Дўстлик инсоний фазилатлар ичра алоҳида аҳамиятга молик туйғудир. Бу юксак туйғу азалдан инсониятга ва жамиятга ҳамроҳ. Барча замон, макон, миллат ва элат, ҳар қандай жамиятда ҳам бу хислат эътибордан қолмаган. Исдлм динида яна ҳам эътиборга олинган. Бу ҳақда нафақат ҳадиси шариф, балки оятлар ҳам бор. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қурони каримда марҳамат қилади:
Яъни: “Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрарлар, ёмонликдан қайтарарлар, намозни тўкис адо этарлар, закотни берарлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қиларлар”. (Тавба. 71)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Мўминларнинг бир-бирларига бўлган дўстликлари, раҳмли бўлишлари ва мeҳрибонликлари худди жасадга ўхшайди. Агар ундан бирор аъзо оғриса, жасаднинг бошқа (аъзолари) бeдор бўлиб, иситмага мубтало бўлади”, дeганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Айтибдиларки, бир киши пулга муҳтож бўлиб қолиб, нажот умидида дўстининг уйига бориб, эшигини тақиллатди. Дўсти чиқиб, у билан кўришди. Уйга таклиф қилди, лекин у таклифни қабул қилмади. Анча ҳижолатчилик билан, кўзларни ерга қадаган кўйи тиллари тутила-тутила мақсадини айтди:
- Дўстим, шу десанг, озроқ маслаҳатли иш чиқиб қолди... Бир кишидан юз минг сўм қарз олган эдим, шуни қистаб қўймаяпти. Ишлар бир оз юрмагани учун ҳеч имкон бўлмаяпти. Шунинг учун ёнингга келувдим, шароитинг қанақа? Озроқ ёрдам қилишнинг иложи борми?
Дўст бир оғиз ҳам сўз айтмай, уйга кириб юз минг сўм олиб чиқиб, унинг қўлига берди. Сўнг қўшиб қўйди:
- Дўстим, бирор нарсага мухтож бўлиб қолсанг, тортинмай келавер. Қўлимдан келганча ёрдам қилишга тайёрман.
Дўсти хурсанд бўлиб, у билан хайрлашиб, уйга қайтди.
Уй эгаси дўсти қайтиб кетгандан кейин уйига кириб йиғлаб юборди. Хотини ҳайрон бўлди:
- Нимага диққат бўласиз? Унинг ўрнига бирор нарсани баҳона қилиб, пул бермасдан қайтариб юборсангиз бўлмасмиди?
- Э, йўқ. Мен унга пул берганимга йиғлаётганим йўқ. Балки дўстим пулга муҳтож бўлиб қолганини билмаганимдан йиғлаяпман. У келиб сўрамасдан олдин ўзим бориб ундан ҳол-аҳвол сўрашим керак эди. Дўстимнинг муҳтожлигидан ғафлатда қолганимга йиғлаяпман, - жавоб берди дўст.
Жумабоев Яҳёбек. Олтинкўл туман Миробод масжиди имом хатиби
Улуғбек қори Йўлдошев.
|