Бахт – ҳамма етишни истайдиган, умри давомида ҳамиша у билан бирга бўлишни хоҳлайдиган ажиб бир неъмат. Бу дунёда яна шундай бахт ҳам борки, унинг фойдаси бу дунёда бошланади ва унинг охири йўқ – Ислом неъмати, иймон неъмати – мана яна бир қимматбаҳо бахт...
Бир неча ой олдин Германияда истиқомат қиладиган ўртоғим ёзиб қолди: “Дугонажон, Умрага кетяпмиз, сизга нима олиб келай?”. Унга жуда ҳавасим келганлигини ва ҳаммамизга Ҳажга бориш ва комил зиёратлар насиб қилишини тилаб, унга шундай жавоб қилдим:
- Совғага ҳеч нарса сўрамайман. Биргина илтимосим: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мендан салом айтинг, уларни яхши кўришимни ва жуда-жуда соғинганимни етказинг. Аллоҳ Байтида ҳақимизга қилинган дуодан-да афзалроқ совға йўқ бизга, ташаккур.
Бу суҳбатдан бир кун ўтгач, кун кеч бўлиб, ором олиш вақтида, кўзимга ҳеч уйқу келмади. Сайтда ўтказилаётган танловга материал тайёрлаш мақсадида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг “Оламларга раҳмат Пайғамбар” китобларини олиб варақлай бошладим. Унинг ҳар сатрини ўқир эканман, ўзим учун янги бир маълумотлар топар ва худди қимматбаҳо тош топиб олгандек сезар эдим ўзимни. Шундай қилиб бир соатча ўқиб, дафтарга қоралаб, сўнг китобни секин ёпиб, уйқуга кетдим. Сахарликда ажойиб туш кўрибман...
“Қандайдир жой, хонага ҳам ўхшайди, очиқ бир текисликка ҳам ўхшаб кетади. Мендан сал узоқроқда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам менга қараб табассум қилиб турар эдилар... Улар навқирон ёшда эканликларини сочларининг қоралигидан билдим. Кўзлари ва юзларидан нур таралиб турар, ўзлари эса узун яктакда эканлар. Ул Зотнинг орқаларида тўрт халифа: Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳумолар... Ҳаммалари менга қараб туришибди. Бирпасдан сўнг ким гапирди аниқ пайқолмадим, хуллас шундай сўзлар жаранглади: “Биз сени огоҳлантиргани келдик, Қиёмат яқин, Қиёматга оз қолди, тайёргарликни кўраверинглар...” Мана шу сўзларни эшитган ҳамоноқ уйғониб кетдим..”
Бу туш... Уни кўргандаги ҳолатим.. Ва ундан кейинги ҳис-туйғулар.. Таърифлаб беролмайдиган даражада ажойиб эди. Бир муддат хаёлимдан “Мана шу мен учун ҳақиқий Бахт..” деган фикрлар ўтди. Мусулмон борки, Пайғамбаримизни тушида кўришни орзу қилади, мўмин банда борки асри саодатга хаёлан сайр қилиб, бир лаҳза Расулуллоҳ билан суҳбатдош бўлади.. Ахир уларни тушда кўриш, ҳақиқий бахт эмасми?! Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан “Ким мени туш кўрган бўлса, рост кўрибди, чунки шайтон мени суратимга киролмайди...” мазмунидаги ҳадиси шарифларини эсларканман, Аллоҳга шукрлар айтаман...
Эй Аллоҳим, Ўзингга минг, минг шукрлар, Ҳабибим Пайғамбарим Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам – Сизга саловоту дурудлар бўлсин... Мен ожизангга қилган назаринг учун ташаккур.. Пайғамбарим ҳабибим, Сизни ота-онамдан ҳам, жамики одамзоддан ҳам кўпроқ яхши кўраман, Сизга жоним фидо бўлсин, Расулуллоҳим, дея қалбимдан садо чиққандек бўлади, гўё. Ҳали ҳам ўша туш таъсир доирасида юргандекман.
Шу ўринда яна бир гапни айтиб ўтишни вазифам деб билдим: ўша кун китобни ёпа туриб, юрагимдан беихтиёр: “Қанийди бугун пайғамбаримизни тушимда кўрсам..” дея ўтказган эдим.. Қарангки тушимга кирдилар. Шу сабабли ҳамма ҳаммага айтаман, ният қилаверинг, ниятни холис қилинг, гоҳида соатлаб қилинган дуолардан қалбдан чин дилдан қилинган ниятлар рўёби тезроқ бўларкан...
Гўзал Нажмиддинова
|