ҲАЁТИМНИ ЎЗГАРТИРГАН ТУШ
Бу воқеа менинг оламларга раҳмат Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллохи алайҳи васалламга бўлган муҳаббатим янада кучайишига сабаб бўлган.
Мактабда ўқиб юрган кезларимдан бошлаб намоз ўкишни ўрганганман. Лекин намозда хушуъга эришмагандим, маъсиятларга бепарво эдим. Тун буйи ухладим дегунча туш кўраман. Бир куни тушимда уйда қаттиқ шамол бўлибди. Мен турган уй харобароқ бўлиб турибди, атроф қоронғу, ҳеч ким йўқ, шамолдан қочиб бир хонага кирибман, хонанинг эшигини ёпай десам шамол қаттиқ тортиб ёпишга қўймайди.
Шунда хонада яна бир одамнинг борлигини сездим, у кишини Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи васаллам эканликларини ҳис қилиб турибман... аммо чеҳраларини кўролмадим, бир оғиз ҳам сўзламадилар, мен ҳам сўзламадим, фақат уйнинг бир бурчагида мени шамолдан тўсиб турдилар. Уйғониб, йиғладим. “Кимки мени тушида кўрса, аниқ мени кўрибди, чунки шайтон менинг шаклимга киролмайди”, мазмунидаги ҳадисни ўкигандим. Тушимни яхшиликка йўйдим, ахир кимсан инсониятнинг энг аълоси, Аллоҳнинг севикли бандаси, қули, расули, сени ҳимоя қилиб турсалар!
Орадан бир неча ой ўтиб, дадажоним тўсатдан қазо қилдилар, бу ҳаммамизга оғир мусибат бўлди. Аллоҳнинг тақдирига рози булиб, дадажонимга мағфират сўраб дуода бўлдим. Шу йилнинг ўзида Аллоҳ менга кўп хайр-баракалар ато қилди, илмимни зиёда қилди, ўз устимда ишлаб, ибодатларни гўзал адо этишни кўлдан келганча йўлга қўйдим. Ўғлим дунёга келди. Қуръонни тажвид билан ўқишни анча ўрганиб олдим, ҳар Қуръон ўқиганимда араб ҳарфини ўргатиб бошлаган дадажонимга Аллохдан мағрифат сўрайман. Яқин инсонлари қазо қилган кўп мотамзада инсонларнинг зиёратига борганимда, тақдирдан нолиб, дод-фарёд урганларини эшитсам, шу воқеаларни айтиб бераман, сабр қилишга чақираман.
Тушимда Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоху алайҳи васаллам мени ўзлари кўрсатиб кетган Аллохнинг тўғри йўлида бўлишга ундаганларини эсласам ҳалигача таъсирланаман, кўзим ёшланади. Ул зотга Аллоҳнинг салом ва саловоти бўлсин!
Умида Ҳолиқулова
|