яратгим келади. Бизда қаҳрамон аёлларимиз кўп. Нафақат саҳнада, балки бошқа соҳаларда. Тўмарис каби шижоатли, бугунги кунда эркакларимиз билан бир қаторда туриб, ҳам давлат, ҳам оила ишларининг уддасидан чиқаётган аёлларга ҳавасим келади. Шундай инсонларнинг қиёфасини яратишни орзу қиламан.
— «Ўтган кунлар» фильмининг янги талқинида сиз салбий қаҳрамон Хушрўйбиби образида намоён бўласиз. Назаримда, бу сизнинг кинодаги энг салбий ва эсда қоларли ролларингиздан бири бўлиб қолди. Фильм катта экранга чиққанидан сўнг уни дўстларингиз қандай қабул қилишди?
— Ҳа, биринчи салбий ролим Хушрўйбиби. Кинопробаларда асли мени Офтобойим ролига қабул қилишганди. Кейин режиссёрнинг фикри ўзгариб, Ўлмас ака ва Гулчеҳра опалар ота-она ролини ижро этишса, деган фикр билдирди. «Бу ролни кўрасизми», дея таклиф берганида бошида мен жуда қўрқдим. Бухорода съёмка жараёнларига чақиришди, гримм қилиб, кийинтиришди. Кийим кийганимдан сўнг ўзимни бошқа бир қиёфада кўрдим. Мана шу қиёфа менинг шу образни очиб беришимга туртки бўлди.
Экранга чиққандан сўнг бу образим ҳақида ижобий фикрлар ҳам бўлди, салбий фикрлар ҳам бўлди. Лекин менинг образим ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Чунки бу салбий образ эди, Зайнабниям ёмон йўлга бошлаган, онгини заҳарлаган кимса ролини ижро этдим.
Китобда ўқиганимиздаям, кинодаям Зайнабни салбий тимсол сифатида гавдалантиришади. Лекин мен ўйлайманки, у ижобий образ. Чунки у Отабекни севади, у ҳам ўз севгиси учун курашади. Фильмнинг биринчи талқинида Кумуш биринчи планга чиқиб, кўпроқ унга эътибор қаратилади. Янги талқинда эса Зайнабнинг ҳам ички кечинмалари, қийноқлари, азоблари очиб берилади. Абдулла Қодирий бу асарни шундай ёзганларки, актёр уни ўқиб, шундай ижро этиши керак. Характери, кийими, қиёфаси, ҳамма қирралари авторда ёзилган. Шунинг учун мен бу ролни ижро этишда қийналмадим.
— Сиз билан суҳбатлашганда, албатта, машҳур сериаллардан бири «Чархпалак» сериали ҳақида тўхталмасликнинг иложи йўқ. Чунки бу сериал томошабинларнинг энг севимли сериалларидан бирига айланиб улгурган. Ундаги Мастура образи эса сериалнинг муҳим тимсолларидан бири ҳисобланади ва бу образ сизнинг ижодингизда қандай ўрин эгаллади?
— «Чархпалак» сериали ҳақида гап кетганда мен ўйлаб қоламан, театрда ҳам яхши образларим бор-ку? Чиндан ҳам «Чархпалак»даги Мастура менинг ҳаётимда катта бир бурилиш ясади. Машҳурлар қаторига олиб кирди, десам ҳам бўлади. Лекин бу машҳурликка бошқа ролларим орқали эришсам бўларди, деб ўйлаганман. Увайсий, Нодирабегим, Тўмарис роллари орқали машҳурликка эришсам, дегандим. Лекин Шароф Бошбеков ёзганларида шундай бир монологлари бор эдики, буни телба аёлнинг тили билан айтиб бўлмайдиган даражада эди.
Биби Марям билан гаплашганида Мастуранинг шундай сўзи бор: «Сиз яхши аёлсиз. Мен оиламга бош бўлишингизни истайман. Мен бу дунёнинг ташвишларини ўйласам, жинни бўлганим маъқул, деб ўйлайман. Чунки калла ишламайди, виждонинг қийналмайди, деган гаплари бор. Виждон қачон қийналади? Қачонки одам хатоларини тушуниб етса қийналади».
Бу телба аёлнинг гапимас, дедим режиссёрга ўшанда. Бир неча актрисалар кинопробалар топширишган. Кинопробаларни кўриш жараёнида кўплаб аёлларнинг гапларини кўрдим, лекин бу телба аёлнинг гапи эмас, аксинча, ақлли аёлнинг гаплари. Хатосини кеч бўлсаям тушуниб етиш ҳаммагаям насиб этавермайди.
— Мастура образидан кўнглингиз тўлганми?
— Мастурадан кўнглим тўлди, десам, хато бўлади. Актёр бирор ишни бошлаб қўйиб, шу ишни қойиллатиб қўйдим, деса, хатога йўл қўйган бўлади. Ўша сериални кўрган пайтимда «мана бу ерини бундай ўйнасам бўларкан», дейман. Лекин буни такрорлаб бўлмайди. Театрда кейинги спектаклда ўша хатони тўғрилаб кетиш имкониятингиз бўлади. Аммо кинода бунинг иложи йўқ. Фильмларни кўрганда мен ўзимнинг хатоларимни қидира бошлайман. Билмадим, ўзимни ўзим кўришга қийналаман.
— «Чархпалак» сериали ҳаётингизнинг муҳим бўлаги, энг яхши сериали бўлиб қоладими ёки унданда яхшироқ сериал туғиладими?
— Мен истардимки, мана шундай сериал туғилса. «Чархпалак» бу охирги ишим эмас, деб ўйлайман. Яхши роллар ижро этишни хоҳлайман. Бунинг учун, албатта, яхши асар, яхши режиссёрлар керак. Ҳали очилмаган қирраларим ҳам бор. Режиссёр яхши бўлса, актёр бу пластилин. Режиссёр уни қўлга олиб, яхшигина ишлов берса, актёр ҳар хил қиёфаларни яратади. Масалан, «Тонг отган тарафларда» деган спектаклда роль ўйнадим. Усмон Азим қаламига мансуб асар бўлиб, тарихий мавзудаги достонларга бориб тақаладиган асар. Мастурадан-да кучли аёл қиёфасида гавдаландим, деб ўйлайман.
— Қайси образингиздан маълум вақтгача чиқолмай қолган пайтларингиз бўлган?
— «Чархпалак»да очиғи, жуда берилиб кетганман. Ўшанда руҳий хасталарнинг шифохонасига бориб, уларнинг феъл-атворини ўргандим. Шунда жуда қийналдим. Сабаби уларни кўриб, ҳаётда кимгадир керак бўлиб яшаш бу энг олий бахт эканлигини англаб етдим. Ҳеч кимга керакмас бўлиш — бу бахтсизлик. Атрофида бўлаётган нарсаларни фаҳмламаса, бу жуда даҳшат. Охирги съёмка куни роса йиғлаганман, уларга ачинганман.
— Шоҳида опа, турмуш ўртоғингиз Маҳмуд ака билан роль танлашда маслаҳатлашасизми?
— Кўпинча мени ёмон аёллар қиёфасида кўришни хоҳламайдилар. Ҳамиша ижобий кўришни истайдилар. Оилада қандай бўлсам, саҳнада ҳам худди шундай бўлишимни хоҳлайдилар. Театр саҳнасида салбий ролларни ижро этган пайтларимда қандайдир ғашлари келиб, бир умр шу қиёфада қолиб кетишимдан қўрқадилар. Лекин бу фақатгина саҳна, саҳнада бир-икки соат кимнингдир қиёфасини яратасиз, кейин яна оилангизга қайтасиз.
— Турмуш ўртоғингиз билан бир даргоҳда ишлаш сизга бирор қийинчилик туғдирмайдими?
— Туғдиради, албатта. Гоҳида саҳнада муаммога дуч келсам, диллари ранжиб қолишидан, кимнидир хафа қилиб қўйишларидан қўрқаман. Шунинг учун кўп нарсани уларга айтмайман, аяйман у кишини. Менинг санъатимни яхши кўрадилар, оиладаги аёллигимни ҳурмат қиладилар.
— «Опа-сингиллар» телесериалидаги образларида ажойиб бир меҳрибон ота, севимли оила бошлиғи ролини ижро этганлар. Ҳаётда ҳам шундайларми?
— Ҳаётда ҳам шундай инсонлар. Қудаларга ҳам, қизларга ҳам, набираларга ҳам меҳрибонлар. Мен у кишини идеал инсон қиёфасида кўраман.
— Нима учун фарзандларингиз санъат йўлидан кетишмади?
— Биласизми, санъаткорнинг фарзандлари театр саҳнаси ортида улғаяркан. Қийинчиликлар, соғинч ҳисси, ойлаб қилинган ижодий сафарлар ва бошқа қийинчиликларни кўриб, шундай хулосага келишган, менимча. Биз қарши эмасдик уларнинг санъат соҳасини танлашларига. Лекин кичик куёвимиз Бахтиёр Юсупов санъаткор. Бизнинг миллий театрнинг ёш, умидли актёрларидан бири.
— Сизни кўрган томошабинлар «Шу аёлнинг ҳам армони бормикан?» деб ўйлайдилар. Армонингиз борми?
— Албатта, бор. Бу дунёга ҳаммамиз синов учун келамиз. Қанийди, инсоннинг умри жуда узун бўлса-ю, қилган хатоларини англаб, кейинги манзилга йўл олса.
— Ташқи кўринишингиздаги маъюсликни кўриб, томошабинлар ҳайратланадилар. Бу феъл-атворингиз билан боғлиқми?
— Табиатан ўзим шунақаман. Лекин болалар билан ишлаганимда болаларча қувноқ, шодон бўлиб кетаман, болаларча яшайман. Шогирдларим билан ижод қилганимда, ёшимни эсдан чиқараман. Ҳеч қачон менинг ёшим катта бўлиб қолди, демайман. Аммо ҳаётда ижро этган ролларингиз юз-кўзингизга уриб кетаркан.
— Кўнглингиз тубидаги сўзлар…
— Биласизми, юртимизни жуда яхши кўраман. Юртимизда рўй бераётган янгиликлар, ривожланишни кўриб, севиниб кетаман. Кўпинча сафардан қайтган кезларимда танимай қоламан. Бунга сабаб, албатта, юртимизнинг тинчлиги, ободлиги, Юртбошимизнинг халққа ғамхўрлиги деб ўйлайман. Бундай бахтга асло кўз тегмасин!
Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.