Aёлнинг душмани аёлдир
Дунё яралганидан бери ҳамма нарса жуфти билан яшаб келмоқда. Умуман жуфт бўлиб яшаш яратилган нарсаларга ҳосдир. Шу яратилганлар ичида инсон аталмиш зот борки, унинг ҳурмати бошқаларникидан анчайин баланд. Инсон мукаррам зот, аммо шу билан бирга жуда пасткаш ҳамдир. Инсондан бўлак ҳеч бир мавжудотга ҳасад туйғуси ҳос ва мос эмас. Ҳамма нарсанинг ўзига ўхшаши ва умуман ўзига номутаносиби бўлганидек, туйғулар ҳам шундайдир. Севгиники, нафрат, бойликники, ҳасислик, дўстликники, душманлик ва ҳаказолар. Инсоният яшай бошлаганидан буён улар орасида дўстлик ва душманлик муносабатлари ҳам давом этиб келмоқда. Инсон ҳамма нарсанинг душмани бўлиши мумкин, аммо бошқа жонзотлар бунчалик сифатларга эга эмаслар. Инсоннинг энг биринчи душмани бу — инсондир. Эркакнинг душмани эркак бўлади десангиз ҳато қиласиз, чунки улар жиддий сабабсиз бундай қабиҳликка боришмайди. Аммо аёлнинг душмани эркак ҳам, аёл ҳам бўлиши мумкин. Барибир аёлнинг адовати аёлга нисбатан кучлироқ бўлади. Бу адоватлар натижасида не-не урушларни кўрмади бу дунё. Гапни жуда узоқдан олиб келганимга ажабланманг. Сабаби бор.
Шундай қилиб яқинда дўстларимиз билан йиғилишдик. Тўғриси улар билан йиғилмаганимизга ҳам минг йил бўлган эди ўзиям. Одатда дўстларимнинг ҳаммаси ичкилик билан яхши келишади. Менинг бўлса, шу зормандани кўрсам, кўнглим айнийверади денг. Лекин илож қанча улар билан бирга бўлмасанг, ажралиб қолишинг аниқ. Ҳатто тўй-маъракангга ҳам келишмайди. Ҳаммамиз дастурхон атрофига тўпланиб бўлганимиздан кейин, дўстлардан бири салмоқлаб гап бошлади.
-Энди азизларим, ўзларингдан қолар гап йўқ. Неча йилдан буён шундай йиғилиб турамиз, аммо шу дўстимизнинг биз билан бирор маротаба олганини кўрмадик. Бундан чиқди у бизни хурмат қилмайди, деб қолди.
-Нега ундай дейсан, биласанку…гапларим оғзимда қолди. У яна:
-Қўйсангчи, доим бир гапни такрорлаганинг такрорлаган. Соғлигим кўтармайди, бу ифлос нарсани хуш кўрмайман. Билиб қўй сувга нелар тоза бўлмайди. Қадрдонлар қадаҳ сўзи айтишдан олдин юз-юз олсакда, кейин мен жудаааа бир келтирсам, деди виқор билан. Унинг фикрини маъқуллаб ҳамма қадаҳини бўшатди. Шундан кейин у кўпчиган башарасини бужмайтириб, сўз бошлади:
-Худо ҳамма нарсани жуфти билан яратган агар билсанглар, лекин сувни жуфтсиз яратган. (унинг бу фикри асоссиз эди) Бундан оғринган сув Яратганнинг олдига бориб, арзиҳол қилибди. Нега барча нарсани ўз жуфти билан, уни жуфтсиз яратганидан нолибди. Шунда Худо: „Агар сени ҳам жуфт қилиб яратганимда, қолганлар нима билан покланишарди“, деган экан. Шу гап учун олайлик, деди кўзи сузилиб. Унинг бу гапиичкиликка муккасидан кетганларнинг одатий эртакларидан. Қадаҳ сўзлар кўпайгандан кўпаяверди. Зиёфат ярим кечагача давом этди. Уйга кириб келганимда соат роса икки бўлган экан. Эртага якшанба, бир тўйиб ухлар эканманда, дея ёнбошлаганимни биламан, эшик қаттиқ таққиллаб қолди. Малолланиб очсам, қўшни аёлнинг йигирма яшар қизи жовдираб турибди. Сўрамасимдан:
-Онамнинг аҳволи оғирлашиб қолди илтимос ёрдам беринг. Олти соатдан бери сизнинг эшигингизга қоровуллик қиламан. Бирровга уйга кирганимда, келганингизни сездим ва югуриб чиқдим. Тезроқ бўлинг жон ака, илтимос улар ўлиб қоладилар, деди йиғлаб. Кийимимни ҳам алмаштирмай, керакли нарсаларни олиб тезлик билан уларникига чиқдим. Роса вақтида келибман, касаллик айни хуружда экан. Тинчлантирувчи воситалар, қон босимга қарши дори ичирдим. Шу пайт дўстларимнинг “шифокорлар ичида ичмай дунёга келиб, ичмасдан кетадигани сен бўлсанг керак“, деган сўзлари ёдимга тушди. Биласизми, шундай лаҳзаларда ичкиликка ошно тутинмаганимга минг шукр қиламан. Соат тонги тўртларда қўшнимизнинг аҳволи енгиллашди. У киши жуда кексайиб қолганга ўхшар, аммо дуркунгина қизи бўлганидан кейин ўзи ҳам унчалик ёши ўтган бўлмаса керак. Юзлари тўла ажин, кўзларидан бутунлай уйқусиз тонг оттириб юргани билиниб туради, қўллари бўлса, мехнатдан қотган инсон қўлларидек. Чиқиб кетаётганимда қаттиқ миннатдорчилик билдириб, нонуштага албатта чиқишимни илтимос қилди. Рози бўлдим. Уйга кела солиб, кийимларимни алмаштиришга ҳам ярамай ухлаб қолибман. Бу гал ҳам эшик тақиллаганидан уйғониб кетдим. Яна мазаси қочиб қолдимикан, деган ўйда шошиб эшикни очдим. Қўшнимизнинг қизи экан. Бу гал ҳам оғиз жуфтламасимдан:
-Нонушта тайёр, онам сизни чақириб келишимни тайинладилар, кейин жуда зарур гаплари ҳам бор экан сизда, деди жилмайиб. Уйқуга тўймаган бўлсамда, ҳаста одамни ранжитгим келмади. Ювиниб тезда уларникига чиқдим. Ҳақиқий ўзбекона дастурхон безатилган: Тандирдан янги узилган икита нон, қаймоқ, сариёғ, қанд-қурс, асал, чой ва мураббо. Бу ерга кўчиб келганимга атиги икки хафта бўлди, уларни тузук—қуруқ танимайман ҳам. Қўшнимизнинг қизини ўтган ҳафта бир мартагина кўрган эдим. Кеча ҳам разм солмаган эканман. Бугун эътибор қилиб қарасам, ҳар қандай йигит орзу қиладиган суқсурдай қиз экан. Индамай қолганимни кўрган қўшнимиз:
-Вой олинг, нега тортиниб ўтирибсиз. Бемалол, ўз уйингиздек ўтираверинг. Менга ҳамма нарсани аралаштириб еявериш мумкин эмаслигини биласиз, олаверинг. Қани қизим акангга чой қуй, деди меҳрибонлик билан. Нонушта жуда ажойиб бўлди. Ўзим ота-онасиз ўсганим учунми, оила даврасида ўтиришни жуда яхши кўраман. Нонуштадан сўнг, қўшнимиз қизига ишора қилган эди, у индамай чиқиб кетди. Шундан кейин у махзун қиёфада:
-Айтингчи, яна қанча яшашим мумкин? Шу қизгинамнинг тўйини кўриш насиб этармикан? Бунча пешонам шўр бўлмаса, аслида мен учун бу азоблар камлик қилади. Илтимос сиздан қанча яшашим мумкинлигини айтинг, жон ўғлим!, дея йиғлаб юборди. Мен уни тинчлантириб:
—Опа биз Худо эмасмиз, аммо ўзингизга эътибор бериб турсангиз ва шифокорлар назоратида бўлсангиз, невараларингизнинг ҳам тўйларини кўришингиз мумкин, дедим. У суюнмади, ҳатто бир оғиз гапирмади ҳам. Бироз жимликдан сўнг:
-Раҳмат сизга, кўп ёрдам қиляпсиз. Қайтара оламизми йўқми уни ҳам билмайман. Сизнинг ҳам роса вақтингизни олдим. Дам олиш куни ҳам тинчлик бермадим, дея астойдил миннатдорчилик билдирди. Унинг кўнглини қайта-қайта кўтариб уйга қайтдим. Ёшим йигирма тўрда. Тиббиёт олийгоҳини ўтган йили тамомладим. Мактабда икки марта синфдан синфга сакраганман. Шу боис ўқишни эрта тамомлаб, ишлаяпман. Бу ерда ижарада тураман. Шароитлар яхши. Ҳовли каттагина, боғи ҳам бор. Уйнинг эгаси чет элда яшаркан. Ўғли бир йилдан кейин қайтиб келиб, шу ерда яшамоқчи. Бу ҳақда менга ҳовлини топиб берган одам айтган эди. Ижарада турганим билан, пул тўламайман. Қўриқлаб турсам бўлди. Улар шунга рози. Бундан ташқари мева чеваларни ҳам ўзим йиғиб оламан. Шундай қилиб орадан олти ой ўтди. Бу вақт ичида қўшни аёл ва қизи билан чиқишиб кетдик. Худди бир-биримизни аввалдан танийдигандекмиз. Бир куни эшик яна қаттиқ тақиллаб қолди. Ўша куни ҳам якшанба эди. Югуриб чиқсам, қўшни қиз. Индамай нарсаларимни олиб чиқдимда, ундан олдин югуриб бордим. Кириб борганимда бечора аёл, роса ҳолдан тойган, кўзлари қизариб кетган экан. Муолажадан кейин анча ўзига келиб қолди. Чиқиб кетмоқчи бўлиб, қўзғалагн эдим, қўлимдан маҳкам тутиб:
-Илтимос кетманг! Сизга айтадиган гапим бор. Барибир кимгадир айтишим керак эди. Қабрга орқалаб кетишдан нима наф. Ҳам дардим енгиллашади, ҳам кимгадир ёрдам бўлади, деди овози титраб. Қаршилик қилмасдан, жойлашиб ўтириб олдим. У қизига чиқиб туриш ишорасини қилгач, бироз нафас ростлаган бўлиб, гап бошлади.
-Биринчи бор сизни ўғлим деганимда ажабланганган бўлсангиз керак. Нега йигирма ёшли қизнинг онаси, мени ўғлим дейди, деб жахлингиз ҳам чиққандир. Аслида ундай демаслигим керакмиди, чунки ёшим қирқ бирда. Ўғлим бўлиб уни шундай аташни жуда истайман. Шу сабабли сизни шундай чақирганман. Кучим борида, тилим айланиб турганида сизга бир воқеани айтиб беришим керак. Бунга тахминан йигирма уч йилча бўлди. Ўша вақтларда мен жуда бошқача фикрда яшардим. Ўзимнинг қарашларим, шахсий фикрларим бор эди. Одатда ўзининг латофатли эканлигини билиб қолган қиздан яхшилик чиқмайди дейишади. Мен ҳам назокатлилигимдан хабардорлардан эдим. Оилада икки ўғилдан кейин дунёга келган эркатойлигим учун, сўзим қонун эди. Ота-онамга қўшилиб, акаларим ҳам айтганларимни сўзсиз бажаришарди. Аммо уларнинг битта хатолари бор эди. Ўша хатолари сабаб бўлиб, менда тузатиб бўлмас бадхулқлик сувсиз униб кетди. Бу менга нисбатан эътиборсизликлари эди. Мен бўлсам, ҳаёт шу эканда, деб билган ишимни қилавердим. Шу орада акаларим уйланди. Ўзим олийгоҳда ўқисамда, ўқишга деярлибормасдим. Бир йигит билан танишиб, ўша билан талабаликнинг «олтин» даврини ўтказиб юрардим. Бадфеллигим фақатгина бегоналар учун эмасди, бундан яқинларим ҳам насибадор эдилар. Менинг ноғорамга ўйнамаган келинойиларим адойи тамом бўлишди. Катта акамнинг хотинига атайдан оғир нарса кўтартиравериб, ҳомиласининг нобуд бўлишига сабаб бўлдим. Менга бир оғиз гапиролмади. Кичик акам оиласи билан кўчиб кетди. Ота-онам ҳам сўзларини ўтказа олишмасди. Ўша кунлари менга бир кекса қўшни аёл:
-Болам, ота-онанг сени дунёга келтириб, шунчалик тарбия қилиб вояга етказишгач, уларнинг гапларига қулоқ солмай, хайрли истакларини бажармасанг, билгинки, сен туғилмагансан. Отанинг биргина норози оҳангдаги нигоҳигина тақдирингда қора чизиқ учун кифоя қилади, деган эди. Энди унинг гапларининг асл моҳиятини англаб етдим. Лекин ўшанда унга ўдағайлаб берганман. Умуман оиладаги тотувликка путур етган, улар мен туфайли шу дунёдаёқ дўзах азобига гирифтор эдилар. Менда бировга ачиниш ҳисси бегоналигидан, акам ва келинойимнинг фарзанд доғида куйганидан ҳатто хурсанд бўлганман. Билсангиз, ўзгаларнинг азобидан лаззат оладиган безот эдим. Ота-онам менга бир неча бор турмуш қуриш ҳақида айтишди, аммо унамадим. Танлаган куёвларини бўлса, назарга илмадим. Шу орада бир бойвачча билан танишиб қолдим. Аниқроғи у мен билан танишди. Мени мошинасида бир марта олийгоҳга ташлаб қўйди. Иккинчи маротаба яна йўлда тўхтаб сигнал чалди. Бу дунёда қизлар учун йигитлардан қутулиш йўли қолмаган. Агар сал сипороқ бўлиб юрсангиз, уйланса бўлар экан, деб бошингизни айлантиришга ўтишади. Олдингиздан чиқаверади, совғалар бераверади, дугонангизни қўлга олиб олади, хуллас кўз илғаган жойда уни кўришга мажбур қилади. Оқибат уни севиб қоласиз. Уйланса бахтингиз, аммо ундай бўлмасачи? Агар бирдан жилмайиб, енгиллик қилсангиз, икки ойдан ўтмайди, дейишиб айлантириб олишади. Ўшанда мен иккинчи тоифанинг йўлини қилиб, биринчи тоифанинг қисматидан умидвор бўлган эканман. Номусимдан айрилганимдан кейин, унга уйланиши кераклигини айтдим. У бўлса:
-Биласанми, сени жуда севаман, аммо уйланиш ҳақида ўйлаб кўрмаган эканман. Устига устак хотиним ҳам бор. Жуда номард эмасман, сени иккинчи хотин қилиб оламан. Агар рози бўлсанг, деди совуққонлик билан. Бироз вақт ўтиб, у билан бирга яшай бошладим. Унга иккинчи хотин бўлиб эрга текканимни эшитган отамнинг қон босими ошиб, бир хафтадан кейин оламдан ўтди. Онам бўлса, умрининг охиригача мени қарғаб ўтди.Онам ҳам отамдан кейин бир йилгина яшади. Акаларим мен билан борди келдини узиб қўйишди. Мен бўлсам, буларнинг барчасини эримнинг биринчи хотинидан олдим. Бечора аёл, жуда содда, камсуқум эди. Ундан ташқари етимликда ўсганлиги учунми, доим қимтиниб ўтирарди. Фарзандли бўлиш менга қайта насиб этмайдиган бўлиб қолди, чунки биринчи фарзандим ўлик ҳолда туғилгач, бачадонимни тозалаб ташлашди. Акс ҳолда мен ҳам…. Унинг овози чиқмай қолди. Кўз ёшлари юзини ювар, хўрлиги эса бўғзига тиқилиб қолган эди. Уни юпатиб:
-Опа ўзингизни қўлга олинг. Бу омонат дунёда армондан кўпи йўқ. Эзилманг, ўзингизни минг айбдор қилганингиз билан энди ҳеч нарса ўзгариб қолмайди. Гулдек қизингиз бор, унинг ҳам тақдирин ўйланг. У учун ўзингизни асран, яшанг, дейман-у, аммо одамзоднинг нималар қила олиши ҳақида ва қиз ҳам уники эмаслиги ҳақида ўйлайман. У ўзини бироз қўлга олгач:
-Ўғлим, сизни шундай атай илтимос. Мен учун аслида бир оғиз сўз хайф. Ҳали қолганини эшитаверинг, бир умрга мендан нафратланиб қоласиз, дея сўзида давом этди. Яшаяпману, аммо ичимда ҳеч босилмас олов ёнади. Бунга айбдорлар жавоб бериши керак, деб ўйлайман. Инсон ўзидан айб ахтармайди, ўзганикини эса дарров кўради. Орадан икки йил ўтиб, Кундошим яна ҳомиладор бўлди. Менинг бўлса хасаддан ичим ёниб, нима қилишимни билмай ўтирибман. Ахийри эримга у билан ажрашиш кераклигини айтдим, ҳатто қаттиқ туриб олдим. Шунда эрим:
-Билиб қўй аслида сен билан ажрашишим керак. Бошим айланиб, шайтонга эргашмаганимда ҳозир ғавғосиз яшаётган бўлардим. Сен билан яшаётганимга шукр қилсангчи. Ҳеч киминг йўқ, ўзим ғамхўрлик қиляпман. Чидамасанг ана катта кўча. Бу ҳақда менга қайтиб гапирма, дея ўшқириб берди.
Охирги пайтларда кўп ўйлайдиган бўлиб қолгандим. Ўтириб бошдан кечирганларим ҳақида ўйладим. Хисоблаб кўрсам, йигирмага яқин аёлнинг бошига етган, қанча одамларнинг бесабаб оралари бузилишига сабабчи бўлган эканман. Лекин айб фақат уларда бўлиб чиқаверди. Эримдан ҳам норози бўлиб юрганимга кўп бўлган эди. Устига устак унинг хотинчаси асабимга тегиб юрарди. Ҳаммаси бир бўлиб улардан ўч олишга ундади. Бир кекса хайдовчи ака бўлиб, ичган куни бахтли эди. Ўшанга бир икки шиша тутқазиб, тормознинг ўрни ва бошқа нарсалар ҳақида билиб олдим. Кейин эримнинг ҳовлисига ўз мошинамда кириб бордим. Уйга кирганимдан кейин улардан узр сўрадим. Қилган ишларимдан пушаймон эканлигимнинг исботи сифатида кўз ёши ҳам қилдим. Бир кун олдин эрим хотини ва ўғли билан шаҳар ташқарисига дам олишга бориши ҳақида айтган эди. Кечгача улар билан сухбатлашиб ўтирдим. Кейин эрим менга улар билан дам олишга боришни таклиф қилди. Рози бўлдим. Кечаси йўлга чиқдик. Эрта тонгда бир ишни баҳона қилиб, мошинамга ўтирдимда шошиб ортимга қайтдим, чунки етиб борганимиздан кейин сездирмасдан эримнинг машинасининг тормозини ишдан чиқариб қўйган эдим. Уйга келгач, хабар кута бошладим. Тушга яқин эримнинг яқин дўсти уйга қўнғироқ қилиб, уларнинг шифохонага тушиб қолганлигини айтди. Сабабини худди билмагандек сўраганимда, автохалокатдан эканлигини куюниб гапирди. Гўшакни қўйдим-у, шифохонага бордим. Уларнинг аҳволини ўз кўзим билан кўргим келди. Борсам, улар ўликхонада экан. Уларни кўрганимдан кейин нима қилиб қўйганлигимни тушундим. Жонсиз танани биринчи бор кўришим эди. Бу сизга янгилик эмас, аммо мен учун ўзлигимни англашга туртки бўлган ҳодиса бўлди. Кундошимнинг ой куни яқин эди. Норасида гўдакни жувонмарг қилганимдан, фиғоним фалакка чиқа бошлади. Одам ўлдириш чумчуқ сўйиш эмаслигини ангаб етгандим. Эсим оғиб қолгудек бўлиб турганимда ҳамшира қиз қўлини елкамга қўйиб:
-Опажон куюнманг. Улар энди йўқ, аммо гўдакнинг ҳаётини сақлаб қолдик. Бош шифокор сизни сўраяпти, деди тазия билдириб. Айтганини индамасдан қилдим. Бош шифокор мендан ҳомиладаги болани сақлаб қолганлигини, агар қариндошларидан бўлсам, асраб олиш олмаслигимни сўради. Бирдан кўз олдимга тушиб қолган ҳомилам келди. Кейин эрим ва айбсиз айбдор хотини-ю, ўғли ҳақида ўйладим. Яна озгина жим турсам, болани мендан тортиб олиб қўядигандек, ўрнимдан сапчиб туриб:
-Оламан, албатта оламан, жон деб оламан. Илтимос уни менга кўрсатинглар. Унга ўзим оналик қиламан, дея йиғлаб юбордим. Кейин уни уйга олиб кетдим. Эримнинг уйига. Мана шу уй, ўша. Сиз яхши кўрадиган қиз ўша мен ўлдириб юборган фаришта аёлники. Онаси тилла аёл эди. Бирор маротаба жанжал кўтарганини билмайман. Эрим билан сен менга боргандир, аммо менга ҳеч нима деган эмас. Шунчалик ҳам сабрли бўладими. Сиздан биргина ўтинчим, шу қизга уйланиб, уни бахтли қилинг. Унга ҳақиқатни айтманг. Мендан нафратланмайдиган угина қолди бу дунёда, деди билагимни қаттиқ сиқиб.
-Акаларингиз билан орани ислоҳ қилдингизми?, деб сўрадим жимликни бузиб. У ҳазин овозда:
-Улар билан алоқамиз тамоман узилган. Борди—келди қилмаймиз. Кўчада учрашиб қолгудек бўлсак, бошқа ёққа бурилиб кетамиз. Ўзим улар билан ярашиш умидидаман, аммо мени кечира олишмаяпти. Умуман уларнинг ҳақлари бор. Майли ҳаммалари ўз кунига омон бўлишсин.Сизни чўғ олиб юришга мажбур қилдим. Сабаби, бировнинг сирини сақлаш «оғизда чўғ олиб юриш» дейишади. Мени кечиринг, сизни ҳам руҳан, ҳам жисмонан обдон ҳолдан тойдирдим. Энди бироз дам олай, ухламаганимга ҳам неча йиллар бўлиб кетди. «Аёлнинг душмани аёлдир», бу ҳақда фақат сизга айтаяпман, дея совуқ жилмайиб, ёстиққаомонатгина бош қўйди. Секингина у ердан чиқиб, уйга келдим. Биргина аёл кишининг шунча қилмишлар қилганига сира ақлим етмасди. Тонга яқин қўшни қиз дарвозвни уриб, мени чақирди. Шошиб чиқсам, нам кўзлари жовдираб менга боқиб турибди. Унга саволомуз қараган эдим:
-Онам индамай қолдилар, дея юзини бекитиб уйига чопиб кетди. Ортидан етиб борганимда, онасини қучиб йиғлаётган экан. Томирлариниушлаб кўрдим, узилган. Қизни қучиб мен ҳам йиғлаб юбордим…
Аҳад ЖУМАНҚУЛОВ
|