АММА
...Зиёда амма ҳар куни йўл қарайди. Катта канал ёқалаб ўтган тупроқ йўлдан аҳён-аҳёнда мотоцикл ёки мопед тириллаб ўтса, бўлди, ана, неварам Саидқул келаяпти, деб типирчилаб қолади. Аммо мотоцикл овози узоқлашиб, охири яна жим-жит бўлиб қолади.
Хонадон кайвониси, момонинг анча узоқ қариндоши бўлса-да, бир неча йилдан бери ош-сувга қараб ўтирган Бодом опага бу малол келади.
— Саидқул, Саидқул, деб мунча эсингиз кетади, амма. Ўтиб кетган Худойберди монтёр-ку. Неварангизнинг эсидан чиқиб кетган кўринасиз.
— Ундай деманг, эгачи, қаричилик-да, — дейди момо мунғайибгина.
Зиёда момо баҳорда тўқсон беш ёшни қаршилади. Бошидан ҳаётнинг не-не аччиқ-чучук кунларини ўтказмади. Эри Султон бой-бадавлат киши эди, эл-юрт орасида топган обрў-эътибори-чи? Момонинг келинлик даврлари егани олдида, емагани ортида кечди.. Бойнинг олдинги аёлидан иярчан қизи бўлиб, Зиёда момодан фарзанд кўрмади.
Ўша замонларда кутилмаганда инқилоб бўлиб қолди, денг. Ўтди даврон, кетди даврон, деганлари шу экан-да. Ўттизинчи йил ўрталарида Султонбой сурув-сурув қўй ва моллари, йилқи-туялари, ер сувларидан тамом ажралди. Ҳаммаси кўз очиб-юмгунча колхозники бўлди.
Султонбойнинг омади қайтди, кўрпа-тўшак қилиб ётиб олди.
Иккинчи жаҳон уруши бошланиши арафасида бойга у дунёнинг хабари келди. «Ҳаё-ҳуйт» деганча бир кечада боқий дунёга равона бўлди. Зиёдага ақл-идрок, фаҳм-фаросатни етарлича берган Яратган эгам ундан биттагина тирноқни аяди. Шундай бўлса-да, у тақдирини қарғамади. Шунча бойлигидан мерос қолдирмаса-да, отадан етим қолган Холчучукни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказишга киришди.
Болага кўзи оч Зиёда амма омон-омон йилларга келиб, узоқ қариндоши Исмоил бобоникида яшаётган жияни Бодомойни ҳам бағрига олди. Аслида уларнинг амма-жиянлиги номига эди. Шўрвасининг шўрваси дегандек, Бодомой билан Зиёда амманинг оталари бор-йўғи амакивачча эди.
Эллигинчи йиллар бошида қишлоқ аҳли ёппасига Ёмчидан пастга, Қўрғон тарафга кўчди. Ёмчиликлар ўзлари келиб тушган манзилга уй-жойлар қуришди, янги қўналғага Хўжақишлоқ деб ном беришди. Элнинг боши энди уруш-қирғиндан чиққан, нордай йигитлар жангга кетиб, омон қайтмаган паллалар эди. Шу важданми ёки бошқа бирон сабабми Зиёда момо бўй етган Холчучукни гиламбоплик Асом телпакчига хотин устига узатди. Тўй ҳам замонига яраша ўртача ўтди. Эркатой ўғил Саидқулга иккиқат пайтида эри Холчучукни уйига элтиб ташлади:
— Уй-рўзғор, ош-овқат катта хотинимга тан, қизингиз ҳеч қурса ўзини тоза-озода тутишни билмайди, — деди телпакчи қайнонага.
Момо телпакчига ялинди, ёлворди, аммо куёв «бор-э» деб этагини қоққанча чиқиб кетди.
Шу йиллар орасида Зиёда момо бўй етган Бодомни ҳам ўзига ўхшаган бир етимга, Қамбаройнинг ўғли Ғайбуллага юмалоқ-ёстиқ қилиб бериб юборди.
Момо ғайратли, ақлли , эл-юртга сўзи ўтадиган кайвони эди. Холчучук билан гўдагини ҳеч кимдан кам қилмай, дала-тузда ишлади. Орадан уч-тўрт йилча ўтиб, Саидқулни ёнида олиб қолиб, қизини қишлоққа яқинда кўчиб келган Шоакбарга иккинчи марта турмушга берди. Холчучук Шоакбардан иккита дўмбоқ-дўмбоқ ўғил кўрди. Битта чақалоғини эмиза туриб ухлаб қолиб, кўкраги билан босиб ўлдириб қўйди. Иккинчиси ўша пайтлардаги бедаво ўлатдан нобуд бўлди. Хуллас, пешонасига битмаган экан, икки бола ҳам ёшига етмай оламдан ўтди.
Кейинги гўдагини тупроққа топшириб қайтган Шоакбар учинчи куни саҳармардонда укаси Шоаҳрор билан бирга лаш-лушларини икки эшакка юклаб, боши оққан томонга йўл солди. Йўлда дуч келган чайратимлик Чорибойнинг «эрталабдан кўч-кўронни ортиб йўл бўлсин» деган саволига
— Ака, менга энди бу қишлоқнинг суви ҳаром, — дебди.
Айтишларича, ака-укалар шу кетганича Бешқўтон тарафларга ошиб кетибди. Алқисса, кейинчалик Шоакбарнинг ўша ёқлардан уйланиб, бола-чақа орттиргани маълум бўлди.
Холчучук қайтиб бошқа оила қурмади. Йиллар бирин-кетин ўтиб, эркатой Саидқул ҳам ўспирин бўлди. Мўйлови сабза урди ва эр етди. Ўқиш, илм олишга унча ҳуши бўлмаган ўспирин саккизни битириб, бир йиллик тракторчилик курсига йўл олди. Боқувчиси йўқлиги учун Саидқулни армияга ҳам олишмади.
Алпдай йигит бўлган Саидқулнинг шу орада меҳрибонлари ҳам чиқиб қолди. Неча йиллардан буён бу остона тугул, бу қишлоқларга қадам босмаган Асом телпакчи келиб, ўғилни Катманга олиб кетиб уйлантирадиган бўлди. Холчучук ҳам Саидқул билан бирга кетадиган бўлди. Аммо Зиёда момо ортиқча-да. Момони нима қилиш керак?
Холчучук Асом телпакчига ўйлашга ҳам фурсат қолдирмади.
— Керак бўлса момони ўзининг қариндошлари йиғиштириб кетсин.
Улар момони Бойқўрғондаги қариндошлариникига жўнатишга қарор қилишди. Бу пайтда Зиёда амма тўқсонга яқинлаб қолган, кўзлари сал хиралашаётганди. Амакиваччаси Назирбой эл-юртдан уялганидан чор-ночор момони олиб кетишга рози бўлди. Шунда ҳам ичидагини яшириб ўтирмай, аммани боплаб чақиб олди:
— Опа, ўгай қизингга умрингни бағишлаб охир-оқибат тақдиринг шу бўлдими?
Шундай бўлса-да, ноилож уни кўч-кўрони билан олиб кетди.
Олиб кетиб хўп савоб қилибди, ҳарқалай, ўзига тўқ одам, момо хор бўлмайди, дейишди таниш билишлар. Лекин...лекин Назирбой ҳам ишига пухта одам эди. Момони ўз уйига олиб бормади. У момони синглиси Муҳаррамнинг уйига элтиб қўйдию, шу билан ғойиб бўлиб кетди.
Амма бу ерда ўзини бир ғарибу бенаво сезди, ториқди. Мезбонларнинг берган бир коса таоми томоғидан ўтмади.Уларнинг пичир-пичир ғийбат ва таъналаридан безор бўлди. Айниқса, невараси Саидқулнинг қиёфаси, гапларини ҳеч унута олмади. Кўзлари ожизланиб , бир йил ичида бутунлай кўр бўлиб қолди.
— Ҳали ёш, гуриллаб юрганингда бизларни менсимас эдинг, кексайиб, кўр бўлиб қолганингда бизлар керак бўлиб қолдик, — дея узиб оларди Муҳаррам.
— Бир камим ҳеч кими йўқ кўр кампирни етаклаб юриш эди,— дерди ҳожатга чиққанида.
— Бу аҳволимдан ўлганим минг марта яхши деб юборарди момо баъзан. Яна қўрқиб, Худога тавба-тазарру қила бошларди.
Худойим ҳеч кимни бандасига муҳтож қилмасин экан. Момо ўксинди. Муҳаррамга ялинди, ёлворди, тавалло қилди. Аммо кошки фойдаси бўлса. Бир йил деганда ўгай қизни қора қилиб, минг азоб ва изтироб исканжасида яна Қўрғонга қайтди.
Холчучук бу пайтда келин тушириб, у билан яшар, келин ҳам бир-икки болали бўлган эди. Саидқул эса уйидан бир қадам наридаги дўконга мудир бўлган, кун-кунора уйга ширакайф ҳолатда қайтарди. Савдо-сотиқ юришиб, ишлар авж олган сари маст-аласт келишлар, бошқа аёлларга илакишишлар кучайиб борди.
Албатта, оиладаги бундай ҳол, неваранинг маст-аласт келавериши момога баттар ёмон таъсир қилди.
Бола бечорани адойи тамом қилибди, дея ачинарди неварага момо ич-ичидан. Мендан хабар олишга бормаганининг сабаби ҳам шунда.
Холчучук бўлса «Отам ўлганидан бери ўттиз йил ўтиб ҳам сен қоқбош кампирдан қутулолмадим» дея ҳар кун маломат қилади.
Ўгай қизнинг туркилари жонидан ўтган момога охири Бодом опаникига боришдан бошқа илож қолмади.
Аммани Бодом опа кичикроқ бир хонага жойлаштирди. Бу пайтда опанинг тўрт ўғли икки қизи дунёга келган эди. Сўқир кампирни ўғиллари Абдукарим, Абдураҳимлар етаклаб ташқарига, таҳоратга олиб чиқишарди. Тўқсон ёшдан ошган кўзлари ожиз момо эса ҳар доимгидай беш вақт намозини канда қилмас, эртаю кеч: «Эй, Худоё Худовандо, тезроқ бу бандангни омонатини ол» дея Яратганга ялиниб илтижо қиларди.
Қиш оқшомларида ҳамма момо ўтирган иссиқ хоначага тўпланар, пахта чигитлашар, кўр момо ҳам пахтани чигитдан тозалаш асносида ўтган-кетгандан, ривояту чўпчаклардан айтиб берарди. Момонинг кўрган-билганлари шунчалик кўп эдики, уларни тонггача айтса ҳам адо бўлмасди.
Момо қуйидаги байтларни кўзда ёш билан қайта-қайта такрорларди:
Кимхоб атлас кийдим устимда турмади,
Ҳалвою асал едим — қорнимда турмади.
Амманинг гаплари, маталлари болаларга қандайдир ғалати, ғаройиб туюларди. Хуллас, ой ўтиб, йил ўтиб Зиёда амма бу аҳил ва баракотли оилада икки-уч йилча қолиб кетди. У Худонинг куни невараси Саидқулни илҳақ бўлиб кутарди. Аммо невара момосини унутган, нафақат унутган балки бундай момонинг бир замонлар бўлганини ҳам эсидан чиқариб юборган эди. Гоҳ-гоҳ амманинг етмиш икки томирлари бўшашиб зор-зор йиғлар, ўзининг шум тақдиридан нолиб ўкинар эди.
Вақтдан кучли ҳакам йўқ, қолаверса, инсон зоти борки, ҳар нарсага кўникишга мажбур. Охири момо ҳам тақдирга тан бериб, Саидқулнинг келишидан буткул умид узгандай бўлди.
Қўлидан келганча Бодом опанинг болаларини эркалатиб, ширин гапириб кўнглини олишга ўтди. Кунларнинг бирида амма кўрган тушини Бодом опага айтиб берди:
— Кеча туш кўрсам бир маъракада Холчучук билан ёнма-ён ўтирибмиз. Холчучук ўлгур пешанасига кўк латтани бойлаб менга тескари ўгирилганича кўк чойни хўриллатиб ичаяпти-ичаяпти, «ҳой ноинсоф, ўзинг ичавермай, менга ҳам узат» десам қайрилиб ҳам қарамайди. Охири аччиғим келди:
— Ҳой умидинг кесилгур, бу нима қилганинг, чойдан узатмайсанми, десам ғирт этмайди. Кўрган тушимдан ўзим ҳам қўрқиб ўтирибман, эгачижон.
—Ҳа энди, тушга нималар кирмайди, амма, — деди Бодом опа унга жавобан.
Шундай дейишга деди-ю, момонинг кўрган туши бежиз эмаслигини ич-ичидан ҳис қилди.
Амма бу хонадонда яна бир неча муддат яшади. Тўқсондан ошиб, қиш охирлаб, адирлар кўклай бошлаган кезларда дунёдан ўтди.
Марҳуманинг маъракаларини хонадон соҳиблари Бодом опа ва Ғайбулла ака эл қатори қилиб ўтказди. Саидқул ва онаси эса маъракага ҳам келишмади. Ўзи амманинг вафотидан олдинроқ бу оилалар орасида алоқалар узилиб кетганди. Кейин-ку ҳеч бир томон бир-бирини даракламади.
Орадан етти йил ўтиб, Бодом опалар Саидқул кеч говгум пайти «Ява» мотоциклида кетаётиб, аварияга учраб ўттиз уч ёшида, дунёдан ўтганини эшитишди.
— Аммамнинг тушида Саидқулнинг ўлими аён бўлган экан-да, — деди у кейинчалик ўғли Абдукаримга. Бефаросат ва бағритош онанинг касофати ўғилга урибди-да, эсиз. Холчучук қурғур амманинг қарғишини олмаганда бундай фожиа юз бермасмиди?
Ажабланарлиси шуки ,ўғлининг ўлимидан кейин Холчучук момо яна етти йил яшаб, қилтомоқдан вафот этди.
***
Бу гаплар эллик-олтмиш йилнинг нари-берисида бўлиб ўтган... “Олқиш олган омондир, қарғиш олган ёмондир” деган нақл бор халқимизда. Бугуннинг одамига буни айтсангиз, ишонмаслиги мумкин, эҳтимол. Аммо бу воқеада заррача ёлғон ёки муболаға йўқ.
Абдумажид Азим
|