“АУЗУ БИЛЛАҲ”НИНГ ФОЙДАСИ
2009 йили интернетда Қосим қори домланинг маърузасини эшитгандим. Унда домла: “Агар мен никоҳ ўқисам, куёвга аёлинг билан бирга бўлишдан олдин таҳорат қилиб, “аузибиллаҳи минаш шайтонир рожим, бисмиллаҳир роҳманир роҳим”ни айтгин дейман” деб айтганди.
Яна маърузада баён қилинишича, бир одам ёш ўғлини илм олиш учун домлага берибди. Кунларнинг бирида ўғли отасига: “Отажон, уйдан чиқиб кетаётганингизда “аузибиллаҳи минаш шайтонир рожим, бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Эй Оллоҳим, Ўзинг ишларимга файзу-баракот бер” деб айтсангиз яхши бўларкан, деб айтибди. Ўғли намозларида дуо қилиб, “Отамни Ўзинг кечир, дўзах азобидан асра” деб ёлқораётганини кўриб, отаси ҳам ҳидоятга келган экан.
Мен ҳам намоз ўқишни билмас эдим. Ҳар куни ишга кетишда “аузибиллаҳи минаш шайтонир рожим, бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Эй Оллоҳим, Ўзинг ишларимга файзу-баракот бер” деб сўрардим. Кунлик ишга чиққаним учун ҳар куни иш топила бошлади.
Уйқуга ётишдан олдин ҳам таҳорат қилиб, “аузибиллаҳи минаш шайтонир рожим, бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Эй Оллоҳим, Ўзинг менга тинч ва осойишда уйқу бер” деб ухлайдиган бўлдим. Авваллари ухлаганимда ерда думалаб, алаҳсирар, ёмон тушлар кўриб уйғониб кетардим. Ҳафтасига 2-3 марта уйқуда булғаниб ҳам қолардим. Оллоҳдан паноҳ сўраганимдан кейин яхши ухлайдиган, бемаъни тушлар кўриб, булғанмайдиган ҳам бўлдим.
Орадан 4-5 ой ўтиб, бошқа шаҳарга меҳмонга бордим. У ерда ҳамма уйин-кулгу билан овора, уйқу вақти келганда овоз чиқариб Оллоҳдан паноҳ сўрашга уялдим. Ҳамма ухласин, кейин сўрайман деб, ётиб ухлаб қолибман. Ярим кечаси алаҳсираб уйғониб кетдим. Яна булғанибман. Ғусл қилиб, Оллоҳдан паноҳ сўраб, ётдим. Орадан 6 ойлар ўтиб, бошқа шаҳарга ишга кетдим. У ерда ҳам шу ҳолат такрорланди. Шундан кейин бемалол овоз чиқариб, Оллоҳдан паноҳ сўраб ухлашни канда қилмадим.
Мусофирликда намоз ўқишни ҳам ўргандим. Қосим қори домланинг (жойлари жаннатда булсин) ўша маърузаси ҳидоятга киришимга сабабчи бўлганди.
Беҳзод Йўлдошев
|