Айрим ишлаб чиқарувчилар харидор жалб этиш, ўз маҳсулотини
ўтказиш учун нималарни ваъда қилишмайди. Бироқ ҳамёнингизни чиқаришга
шошилманг. Маҳсулот қадоқларида ҳамиша ҳам ҳақиқат ёзилмайди, баъзида
улар бироз бўрттирилган ёки ёлғон бўлиб чиқиши ҳам мумкин.
ФАҚАТ МУДДАТ ЭМАС…
Озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилаётиб, унинг яроқлилик муддатига
назар солиш билангина кифояланиш ҳам унчалик тўғри эмас. Хўш, жимжимадор
қадоққа муҳрланган яроқлилик муддати тўғри ҳам дейлик, лекин ўша озиқ-овқат
маҳсулотлар дўконга келгунига қадар ташиш ва сақлаш қоидаларига ҳам риоя
қилинганми?
ҚОНУНЧИЛИКДАН
«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 6-
моддасига биноан, товар ёрлиғида унинг истеъмол хусусиятлари, ишлаб
чиқарилган санаси, ишлаб чиқарувчининг номи ва лицензия гувоҳномасининг
номери, товарни сақлаш, усуллари ва қоидалари каби қатор маълумотлар
кўрсатилиши шарт. Акс ҳолда, ушбу маълумотлар кўрсатилмаган товарлар
ўрнатилган тартибда реализация қилишдан тўхтатилади.
ҚОРА НОН
Қадоқдаги ёзув: «Клетчатка (целлюлоза) манбаи». Аслида эса, қандай
тайёрланишидан қатъи назар, қора нон шундоқ ҳам клетчатка (целлюлоза)га бой
бўлади.
СУТ МАҲСУЛОТЛАРИ
Қадоқдаги ёзув: «Таркибида А ва В витамини бор». Эсда тутинг: «витамини
бор» ва «витаминга тўйинтирилган» – турли тушунчалар. Сутли маҳсулотлар,
масалан сариёғ ва қаймоқ шундоқ ҳам А витаминига, сут эса В2 витаминига бой
бўлади. Маҳсулот витаминга тўйинтирилган, дея таъкидланиши учун эса, унда
тавсия этилган микронутриентларнинг суткалик меъёрининг камида 20 фоизи
бўлиши лозим.
САРИЁҒ
Қадоқда учрайдиган ёзув: Қадоқда «енгил» (русчада: «мягкое» ёки
«лёгкое») деб ёзилган бўлса, у сариёғ эмас, балки бутерброд маргарини бўлиши
эҳтимоли юқори. Уни таркибида трансёғлар ёки сут ёғи бўлган ўсимлик ёғи ва
ароматизатор ҳамда суюқ ўсимлик ёғидан тайёрлашади. Ҳақиқий сариёғнинг ёғи
эса камида 70 фоиз бўлади.
«Парҳез маҳсулоти» – бу ёзув «сариёғ ҳар қандай парҳезга тўғри келади,
таркибидаги қанд, ёғ ва углеводлар камайтирилган», дегани эмас. У фақатгина
маҳсулотнинг калорияси камлигидан далолат. Қоидаларга кўра, парҳез учун
мўлжалланган маҳсулотнинг 100 граммида кўпи билан 40 ккал бўлиши лозим. Ёғи
кам бўлган маҳсулотни излаётган бўлсангиз «ёғи камайтирилган»: «fat free» (100
граммда кўпи билан 0,5 гр.) ёки «reduced or less fat» (ёғли маҳсулотлардан кўра
ёғи 25 фоизга кам бўлади) деган ёзувни қидиринг.
ЎСИМЛИК ЁҒИ
Қадоқда учрайдиган ёзувлар:
«Холестеринсиз» – холестерин фақат ҳайвон ёғида бўлади. Ўсимлик ёғида у
айтилмаса ҳам бўлмаслиги аниқ!
«Таркибида Е витамини бор» – бу витамин доғланмаган, оқланмаган ҳар
қандай ўсимлик ёғида бўлади. Ҳатто бу ёзув йўқларида ҳам!
«Фитнесс-маҳсулот» – энг айёрона ёзув. Кўпинча у маҳсулотнинг калорияси
паст эканини назарда тутади. Чунки трансёғлар юрак қон-томир тизимига зарар
етказади ва ҳатто тана вазнини оширади. Шунингдек, фитнесс-маҳсулотларда L-
картинин – ёғларни йўқотишга ёрдам берувчи моддалар бўлиши мумкин. Бироқ
ишлаб чиқарувчилар бунга фақат жисмоний зўриқиш натижасида эришиш
мумкинлигини сир тутишади.
Сарвар САФАРОВ тайёрлади.