Савол: Баъзи ҳолларда туғруқхоналарда эркак-дояларни ҳам учратиб қоламиз. Ҳатто баъзи аёллар туғишда махсус эркак-доялар хизматидан фойдаланишни маъқул кўришаркан. Динимизга кўра, эркаклар доялик қилса бўладими? (Муслима)
Жавоб: Албатта бу ўта нозик масала. Мўмина, муслима аёлларнинг туғиш пайтида уларга эркак кишиларнинг доялик қилиши ҳаммамиз учун ниҳоятда бир ташвишли ҳолат бўлади. Бу ерда албатта эркаклар ҳам, аёллар ҳам, ҳамма-ҳаммамиз яхши тушуниб етишимиз керакки, мана шу доялик ўзимиз учун керак, жамиятимиз учун керак, эркак аёлларимиз учун керак, ўғил-қиз фарзандларимиз учун керак бир хизмат ҳисобланади.
Модомики туғиш борми, туғилиш борми, доялик ҳам бор. Бас, шуни билар эканмиз, бизнинг ҳаммамиз ўзимизнинг жамиятимизга кераклигича аёл кишиларни доялик касбига, ҳунарига ўргатишимиз керак. Мажбуриятимиз бу. Аёл кишиларни, маълум бир ададини ажратиб олиб, уларга доялик тўғрисида илм бериб, уларга шароит яратиб, ойлик маош ажратиб ва бошқа-бошқа ишларни қилиб, жамиятимизга керакли бўлган мана шу соҳани таъминлаб туришларини пайидан бўлишимиз керак. Агар бу ишни қилмасак демак, ҳаммамиз масъулиятни ҳис қилмаган бўламиз ва гуноҳга шерик бўламиз.
Эркак кишиларнинг аёл кишиларга доялик қилиши, албатта бу ор, номус бўлади, ҳаммамиз учун диний маънода гуноҳ бўлади. Лекин шуни ҳам адолат юзасидан айтиб ўтишимиз керакки, аёл доялар бўлмай қолса, ёки аёл доялар қўлларидан келмасдан, туғаётган шахснинг ҳалок бўлиши, туғилаётган боланинг ҳалок бўлиши хавфи туғилган пайтда, эркакларни ёрдамга келиши, инсонларни ҳалокатдан қутқариб қолиш учун орага тушишига зарурият юзасидан, ночорлик юзасидан, истисно тариқасида изн бор. Шунинг учун бундай масалани яхши тушуниб етишимиз керак, қизларимиз, келинларимиз ичидан дояларни кўпайтиришга, уларни мана шу ишнинг усталари бўлиши учун ҳаракат қилишимиз, ҳаммамиз ҳамжиҳат бўлиб бу масалани ҳал қилишга ўтишимиз керак.
Аксар ҳолда биз танқид қиламиз, «бу нарса бўлмайди, гуноҳкор бўлади, ҳаром бўлади» деган гапларни айтиш билан чегара қоламиз. Аслида бу тўғри эмас, балки мана шу нуқсонни тўлдириш учун ҳаракат қилиш керак. Доялар етишмаганидан эркаклар туғруқҳонада ишлаётган бўлиши мумкин. Аёл кишилар агар доялик қилиб турса, аёллардан шу нарсада етарли мутахассислар бўлса, албатта соф инсон табиати ҳам буни кўтармайди, аёл киши туриб, эркак киши доялик қилишини. Мана шу маъноларни яхши билсак, агар мана шу саволда келган нуқсон бизни жамиятимизда бор экан, буни йўқотишга ҳаракат қилишга ўтишимиз зарур бўлади (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф).
|