ҲАЁТ - ИБРАТ МАКТАБИ
ҚАЙНОНАМ - АЗИЗ ОНАМ
Бу воқеа иккинчи жаҳон урушидан кейинги оғир йиллари бўлган. Ҳурмат, меҳр-оқибатни юксакларга кўтарган бир аёлнинг хайрли ишлари, ҳамқишлоқларим қаторида менинг болалик хотирамда бир умрга муҳрланиб қолган.
Қумри хола қорачадан келган, жуссаси кичик, ширинсўз, истараси иссиқ кампир эди. Биров билан гаплашса, кулимсираб суҳбатлашади. Маҳаллада энг кексаси бўлгани учун ҳамма уни "онахон" дейди. Ёшининг нечадалигини ўзи ҳам билмайди. Таниш-билишлари, набиралари: "Эна, нечага кирдингиз?", деб сўрашса, "Билмадим. Отам раҳматли: "Худоёрхон тахтга ўтирган йили туғилгансан", дегани эсимда бор", дейди, холос.
Онахон ниҳоятда меҳнаткаш, покиза, ораста, пазанда аёл. Инқилобдан аввал эри Қодирали ака билан Нуриддин бойникида хизматкор бўлиб, умргузаронлик қилишган. Етти нафар фарзанд кўришди. Беш нафари турмади. Энг кичик икки нафари - Ҳасанали билан Қундузхони ҳаёт.
Онахон доим дуода. Аллоҳга шукур, олти набираси бор. Ўғли билан келини янги тузилган "Ғайрат" колхозида ишлашарди. Баҳор фасли. Далада иш қизғин. Улар эрта кетиб, кеч қайтади. Қумри хола белини ушлаб-ушлаб, уй йиғиштиради, болаларга қарайди, овқат тайёрлайди. Иссиқ жон-да, хола бугун саҳар ўрнидан туролмай қолди, келинини чақирди, ўғли ҳам чиқди, турғизишди. Санамой суяб туриб, иссиқ чой тутди. Бир хўплаб қўйди, холос.
Санамой:
- Ҳасан ака, сиз далага бораверинг. Мен бувимга қарайман, - деди.
Кейин юмшоқ жой қилиб ётқизди. Кийимларини алмаштирди. Иссиқ овқат пишириб, ичирди. Кампир кундан-кунга оғирлашиб борди. Келин парвона: ёнидан силжимайди, ов-қат едиради, чой ичиради, оёқ-қўлларини уқалайди...
Кўргани кирган қўни-қўшни, таниш-билишларни яхши гап, ширин муомала билан кузатади, болаларига қарайди... Онахонни зиёрат қилмаган одам қолмади ҳисоб. Шу кунлар давомида қизи Қундузхон икки марта келди. Биринчи келишида ётиб қолмади. Кейингисида эса бир кеча ётиб қолиб, онасига ўзи қаради.
Эртасига:
- Санамой, жон синглим, мени тўғри тушунинг. Эрим касал, сигирим янги туққан, қизим далага чиқади, - деди.
- Опа, ҳеч ҳижолат бўлманг. Қачон фурсатингиз бўлса, келинг, уйингиз узоқ. Мен бувимнинг ёнидан силжимайман. Кўнглингиз тўқ бўлсин! - деди қатъий қилиб.
Қумри холанинг қудаси Ҳадичабону хабар олиб турди.
Бир сафар қизи Санамой Қумри холани ювинтирди. Озода кийимлар кийгизиб, оёқларини уқалади. Буни кузатиб қизига ачинди ва кетишидан аввал насиҳат қилган бўлди:
- Қизини чақиртир! Сенга нима қайнонангга қараб? Қара, қилаётган ишингни. Ахир, сен кимсан - Нуриддинбойнинг қизи бўлсанг. Қайнонанг узоқ йил бизнинг хизматимизда бўлган. Таъбим хира бўлиб кетди! Бу ишлар сенга мос эмас, қизим, - деди.
- Қўйинг, ойи, ўзим қарайвераман. Ахир, бу аёл қайнонам-ку, - деди Санамой.
Қизининг меҳнатига ачинган Ҳадичабону бу воқеани уйига кириб, бой бобога айтди. Бой бобо кампирини юпатган бўлди:
- Майли, кампир! Қизинг қайнонасининг дуосини олсин. Бизнинг дуоларимиздан ҳам кўра, энди ўшаларнинг дуоси мустажоб бўлади. Қўявер, меҳнатга одам ўлмайди.
Ҳадичабону аччиқланди.
Бир куни илиқ сув қилиб қайнонасини ювинтираётган эди, аммаси Шарофат биби келиб қолди. Беморни жойига ётқизди. Кейин фотиҳа қилинди, ҳол-аҳвол сўради. Шарофат биби катта оғиз, димоғдор хотин.
Амма-жиян ёлғиз қолганларида:
- Қайнонангга мунча меҳрибонсан? Ахир, у оғир касал бўлса, юқади-ку! Сенга нима, қизи бор, айт, келиб қарасин! - деб койиган бўлди.
- Қўйинг, амма, шунақа гапларни. Ўзим қарайман. Чунки бу... менинг онам. Касали юқумли эмас... - деди.
Аммаси жаҳли чиқиб қолаверди.
...Инсон инсоннинг қадрини билса, излар экан. Бир куни бир аёл уйга кириб келди. Исми Ҳайринса экан. Онаси билан Қумри хола дугона бўлган эмиш. Анча ўтирди, йиғлади, беморнинг пешонасини силади, уқалади.
- Онамни кўргандай бўлдим, - деди хайрлашаётиб. - Сиз келинимисиз? Раҳмат, қизим! Менда ҳам уч келин бор. Бошим ёстиққа тегса, сизга ўхшаб қарармикин-а? Беморга қилган жойингизни, берган овқатингизни кўриб ҳавас қилдим. Барака топинг, қизим.
Қумри хола кундан-кунга оғирлашиб борарди. Санамой билан Ҳасаналида уйқу йўқ. Оналарининг икки ёнида ўтиришади, ўтириб мизғишади. Болалар нариги эшикда. Бугун касал бўлганига ўттиз тўққизинчи кун. Онахон саҳарга бориб, уйғонди. Болалари икки ёнида.
- Санамой, қизим, раҳмат. камол топинг, болаларингизнинг орзусини кўринг, - деди секин. Яна бироздан кейин:
-Ҳасанали, ўғлим, мени қабримда тинч ётсин десанг, Санамойни ҳурмат қил. Болаларингни ўқит, - деди-ю, қайта гапиролмай қолди. Онахон ҳаёт билан хайрлашган эди...
Ҳа, ҳаётда Санамой сингари қайнонасининг дуосини олган аёллар жуда кўп. Бугун сингилларимиз, қизларимиз ана шундайлардан ибрат олиб яшасалар, асло кам бўлмайдилар.
Олимжон РАҲИМОВ.
|