ФАРЗАНД ОТА ҲУЗУРИДА ЎЗИНИ ҚАНДАЙ ТУТИШИ КЕРАК?
Талабаликнинг сўнги йиллари. Эрта баҳор. Дам олиш кунларини бирида мен ўз туғилиб ўсган шаҳримга, ота онамни кўриш учун отландим. Шом арафасида уйга кириб бордим. Ота-онам ва оила аъзоларим билан кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашдик. Бироздан сўнг шом намозини вақти кирди. Отам ва мен шом намозини адо этиш учун турдик. Жойнамозларни солиб, такбир айтганимдан сўнг отам менга имомликка ўт дея ишора қилдилар. Мен отамга имомликка ўтишга журъат қилаолмасдим. Отам имомлигида шом намозини адо этдик. Намоздан фориғ бўлганимиздан сўнг отам: "Ўғлим агар ота рози бўлса имомликка ўтиш жоиз” дедилар.
Мен буни билсам-да ўзимни оқлашга уринардим. Шундан сўнг дастурхон атрофига ўтириб суҳбатни давом эттирдик. Бироздан сўнг шаҳримиз имом-хатиби ноиби Абдусаттор ака бизникига меҳмонга келдилар. Меҳмонни меҳмонхонага олиб дастурхон ёздик. Кўришиб ҳол аҳвол сўрашиб бўлганимиздан кейин отам шом намозидаги воқеа ҳақида Абдусаттор акадан сўрадилар. У киши ҳам ота рози бўлса имомликка ўтиш жоизлигини айтдилар. Бу воқеа суҳбатимиз мавзусига айланди. Суҳбат асносида у киши мадрсада талабалик кезларида бўлиб ўтган воқеани сўзлаб бердилар. Гапни чўзмай воқеа тафсилотига ўтай.
“Биз Андижондаги Саййид Муҳйиддин махдум мадрасасида толиби илим эдик. Бир куни Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф сафардан қайтганлари ва ҳозирда отасиникида эканликлари ҳақида этишитдик. Биз бир неча толиби илимлар хазратни зиёрат қилиш ва у кишидан панд-насиҳат эшитгани бордик. Бизни кутиб олишди. Ҳазрат уйга таклиф қилдилар. Биз ҳазрат билан бир дастурхон атрофида ўтирар эдик.
Ҳазрат сокин ўтирар ва бирон сўз ҳам айтмасдилар. Уммон соҳилида сокин уммонга қараб ҳайратга тушаётган одам каби биз ҳазратнинг бу сукунатидан ҳайратда эди. Бироздан кейин ҳазратнинг оталари кириб келдилар. Барчамиз ўрнимиздан турдик. У киши ўтиргандан сўнг биз ҳам ўтирдик. Орадан бир оз фурсат ўтди лекин ҳазрат ҳали ҳам отасининг қаршида тавозе билан турарди. Оталари “ўғлим, ўтиринг” дедилар. Ҳазрат шундан сўнггина ўтирдилар.
Яна орадан бироз вақт ўтди. Бу муддат оралиғида на ҳазратнинг оталари на ҳазрат лом-мим демадилар. Биз бундан таажжубда эдик. Шунда ҳазратнинг оталари: “Ўғлим, бу толиби илмлар сиздан насиҳат эшитиш учун келган, гапиринг” дедилар. Ва ниҳоят ҳазрат гапиришни бошладилар. У киши биздан ёдлаган ҳадисларимиздан биронтасини айтишимизни сўрадилар. Шерикларимиздан бири "Суфён ибн Ассал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллоллоҳу алайҳи вассаллам айтдилар: Албатта фаришталар қанотларини толиби илмга, у талаб қилган нарсага (яъни илм талаб қилаётгани учун) рози бўлган ҳолда қанотларини ёзиб туради" деган ҳадисни айтди. Шунда ҳазрат "Ҳа бу саҳиҳ ҳадис. Бу ҳадисни ровийларини пайғамбаримизгача бўлган санадини айтиб беринг" дедилар. Толиби илм бунга ожиз эди. Ҳазратнинг ўзлари бу ҳадис ровийларини пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи вассалламгача бўлган санадини айтиб бердилар. Ҳазрат “Агар ҳадис ёдласангиз, уни ровийлари билан ёдланг, мен дуч келган одамни гапларини ҳадис дея газеталарга чоп этишларидан хавотирдаман” дедилар”.
Алишер Бўрибеков
|