БАҲОНАСИ БОРНИНГ ҲАЛОВАТИ ЙЎҚ
бу хасталикка чалинманг...
Ишга келаётганимда икки нафар болакайнинг ўзаро суҳбатлашиб кетаётганларининг гувоҳи бўлдим. Улардан бири иккинчисига бугун мактабга бормаганларига нима деб баҳона топишни маслаҳат бериб келаяпти. Иккисининг фикри бир жойдан чиқиши тўғрисида келишиб олишди ва йўлда давом этди. Уларнинг ўзаро суҳбати менга ҳам мактаб даврларимни эслатиб юбориш билан бирга, болаликдан бошланадиган “баҳона касаллиги” тўғрисида мушоҳада юритишга туртки бўлди.
Барчамиз ўқувчи бўлганмиз. Баъзи пайтларда ўқитувчимиз томонидан берилган вазифани бажармаганимиз туфайли юқоридаги каби ҳолатларда турли баҳоналар ўйлаб топганмиз. Бора-бора бу одатга айланади ва унинг ортидан фақатгина ўзимиз панд ейишимиз мумкин. Болаликда оддий ҳолат бўлиб туюлган баҳона тўқиш келажакда ҳам бизга салбий таъсир кўрсатади. Қандай қилиб дейсизми? Инсон улғайгани сари у одатланиб қолган баҳоналар ҳам катталаша боради. Айтайлик, сиз ўқитувчи бўлиб ишлайсиз. Ҳар куни машғулотлардан сўнг иш журналини тўлдириб боришингиз, қўшимча дарсларга тайёрланишингиз, иншо дафтарларни текширишингиз, бундан ташқари, рўзғор юмушларига улгуришингиз керак. Шунда хаёлингиздан “мана бу ишни кейинроқ қилсам ҳам бўлади, эртага ҳам кун борку, улгураман” деган фикр ўтади. Бажарилиши лозим бўлган вазифаларингиз секин-аста йиғилиб боради ва вақтим бўлмади, улгурмай қолдим, каби баҳоналарни айта бошлайсиз.
Аввалига топган баҳоналарингиз туфайли ишларингиз силлиқ кетаётгандек туюлади. Аммо бора-бора баҳона қидириш касаллик каби онгингизга ўрнашиб олади ва ишларингиз орқага кетаверади.
– Бутун олам тортишиш қонунидан хабарингиз бор-а? – дейди психолог Жавдат Пўлатов. – Инсон ўзидан магнит тўлқинлар таратади ва қабул қилади. Ҳаётингизда бўлаётган воқеаларни аниқроғи, ўйлаётган нарсангизни ўзингизга тортасиз. Бирор нарса ҳақида ўйлайверсангиз яхши ўйлар каби ёмонлари ҳам амалга ошади. Масалан, иш жойингиздан сизга маълум вазифа топширилди. Уни вақтида бажаролмай “бироз шамоллагандим”, кези келганда “болам бетоб бўлиб қолди” каби баҳона тўқийсиз. Хаёлингизга келган бу фикрлар атрофга сигнал сингари таралиб, ўша кўнгилсизликларни ўзига тортади ва баҳонангиз ҳақиқатга айланади.
Катталар бежиз “ниятни яхши қилинг” дейишмаган. Сиз кунлик режангизни аниқ тузиб олинг ва барча юмушингизни ўз вақтида бажаришга одатланинг. Баҳона касалига йўлиқдингизми тамом, келажак ишларингиз ҳам ўз-ўзидан барбод бўлаверади. Баъзи вақтларда кўнгилсизликлар кетма-кет келади. Негалигини биласизми? Америкалик олимларнинг айтишича, тортишиш қонуни сизнинг фикрингизга жавоб қайтаради. Дейлик, иқтисодий шароитингиз сабаб дўстларингиздан қарз олдингиз. Харажатларингиз ҳам талайгина. Қарзларни қандай тўлашни билмай бошингиз қотган. Бу ҳақида такрор ва такрор ўйлайверасиз. Табиийки бирор баҳона топиб вақтдан ютишга ҳаракат қиласиз. Тортишиш қонунига кўра ўйлаган нарсангиз кўпайиб бораверади ва янада кўпроқ муаммоларни чақиради. Шу сабабдан қийин вазиятга тушганда унга кўп ҳам аҳамият берманг. Аксинча, яхши нарсалар ҳақида ўйланг. Ана шу хаёллар таъсирида муаммоларингизни ечишга ҳаракат қилинг. Зеро, “Ҳаракатда баракат” деб бежиз айтишмаган.
“ЗОЛУШКА УЧУН УЧ ЁНҒОҚ”
Ҳеч эътибор берганмисиз, касаллик ҳақида кўп гапирадиганлар бошқаларга қараганда кўпроқ касал бўлади. Аксинча муваффақият ҳақида гапирадиганлар фаровон ҳаёт кечиради. Шу сабабдан ҳамма нарсага ижобий ёндашинг. Ҳаётга завқ билан боқинг. Тўғри, баъзан чигал вазиятлардан чиқолмай тушкунликка тушасиз. Ўйламай десангиз ҳам иложини тополмайсиз. Бироқ шунда ҳам фикрларингизни идора қилинг. Фарзандингиз, севган инсонингиз ҳақида ўйланг ёки бошқа бир кайфиятни кўтарувчи хотираларни ёдга олинг.
Болангизни ёшлигидан тўғрисўзликка ўргатинг. Унга тортишиш қонунини таъсирли воситалар орқали тушунтиришга ҳаракат қилинг. Масалан, “Золушка учун уч ёнғоқ” эртагини айтиб беринг. Унда эртак қаҳрамони учта сеҳрли ёнғоқ топиб олади ва тилак айтиб орзуларига эришади. Бутун олам тортишиш қонуни ҳам шундай. Яхши нарсалар ҳақида кўпроқ ўйлаб, меҳнат қилишдан қочмаса кишининг ниятлари амалга ошаверади. Катталарнинг айтганини қилмай, дарс тайёрламаслик учун баҳона қидираверса келажакда у истаган бирорта ҳам тилак амалга ошмаслигини айтинг. Шунда у эзгу фикрлар билан ғайрат қилиб олдинга интилишга одатланади.
– Фарзандингиз билан бир машғулот ўтказинг, – дейди психолог – Унга оқ қоғоз бериб, айни пайтда ҳаётида нималар борлигидан ҳурсандлигини ва келажакда нима истаётганини ёздиринг. Бу машғулотда бола эзгу нарсалар ҳақида фикрлашни ўрганади. Ҳаётидан мамнуният ҳисси пайдо бўлади.
Баъзи пайтларда бола ёлғон гапиргани учун ота-она унга танбеҳ беради. Аммо, бу ёлғон фарзандининг эмас катталарнинг хатоси бўлиши мумкинлигини ўйлаб кўрганмисиз? Шундай вақтлар бўладики болангиз бирор нарса олиб беришингизни сўраб хархаша қилади, тўғрими? Айтайлик, фарзандингиз дўконда қўғирчоқ кўриб йиғлаб қолди. Шундай вазиятда уйда ўйинчоқлари кўплигини, бу қўғирчоқ яхши эмаслигини айтасиз ёки шунга ўхшаш баҳоналар қидирасиз. Унинг кўз ёши тинавермагач дакки беришни бошлайсиз. Ана шунда бола худди вазиятдан ёлғон баҳоналар билан чиқиб кетишни ўрганади. Сиз аксинча, ёнингизда пул камлигини, ҳозир ортиқча харажат қилсангиз боғчага пул тўлолмаслигингизни ва болангизнинг дўстларидан ажралиб қолиши мумкинлигини мисоллар келтириб, рўй-рост тушунтиринг. Болани алдаш осон деб, унга ёлғон сўзлашни ўргатиб қўйманг.
МУХТАСАР АЙТГАНДА
Тун қоронғусида автомашинангизда узоқ сафарга отландингиз. Унинг чироқлари маълум масофадан у ёғини ёритмайди. Сиз олдинга юрганингиз сайин ёруғлик кенгаяверади, босиб ўтган йўлингиз ортда қолади. Бордию кўзингизга уйқу келиб бошқарувни йўқотсангиз фожеа юз бериши мумкин. Ҳаётингизни ҳам шундай қиёсланг. Умр чизгиларида мудраб қолсангиз ёки турли баҳоналар билан вақтингизни ҳавога совурсангиз кўнгилсизликлар кўпаяверади. Доимо сергак бўлиб, интилишдан тўхтамасангиз эллик метр наридаги йўлни кўра оласиз.
Дилдора ҚАРШИБОЕВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири
|