ТЎЛЕБИЙДА БАЙРАМ ТАДБИРЛАРИ
Юртимизга кириб келган Наврўз умумхалқ байрами тадбирлари Тўлебий туманидаги барча қишлоқлари ва муассасаларида кўтаринки руҳда ўтказилди. Ленгер шаҳридаги Тўлебий майдонида ўтган байрамда тўлебийликларни туман ҳокими Бухарбай Парманов табриклади.
– Наврўз байрами биз учун ҳаёт абадийлиги, табиатнинг устувор қудрати ва чексиз саховати, кўп минг йиллик қиёфамиз, олижаноб урф-одатларимизнинг бетакрор ифодасидир, – деди у. – Бир неча минг йиллик тарихга эга ушбу байрам аждодларимиз томонидан шарқона "Янги йил” сифатида кенг нишонланиб келинган. Деҳқончилик мавсумининг бошланиши Наврўз шодиёналарида ўз ифодасини топган. Шунинг учун ҳам, асрлар оша бу байрам боқий қадрият, миллий маросим сифатида яшаб келмоқда. Ота-боболаримиз ҳар қандай шароитда ҳам , ҳатто, яширинча бўлса-да, Наврўзни нишонлаганлар.
Наврўз байрами аслида табиатнинг ўзидан келиб чиққан, кун ва тун тенглашгач, кунларнинг узайиши ва узлуксиз меҳнат бошланишидан дарак берувчи байрамдир. Демак , бу байрам халқимизнинг боқий байрами ҳамдир.
Майдонда тумандаги хўжаликлар,ташкилот ва муассасалар томонидан ўрнатилган ўтовларда байрам дастурхони ёзилиб, унга наврўз таомлари тортилди. Ишлаб чиқариш ширкатлари ва туман ўзбек этномаданият бирлашмалари бу куни меҳнат илғорлари ва фаолларга байрам совғалари улашди.
Туманнинг таълим муассасаларида ҳам байрам тадбирлари кўтаринки руҳда нишонланиб, турли саҳна кўринишлари намойиш этилди, спорт ўйинлари, «Сумалак» ва баҳорий таомлар пиширилиб, сайиллар ўтказилди.
Ленгер шаҳрида байрам тадбирларини юқори савияда ўтказиш мақсадида байрам арафасида ёлғиз, пенсионер ва ногиронлар, кам таъминланган оилалар, болалар ва ногирионлар уйи тарбияланувчилари, ота-оналар томонидан қаровсиз қолдирилган болалар ва туман ижтимоий таъминот бўлими рўйхатида турувчи меҳнат фахрийларига моддий ёрдам кўрсатилди.
Мактабдан ташқари таълим муассасаларида эса, “Баҳор соғинчи”, “Наврўз шукуҳи”, “Ўлкамизнинг баҳорий таровати”, “Баҳор фасли – илҳом фасли” каби мавзуларда болалар ижодиёти кўрик-танловлари ташкил этилди ва ғолиблар рағбатлантирилди.
***
Султонработ қишлоғида ўтган байрам тадбирини қишлоқ ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Анормат Ўсмонов ва шоира Ҳурбуви Одиловалар очиб, Навўзи олам шодиёналарига бағишланган шеърларини ўқиб беришди.
– Қишлоқда маданий ҳордиқ чиқариб, катта тадбирлар ўтказиладиган жой бўлмаганлиги сабабли, байрамни "Париж" тўйхонаси яқинидаги тепаликда ўтказдик, – деди А. Ўсмонов. – Тадбирлар режасини
тайёрлашда қатор масалаларга алоҳида эътибор қаратдик.Шу жумладан, Наврўз фаслида инсоннинг табиат билан ҳамоҳанг бўлиб, ўзини табиатнинг ажралмас бир қисми деб ҳис этишини ифода қиладиган, атроф-муҳитни, она заминни эъзозлаб, унинг неъматлари ва бугунги тинч ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга даъват этадиган маънавий-маърифий дастур тайёрладик. Барча юртдошларимиз учун севимли байрамга айланган Наврўзнинг руҳи ва фалсафасида мужассам бўлган аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, меҳру саҳоват, кексаларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, кўмакка муҳтож инсонларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш ва бошқа масалалар эътибордан четда қолмади. Бу ерда халқ ўйинлари, фольклор санъати намуналарига, эл-юртимизнинг дилидан чуқур жой олган, гўзал инсоний туйғуларни юксак пардаларда тараннум этадиган куй ва қўшиқларга кенг ўрин берилиб, унда қишлоқ бадиий ҳаваскорлари фаол иштирок этдилар. Байрамнинг жорий йилдаги ташкилотчилари – 1981 йили туғилган улфатлар.
***
Туман ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Ўсмонали Қодиров Илонбузган қишлоғида ўтган Наврўз байрамида иштирок этиб, тадбир иштирокчиларини Улуснинг улуғ куни билан табриклади. Эрталабдан карнай-сурнай наволари қишлоқ аҳли ва меҳмонларни худойи дастурхонига чорлади. Қуръон тиловат қилингач, дастурхонга ош тортилди.Тўлебий туман ўзбек этномаданият марказининг фахрий раиси Анормат Сартаев Наврўз нафақат янгиланиш, меҳр-мурувватни улуғловчи кун,, балки халқлар бирдамлиги ва бирлигини мустаҳкамловчи байрам эканлигини таъкидлаб, уни кенг таърифлади.
Тасвирларда:тадбирлардан лавҳалар
Моҳира ОДИЛОВА.
"Жыланбұзған" умумий ўрта мактаби ўқитувчиси.
|