БОЛАНИНГ БЕҒУБОР НИЯТИ
Мадрасадаги устозларимиздан бири дарсни ўша куни бўлиб ўтган воқеа билан бошлади. Устозимизни берилиб тинглар эканмиз, “нима бўлди экан?”, “кейин-чи?” “Воқеанинг бугунги сабоғимизга қандай алоқаси бор экан?” деган турли саволлар қуршовида қолган эдик. Устозимиз воқеани дона-дона қилиб, шошилмай ҳикоя қилдилар:
“Биласиз, тумандан келиб ишлайман. Кеча ишдан уйга қайтаётган эдим. Йўлда иккита опа-ука “олиб кетинг” дегандек қўл кўтаришди. Тўхтадим. Йўлимиз бир бўлгани учун уларни машинамга миндирдим. Улар билан суҳбатлашиб кетдик. Опаси тўққиз ёшлар, укаси олти ёшлар чамаси бўлса керак.
Улардан калимани билишларини сўрадим. Бараварига “йўқ” деб жавоб беришди. Уларга “калимаи шаҳодат”ни ўргатдим. Бир икки марта қайтаришим билан зеҳнлари яхши экан, тезда ёдлаб олишди.
Болалар билан гаплашиб, манзилга етиб келганимизни ҳам сезмадик. Машинадан тушаётганларида опа-укаларнинг ҳар бирига намоз ўқишни ўргатадиган китобчалардан бердим. Уларнинг хурсандчилиги чексиз эди.
Болалар бараварига “раҳмат” дейишганидан кўнглим кўтарилди. Болакайнинг сўзлари эса қалбимга ўрнашди:
– Амакижон! Худо хоҳласа, катта бўлсам, сиз қариганингизда сизни ўз машинамда масжидга олиб бораман. Унинг беғубор ниятли орзуси кўнглимни яна ҳам ёритиб юборди”.
Абдул Мўмин
|