Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва Муҳаммад (с.а.в.)га саловатлар бўлсин.
Ёш болаларни тарбия қилиш ва уларга эътибор қаратиш ҳар бир ота-онанинг зарур вазифасидир. Бу борада ҳозиргача бир қанча китоблар ва қўлланмалар нашр этилган. Биз мазкур нашр эттирилган китоблардаги фикр-мулоҳаза ва кўрсатмаларни жамлаган ҳолда қуйидаги маслаҳатларни эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз:
Ақида
1. Ўз фарзандингизга тавҳид калимасини “Ла илааҳа иллаллоҳ муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ”ни ўргатинг.
2. Биз инсонлар нима учун яратилганимиз ва ибодат бизнинг олий вазифамиз экани борасида таълим беринг.
3. Фарзандингизда Аллоҳ ҳақидаги тасаввурлари салбий бўлиб қолмаслиги учун дўзах, азоб, Аллоҳнинг ғазаби ҳамда Унинг жазолаши ҳақидаги маълумотларни кўпайтириб юборманг.
4. Аллоҳ таоло бизни яратгани, бизга ризқ беришини, бизга барча ноз-неъматларни ато этишини, бизни мусулмон қилиб қўйганини ва бизни едириб-ичиришини қайта-қайта уқтириб, фарзандингизда Аллоҳни янада яхши кўриш ҳиссини уйғотинг.
5. Хато ва ёмон ишларни қилмаслигига огоҳлантиринг. Хилватда, яъни, якка ўзи қолганда ҳам ёмон ишларни қилмаслигини ўргатинг. Чунки Аллоҳ таоло уни ҳар қандай ҳолатида ҳам кўриб туришини тушунтиринг.
6. Аллоҳни зикр қилдирадиган ибодатларни кўпайтиришини айтинг. Овқат ва ичимлик ичишдан олдин ҳамда бир жойга кириш ва у ердан чиқишдан олдин “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” дейишни уқтиринг. Овқат еб бўлгандан кейин “Алҳамдулиллаҳ”, ҳайратланган пайтида “Субҳаналлоҳ” дейишини ва мана шу каби Аллоҳни эслатувчи ибораларни айтишини ўргатинг.
7. Фарзандингизга Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбаримизни яхши кўрсатинг. Унга пайғамбаримизнинг яхши сифатлари, пайғамбарлар тарихини акс эттирувчи қиссалардан ўқиб беринг. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг номларини эшитган пайтида “саллоллоҳу алайҳи васаллам” деб уларга саловат этишини ўргатинг.
8. Унинг зеҳнида Аллоҳнинг қазо ва қадари ҳақида маълумотларни киритиб боринг. Аллоҳ хоҳлаган нарса бўлишини ва агар хоҳламаса, ҳеч нарса бўлмаслигини уқтиринг.
9. Фарзандингизга олтита иймон арконларини ўргатинг.
10. Фарзандингизга ақидавий масалалар бўйича савол-жавоблар қилиб туринг. Масалан: “Раббинг ким?”, “Дининг нима?”, “Пайғамбаринг ким?”, “Нима учун яратилганмиз?”, “Ким бизни кийинтиради, едиради, ичиради ва шифо беради?”, “Тавҳиднинг нечта қисмлари бор?”, “Ширк, куфр ва мунофиқлик нима?”, “Ҳар бир мушрик, кофир ва мунофиқнинг оқибати қандай бўлади?” каби саволлар бериб туринг.
Ибодат
11. Фарзандингизга исломнинг бешта арконини ўргатинг.
12. Фарзандингизга намозни машқ қилдиринг. “Ўз фарзандингизни етти ёшидан намозга ўргатинг. Агар ўн ёшларида ҳам ўқимасалар, қаттиқ чора кўринг”.
13. Фарзандингизни масжидларга бирга олиб боринг ва уларга қандай таҳорат қилишни ўргатинг.
14. Фарзандингизга масжид одоблари, уни ҳурматлаш ва муқаддаслигини ўргатинг.
15. Фарзандингизга рўзани машқ қилдиринг. Ўшанда улар катта бўлганларида қийналмайдилар.
16. Фарзандингизни Қуръон, ҳадислар ва саҳиҳ зикрларни ёд олишида қўллаб-қувватланг.
17. Фарзандингиз Қуръон ва ҳадисдан ёд олишида рағбат беринг. Иброҳим ибн Адҳам айтганлар: “Менга дадам “Эй ўғлим, бирорта ҳадисни эшитсанг ва уни ёд олсанг сенга бир дирҳам бераман” деганлар. Мен шу тариқа ҳадис илмини ўрганиб олдим”.
18. Лекин фарзандингизни Қуръондан кўп ёдлатиш ва дарслар билан чарчатиб, толиқтириб қўйманг. Акс ҳолда, у Қуръонни ёдлашни ёмон кўриб қолади.
19. Сиз ўз фарзандингиз учун ибрат эканлигингизни унутманг. Агар сиз ўзингиз ибодатни чала қилсангиз ёки дангасалик қилсангиз ёки ибодатни амалга оширишда қийинчилик сезсангиз, фарзандларингиз сиздан таъсирланади ва улар ҳам қийинчилик деб баҳона қиладилар ва балки ибодатдан узоқлашиб ҳам кетишлари мумкин.
20. Фарзандингизга садақа ва инфоқ қилишни ўргатинг. Баъзи пайтларда ўзингиз қилаётган садақаларингизни фарзандларингизга кўрсатиб қилинг. Ёки садақангизни фарзандингизга беринг ва у ўша садақани фақир ва мискинларга берсин. Энг афзали эса, унинг ўзининг молидан озгинасини сафақа қилишга ўргатишингиздир.
Ахлоқ
21. Агар фарзандингиз ростгўй бўлишини хоҳласангиз, уни асло қўрқитманг.
22. Фарзандингизга ростгўйлик ва омонатнинг фазилатларини ўргатинг.
23. Фарзандингизга сездирмай, омонатга вафо қилишни синаб кўринг.
24. Фарзандингизга сабр-тоқат ва шошилмасликни ўргатинг. Сабрни сиз рўза туттириш орқали машқ қилдирсангиз бўлади. Ёки сабрни кучайтирувчи бошқа машқларни қилдириб кўринг.
25. Фарзандларингиз ўртасида ҳамма нарсада адолат қилинг. Бу эса, уларни адолат қилишга ўргатади.
26. Фарзандингизга бирорта иш қилганда яхшилик изини қолдиришни ўргатинг.
27. Фарзандларингизга ёлғон, ғашлик, ўғрилик ва хиёнат натижасида келиб чиқадиган салбий оқибатларни тушунтиринг.
28. Агар фарзандингизда баъзи пайтларда шижоатни сезсангиз уни мақтаб қўйинг. Унга агар жоиз бўлса, тўғри ва зарур деб ўйлаган ишида шижоат қилиш кераклигини айтинг.
29. Бағритош бўлманг. Фарзандингиз қўрқоқ, ёлғончи ва қатъиятсиз бўлиб қолади.
30. Фарзандингизга тавозеъ (камсуқум)ли бўлишни ва юмшоқликни ҳамда кибр қилмасликни ўргатинг.
31. Одамлар насл-насаблари, келиб чиқишлари ва мол-мулклари билан эмас, балки тақво ва солиҳ амаллари билан фазилатли ва ҳурмат-эътиборли бўлишларини ўргатинг.
32. Зулм қилиш ёмон эканлигини ва мажбурлашнинг оқибати ёмонлик бўлишини тушунтиринг.
33. Хиёнат қилиш ҳалокатга олиб келишини қайта-қайта уқтиринг.
34. Фарзандингизга ички қувватлар, яъни, жасурлик, қўрқмаслик, ҳаё, хижолат қилиш, тавозеълик, камситилиш, заковатли бўлиш ва ёлғончилик ўртасидаги фарқларни тушунтиринг.
35. Болаларингизни уйингиздан бошлаб самимий бўлишга ўргатинг. Сизнинг танишларингизга очиқ кўнгил ва самимий муносабатда бўлишини ўргатинг.
36. Фарзандингизга ваъда бердингизми уни бажаринг. Умуман ваъдангизга хилоф иш тутманг, яъни, ваъдангизнинг устидан чиқинг. Бу эса, уларда аҳдига вафо қилиш фазилатини шакллантиради.
Ҳушмуомалалик ва одоб
37. Ўз фарзандларингизга салом беринг.
38. Ўз фарзандларингизнинг олдида авратларингизни беркитиб юринг.
39. Қўшниларингизга яхши муомалада бўлинг.
40. Фарзандингизга қўшни ҳаққларини ва агар ўша ҳаққларга риоя қилинмаса, унинг хатарли оқибатларини ўргатинг.
41. Фарзандингизнинг олдида ота-онангизга яхшиликлар қилинг. Силаи раҳмни кучайтиринг. Болаларингизни қариндошларникига кўп олиб боринг.
42. Фарзандингизга одамлар бировга зарари тегмайдиган ақлли ва фаросатли ёш болаларни яхши кўришларини ўргатинг.
43. Фарзандингизга одоб-ахлоқ, насиҳат ва васиятларни бир қоғозга ёзиб ўқитинг.
44. Баъзи ёмон одоблар ёмон оқибатларга олиб келишини уқтиринг.
45. Фарзандларингиз билан бирга ўтириб, ўтган пайғамбарларнинг одоб-ахлоқлари ҳақида ўқиб беринг. Сўнг ўша қиссалардан “нима фойда олдингиз?” дея сўранг. Ёки фарзандингизга ўша қиссаларни ўқитиб, ўзингиз эшитиб ўтиринг.
46. Фарзандингизни пинхона уришинг. Бошқаларнинг олдида зинҳор уришманг ва жазоламанг.
47. Бирор ишни сиз ўзингиз қила оладиган даражада фарзандингиздан талаб қилманг.
48. Фарзандингизнинг олдига кираётганингизда изн сўранг. Бу эса, фарзандингизга изн сўраш одобини ўргатишнинг энг афзал йўлидир.
49. Фарзандингиз бирор нарсани тушунмаса, унга нисбатан қаттиқ оҳангда жаҳл билан иш кўрманг. Унга секин-аста тушунтиринг. Сабр қилинг.
50. Овқатдан олдин Аллоҳнинг исмини баланд овозда зикр қилишни унутманг. Шунингдек, овқатдан кейин ҳам ҳамду санолар айтишни ҳам унутманг.
51. Фарзандингизнинг баъзи хатоларини билсангиз-да, билмаганга олинг. Қалбингизда фарзандингизнинг хатоларини сақлаб ўтирманг.
52. Ўзингиз хато қилиб қўйсангиз фарзандингиздан узр сўранг.
53. Фарзандингизни ўзини нима қодир эканлигини исботлашида “Сен шу ишни қилишга қодирсан” деб қўллаб-қувватланг.
54. Фарзандингизнинг яхши хусусиятларини унга алоҳида айтиб беринг.
55. Фарзандингизнинг бирорта гапига ёки қўлидаги нарсасига қаттиқ ёпишиб олманг.
56. Фарзандингизга саломлашиш, кўришиш, кутиб олиш ва бирор яхшилик қилганларни мақташ ибораларини ўргатинг.
57. Фарзандингиз бирор нарсани исбот қилишини эшитинг. Лекин ошириб юборманг.
58. Бирор ишни қилишда фарзандингизни мажбурламанг. Мажбурлаш натижасида болангиз қўрқоқ ва заиф бўлиб қолади.
59. Ўз фарзандингизни 1-рақамли дўстингиз деб билинг.
Тана тарбияси
60. Фарзандингиз билан ўйнашга етарли даражада вақт ажратинг.
61. Фарзандингизга фойдали ўйинларни олиб беринг.
62. Баъзи ўйинларни ўзи танлашига имкон беринг.
63. Фарзандингизга сузиш, югириш ва баъзи куч-қувватни оширадиган ўйинларни ўргатинг.
64. Фарзандингиз билан баъзи ўйинларни ўйнасангиз, фарзандингиз сизни ютсин.
65. Фарзандларингизга бир хил таом беринг.
66. Фарзандингизнинг вазифаларини тартибга солишга ёрдам беринг.
67. Фарзандингизга таом тановул қилаётганида исроф қилмасликни ва ортиқча емасликни ўргатинг.
68. Фарзандингиз таом тановул қилаётган пайтида унинг хатоларини муҳокама қилманг.
69. Фарзандингиз яхши кўрадиган таомларни тез-тез пишириб туринг.
Руҳий тарбия
70. Фарзандингизни яхшилаб тингланг ва ҳар бир айтаётган гапига аҳамият беринг.
71. Фарзандингиз ўз муаммоларини ўзи ҳал қилсин. Агар унга ёрдам бермоқчи бўлсангиз сизнинг ёрдамингизни у билмасин.
72. Фарзандингизни эътиром қилинг. Агар у бирорта ишни яхши қилиб келса, унга раҳмат айтинг.
73. Фарзандингизни қасам ичишигача олиб борманг. Балки унга: “Сен қасам ичмасанг ҳам мен, албатта, сенинг гапингга ишонаман” деб айтинг.
74. Қўрқитиш ва жазолаш ибораларини қўлламанг.
75. Фарзандингиз ўзини “ёмон бола эканман” ёки “тушунмайдиган бола эканман” деб ўйлаб қолмасин.
76. Фарзандингизнинг кўп саволлар беришидан жаҳлингиз чиқиб кетмасин. Унинг ҳар бир саволига содда ва қониқарли жавоблар беришга ҳаракат қилинг.
77. Фарзандингизни бағрингизга кўпроқ босинг. Токи у сиздаги меҳр ва оқибатни ҳис қилсин.
78. Фарзандингиз билан баъзи ишларда маслаҳат қилинг ва унинг маслаҳати билан иш тутинг.
79. Фарзандингиз ўз қарорларини чиқара олишида унга имкон беринг.
Ижтимоий тарбия
80. Фарзандингизни ёзги дам олиш жойларига, вақтни унумли ўтказадиган марказларга, илмий мусобақаларга, тадқиқот лагерларига ва бошқа сермазмун жойларга олиб боринг.
81. Фарзандингиз меҳмонларга чой, қаҳва ва меваларни узатиб уларни ҳурмат қилишини ўргатинг.
82. Фарзандингиз олдингизга кирганида дўстларингиз билан бўлсангиз ҳам уни қарши олинг.
83. Фарзандингизни ижтимоий ишларда фаол бўлиши ўргатинг. Етим-есирлар, бевалар ва муҳтожларга ёрдам беришни ўргатинг.
84. Фарзандингизга иш қилдиришни, савдо-сотиқ ишларини ва ҳалол касб қилишни ўргатинг.
85. Фарзандингиз бировларнинг дардларини ҳис қилишига ва уларни дардларини енгиллаштиришга ўргатинг.
86. Фарзандингиз дунёнинг катта машаққатларини юклаб қўйманг.
87. Ижтимоий амалингизнинг самарасини фарзандингизга кўрсатинг.
88. Фарзандингизни баъзи ишларни бажариб келишига юборинг. У мана шу ишнинг машаққатларини ҳис қилиб кўрсин.
89. Фарзандингиз ўзи учун ўзи дўстлар танлашига имкон беринг. Фарзандингизга сездирмай, ўзингиз мўлжаллаган болани уни дўстига айлантиринг.
Саломатлик тарбияси
90. Фарзандингизнинг саломатлигига аҳамият беринг.
91. Фарзандингизни ўз вақтида эмлатинг.
92. Фарзандингизга шифокорлар белгилаган дориларни беринг. Дориларни беришни кўпайтириб юборманг.
93. Одоб-ахлоқларга риоя қилишига ўргатинг.
94. Фарзандларингизни эрта ухлатинг ва эрта уйғотинг.
95. Фарзандингиз танаси, тишлари ва кийимларини тоза тутишига ўргатинг.
96. Фарзандингизнинг касали кучайиб кетишини кутиб ўтирманг.
97. Фарзандингизни юқумли касалликлардан эҳтиёт қилинг.
98. Фарзандингизга касалининг хатарли эканини билдирманг.
99. Аллоҳдан умид қилишга ўргатинг. Аллоҳ таоло Ўзи ҳар қандай дардга даво беришини тушунтиринг.
Маданий тарбия
100. Фарзандингизга баъзида топишмоқлар бериб туринг.
101. Фарзандингиздан баъзи фойдали мавзуларда иншолар ёзиб беришини талаб қилинг.
102. Ҳар доим фарзандингиз ёзган нарсани ўқишга ҳаракат қилинг.
103. Фарзандингиз қилган ҳар бир грамматик ёки тилга оид хатоларни устида қаттиқ талашманг.
104. Фарзандингизни китоб ўқишини қўлаб-қувватланг.
105. Фарзандингиз ўзи ўқимоқчи бўлган китобини ўзи танлашига имкон беринг.
106. Фарзандингиз бирор нарсани ўқиётган бўлса у билан бирга ўтириб, унга шерик бўлинг.
107. Фарзандингиз учун баъзи заковатга тегишли ўйинларни ўйнатинг.
108. Фарзандингизнинг ўқишидаги ҳар бир муваффақиятлар учун совға беринг ёки уни бошқа томондан қўллаб-қувватланг.
109. Фарзандингизнинг ўқишидаги қийинчиликларни ўзи енгиб ўтишига ўргатинг.
110. Фарзандингизга олдин ўтганлар ёки замонавий шоирларнинг шеърларини ёки ҳикматли гапларини ёдлатинг.
111. Баъзи мантиқий ва ибратли мақолларни ёдлатинг.
112. Фарзандингизга суҳандонлик ва хушмуомалалик машқларини бажартиринг.
113. Фарзандингизга ўзаро суҳбат қуриш машқларини ҳам ўргатинг.
114. Уни ўз қобилиятларини ривожлантирадиган тўгаракларга беринг.
115. Фарзандингизга бошқа машҳур чет тилини ўрганишига шароитлар яратиб беринг.
Савоб ва жазо
116. Савоб ва жазо олиш услубларини ишлатинг.
117. Савоб, яъни, мукофотни ҳам, жазони ҳам меъёрида бажаринг. Меъёридан ошиб кетмасин.
118. Доимо мукофот бериш моддий бўлавермаслигини ҳам ўргатинг. Балки унга озгина дам олишга рухсат беринг ёки компьютер ўйнатинг. Ҳадя беринг ёки дўсти билан ўйнаб келишига рухсат беринг.
119. Жазолаш услубларини ҳар хил қилинг. Асло болангизни урманг. Унга ғазабли назар билан қаранг ёки қаттиқ оҳангда гапиринг. Муайян муддатга бурчакка тургазиб қўйинг ёки кундалик берадиган маблағингизни камайтириб қўйинг. Ҳафтада бир айланишга борсангиз ўша сафарни қолдиринг.
120. Муносиб жазолаш бу хатоларни такроран қилишнинг олдини олишини ва юксак ажрларга сабаб бўлишини ўргатинг.
121. Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз ҳаётларида битта ҳам ёш болани умуман урмаганларини эсланг ва сиз ҳам болангизни урманг.
122. Биринчи марта хато қилиши биланоқ жазо қўлламанг.
123. Жазо қўллашни кўпайтириб юорманг.
124. Агар фарзандингизни жазоласангиз унга ўша жазонинг сабабларини тушунтириб беринг.
125. Сиз фарзандингизни аламингиздан чиқиш учун жазоламанг. Ёки уни кўра олмасдан жазолаётган бўлманг.
126. Одамлар орасида фарзандингизни урманг. Уни жаҳлингиз чиқаётган пайтда умуман урманг ва уришманг.
127. Фарзандингизнинг юзига урманг ва қўлингизни умуман кўтарманг. Унга ҳаммани олдида изза қалбига жуда оғир ботади.
128. Агар фарзандингизга уни энди умуман урмасликка ваъда берган бўлсангиз, ўша ишни асло қайтарманг. Ҳолбуки шундай қилсангиз, унинг сизга бўлган ишончи йўқолади. Чунки сиз ваъдага вафо қилмадингиз.
129. Сиз фарзандингизни уни фойдаси учунгина жазо қўллаётганингизни айтиб ўтинг. Унга бўлган меҳрингиз шуни талаб қилаётганини тушунтиринг.
130. Жазо бериш уни қийнаш ёки унга азоб бериш учун эмас, балки уни тарбияга чақириш учун бўлишини тушунтиринг.
Фарзанд тарбияси жуда масъулиятли вазифадир. Фарзанд биз учун берилган катта омонат бўлиб, ўша омонатга муносиб тарбия беришга ҳаракат қилиш ҳар бир ота-онанинг энг олий мақсади бўлмоғи лозим.
Фарзандингизни солиҳ инсон бўлиб тарбия топишида олиб бораётган барча ҳаракатларимизда Аллоҳ таолодан ҳидоят, тавфиқ ва ғайрат беришни сўраб қоламиз.
Абу Юсуф тайёрлади
|