№7, 09.02.2012
ҲАЁТ САБОҒИ
Сукут
Бугун ҳам негадир унинг кўнгли хижил бўлди. Яна қайнонасидан гап эшитди. Қайнонасининг асаблари таранг, келинининг ҳеч бир иши ёқмайди унга.
Келинчакнинг эса тили "ботир" - бир гапдан қолиш йўқ. Ўғил ҳам аросатда. Яхшиямки, ишлайди. Овсинлар алоҳида уй-жой қилиб чиқиб кетишган. Ҳамма ғавғо кичик келиннинг бошида. Қайнонаси: "Ёшимнинг ҳурмати йўқми, тилингизни тийинг", дейди. Келинчак эса: "Ҳа, ёшингиз катта экан, ҳеч йўқ шуни билмаяпсиз-ку. Етти пуштимгача қарғайсиз", дея сапчийди баттар.
Қарабсизки, катта жанжал, йиғи-сиғи бошланади. Қайнона чиқиб, қўшниларига арз-дод қилади. Келинчак эса бориб ота-онасига "ёрилади".
Қизининг ҳадеб гап кўтариб келишидан зада бўлиб, онаси бир куни уни астойдил уришиб берди:
- Энди ёш бола эмассан, бироз ўзингни ўнглагин! Қудам ҳам мен каби она. "Хўп, сиз ҳақсиз", деб қўйсанг, олам гулистон!
- Вой, сиз билмайсиз, ҳаммангизни ҳақоратлаб, қарғагани-қарғаган.
- Қўявер. Бу билан бир нима ўзгариб қолмайди, аҳамият берма. Гап бундоқ, бундан кейин ҳар хил ғийбатларни уйга кўтариб келма. Агар айтганимни қилмасанг, яхшиси...
Онасининг танбеҳидан қизи тушмагур мум тишлаб қолди. Кечга яқин ноилож уйига қайтиб келди. Ҳовлига кирди-ю, кўзи қайнонасига тушди. Ҳар доимгидай унинг қовоғи солиқ. Келинчак ўзини базўр қўлга олди. Илк бор иродасини ишга солиб, қайнонасига салом берди. Кейин ўз уйига кириб кетаётганди, қайнонасининг ўткир овози уни тўхтатди.
- Ҳм?! Менинг ғийбатимни қилиб, онажонинг дийдорига тўйиб келдингми? - деди сенсираб.
Келинчакка бу гап оғир ботди. Лекин шу ондаёқ онасининг сўзлари ёдига тушди. Тилини тишлаб турди.
Қайнонаси яна қарғашни бошлади. У эса сукут сақлаб тураверди. Охири жаврашдан чарчаган қайнона: "Ҳа, бетинг қаттиқ бўлмай кетсин!" - деб қўйди.
Келинчак дарров овқатга уннади. Кечки овқатдан кейин қайнонасининг ёнига кириб ўтириб гап бошлади:
- Мендан ўтган бўлса кечиринг, онажон. Ёшлик қилибман. Шунча мени сўкиб, койишларингиз ўзимнинг фойдамга экан... Мен билмабман...
Унинг кўзларида ёш қалқди. Бу кўз ёшлари қилган хатоси учун чекаётган изтироб эмас, балки тазаррунинг юки залворли эканидан эди. Ҳақ бўлсин, гоҳида ноҳақ, лекин сукут сақлашликда сабр қилиш жуда қийин экан.
Қайнонанинг ранги қув оқариб кетди. Бунақа муомалани ҳеч кутмаганди-да. Бошқа пайтларда яна қайнонасининг "дарди қўзиб" турди. Лекин келини "чурқ" этмади. Бора-бора онахоннинг ҳам қалби юмшаб, келинининг муомаласидан қониқиш сеза бошлади...
Бир куни қайнонаси келинига: "Қизим, бугун уйингизга бориб келинг. Қудам ҳам сизни соғингандир?..", деди самимият билан...
У келинига бир олам меҳр билан боқиб турарди.
Мансурбек РЎЗИЕВ.
|