ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРГАН ОДДИЙ ОДАМЛАР
Биринчи ҳикоя
“Шум бола” фильмидаги домланинг “шаҳарда нима қиласан, у ерда сени ютиб юборишади-ку. Қишлоқ одамлари беғубор” деган гапини бот-бот эслайман. Мана шу беғуборликни синфдошларимда кўраман. Ҳаётда кўплаб дўстлар орттирдим. Аммо, кейинчалик топган дўстларим синфдошларимчалик бўлмади, десам янглишмаган бўламан. Ҳозир кунора ёшлигимини эслатувчи тушлар кўриб тураман. Тушларимга синфдошларим тез-тез киради.
Худо мени дўстдан сиқмади. Бирорта ҳам дўстим мени ярим йўлда ташлаб кетмади. Йиқилгудек бўлсам, ҳамиша ёрдам қўлини чўзишди. Ўзим ҳам дўст танламадим. Ҳамма билан яқин бўлишга интилдим. Синфдошларимдан одамийликни, дўстликни қадрлашни, бировнинг хақига кўз олайтирмасликни, ҳатто имонни ўргандим десам тўғрироқ бўлади.
Мактабни битириш муносабати билан ўтириш қиладиган бўлдик. Ўтган асрнинг 80-йиллари. Қишлоқда деярли ҳеч нарса топиб бўлмасди. Шу сабабли бозор-ўчарни Тошкентдан қиладиган бўлдик. Синфдошлар йиғиб берган пулни олиб мен ва Бахтиёр Сайдазимов “Тошкент қайдасан?” дея йўлга тушдик. Тошкентдан қишлоғимизга ҳар бир ярим соатда автобус қатнарди. Рўйхат бўйича ҳаридларни амалга ошириб, тушлик бўлиб қолгани боис ўша вақтларда Чорсу бозорида анча машҳур бўлган “заказ сомса”дан биттадан ейишга қарор қилдик. Шунда Бахтиёр ўз ҳисобидан сомса билан сийлади. Мен “ўртанинг пулидан ишлатайлик” десам, у “бу пуллар жамоанинг пули, унинг ҳисоб-китоби бор” деди.
Мен ўшанда бировнинг ҳақига кўз олайтириб бўлмаслигини илк бор юракдан ҳис қилганман. Тенгдошимдан олган оддий бу сабоқни ҳеч қачон ёдимдан чиқармаганман. Мана шу воқега 35 йил бўлибдики, ҳамон ҳаёт йўлимда асосий шиоримдан бирига айланган. Оддий ҳаётий мисол ҳаётингизда туб ўзгаришлар қилиши мумкин.
Иккинчи хикоя
1984 йил. Армиядан эндигина келиб, шаҳар ҳаётига мослашаётган даврим. Ўқишга тайёргарлик кўриш билан бир қаторда ҳунар-техника билим юртида ишлардим. Қариндошимиз Қудрат акам директорнинг маданий ишлар бўйича ўринбосари эди. Ҳамза номли Академик драма театри маъмури билан ходимларнинг хордиқ чиқаришлари мақсадида чипта гаплашиб қўйган эканлар, бориб олиб келишим керак эди. Кун иссиқ. Ўзимга келиб олишим учун бир кружка муздек пиво ичиб театрга келдим. Спектакл бошланишига бир соатлар бор эди. Эшик олдида турган 30 ёшлардаги аёлдан театр маъмурини сўрадим. Ҳозирча келмаганини айтар экан, “Рўза бўлишига қарамай ичиб олибсизми?” дея сўради. Чанқаганим боис пиво ичганимни тан олдим. “Ие, ўзбекмисиз? Рўза ойида ҳам ичиш мумкинми?” деди. Мен бу илмоқли гапни ҳеч қачон унутмасам керак. Ўша даврда бошқалар ёки ўша аёл насиҳат қилганида энсам қотиши аниқ эди. Замон шунақа эди. Бу аёл оддий ва соддагина қилиб, менга савол берди, холос. Шу-шу, мана 30 йилдан ошибдики, ҳар йили Рамазон ойида рўза тутадиган, бу ойда нафақат пиво, балки сув ҳам ичмайдиган бўлдим.
Учинчи ҳикоя
Бир йиллар аввал, сентябрь ойи бўлса керак, автобусда кетаётган эдим. 10 ёшлардаги бола автобусга чиқди. Ойлик йўл чиптаси бор экан. Уни кондукторга кўрсатди. Аммо йўловчиларни асабига тегиб келаётган кондуктор болакайдан мактаб муҳрини кўрсатишни талаб қилди. Аммо чиптада муҳр ҳам, ўқувчилик гувоҳномаси ҳам йўқ эди. Орада анча асаббузарлик бўлиб ўтди. Орага қўшилишга қарор қилиб, кондукторга қарата, “кўрмайсанми, бола талаба эмас, балки ўқувчи. Бўйи ҳам буни исботлаб турибди”, десам, “Ока, бизда план бор. Плани бажаришим керак” деди. Мен у десам, кондуктор бу деди. Бир-биримизни тушунмадик. Шунда бир йўловчи муаммога якун ясади. У ёнидан пул чиқариб ўқувчи бола учун чипта сотиб олди.
Шунда мен, шап-шап дегунча шафтоли дейиш афзал эканлигига ақлим етди. Ҳақ талаб қилиб, сафсата сотганимдан кўра, чипта сотиб олганимда бундай машмашалар бўлмасди, деган хаёлга бордим. Аслида мен хақ эдим. Аммо менинг хақлигимни автобус саройида план талаб қилувчилар тушунмаслигига мен ҳам тушунмадим.
Шарофиддин Тўлаганов
|