ДАРДИМ СИҒМАС ДУНЁГА
Одам борки, ҳаётда умид билан яшайди. Одам борки, ҳавас билан яшайди. Баъзиларга қарайман, ҳавас қиламан, баъзиларга қараб ўртанаман. Баъзилар қўлидаги бахтнинг қадрига етмай ношукурчилик қилса оғринаман. Аслида одам учун кўп нарса керак эмас экан.
Ҳар одам турлича фикрлайди. Биров ҳаётнинг ёзиғини тақдирга йўйса, яна бири кишининг ўзининг нўноқлигига, ношудлигига йўяди. Баъзан ўзим ҳам бу ҳақда ягона фикрда тўхтай олмай қийналаман. Ҳозирги битикларимни эса, Худодан бошимга тушган бу кўргуликлар бошқа бир қизнинг бошига тушмаслиги учун тилаган ҳолда қоғозга битмоқдаман. Сиёҳдан қоғозга томаётган ранг кўз ёшларим билан қоришиб борарди. Тақдири азал ҳукмими ё ўзимнинг ношудлигим сабабми, тўғриси, билмайман, дунёга келиб рўшнолик кўрмадим. Жуда ночор, қўли калта хонадонда дунёга келдим. Бутун умримиз тирикчилик ташвиши билан ўтди. Сингилларим бир-бирларининг кийимларини алмашиб кийиб мактабга бориб келишарди. Йўқчилик жон-жонимиздан ўтди. Мажбур бўлиб қўни-қўшниникига ўтсак, оғриниб ёзғиринишарди.
Фермернинг иши қавм-қариндошидан ортмаса, унда-мундаги корхона ҳам унча-мунчасини яқинига йўлатмаса, тағин нима қилиш керак? Бозордаги олиб-сотарликни ҳам озгина маблағи бор, аввали, эплаган қила олади. Менинг эса уқувим йўқ, алдашни, қаллобликни эплай олмайман.
Уйдан узоқроққа кетиб бўлмасди. Ота-онам кўз ўнгида бўлиб туриш, гап-сўздан йироқроқ бўлиш мақсадида уйимиздан унча узоқ бўлмаган, ўзига жуда тўқ бўлган бадавлат хонадонга хизматкор бўлиб ёлландим. Супур-сидирдан, йиғиштир-сидиргача бўлган юмушларни бажарар эдим. Мақсадим битта: қандай бўлмасин, хонадон соҳибларининг кўнглидагидек ишлаш, пул топиш, бу ердан ҳайдалмаслик эди. Одамларнинг: "бир ишни ҳам эплай олмапти, шунинг учун кун кўрмаяпти-да", деган дашномларига рўбарў бўлмаслик учун жон-жаҳдим билан ишладим. Аммо уй эгалари буни билмас, менга нисбатан ҳайвонга қилгандек муомалада бўлардилар. Ишлаётган бўлсанг, ҳақингни оласан, дея жеркиб, силтаб ташлардилар. Мен эса, онамни ўйлаб барча таъна-дашномларига чидардим. Баъзан уларнинг силташлари, жеркишлари суяк-суягимдан ўтиб кетарди. Йўқчилик қурсин, одамни кўп хўрлаб қўяр экан. Ноилож эдим, тишимни-тишимга қўярдим. Худо бир берса, яхшилигини ҳам, азобли синовини ҳам қўш қўллаб берар экан. Мен хизмат қилиб юрган кезларим хонадон соҳиблари яна бир иморат солишди. Усталар ишлай бошлашди. Орадан бир неча кун ўтгач, усталардан бири мени кўз қири билан кузатаётганлигини сезиб қолдим. У эса менга турли имо-ишоралар қилиб гапга солиш пайида бўларди. Кунлардан бир кун усталар уйларига кетишган, хонадон соҳиблари ҳам йўқ эди. Ўша йигитгина унда-бунда иш билан банд эди. Мен эса, ўз ишларим билан қўлим-қўлимга тегмасди. Тақдирнинг ўша ҳайвон билан мени ёлғиз қолдирган кунига лаънатлар ўқийман...
Номусим топталгач, дунё кўзимга қоронғу бўлиб кетди. Нима қилишимни билмасдим. Уйдагиларга айтай десам... Индамай десам ҳам... Худди телбадек бўлиб қолгандим. Кейинги кунларда қандайдир ғалати бўлиб юрдим. Вужудимдаги ўзгаришларга тушунмасдим. Худди мен-мен эмасдек, кимдир назорат қилаётгандек...
Кўпроқ оч ва юпун юришим сабабли шамолладим чоғи, тишим оғрий бошлади. Онам билан тиш шифокорига учрашдик. Шифокор аёл киши экан. Тишимни кўздан кечираётиб онамга менинг ҳомиладор эканлигимни айтди. Онам эсанкираб нуқул "мумкин эмас, мумкин эмас" дер эди. Шифокор аёл эса, онамнинг эсанкирашини бошқача тушиниб, "ҳозир исботлаб бераман" дея қўлини юрагим остига қўйди.
У юрагим тагидаги зўравонлик мевасининг 5 ойлик нишонаси борлигини айтганда онам ҳушидан кетиб йиқилди. Шу билан икки кун давомида ўзига келмади. Шундан сўнг терга-терга бошланди. Уйда ҳам, мактабда ҳам бир хил манзара. Бор ҳақиқатни айтиб бергач, барчалари у йигитни ўртага олишди ва у мени никоҳига олишга розилигини билдирди.
Қайнона ва қайнотам кўнглига йўл топа олиш учун энди яна бир карра ўлиб-тирилишимга тўғри келди. Аммо буларнинг барчаси беҳуда эди. У хонадонда кераксиз бир буюмдек қадрсиз бўлиб, эътибордан четдаги худди бир шарпадек юрардим.
Кунлардан бир кун оёғим тайриниб йиқилдим. Қаттиқ тушган эканман, ҳомилам нобуд бўлди. Операциядан сўнг Оналик бахтидан бутунлай мосуво бўлдим. Уйга қайтганимнинг эртаси куни эр бўлмиш кўчага ҳайдаб солди. У хонадонда хайрихоҳ бирор киши бўлмагани учун, кетишга мажбур бўлдим. Агарда қайнотам ёхуд қайнонам мен томонда бўлганда ҳам ҳар қандай хўрликка чидаган бўлардим. Мана, бугунги кунда ота уйидаман. Кўчага чиқа олмайман, худди... Бу ҳолга изоҳга не ҳожат?!
"Уф"...
Кўнглимдан ўтгани ўзимга аён. Бу кунларни кўргандан кўра ўлиб қўя қолганим маъқул, дейман-у, яна шайтонга ҳайф бераман. Ҳовлида у ёқдан бу ёққа мақсадсиз юраман, тентирайман, ҳаётимда на мақсад ва на маъно бор. Ҳаётда бахт-бу кимгадир керак бўлсанг, кимдир сени излаб турса, ёнингда ҳамдард бир кишинг бўлса экан. Ҳаётга бўлган ишонч, умид, интилиш деган нарса қолмади. Кўнглимнинг қурум босган ғурбатхонасида ҳатто "йилт" этган бир илинж йўқ.
Аёл учун бахт нимада?Менимча, кичкина бўлса-да, ўз уйинг, боланг ва ёринг ёнингда бўлса. Кифоя қилгудек ризқ, тинчлик ва сиҳат-саломатликдир.Тангридан тилагим: ҳеч ким ўзини мендек тириклай кўммасин, ҳеч қандай қизнинг бошига бу қадар мусибат, кўргуликлар тушмасин. Аввал, охири кўргани мен бўлай. Бир қизнинг дардларини оққа тушурувчи
Кумуш.
|