“ДУНЁ ТУРГУНЧА ТУРИНГ, ЯХШИ ОДАМ!”
2015 йил, 4 июл. Рамазон ойининг ўн еттинчи куни, шанба. Иш куни бўлмагани, бунинг устига рўзадор бўлганим боис, пешин маҳали иссиқдан қочиб, салқин хонага кириб ётишга чоғланаётгандим. Телефоним жиринглади.
— Ало? — қўнғироқ қилаётган онажонимнинг биргина шу сўзининг ўзиданоқ йиғлаётганини сездим.
— Ая, нега йиғлаяпсиз? — дедим қўрқиб кетганимдан салом беришни ҳам унутиб.
— Муборак... — онам кенжа, эрка ва ҳаммамизга суюкли бўлган синглим ҳақида гапираётгани учун юрагим бир силкиниб олди. Сабаби, уни бир йил аввал турмушга бергандик. Ҳомиладор эди.
— Муборакка нима қилди? — дедим “гуп-гуп” ура бошлаган юрагимга қўлимни олиб бориб.
— Туға олмаяпти... — зор қақшаб йиғлади онам.
— Ким айтди сизга? — дарров куёвимиздан жаҳлим чиқди. — Нега сизга айтишади? Туғиб бўлганидан кейин суюнчи сўрашмайдими?
— Кечадан буён қийналаётган экан. Шунга бугун мени чақиришибди, — бўғилиб-бўғилиб сўзлади онам. Жоним ҳалқумимга келди. Бир томондан мендан ўн уч ёш кичик бўлган, ўзим кўтариб катта қилган жондан азиз синглимнинг азобланаётганини эшитганим, бир томондан волидамнинг кўз ёши, изтироби бағримни тилганди.
Саратон хасталиги отамни бу дунёдан олиб кетгач, вояга етмаган етти фарзанд билан бева қолган онамга шу синглим катта овунч бўлганини, шунинг учун ҳаммамиздан бошқача кўришини барчамиз яхши билардик. У нафақат онам, биз учун ҳам ҳар доим ардоқли ва суюкли бўлган. Шунданми, бир зум талмовсираб қолдим.
— Бирор нима қил, — деди онам титраб.
Онамнинг назарида мен пойтахтда, обрўли жойда ишлайдиган, қўлидан ҳамма нарса келадиган, ҳамма танийдиган одамман.
— Дўхтирлар нима деяпти? — дедим ҳамон ўзимга келолмай.
— Туғади, дейишяпти. Лекин жуда қийналяпти. Тинмай ёнига кириб чиқяпман. “Аяжон, ўлиб қоламан”, деяпти. Қийналиб кетди, болам бечора. Унинг қийналишига мен ортиқ чидолмайман...
— Айтаман ая. Дўхтирларга айтаман, — дедим хотиржам қилишга уриниб. — Ёнингизда ким бор? Опам борми? Зоҳид-чи?
— Эшитишим билан ўзим учиб келдим. Ҳеч ким билмайди. Зоҳид ишда эди, — деди онам.
Онамни тинчлантириб, дарҳол опамга ва укамга қўнғироқ қилдим. Онамнинг ёнига боришларини тайинладим. Улар билан гаплашиб бўлишим билан яна онам қўнғироқ қилди.
— Муборакни операция қилишаркан, — деди баттар кўз ёшларини тиёлмай.
— Хавотир олманг, ая. Дўхтирлар ўз ишини яхши билади. Қайтанга ўн беш дақиқада бўлишади, — дедим таскин бериб.
— Дўхтирларга айтиб қўйдингми? — деди онам худди мен Тошкентда туриб Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги барча шифокорларни танийдиган ва телефон рақамини биладигандек.
— Айтдим, яхши қарашади, — онам тинчланиши учун ёлғон гапирдим.
Лекин кўнглим нимадир сездими ё онамнинг хавотири менга ҳам кўчдими, тинч ўтиролмадим. Дарҳол таниш-билишлар орқали Жомбой тумани туғруқхонасининг шифокорларини суриштиришга тушдим. “Излаган имкон топар”, деганларидек, ҳатто туғруқхонада кесарча кесиш жарроҳлик амалиётини олиб борадиган дўхтирнинг телефон рақамини ҳам топдим. Тергандим, бир аёл киши кўтарди:
— Ҳа, Усанбоевани операция қиляпмиз. Ўн беш дақиқадан кейин қилинг, айтамиз, — деди у саволимга жавобан.
Бу жавобдан кўнглим тассалли топди ва ширин хаёлга ҳам берилдим: “Кесарча кесиш вақтида аёллар ҳамма нарсани билиб ётади, дейишади. Ўн беш дақиқадан кейин қўнғироқ қилиб, Муборакнинг ўзи билан гаплашсам, роса ҳайрон қолади. Йиғласа керак. Нима деб овутаман, бу эркатойни...”
Ўн беш дақиқа ўтиши билан яна ҳалиги рақамни тердим. Бир тердим, икки, уч, тўрт...
Узун-узун кетаётган гудоклар сабримни емираётгандек тоқатсизланардим. Охири яна ҳалиги аёл жавоб берди:
— Телефон қилмай туринг.
— Усанбоевани сўраётгандим. Яхшими?
— Кейинроқ қилинг. Яхшимасда! Юраги тўхтаб қолди...
Менинг юрагим ҳам тўхтаб қолди, назаримда. Бўғзимга нимадир тиқилди. Кўз ўнгимда дунё бор маъносини йўқотгандек, ҳамма нарса абгор ва ҳароб бўлгандек, ўзим эса ўша маънисиз ва ғариб оламга сингиб кетаётгандек, йўқолиб бораётгандек эдим. Шу ҳолда қанча ўтирдим, нималарни ўйладим билмайман.
Кейин бирдан хушёр тортдим. Яна ҳалиги рақамга қўнғироқ қилдим. Энди эркак киши олди.
— Синглим... Синглимнинг аҳволи қандай? Нега юраги тўхтади? — дедим жон ҳолатда.
— Тикланди! — деди ўзини бош шифокор деб таништирган киши. — Қон босими ҳам, юрак уриши ҳам меъёрда.
— Нега бундай бўлди?
— Лидокаинга аллергияси бор экан. Шифокорлар билмабди.
— Хуши ўзидами?
— Йўқ ҳали.
— Қачон ўзига келади?
— Билмадим...
Мана шу “Биладим” деган сўз эндигина тинчланаётган юрагимни яна бир бор туртиб ўтгандек бўлди.
Агар наркоз таъсирида бўлса, маълум вақтда ўзига келади-ку! Нега шифокор бўла туриб “билмадим”, дейди?
Энди бир дақиқа ҳам ўтира олмаслигимни билдим. Турмуш ўртоғим билан йўлга тушдик. Тошкентдан Самарқандгача уч ярим соатлик йўл. Шу вақтни фақат биргина илтижо тинимсиз такрорлаш билан ўтказдим: “Парвардигор, синглимнинг жонини ўзинг асра!”
Ғаллаоролга етганимизда опам қўнғироқ қилди.
— Наргиз, йўлга чиқ, — деди опам ҳиқиллаб. — Муборакнинг аҳволи оғир. Ҳозир бош шифокор чақириб менга кўрсатди. Шишиб кетган. Ўпкасига сув кетиб қолибди...
— Нима? — вужудимдаги бор қон бориб миямга урилгандек бўлди. Алам билан бақира бошладим. — Боя “Лидокаин” аллергия берди”, деганди. Энди бунақа гапиряптими? Нега ҳар хил гапиради? Нима қилган улар? Беринг, дўхтирга телефонни!
Шифокор синглимнинг нега бу ҳолатга тушгани номаълумлигини, аҳволини яхшилаш учун ҳамма чорани кўраётганини, Самарқанд шаҳридан ҳам профессорларни чақиртирганини айтди. Заррача ишонч ва таскин топмадим унинг сўзларидан.
Опамга, Муборакнинг аҳволи ҳақида онамга ҳеч нарса демаслигини тайинлаб, юрак ҳовучлаб, ўша илтижони такрорлаш билан шифохонага шом маҳали етиб бордик.
Ҳамон кўз ўнгимда, шифохона ҳовлисидаги тахта ўриндиқда онамнинг мук тушиб ўтирган ҳолати ғира-шира ёруғликда янада ночорроқ, янада изтироблироқ кўринганди. Ҳеч нарсадан хабари йўқлиги боис, мени кўриб ажабланди. Сўнг оний фурсатларда бунинг бежизгамаслигини англаб, саросимага тушди. Кўп қаватли шифохонанинг тепа қаватларига нажот излагандек аланглади. Кейин хаёлини йиғиб, мен билан кўришиши лозимлиги ёдига тушиб, қучоқ очди. Саломимга алик оларкан, ўзини тетик тутишга уринди:
— Сен нега келдик? Ваҳима қилиб қўрқитиб юбордимми? Муборак нимагадир наркоздан чиқмаяпти. Мени киритишмади. Опанг билан куёв кўриб чиқди. Ухлаётганмиш...
— Ҳозир менам кўриб чиқаман. Сиз хавотир олмай, шу ерда ўтираверинг.
Учинчи қаватга, синглим ётган хонага кирганимдаги аҳволимни, синглимнинг ўша пайтдаги кўринишини тасвирлаб бера олмайман. У шу қадар шишиб кетгандики, юзи таниб бўлмас даражага келган, оғзига нафас берувчи сунъий аппарат уланган, ўзи комада ётарди. Қўрқиб кетдим. Эшикдан бир қадам ташлашнинг ўзида юрагим ёрилди, гўё. Ёнига яқинроқ боришга журъат эта олмадим. Худди қадамимнинг зарбидан илиниб турган жони узилиб кетадигандек эди.
Худ-бехуд у ердан чиқиб бош шифокор хонасига бордим. Шифокорнинг “Синглингизнинг ўпкаси касал бўлган шекилли, оғзидан наркоз бераётганда ўпкаси тешилибди”, дегани. Ўзимнинг “Бўлиши мумкин эмас! Синглим спортчи бўлган. Эркин кураш билан шуғулланган. Касал эмас!” деганим ёдимда.
Чиққач онамга нима дедим, тун қандай ўтди, тонг қандай отди билмайман. Билганим шу эдики, ўпкаси тешилиши натижасида синглим комага тушган ва ўзи нафас олмаяпти. Сунъий аппарат бериб турган кислород орқалигина яшамоқда холос.
Албатта буларни онамдан сир тутдик.
Шу кундан бошлаб синглим учун ҳаёт ва момот ўртасида кураша бошладик. Ўша кун тушга яқин шифокор чақирди:
— Ҳозир бошқа бўлимдан битта бўш кислород баллон топтирдим. Синглингизга уланган баллонда бир соатга етадиган кислород қолган. Бўш баллонни бир соатда тўлдириб кела оласизларми?
Назаримда, менга ҳам кислород етишмай қолгандек бўлди. Куёвимиз ва укам кислород баллони тўлдиргани шаҳарга югуриб кетишди. Шу пайтгача “Эй, Худо синглимнинг жонини омон сақла!”, деб илтижо қилиб ўтирган бўлсам, энди “Парвардигор, укам ва куёвим келгунча кислород тугаб қолмасин!” деб ёлворишга тушдим. Тинмай мен укамга “Келяпсанми?” деб қўнғироқ қиламан. Укам мендан “Кислород борми, ҳали?” деб сўрайди. Бу ҳол бир неча марта такрорланди. Ваҳима ва даҳшат ичида ўтказамиз ҳар сонияни.
Битта кислород баллон ўн беш соатга етади. Бир суткада икки марта бориш керак тўлдиргани. Ҳаммасидан бўш баллон топилиши мушкул. Катта шифохонада кислород баллон муаммо.
— Бу ҳолда Муборак кислородсиз қолиб кетиши ҳеч гапмас. Ўша кислород тўлдириб берадиган жойдан суриштир. Уларда бўлади. Ёки кимда борлиги билади. Битта “запас” кислород баллон олиб келиб қўй, — дедим укамга охири.
Укам олти қизнинг ичида ёлғиз ўғил. Ҳаммамизнинг, онамнинг ҳам суянган тоғи у. Отамдан кейин уйдаги етти ожизага елкасини тутган йигит.
— Ўйланманг. Кислород тўлдириб берадиган амаки биздан аввал ўйлабди. Боя борганимизда “Сизлар учун битта баллон топдириб қўйдим, кечга олиб келишади. Келиб олиб кетинглар”, деди. Кечки пайт бориб олиб келаман. Энди қўрқмасак ҳам бўлади, — деди укам.
Бу гапни эшитиб ўша кислородчи амакини ғойибона дуо қилдим: “Дунё тургунча туринг, яхши одам...”
Бу орада бошимиздан кечирган синовларни ёзсам бир китобга сиғмайди. Тошкентдан профессор келгани, синглимнинг яшаб кетишига 10-20 фоиз кафолат бергани, шифокорларнинг эътиборсизлиги билан боғлиқ дилхираликлар, тағин уларнинг жавобгарликдан қочиб, синглимни сил касалга чиқаришгани, ҳали дори, ҳали қон, ҳали кислород деб югурганларимиз, бир ой шифохона ҳовлисидаги тахта ўриндиқларда навбат билан ётиб тонг оттирганимиз... Қай бирини ёзай?
Аммо ўша Жомбой тумани шифохонасида бир ой зулмат ва азобда ўтказган кунларимизни икки бора офтоб каби ёритган инсонни ёзмасликнинг иложи йўқ.
Сурункали асабийлик, хавотир, қўрқув хаёлимизни олиб қўйгани учун бир нарсани унутибмиз. 18 июл, Рамазон ҳайити байрами шанба кунига тўғри келибди. Буни бир кун қолганида, жума куни укам эслаб қолди:
— Опа, эртага шанба — ҳайит. Кейин якшанба. Бу кетма-кет икки кун ҳеч қаер ишламайди, дегани. Иккита кислород баллон 15 соатдан 30 соатга етади. Икки кун — 48 соат дегани. Бизга яна иккита баллон керак-ку!
Юрагим орқага тортиб кетди.
— Нима қилсанг қил! Кислородчи амакига ялинасанми, бирортаникига бирга борасанми, ишқилиб топиб кел! Ҳозироқ йўлга туш, — дедим шошириб.
Ўзим эса яна дуойимни ўзгартирдим: “Художон, мушкулимизни осон қил, кислород баллон топилсин, илоё!”
Укам келгунича не хаёлларга бормадим. Муборакни қай аҳволларга солмадим. Бир соатга бормай укам келди. Димоғи чоғ.
— Опа, — дейди қалби мамнунликка тўлиб. — Анув кислородчи амаки тилла одам экан. Борсам нима дейди денг: “Ҳисоблаб кўрдим. Икки кунга синглингга жами тўртта кислород баллон керак бўларкан. Сизлар югур-югур билан бўлиб эсдан чиқаргандирсизлар, деб яна иккита баллон топиб, тўлдириб қўйдим. Олиб кет. Икки кун биз ишламаймиз”, дейди. Қучоқлаб олганимни билмай қолибман...
Бу гапни эшитиб йиғладим. Синглимни оғир аҳволда кўриб, онам учун кўз ёшларимни тия олгандим, профессор “Яшаб кетиши гумон”, деганида ҳам йиғламаслик учун ирода топдим, синглим билан овора бўлиб қолганимиз боис, бир ҳафта эътиборсиз қолган гўдагини илк бор кўриб бағримга босганимда ҳам куч топа олдим, йиғламасликка. Бироқ шундай оғир дамда, ўзим танимаган, билмаган, умримда кўрмаган одамнинг яхшилиги кўнглимни бўшатиб юборди. Ўзимни ушлаб туролмадим: йиғладим, йиғлайвердим...
Лабларим пичирлайверди: “Дунё тургунча туринг, яхши одам...”
Синглим нақ ўн тўққиз кундан сўнг ўзи нафас ола бошлади. Нега? Кислородчи амаки каби яхши одамлар борлиги туфайли... Узоқда туриб, танимаса-да, билмаса-да, синглимнинг яшаб кетиши учун курашгани туфайли... Уларнинг дуолари туфайли...
Афсус, илмсиз ва уқувсиз шифокорларнинг айби билан синглимнинг нафақат ўпкаси, балки мияси ҳам шикастланган экан. (Буни ёзишдан қўрқмайман. Чунки бу Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган тиббий экспертиза томонидан ҳам, тергов-суриштирув ишлари натижасида ҳам исботланди).
Шунинг учун бир ойдан сўнг уни Самарқанд шаҳар шифохонасига кўчиришга мажбур бўлдик. У нафас олар, аммо хуши ўзида эмаслиги сабабли ҳамон ёнида икки-уч киши навбат билан қолиб қарардик. Куёвим иккаламиз қараб ўтирсак, кимдир қўнғироқ қилди.
— Раҳмат, тузаляпти. Ҳа, анча яхши, — деди у суҳбатдошининг саволларига жавобан.
Мен Муборакни сурашганини билиб, гаплашиб бўлганидан сўнг куёвимиздан “Ким?” деб сўрадим.
Унинг жавоби яна менинг кўнглимни бўшатиб юборди:
— Кислородчи амаки! “Муборак тузалиб кетдими? Эсимга тушиб кетганди, бир сўраб қўяй дедим”, деяпти.
* * *
Мен бир йил давомида бу инсон ҳақида кўп гапирганман, ҳатто ёзганман ҳам. Бундан кейин ҳам айтсам ва ёзсам керак. Наздимда, бундай кишилар ҳақида оламга жар солмоқ, ибрат қилиб кўрсатмоқ лозимдек туюлаверади...
P/S: Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, синглим аста-секинлик билан соғаймоқда. Гарчи шифокорлар айби билан 1-гуруҳ ногиронига айланган, гапириш ва юришдан маҳрум бўлган бўлса-да, кислородчи амакига ўхшаш яхши инсонларнинг дуоси билан у яна оёққа туради. Фарзанди ва меҳрибон турмуш ўртоғи билан бахтли ҳаёт кечиради. Иншааллоҳ!
Наргиза Усанбоева
|