Иккинчи жаҳон уруши тугагандан кейинги йиллар. Бувижоним янги келинчак бўлиб қайнона, қайнотасининг сўзини икки қилмай, ҳамиша уларни дуосини олишга ҳаракат қилиб хизматларини ўтаб юрган пайтлари экан. Шундай кунларнинг бирида кўча эшиги тақиллабди-да, бир нуроний кекса ота хонадон аҳлидан эҳсон қилишликларини сўрабди. Бувижоним у кишига ҳозир дебдиларда қайнонасидан нимани эҳсон қилишликни сўрабдилар. Бувимнинг қайнонаси яни дадамнинг бувилари ўша пайтда қишда ейишга захира қилиб сақлаб қўйилган бир тоннага яқин буғдой донлари бўлиб туриб, атиги битта нонни садақа қилишга берганларида, бувим бироз ҳижолат бўлиб "шугина нонни олиб чиқаманми, анави буғдойимиздан бир челак беришни ният қилгандим" деб қайнонасига ҳижолатомуз сўзлабди. Қайнонаси бўлса, "Қаёқдаги бир гадой бўлса битта нон ҳам етади" деб норози бўлибди. Ноилож бувим ийманибгина бояги нуроний отахонга битта нон кўтариб чиқибди. Эҳсон сўраган бобо эса уй ичида бўлиб ўтган қайнона-келин суҳбатини эшитгандай "Майли қизим ҳижолат бўлманг, қайнонангиз рухсат бермаган бўлсалар айби йўқ, қани қўлингизни очинг" дебдилар-да бувижонимга кўп фарзандлар тилаб узоқ дуо қилибдилар.
Бувижонимни (Аллоҳ у кишини Ўз раҳматига олган бўлсин) ўн иккита, (беш қиз, етти ўғил) фарзандлари бўлган. Улардан бир ўғли гўдаклик пайтида оғир касал бўлиб вафот этган экан. Қолган ўн битта фарзандлари, Аллоҳга шукур, барчалари иймон-эътиқодли ўғил-қизлар бўлишиб, бобом ва бувимнинг ҳаётликларида дуоларини олишга ҳаракат қилишди ва энди ортларидан охиратлари обод бўлишини сўраб доим дуодалар.
Гулхумор Сидиқова
|