Ўлмас сатрлар
Эсиз, болаликни қолдириб ортда,
Умр ўтмоқдадир дарё мисоли.
Қолдириб-қолдирмай из бу ҳаётда,
Умр ўтмоқдадир дарё мисоли.
Оппоқ тонгни улаб тийраи шомга,
Бирда шак келтириб сирли оламга,
Гоҳо таъзим қилиб бадкор, бадномга,
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.
Қай кезлар ушалмай орзу-армонлар,
Бирда ғолиб келиб тулкисимонлар,
Бирда бой берилиб бебаҳо онлар,
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.
Денгиздай мавж уриб, қирғоқдан тошиб,
Юрар йўлимиздан бирда адашиб,
Ким биландир зимдан мансаб талашиб
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.
Яратиб не сирлар, не мўъжизалар,
Қутлуғ кун кетидан кун ўтказилар.
Беҳуда ўтган дам – кўнгил эзилар...
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.
Ҳар тонгда тўрғайдан олдин уйғониб,
Чаманлар яратиш ишқида ёниб,
Бирда-чи: эътиқод, имондин тониб
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.
Эрта билан боғлиқ – не дамларимиз,
Билиб-билмай босган қадамларимиз,
Хайрли иш, алам, қарамларимиз
Умр ўтмоқдадир дарё мисоли.
Кексалик мўралаб эшик қоқмоқда,
Болалик қайтадан қайтарилмоқда...
Биздан эрта кунга нелар қолмоқда?
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.
Ўлмас созни ўйлаб дегинг келмайди,
Ўчмас издан сўйлаб дегинг келмайди,
Мангуликка бўйлаб дегинг келмайди
Умр ўтмоқдадир дарё мисоли...
Тўра СУЛАЙМОН.
|