Ўлган яқинларимиз билан нима содир бўлади?
1. Инсонларнинг яқин кишиси вафот этганида, улар нималарни бошдан кечирадилар?
«ЯҚИН кишингиз вафот этса, бу қанчалар қайғули; унинг йўқ бўлганлигини тушуниб етишнинг иложи йўқ». Отасини, кейин эса онасини йўқотган бир инсон ўз фикрини мана шундай баён қилди. У шу қадар дард-алам ва шунчалар чуқур жудолик туйғусини бошидан кечираётган эдики, ўзига жой топа олмай қолди. Сиз ҳам, шу каби туйғуларни бошингиздан кечирган бўлишингиз мумкин. Балки, сизга яқин бўлган кишиларингиз энди қаерда ва уларни қачон бўлмасин яна кўра олармикинман, деб ўзингиздан сўрагандирсиз.
2. Ўлимга таалуқли қандай мураккаб саволлар пайдо бўлади?
2 Ўз фарзандлари учун кўз ёш тўкаётган баъзи ота-оналар: «Худо энг гўзал гулларни осмонга, Ўзининг олдига йиғиб олади»,— деган жавобни эшитадилар. Бу ҳақиқатан ҳам шундайми? Бизнинг яқинларимиз руҳий дунёга равона бўляптиларми? Бу, баъзилар нирвана деб атайдиган, барча истаклар ушаладиган ва дардлардан озод бўладиган роҳат-фароғат ҳолатидаги жойми? Биз севган кишиларимиз жаннатдаги ўлмас ҳаёт дарвозасига киришдими? Ёки бошқаларнинг таъкидлашига кўра, ўлим — бу Худога қарши гуноҳ қилганлар учун абадий азобланиш остонасими? Ўлганлар бизга таъсир кўрсата оладими? Бу саволларга ҳаққоний жавоблар олиш учун Худонинг Каломи, Муқаддас Китобга мурожаат қилишимиз зарур.
ИНСОННИНГ «РУҲИ» — БУ НИМА?
3. Сократ ва Афлотун ўлганлар ҳақида қандай фикрда бўлишган ва бу инсонларга бугун қандай таъсир этмоқда?
3 Қадимги юнон файласуфлари Сократ ва Афлотун, инсонларда тана ўлимини бошдан кечириб, ўзи эса ҳеч қачон ўлмайдиган мерос қилиб олинган ўлмас қандайдир бир нарса, яъни жон ёки руҳ мавжудлигига ишонишган. Бугун бутун дунёда миллионлаб инсонлар бунга ишонишади. Бу каби қарашлар кўпинча ўлганлардан қўрқувни туғдириши билан бирга, уларнинг манфаати учун ғамхўрлик қилишни пайдо қилади. Аммо Муқаддас Китоб ўлганлар ҳақида бизларни тамомила бошқа нарсага ўргатади.
4. а) Ибтидо китобида жон тўғрисида нима дейилган? б) Худо Одамни тирик жон қилиш учун унга нима бахш этди?
4 Ўлганларнинг ҳолатини тушуниб олиш истагида, биринчи отамиз Одамда жонибўлмаганлигини ёдимизда тутишимиз керак. Унинг ўзи жон бўлган. Эҳтиром ҳиссини уйғотадиган тарзда Худо инсонни, яъни жонни, ернинг асосий таркибий қисмларидан яратди ва сўнгра унга «ҳаёт нафасини» бахш этди. Ибтидо 2:7-оятида: «Худованди Карим ернинг тупроғидан одамни ясаб, унинг димоғига ҳаёт нафасини пуфлади. Шу йўсинда одам тирик жон бўлди»,— дейилади. Одамнинг ҳаёти нафас олиш билан таъминланиб турган. Лекин Худо Одамга берган ҳаёт нафаси, унинг ўпкасидаги ҳавонинг оддий айланишидан кўра, янада кўпроқ нарсани билдирган. Муқаддас Китоб ердаги тирик жонзодларда ҳаракатланувчи «ҳаётий куч» (ЯДТ), тўғрисида айтади (Ибтидо 7:22).
5, 6. а) «Ҳаётий куч» — бу нима? б) Забур 145:4-оятида айтилганидек, «руҳ» танани тарк этганида нима содир бўлади?
5 «Ҳаётий куч» — бу нима? Бу — Худо Одамнинг ҳаётсиз танасига бахш этган ҳаёт учқунидир. Нафас эса бу кучни таъминлаб турар эди. Ундай бўлса, Забур 145:4-оятидаги «руҳ» сўзи нимага алоқадор? Бу оятда: «Унинг руҳи чиқиб, ўз тупроғига қайтар, ўша куннинг ўзида пучга чиқар унинг барча мурод-орзулари»,— дейилади. Муқаддас Китоб ёзувчилари «руҳ» сўзини бундай услубда қўллар эканлар, ўлимдан кейин яшашни давом эттирувчи кўзга кўринмайдиган жонни назарда тутишмаган.
6 Ўлаётганда инсондан чиқадиган «руҳ» — бу Яратувчимиздан келиб чиққан ҳаётий кучдир (Забур 35:10; Ҳаворийларнинг 17:28). Электр кучи ўзи ишлашини таъминлаётган жиҳозларнинг хусусиятларига эга бўлмагани каби, инсон ҳаётини таъминлаб турган бу ҳаётий куч ҳам, инсоннинг ўзига хос хусусиятларига эга эмас. Инсон ўлганида, руҳ (ҳаётий куч) унинг танаси ҳужайраларидаги ҳаётни таъминлашни тўхтатади; бу худди электрни ўчирганда ёруғликнинг ўчишига ўхшайди. Ҳаётий куч инсон танасини таъминламай қўйганидан сўнг, инсон — жон — ўлади (Забур 103:29; Воиз 12:1, 7).
«ТУПРОҚҚА ҚАЙТАРСАН»
7. Агар Одам Худога қулоқ солмаганида, уни нима кутар эди?
7 Иеҳова гуноҳ қилган Одамга ўлим нималигини аниқ тушунтирди. Худо: «Сен ердан олингансан ва ерга қайтгунингга қадар пешана тери билан нон еб юрасан. Зеро тупроқдирсан ва тупроққа қайтарсан»,— деди (Ибтидо 3:19). Одам қаерга қайтиши керак эди? Ерга, у яратилган тупроққа. Одам ўлганида, унинг мавжудлиги тўхтади холос!
8. Нимада инсонларнинг ҳайвонлар олдида устунлиги йўқ?
8 Бу жиҳатдан инсон ўлими, ҳайвонлар ўлимидан фарқ қилмайди. Ҳайвонлар ҳам жондир ва уларнинг ҳаёти худди ўша руҳ, ёки ҳаётий куч эвазига қўлланилиб турилади (Ибтидо 1:24). Воиз китобининг 3:19, 20-оятларида донишманд Сулаймон: «Улар қандай ўлаётган бўлса, булар ҳам шу каби ўлаётир, ва барчасининг нафаси [«руҳи», ЯДТ] бирдир, ва [ўлимга келганда] инсоннинг ҳайвондан устунлиги йўқдир... ...Ҳаммаси тупроқдандир, ва ҳаммаси яна тупроққа қайтур»,— деди. Инсоннинг ҳайвонлардан устунлиги шундан иборатки, инсон Худонинг сурати бўйича яратилган ва у Иеҳованинг хислатларини акс эттиради (Ибтидо 1:26, 27). Бироқ, ўлганда, инсонлар ҳам, ҳайвонлар ҳам тупроққа қайтадилар.
9. Ўлганлар қандай ҳолатда бўладилар ва улар қаерга кетадилар?
9 Сулаймон давом этиб ўлим нима эканлигини тушунтирар экан, шундай деди: «Тириклар ўлишларини биладилар, ўликлар эса ҳеч нарсани билмайдилар». Ҳа, ўлганлар ҳеч нарсани билмайдилар. Шунинг учун Сулаймон: «Қўлингдан нимаики иш келса, кучинг етгунига қадар қилгил, чунки сен борадиган қабрда [иброн. шеъўл], на иш, на фикрлаш, на билим ва на донолик бор»,— деб маслаҳат берди (Воиз 9:5, 10). Лекин ўлганлар қаерга борадилар? Шеъўлга — инсониятнинг умумий қабрига. Ўлган яқинларимиз ҳеч нарсани билмайдилар. Улар азоб чекмайдилар ва бизга ҳеч қандай таъсир ўтказмайдилар.
10. Нима учун биз ўлим охирни билдириши шарт эмас, деб айта оламиз?
10 Бу, биз ҳамда бизнинг яқинларимиз атиги озгина вақт яшаб, кейин эса ҳаёт билан умрбод видолашиш учун яшаётганлигимизни билдирадими? Муқаддас Китобга биноан — йўқ. Одам гуноҳ қилганидан сўнг Иеҳова Худо дарҳол инсон қилган гуноҳининг оқибатлари бартараф қилиниши ҳақида ғамхўрлик қилди. Худо инсонлар ўлишини умуман хоҳламаган (Ҳизқиё 33:11; 2-Бутруснинг 3:9). Шунинг учун ўлим биз ва яқинларимиз учун охирни билдириши шарт эмас.
«УХЛАБ ҚОЛДИ»
11. Исо ўзининг ўлган дўсти Лазарнинг ҳолатини қандай тасвирлади?
11 Иеҳова бизларни ва яқинларимизни Одам келтирган ўлимдан халос қилиш ниятида. Шунинг учун Худонинг Каломи ўлганлар тўғрисида худди ухлаётганлар ҳақидагидек гапиради. Масалан, Исо Масиҳ дўсти Лазарнинг ўлганлигини билиб, шогирдларига: «Дўстимиз Лазар ухлаб қолди, Мен уни уйғотгани кетяпман»,— деб айтди. Шогирдлари унинг сўзларини дарҳол тушунмаганликлари сабабли, Исо тўғридан-тўғри: «Лазар вафот этди»,— деди (Юҳанно 11:11, 14). Сўнгра Исо, Лазарнинг сингиллари Марта ва Марям акасининг ўлимини аза қилиб йиғлаётган Байтания шаҳарчасига жўнаб кетди. Исо Мартага: «Сенинг аканг тирилади»,— деганида, Марта, Худо инсоният оиласига ўлим томонидан етказилган зиённинг ўрнини тўлдирмоқчи эканлигига бўлган ишончини изҳор қилди. Марта: «Биламан, қиёматда, охиратда тирилади»,— деди (Юҳанно 11:23, 24).
12. Марта ўлганлар тўғрисида қандай умид қилган?
12 Марта ўлимдан кейин яшайдиган қандайдир ўлмас жон ёки руҳ мавжудлиги ҳақида ҳеч нарса айтмади. У, Лазар ўз ҳаётини руҳий дунёда давом эттираётганлигига ишонмас эди. Марта ўлганларнинг тирилишига умид қиларди. У ўлган акаси Лазарнинг шунчаки мавжудлиги тўхтаганлигини, ўлимидан кейин унинг ҳаётини давом эттирадиган ҳеч нарса қолмаганлигини биларди. Ягона ёрдам бера оладиган нарса — тирилиш эди.
13. Исо, Худо томонидан берилган қандай кучга эга ва у бундан қандай фойдаланган?
13 Иеҳова Худо Исо Масиҳни инсониятни қутқариш учун вакил қилиб тайинлади (Ҳўшея 13:14). Шунинг учун Исо Мартанинг сўзларига жавобан: «Мен тирилиш ва ҳаётдирман. Менга ишонган одам ўлса ҳам яшайди»,— деди (Юҳанно 11:25). Исо Худо томонидан унга берилган кучни намойиш қилди — у тўрт кун ўлик бўлган Лазарнинг қабри олдига келиб, уни ҳаётга қайтарди (Юҳанно 11:38—44). Бу тирилишни ва шунингдек Исо Масиҳ томонидан содир этилган бошқа тирилишларнинг шоҳиди бўлганлар қанчалик завқланганликларини бир тасаввур қилинг-а! (Марк 5:35—42; Луқо 7:12—16).
14. Нима учун тирилиш ва ўлмас жон ёки руҳ ҳақидаги тасаввур — бир-бирига зид бўлган тушунчалардир?
14 Бир зум тўхтанг ва ўйлаб кўринг: агарда қандайдир ўлмас жон ёки руҳ ўлимдан кейин яшаганида, унда умуман ҳеч кимни тирилтиришнинг кераги бўлмас эди. Лазар сингари инсонлар, агар аллақачон ажойиб самовий мукофотга эришган бўлишса, уларни номукаммал ҳаётга тирилтириш ҳатто адолатсиз бўлган бўларди. Ҳа, Муқаддас Китобда бирор марта ҳам «ўлмас жон» ёки «ўлмас руҳ» ибораси ишлатилмайди. Аксинча, Муқаддас Ёзувларда гуноҳ қилган инсоннинг жони ўлади, деб айтилади (Ҳизқиё 18:4, 20). Хуллас, Муқаддас Китоб ўлимдан қутулишнинг ҳақиқий чораси тирилиш деб кўрсатмоқда.
«ҚАБРДА ЁТГАН МАРҲУМЛАРНИНГ ҲАММАСИ»
15. а) «Тирилиш» сўзи нимани англатади? б) Нима учун Иеҳова Худога инсонни тирилтириш мутлақо оғир эмас?
15 Исонинг шогирдлари қўллаган, «тирилиш», деб таржима қилинган сўз, асл маънода «турмоқ» ёки «кўтарилмоқ»ни англатади. Тирилмоқ — ўлимнинг ҳаётсиз ҳолатидан туришни ёки инсониятнинг умумий қабридан кўтарилишни билдиради. Иеҳова Худо учун инсонни тирилтириш мутлақо оғир эмас. Нима учун? Чунки Иеҳова — ҳаёт Манбаидир. Инсонлар бугун эркаклар ва аёлларнинг овозлари ва қиёфаларини видеотасмага ёзиб олиб, бу ёзувларни уларнинг ўлимидан кейин кўра олишлари мумкин. Шу каби бизнинг барча нарсага қодир Яратувчимиз ҳам, ҳар бир инсон шахсининг барча ўзига хос хусусиятларини ёдда сақлайди ва унга янги тана бериб, у илгари қандай бўлган бўлса, худди шундай қилиб тирилтира олади.
16. а) Қабрда ётганларнинг барчасига нисбатан Исо нима ваъда берди? б) Инсон учун тирилиш қандай бўлишида нима ҳал қилувчи бўлади?
16 Исо Масиҳ: «Қабрда ётган марҳумларнинг ҳаммаси Худо Ўғлининг овозини эшитадиган вақт келади. Шунда ўликлар қабрдан чиқадилар; яхшилик қилганлар яшаш учун, ёмонлик қилганлар эса ҳукм қилиниш учун тириладилар»,— деди (Юҳанно 5:28, 29). Иеҳованинг хотирасида бўлган ўлганларнинг барчаси тириладилар ва Унинг йўлларига ўрганадилар. Худо ҳақидаги билимга мувофиқ йўл тутадиганлар учун бу тирилиш ҳаётга тирилиш бўлади. Худонинг таълимотини ва Унинг ҳукмдорлигини рад этадиганлар учун эса, у тирилиш — ҳукм қилиниш тирилиши бўлиб чиқади.
17. Кимлар тирилтирилади?
17 Иеҳовага хизмат қилган ва тақводор ҳаёт кечиришга ҳаракат қилганларнинг тирилтирилиши табиийдир. Тирилишга бўлган умид, ҳатто жуда қаттиқ таъқиб қилинишлар даврида ўлим қаршисида кўпларнинг куч-қудратини оширди. Улар, Худо уларни ҳаётга қайтара олишини билишарди (Матто 10:28). Аммо миллионлаб инсонлар Худонинг одил меъёрларига ўз муносабатларини кўрсатмай ўлиб кетишган. Улар ҳам тирилтириладилар. Ҳаворий Павлуснинг бунга мутлақо ишончи комил бўлган, у: «Мен солиҳ билан фосиқларни тирилтирадиган Худога қаттиқ эътиқод қиламан»,— деди (Ҳаворийларнинг 24:15).
18. а) Ҳаворий Юҳанно тирилиш тўғрисида қандай рўъё олди? б) «Оловли кўлда» нима йўқ қилинади ва бу «кўл» нимани ифодалайди?
18 Ҳаворий Юҳанно Худонинг тахти олдида турган тирилган инсонлар тўғрисида ғоят ажойиб бир рўъёни олди. Сўнгра Юҳанно: «Денгиз ўзидаги ўликларни берди, ўлим ҳам, тамуғ [юнон. ҳа́дес] ҳам ўзларидаги ўликларни берди, ҳар бир киши қилмишларига яраша ҳукм этилди. Ўлим ва тамуғ олов кўлига ташланди. Мана бу олов кўли — иккинчи ўлимдир»,— деб ёзди (Ваҳий 20:12—14). Тасаввур қилинг-а! Худонинг хотирасида бўлган барча ўлганлар, инсониятнинг умумий қабри — шеъўлдан ёки ҳадесдан озод бўлиш умидига эгалар (Забур 15:10; Ҳаворийларнинг 2:31). Уларда Худога хизмат қилишни хоҳлаётганликларини ишда кўрсатиш имкони бўлади. Сўнгра, «ўлим ва тамуғ олов кўлига», яъни тўлиқ йўқ қилинишни ифодаловчи «жаҳаннамга» ташланади (Луқо 12:5). Инсониятнинг умумий қабри бўшаб қолади ва тирилиш тугаллангандан сўнг бошқа мавжуд бўлмайди. Муқаддас Китобдан Худо ҳеч кимни қийнамаётганлигини билиш қанчалар тасалли беради! (Ҳизқиё 7:30, 31).
ТИРИЛГАНЛАР ҚАЕРДА ЯШАЙДИЛАР?
19. Нима учун айрим инсонлар осмондаги ҳаётга тирилтириладилар ва Худо уларга қандай тана беради?
19 Маълум миқдордаги эркаклар ва аёллар осмондаги ҳаётга тирилтириладилар. Улар Исо билан биргаликда шоҳлар ва руҳонийлар сифатида, инсонлар Одам атодан мерос қилиб олган ўлимнинг оқибатларини бартараф қилишда иштирок этадилар (Римликларга 5:12; Ваҳий 5:9, 10). Масиҳ билан ҳукмдорлик қилишга Худо осмонга қанча одамни олади? Муқаддас Китобга мувофиқ, фақат 144 000 инсонни (Ваҳий 7:4; 14:1). Улар осмонда яшай олишлари учун Иеҳова уларнинг ҳар бирига руҳий тана беради (1-Коринфликларга 15:35, 38, 42—45; 1-Бутруснинг 3:18).
20. Итоаткор инсониятни ҳамда тирилтириладиганларни нима кутмоқда?
20 Ўлганларнинг аксарияти жаннат ерида тирилтириладилар (Забур 36:11, 29;Матто 6:10). Баъзиларни осмондаги ҳаётга тирилтиришнинг сабабларидан бири — Худонинг ерга нисбатан бўлган ниятини бажаришдир. Исо Масиҳ ва унинг 144 000 бирга шоҳлик қилувчилари итоаткор инсониятни, биринчи ота-онамиз маҳрум бўлган мукаммалликка аста-секин олиб боради. Исонинг, у билан ёнма-ён михланган, ўлаётган инсонга: «Мен билан бирга жаннатда бўласан»,— деб айтган сўзларидан кўринишича, бу шунингдек тирилганларга ҳам тегишли бўлади (Луқо 23:42, 43).
21. Пайғамбар Ишаё ва ҳаворий Юҳаннонинг сўзларига мувофиқ ўлим билан нима содир бўлади?
21 Бугунги кунда шу қадар дард-алам олиб келаётган ўлим, жаннат ерида бартараф қилинади (Римликларга 8:19—21). Пайғамбар Ишаъё айтганидек, Иеҳова Худо ўз ғамхўрлигини кўрсатади ва «ўлим умрбод ютилади» (Ишаё 25:8). Ҳаворий Юҳанно, итоаткор инсоният дард ва ўлимдан қутуладиган вақтнинг рўъёсини олди. Ҳа, «Худонинг Ўзи улар ичра маскан қилгай. Худо уларнинг кўзидаги ҳар бир ёшни артиб олур. Энди ўлим сира бўлмас. Ҳузун ҳам, фарёд ҳам, оғриқ ҳам бўлмас. Зеро аввалгилар ўтиб кетди» (Ваҳий 21:1—4).
22. Тирилиш ҳақидаги билим сизга қандай таъсир қилмоқда?
22 Муқаддас Китобнинг аниқ таълимотлари, ўлганлар ҳақидаги ҳар қандай уйдирмаларни йўқ қилиб юборади. Муқаддас Ёзув, яксон қилинадиган «охирги душман — ўлим», деб тўғридан-тўғри маълум қилади (1-Коринфликларга 15:26). Тирилишга бўлган умиддан қанчалар куч ва тасалли олишимиз мумкин! Худонинг хотирасида бўлган ўлган яқинларимиз ўлим уйқусидан уйғониб, Худо Уни севувчилар учун тайёрлаб қўйган барча нарсалардан роҳатланишларидан, биз нақадар бахтли бўлишимиз мумкин! (Забур 144:16). Бу мубораклар Худонинг Шоҳлиги туфайли рўёбга чиқади. Лекин бу Шоҳликнинг бошқаруви қачон бошланиши керак? Келинг қараб кўрайлик.
ЎЗ БИЛИМЛАРИНГИЗНИ ТЕКШИРИНГ
Инсоннинг руҳи — бу нима?
Ўлганларнинг ҳолатини сиз қандай тасвирлаган бўлар эдингиз?
Кимлар тирилтирилади?
[85- саҳифадаги расм]
Лазар Исонинг сўзи билан, қабрдан чиққанлиги каби, миллионлаб ўлган инсонлар тириладилар.
[86- саҳифадаги расм]
«Ўлим то абад ютилганида» қувончнинг чеки бўлмайди.
|